- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
ДИНИЙ КСЕНОФОБИЯНИ ОЛДИНИ ОЛИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Aziza NOSIROVA (Muallif)Бугунги кунда диний ксенофобия ва исломофобия феноменларини тадқиқ этиш, унинг глобаллашув давридаги таъсири ва олдини олиш йўлларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу мақолада келтирилган маълумотлар ушбу воқеликларнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, мавзуни ёритишда назарий, тарихий, маданий, қиёслаш каби методлардан фойдаланилган. Шунингдек, мақоланинг илмий-эмпирик қисми таққослаш орқали таҳлил қилиш ва маълумотларни саралаш методига асосланади.Мазкур методлар мақоланинг илмий қимматини оширишга ёрдам беради. Диний ксенофобия ва исломофобиянинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, турли халқаро ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистонда дин ва виждон эркинлиги борасида қабул қилинган Қонун ҳужжатлари мисол сифатида келтириб ўтилди.
Мақолада келтирилган маълумотлар ва Қонун ҳужжатлари асосан БМТ томонидан турли йилларда қабул қилинган Низомлардир. Дин ва эътиқод эркинлиги масалаларида бағрикенглик ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар қўллаб-қувватланиб, диннинг бошқа мақсадларга зид келадиган ҳар қандай қоидаларни жорий қилмаслик муҳим эканлиги таъкидланган. Шунинг билан биргаликда, инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва халқаро қонун ҳужжатларида қайд этилишича, барча фикр, виждон ва дин эркинлигига эгалиги, камситишга қарши ва барчанинг қонун олдида баробарлиги белгилаб қўйилган. Бу эса, ўз навбатида диний ксенофобия ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишда амалий ёрдам бериши мақолада алоҳида қайд этилган. Диний бағрикенглик ғоялари устуворлиги турли самовий динлар мисолида ҳам келтириб ўтилган.
Мақоланинг диний нуқтаи назаридан эса, самовий динларнинг диний эркинлик ва бағрикенглик борасидаги таълимоти, диншуносларнинг фикрлари ҳам таҳлил этилган. Шунинг билан бир қаторда, материалнинг илмий савиясини ошириш мақсадида турли тил ва йўналишлардаги адабиётлардан фойдаланилган. Диний ксенофобия ва исломофобиянинг зарарли оқибатлари таҳлил этилиб, унинг олдини олишда тавсиялар ҳам берилган. Жумладан, тавсия сифатида диний ксенофобия ва исломофобиянинг олдини олишда турли Қонун ҳужжатлари билан биргаликда инсон ва унинг интеллектуал, маънавий дунёсининг бойлиги орқали эришиш мумкинлиги таъкидланган
68-772612018-09-2026 -
ЗАРДУШТИЙЛИКДА АҲУРА МАЗДАНИНГ ЯРАТУВЧИЛИК ФУНКЦИЯСИ МАСАЛАЛАРИГА ДОИР
Rano URAZOVA (Muallif)Мақола зардуштийликда Аҳура Мазданинг улуғланиши универсал диний инқилобий ҳодиса эканлигига бағишланган. Зардуштийликда яратувчилик, парвардигорлик ғояси авесташуносликнинг энг мураккаб масалаларидан бири саналади. Аввало, яратиш функциясини динлар тарихида ибтидоий қарашлардан, хусусан, тотемизмдан ажратиб олиш, қолаверса, яралмоқ ҳақидаги фикрни мавҳум илоҳий зот билан боғлаш даражасида тафаккур такомили илмий таҳлил талаб масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, Зардушт биринчилардан бўлиб, инсон тафаккурининг муҳим салоҳиятига, ақлий имкониятига таянган ҳолда борлиқни яратган Бош сабабчини мавҳум тимсол, руҳият орқали идрок этиладиган тарзда эътиқод амалиёти доирасига олиб кирган.
Мақолада Аҳура Мазданинг яратувчилик функциясини суверен ва якка холиқлик сифатида талқин қилиш Авеста манбаси асосида келтирилган. Авестанинг ижодий маҳсули бўлган “Ясна” наскига кирган “Гоҳ”лар Зардушт даврида яратилган бўлиб, унда ибтидоий кўпхудоликка ҳамда асотирий образларга муносабат масаласида жиддий танлаш рўй берганлиги, зардуштийлик олий илоҳи Мазда ўз сифати, тенгсиз улуғлиги ифодаси бўлмиш Аҳура - “юксак шараф, буюклик, жаноб” маъносида келган. Аҳура Мазда ва унинг малоикалари Эзгу ният, Комил Ақл, Оламнинг Эзгу эгалиги, Шаҳриёрлиги каби илоҳий тушунчалар уйғунлик, ягона маънавий бирликнинг ташкил этувчилари сифатида амал қилиши ҳамда уларнинг функциялари бевосита Аҳура Мазданинг иродасини, эзгуликнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган эди.
