Jild 5 № 3 (2022)


						{$identification) ko'rish
Jild 5 № 3 (2022)
Nashr qilingan: 04-07-2026

Maqolalar

ISLOM SIVILIZATSIYASIDA MARKAZIY OSIYOLIK OLIMLARINING TUTGAN OʻRNI

Avazbek Oybekovich GANIYEV (Muallif)

Ushbu maqolada Ahamoniylar sulolalari hukmronlik qilgan 2500 yildan boshlab Markaziy Osiyoning rivojlanish bosqichlari muhokama qilinadi. O’sha davrda O’rta Osiyo mintaqasida o’z davlat boshqaruvi, pul va oromiy yozuv tizimlari rivojlangan edi. Ushbu o’zgarishlar boshqa barcha sohalarda, jumladan, madaniyat, san’at va hunarmandchilikda umumiy taraqqiyotga olib keldi. Tadqiqotning keyingi qismda tadqiqotchi islom dinining Oʻrta Osiyo hududiga kirib kelgan davri, bu davrda 8–12-asrlar oraligʻida matematika, astronomiya, tibbiyot kabi turli fanlar va boshqa yangi ilmiy fanlar shakllanganligi haqida toʻxtalib oʻtadi. Tadqiqotning oxirgi qismida buyuk allomalar va ularning ilm-fanga qo‘shgan hissalari hamda ularning islom sivilizatsiyasi rivojidagi o‘rni tasvirlangan. Natijada, mazkur tadqiqot O‘rta Osiyo va uning o‘lkasi allomalarining o‘rni islom va butun jahon sivilizatsiyasi rivojiga beqiyos hissa qo‘shgan, degan xulosaga keldi. Hozirgi islom sivilizatsiyasiga dunyoda ro‘y berayotgan ayrim voqealar, hozirgi o‘zgarishlar, yuzaki voqealar nuqtai nazaridan to‘liq baho berib bo‘lmaydi. Sivilizatsiyalar cheklangan vaqtdagi tarixiy voqealar bilan bog’liq emas. Qayd etish joizki, islom sivilizatsiyasi hali ham mavjud va uni ko‘p joylarda kuzatish mumkin. Global o‘zgarishlarga duch kelayotgan bugungi musulmon olami taraqqiyot, taraqqiyot, ilm-fan va zamonaviy yutuqlarga mos ravishda o‘zining qadimiy qadriyatlarini tiklashga intilmoqda. Keyingi yillarda ilm-fan va madaniyatni rivojlantirishga qaratilgan qator anjumanlar, hamkorliklar o‘tkazilayotgani fikrimizni tasdiqlaydi. Yana shuni ta’kidlash kerakki, ijobiy tashabbuslarga yetaklovchi omillardan biri hayot bilan jonli madaniy ongdagi qator ijobiy siljishlardir. Bu musulmon dunyosining kelajagini belgilashda hal qiluvchi omil bo’lishi mumkin. Tadqiqotning maqsadi buyuk musulmon allomalarining hayoti va islom va jahon sivilizatsiyasiga qo‘shgan ilmiy hissalarini yoritishdir. Xulosa qilib aytganda, ushbu maqola natijalari shuni ko‘rsatadiki, islom sivilizatsiyasining ildizlari sog‘lom va dunyoga hech qanday zarar yetkazmagan. Musulmonlar esa bugungi kunda bu ildizni qayta tiklashga va yanada taraqqiy etishga mas’uldirlar. Hayotimizda ro‘y berayotgan ulkan o‘zgarishlarga bo‘lgan intilishlarga nazar tashlar ekanmiz, aytish mumkinki, islom sivilizatsiyasi uchinchi ming yillikda yana o‘zining “uyg‘onish” davrini boshlaydi. Kontent tahlili metodi ushbu tadqiqotda Markaziy Osiyo olimlarining turli ilmiy faoliyatlar orqali qoʻshgan hissalari va ularning vaqt davomida qoʻllanilishini tahlil qilish uchun foydalaniladi. Ushbu tadqiqot har bir parametrning mazmunini davrlar bo’yicha ko’rish uchun kichikroq paragraflarga bo’lingan. Kontentni tahlil qilish - bu matnlar yoki matnlar to’plamidagi ma’lum so’zlar yoki tushunchalarning mavjudligini aniqlash uchun ishlatiladigan tadqiqot vositasi. Natijalar ilm-fanning rivojlanishi davlatning har tomonlama rivojlanishi uchun qanchalik samarali bo’lganligi haqida xulosa chiqarish imkonini beradi.