Зардуштийлик динида миф-асотирлар одамларнинг дунё-борлиқ ҳақидаги тушунчаларини, айниқса, уларни ўраб турган табиат ва жамиятни қандай идрок этишларини ўзида акс эттириши натижасида қадимий асотирий дунёқараш тизими илоҳий қарашларга айланган. Мақолада, инсон тасаввурида табиат ҳодисалари устидан ҳукмрон, ҳатто уларни яратишга, тартибга солиб туришга қодир, хулласки, инсоннинг ҳимоятини таъминлашга масъул эзгу илоҳий тимсоллар тизими пайдо бўлганлиги Авестада борлиқнинг яратилиш модели мисолида кўрсатиб берилган. Авеста аввал бошида дунёни фақат эзгуликлар мажмуи ва мутаносиблиги сифатида тасвирлаган бўлса, дин асосчиси Зардушт эса амалиётга соф маънавий, руҳий омилларни, улар орқали эса борлиқнинг мавҳум кучлар орқали “бошқарилиш” ғоясини олиб кирган. Шунингдек, мақолада Авестадаги космогоник тасаввурлар ифодалари, зардуштийликда борлиқ тушунчасини тушунишда айни шу мифологик қатламнинг дин тизими доирасига олиб кирилиши муҳим тарихий ечим бўлганлиги тадқиқ этилган.
29-393332116-09-2026 -
ТУРКИСТОНДА РОССИЯ ИМПЕРИЯСИ МУСТАМЛАКАСИ ДАВРИДА ВАҚФ ЕРЛАРИНИНГ ҲОЛАТИ (1865 – 1881 ЙИЛЛАР СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ МИСОЛИДА)
Odil ZARIPOV (Muallif)Мақолада Россия империяси мустамлакаси даврида Туркистон генерал-губернаторлигида вақф мулкларининг аҳволи Сирдарё вилояти мисолида кўриб чиқилган. Тадқиқотда асосан бирламчи архив манбалари, генерал-губернатор девонхонаси материаллари ва мавзуга доир илмий асарлардан фойдаланилган. Шунингдек, ушбу ҳудудда вақф ерларининг ташкил этилиш сабаблари ва аҳамияти ҳамда ўлка маъмуриятининг мустамлакачилик сиёсати натижасида бу ерларнинг қаровсиз ҳолатга тушиб қолганлиги таҳлил этилган.
Маълумки, 1867 йилда генерал-губернаторлик Сирдарё ва Еттисув вилоятлари ўзагида ташкил этилди. Сирдарё вилояти таркибига Тошкент, Туркистон, Чимкент каби қадимий шаҳарлар кирарди. Бу ҳудудларда азалдан вақф ерлари мавжуд бўлиб, айнан шу шаҳарлар истилодан кейин рус маъмурияти сиёсатининг илк тажриба майдонига айланди. Ўлка бошқарувининг илк давларида рус ҳукумати вақф ерларига нисбатан эҳтиёткорона сиёсат юритилган бўлса-да, Туркистонга биринчи генерал-губернатор сифатида келган Фон Кауфман бошқаруви даврида ушбу ерларни давлат ерларига айлантириш сиёсати амалга оширилган. Ҳатто, Кауфман минтақадаги асрлар давомида шаклланган ер галиги анъаналарини тугатиш мақсадида махсус қонун лойиҳалари ишлаб чиққан. Ушбу сиёсат натижасида ўлкада мавжуд вақфлар ерларининг бир қисми давлат ҳисобига ўтказилиб, бошқалари ташландиқ ҳолга тушган. Вақф ерларидан тушадиган даромадлар тўхташи билан эса масжидлар, мадрасалар ҳамда мозор ва зиёратгоҳлар ўзларининг молиявий манбаларидан маҳрум бўлдилар. Қолаверса, мазкур ҳолат бу диний муассасаларда ишловчи ва таълим оладиган кишилар, вақфга қарашли ерларда ишловчи деҳқонларнининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига салбий таъсир кўрсатган.
Ушбу мақолада Туркистонда Россия империяси мустамлакаси даврида вақф ерларининг 1865 – 1881 йиллардаги ҳолати Сирдарё вилояти мисолида ёритилган. Мақоладаги факт ва маълумотлар тарихийлик тамойилига асосланган ҳолда тадқиқ қилинган. Тадқиқот жараёнида микротарих, миқдорий, тизимли, контент таҳлил ва муаммовий-хронологик усуллардан ойдаланилган.
17- 262951904-07-2026