4-13
264
30

МУХАЗРАМ – ҲАДИС РОВИЙСИ СИФАТИДА

Doniyor M. MURATOV, A. Aziza DZHUMABAEVA (Muallif)

Ушбу мақоланинг мақсади – ҳадис илми тарихида ўзига хос ўринга эга ровий – мухазрамларни ўрганиш, уларнинг ислом тарихида тутган ўрини, шунингдек, саҳобий ва тобиийлардан фарқли жиҳатларини тадқиқ қилишдан иборат. Мухазрамлар Расулуллоҳ (с.а.в.) даврида имон келтиргани жиҳатидан ва У кишини кўрмагани сабабидан саҳобийдан фарқ қилиши ҳамда тобиийлардан ажралиб турадиган томони Пайғамбар (с.а.в.) даврида ҳам яшагани ўрганилган ва таҳлил этилган. Луғат олимлари ва муҳаддислар томонидан мухазрамга берилган таърифда бироз фарқ бўлса-да, муҳаддисларнинг берган истилоҳий маъноси асосий тавсиф сифатида ишлатилади. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)га ўхшаб жоҳилиятда яшаган ёки пайғамбарлик келгандан сўнг ҳам туғилган бўлса-да, У кишини кўрмаган ҳамда вафот этганларидан кейин ҳам яшаган кишига мухазрам дейилади. Шу билан бирга Расулуллоҳ (с.а.в.)ни вафот этганларидан кейин ёки олдин кўрганлар ҳам мухазрам экани таҳлил қилинган. Мухазрамларни саҳобий ёки тобиий экани борасида ҳам баъзи ихтилофларни кўриш мумкин. Ибн Абдулбар ўзининг саҳобийларга бағишлаб ёзган асарида мухазрамларни улар орасига қўшиб зикр қилиб ўтган. Бироқ ҳадис илми назариясига оид асарларда уларни тобиийлар қаторида тилга олинган. Мазкур жиҳатлар ҳам мақолада тадқиқ этилган. Чунончи Мухазрамлар орасида Увайс Қараний каби Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз ҳадисларида зикр қилиб ўтганлари бор. Бироқ кўплари ҳадисларда зикр қилинмаган, шундай бўлса-да, муҳаддислар уларни ўз асарларида зикр қилганлар. Масалан, муҳаддислардан Заҳабий, Суютий, тарихчилардан Ибн Саъд каби олимлар улар номини келтирганлар ҳамда “мухазрам”, “топган ва кўрмаган” (Расулуллоҳ (с.а.в.) замонини топган, у кишини кўрмаган) каби иборалар билан мухазрамлардан эканини таъкидлаганлар. Мухазрамларнинг адади борасида ҳам якдил фикр манбаларда келмаган. Масалан, имом Муслим улардан 20 нафарини санаб ўтган, имом Суютий 45 нафар, имом Заҳабий эса, 65 нафар мухазрамни зикр қилган. Замонамиз олимларидан Бурҳониддин Муҳаммад ибн Халил 131 нафарга яқин мухазрамни санаб ўтган. Мухазрамлар саҳобий ва тобиийлардан жуда кам экани билан ҳам ажралиб туради. Шундай бўлса-да, улар орасида саҳобий ва тобиийларда бўлгани каби энг фазилатлиси қайси бири экани борасида олимлар маълумотларни бериб ўтганлар. Ушбу мақолада мухазрамлар ва уларнинг ислом дини ҳамда ҳадис ривоятидаги ўрни бирламчи манбалар асосида таҳлил қилиниб, мухазрамларга доир муаммолар очиб берилган.

204
23

БАДРУДДИН АЙНИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАДИСШУНОСЛИКДАГИ ЎРНИ

Barot M. AMONOV (Muallif)

Мақолада XIV-XV аср Мамлуклар даврида яшаб ижод қилган Бадруддин Айнийнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш билан бирга маънавий меросининг ҳадис илми ривожида тутган ўрни ҳам тадқиқ этилган. Бадруддин Айний диний илм олиб улғайган бўлса-да, Мамлук султонлигининг маъмурий лавозимларда кўп йиллар давомида хизмат қилди. Шу билан бирга султонликдаги диний-илмий муҳитнинг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Бундан ташқари, илмий фаолияти давомида тафсир ва Қуръон илми, суннат ва ҳадис илмида, сийрат, тарих ва тарожумда, тилшунослик ва адабиётда, ваъз, хутба ва руқия каби йўналишларда асарлар ёзди. Асарлари орасида Имом Бухорийнинг шоҳ асари “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳи ҳанафий мазҳаби асосида шарҳланганлиги билан ислом манбашунослигида муҳим аҳамият касб этади. Бадриддин Айнийнинг асарлари орасида ислом оламида машҳур “Умдатул Қорий” асари бўлиб, у ҳанафий мазҳаби асосида шарҳланган. Бу асар ҳадис илмига оид энциклопедик асар бўлиб, содда ва аниқ услубда ҳадис матнининг маънолари, фиқҳий масалалари ва илмий жиҳатлари ёритилишидан ташқари, унинг грамматик – синтаксис, морфология қоидалари ва балоғат илмига тегишли жиҳатларига эътибор қаратилган. Дарҳақиқат, Бадриддин Айний ва Имом Бухорий ўртасида саккиз ёки тўққиз санад бўлиб, ишончли ва машҳур ровийлар орқали Фирабрийдан сўнг Бухорийга етиб боради. Фирабрийнинг Имом Бухорийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни қилган ривояти Бадруддин Айнийга учта йўл орқали етиб келган. Улар: Абу Ҳайсам Кашмиҳаний (ваф. 389/999), Абу Муҳаммад Сарахсий (ваф. 381/991) ва Абу Али ибн Шибавайҳ орқали етиб келган. Имом Бухорийдан Айнийгача келтирилган санадлар уч йўл билан икки ровий орқали етиб келганини англашимиз мумкин. Натижада, “Умдатул Қорий” икки шайх Зайниддин Ироқий ва Тақийюддин Муҳаммад ибн Маъиниддин Муҳаммад ривоятлари орқали етиб келган Саҳиҳул Бухорий нусхаси асосида шарҳланганлигига амин бўламиз. Айний “Умдатул Қорий” асарини тасниф этишда ундаги масалаларни кенгроқ шарҳлар мақсадида турли китобларга мурожаат қилиб, улардан айримларидан иқтисоб келтириш йўли билан ёки тўғридан-тўғри матнни келтириш орқали 130 га яқин манбалардан фойдаланган. Мазкур мақолада Айнийнинг илмий фаолияти, Султонликда тутган ўрни, диний турли йўналишларда ёзган асарлари, жумладан, ҳадис илми йўналишида асарлари, шоҳ асари “Умдатил Қорий”нинг санади ва асарлари ичида Мовароуннаҳр уламолари асарларига ёзилган шарҳ тўғрисида маълумотлар ёритилган.


 

24-31
325
20

САЙЙИД ШАРИФ ЖУРЖОНИЙНИНГ ҚУРЪОН ИЛМЛАРИГА ОИД АСАРЛАРИНИНГ МАНБАШУНОСЛИК ТАҲЛИЛИ

Doston MUSTAFAYEV (Muallif)

Мақолада Саййид Шариф Журжоний (ваф. 816/1413) илмий фаолияти, олимнинг Қуръон илмларига оид асарлари таснифи ва уларнинг дунё кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма нусхалари ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Кириш қисмида юртимиз ҳукумати томонидан қадимий ёзма манбаларни ўрганишга қаратилаётган эътибор, қўлёзмаларни ўрганишнинг замонавий аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилган. Асосий қисмда Саййид Шариф Журжонийнинг илмий шахсияти, унинг Қуръон илмларига оид асарлари, уларнинг таркибий тузилиши, мазкур асарларнинг мазмуни ва ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги маълумотлар жамланиб, илмий таҳлил этилган. Олимнинг ҳозирга қадар етиб келмаган асарлари, шу билан бирга, ҳозирга қадар етиб келган, аммо ҳануз тадқиқ этилмаган мазкур соҳадаги асарларининг қўлёзма нусхалари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Олим томонидан Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” тафсирига ёзилган “Ҳошия ала ал-Кашшоф” асарининг тўлиқ сақланган қўлёзма нусхалари, асарнинг хусусиятлари ва замонавий нашрлари хусусида маълумотлар зикр этилган. Шунингдек, муфрадотул-Қуръон йўналиши бўйича ёзилган ва бугунги кунга қадар тўлиқ етиб келган “Таржумон ал-Қуръон” асарининг дунё кутубхоналарида сақланаётган нусхалари ва уларнинг хусусиятлари билан яқиндан таништирилган. Дунёнинг айрим фондларида Журжонийга нисбат берилган қўлёзма асарларнинг аслида олимга тегишли эмаслиги илмий далиллар асосида исботланган. Шу билан бирга, ислом оламида машҳур “ат-Таърифот” асарининг ҳам икки машҳур ва тўлиқ ҳолда сақланган қўлёзма нусхалари тавсифи келтириб ўтилган. Зеро, “ат-Таърифот” асарида йигирмага яқин Қуръонда зикр этилган сўзлар ва Қуръон илмларига оид истилоҳларнинг таърифлари келтирилган бўлиб, шу жиҳатдан мазкур асарни ҳам олимнинг Қуръон илмларига оид асарлари қаторида ўрганиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Хулоса қисмида, Журжонийнинг Қуръон илмларига оид асарларини ўрганиш темурийлар даври илмий муҳити, хусусан, бу даврдаги Қуръон илмлари ривожини яна ҳам тўлиқ ўрганиш имкониятини бериши, қолаверса, олимнинг Қуръон сўзларини шарҳлашдаги ўзига хос услубини ўрганиш қуръоншунослик соҳаси тадқиқотларида муҳим саналиши ҳақида тўхталиб ўтилган.

32-40
270
19

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИДА ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ИНСТИТУТЛАРНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ

Golibjon MAKHAMMADJANOV (Muallif)

Мазкур мақола 2016-2022 йилларда мамлакатимиз сиёсий ҳаётида амалга оширишган ўзгаришлар, ислоҳотлар, жумладан, фуқаролик жамияти ва унинг асосий иинститутларнинг ривожланишига доир амалга оширилган туб ислоҳотларнинг динамикаси очиб берилган. Асосий эътибор, анъанавийлик ва замонавийлик муносабатлари давомида сиёсий институтларнинг ўрни ва роли масаласининг илмий ва амалий жиҳатларига қаратилган. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб мамлакат давлат бошқарувини ислоҳ қилиш билан боғлиқ қабул қилинган стратегия билан боғлиқ қарорларнинг янги жараёнларда мамлакатнинг тараққиётида ўрни ва роли моҳияти очиб берилган. Бу борада “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда 2022 йилда 29 январда қабул қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Тараққиёт стратегияси” доирасида сиёсий институтлар ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ривожлантириш билан боғлиқ қабул қилинган бир қатор вазифаларнинг мазмун-моҳияти таҳлил қилинган. Мамлакат сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда юз бераётган турли ўзгаришларда сиёсий сиёсий институтларнинг ўрни ва роли қанчалик аҳамиятли эканлиги мазкур мақоланинг асосий концептларидан бирини ташкил этган. Янги Ўзбекистон қуриш асосида жамиятнинг сиёсий институтлар фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ҳамда Тараққиёт стратегиясининг асосий мақсадларини амалга оширишда сиёсий институтлар фойдаланишнинг истиқболлари юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, Янги Ўзбекистон стратегияснинг ўзига хос жиҳатлари ва унинг тарихий зарурияти, уни амалга ошириш билан боғлиқ турли тенденциялар, ушбу жараённинг ўзига хос хусусиятлари тадқиқ этилган. Бу борада илғор хорижий давлатлар тажрибаси, замонавий ёндашув ва қарашлар ҳамда бу жараёнда сиёсий институтларнинг ўрни ҳамда Ўзбекистонда тарихий ривожланашининг ўзига хос хусусиятлари очиб берилган. Жумладан, анъанавий жамиятларнинг ўзгаришлари тенденциялари ҳамда замонавийлашув муносабатларининг Янги Ўзбекистон стратегиясида ўрни ва роли масаласининг асосий омилларига эътибор қаратилган. Янги Ўзбекистон стратегиясида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли масаласи қанчалик муҳим эканлиги ҳамда бу жараёнлар ҳар қандай давлатлар ва жамиятлар учун асосий ривожланиш омили эканлиги асослаб берилган. Шунингдек, жамиятда, хусусан, замонавийлашув жараёнининг йўналишлари, амалга ошириш механизмлари, шу билан бирга, сиёсий институт-ларнинг анаъанавий ва замонавий моделлари ва типлари тараққиёт босқичлари, имкониятлари, эҳтиёжлари атрофлича таҳлил этилган. Сиёсий институтларнинг анъанавий ва замонавий жамиятларда улардан фойдаланишнинг модернизациялашувнинг асосий технологияларининг ўзига хос жиҳатлари алоҳида таҳлил этилган. Айни пайтда глобаллашув шароитида сиёсий институтларнинг давлат ва жамият хавфсизлиги таъминлашда ўрни концептуал жиҳатдан асослаб берилган.

41-49
332
19

СИЁСИЙ ИНСТИТУТЛАР: МОҲИЯТИ, ШАКЛЛАНИШИ ВА ЖАМИЯТ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТИДАГИ АҲАМИЯТИ

Aziz Normirzayevich YULDASHEV (Muallif)

Мақолада сиёсий институт тушунчаси, унинг моҳияти, шаклланиши ва жамият сиёсий ҳаёти ҳамда тараққиётидаги аҳамиятига доир илмий қарашлар таҳлил этилган. Сиёсий институтларни ўрганиш муаммоси, сиёсий ва ижтимоий ҳодисаларни таҳлил қилишнинг методлари, сиёсий институтларнинг мамлакат тараққиёти учун аҳамияти илмий жиҳатдан ўрганилганган. Институтлар таҳлили методологиясининг генезиси ва ривожланиши тадқиқ қилиш ўта муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда ва бу ўз навбатида сиёсий институтларни ўрганишнинг янги методологик тамойилларининг гносеологик ва назарий имкониятларини, уларнинг ижобий жиҳатларини ва камчиликларини бартараф этиш йўлларини кўрсатиб беришга имкон яратади. Аниқ назарий вазифаларни ҳал қилиш билан бир қаторда бу неоинституционал таҳлил доирасида бажарилган ишларнинг татбиқий аҳамиятида ҳам кўринади. Сиёсий институтлар таҳлилининг методологияси генезиси ва ривожланишини англаб етиш, мавжуд методологик муаммоларни кўрсатиб бериш бугунги кунда ҳам ўзининг долзарблигини йўқотмаган. Сиёсий ва ижтимоий воқеликларни тадқиқ қилишнинг методологик тамойиллари ва уларнинг сиёсий, социологик ва бошқа ижтимоий фанлар учун назарий ва амалий аҳамияти олимлар томонидан катта қизиқиш билан тадқиқ қилинган. Сиёсий институтлар, уларнинг келиб чиқиши, ривожланиши ва амал қилиши, ривожланиши ва инқирози сингари масалалар мавзунинг ўрганилганлик даражасида кўрсатилганидек, ҳар доим ҳам олимлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилган. Сиёсий институтнинг мазмунига кирадиган икки асосий компонент биринчидан, муносабатлар тизимининг идеал модели ва иккинчидан, стереотиплар ва модел тузилмаларнинг матрицасига мувофиқ ҳолда жамоавий сиёсий амалиётда ишлаб чиқиладиган ташкилий тузилмалар ҳисобланади. Барқарор ва жипслашган тузилмалар ҳисобланади. Барқарор ва жипслашган характерга эга бўлган аниқ муносаблар тизими мавжудлиги таъкидланган. Ушбу мақолада сиёсий институтларнинг шаклланиш жараёнлари ва уларга доир илмий қарашларнинг вужудга келиши, сиёсий институт мазмунига кирадиган асосий компонентлар, муносабатлар тизимининг идеал модели, модель тузилмасининг стереотиплари ва унинг қолиплари, жамоавий сиёсий тажриба, социумнинг ҳаёт фаолияти аспекти тахлил қилинган.

50-58
283
20

«ДЕВОНУ ЛУҒАТИ-Т-ТУРК»ДАГИ УЗИНДИЛАРДА ВАРИАЦИЯ ҲОДИСАСИ

Govhar RAHMATOVA (Muallif)

Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғати-т-турк» асари туркий оғзаки шеъриятнинг бугунги кунгача етиб келган энг қадимги намуналарини ўзида жамлаган қимматли манбалардан биридир. Асарда келтирилган шеърлар мавзу кўлами жиҳатидан жангномалар, панднома, севги-муҳаббат шеърлари, табиат тасвирига бағишланган шеърлар, воқеа ва ов тасвирига тасвирига оид парчалар, достон узиндиси, маросим шеърлари, алқовлар каби ўндан ортиқ гуруҳларга бўлинади. Туркий адабий муҳитда куйланган бу мавзулар улар жойлашган кенг ҳудуд билан боғлиқ ҳолда турлича ривожланди ва тараққий этди. Халқ оғзаки ижоди намуналари кенг минтақага ёйилгани боис ўзгарувчанлик хусусиятига эга, яъни улар доимо турғун ҳолатда бўлмайди. Яна бир жиҳати шуки, халқ оғзаки ижоди тилдаги ўзгаришларга муттасил мослашиб боради. Бу ҳолат ҳам уларнинг турғун яшашига қаршилик қилади. Хусусан, «Девону луғати-т-турк»даги узиндиларда келган бирликларнинг мазмунни сақлаган ҳолда бошқа варианти – шевалардаги фарқли шаклини ўрганиш, шеърий узиндилардаги айрим сўзларнинг лингвистик таҳлилини параллелик асосида кўриб чиқиш ва сўз бирликларининг манбалардаги вариантларини солиштириш орқали бунга гувоҳ бўлиш мумкин. Мақолада «Девону луғати-т-турк»да келтирилган шеърларда учрайдиган матний тафовутлар, яъни улардаги вариация ҳодисаси тадқиқ этилган. Туркий халқлар оғзаки ижодида вариациянинг юзага келиши вариантдош сўзларнинг қўлланиши, лаҳжалардаги фонетик ўзгачаликлар (ü>i, a>ï, ä>e, e>y, d=δ) ҳамда шеърдаги бир сўз ёки жумланинг бошқа бир сўз ёки жумла билан алмашиши ҳодисалари билан боғлиқлиги очиб берилган. Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, туркий халқлар оғзаки ижодида лаҳжалардаги фонетик ўзгачаликлар, тилдаги грамматик қоидалар (сингармонизм ҳодисасига зид ҳолат) ўз аксини топган. Шеърий узиндиларда учрайдиган матний тафовутлар туркийларнинг ижтимоий ҳамда маънавий ҳаёти билан боғлиқ туркум шеърларда айниқса кўп учрайди. Бу ҳол парчаларнинг қайси қабила ёки шеваларда қўлланиши, туркий қабилалар тилидаги фонетик ўзгачаликларнинг халқ оғзаки ижодидаги ўрнини аниқлашга хизмат қилиши таҳлил қилинган.

59-66
129
18

ТУРКИЙШУНОСЛИКДА ПАРАЛЛЕЛИЗМЛАРНИНГ ЎРГАНИЛИШИ ВА ТАСНИФИ

Abdulazizkhan NIG‘MONOV (Muallif)

Бугунги глобаллашув даврида аждодларимиздан қолган бой маънавий, бадиий-адабий меросни ҳар томонлама тадқиқ этиш Учинчи Ренессанс сари интилаётган ўзбек олимлари олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ёзма манбаларда акс этган ўзига хос поэтик воситаларнинг шаклланиши, такомилини тадқиқ этиш, уларнинг трансформациясини ўрганиш, бу воситаларининг сақланиб қолиши ва бугунги кун адабиётидаги ўрнини белгилашда муҳим ўрин тутади. Ўзбек адабиёти тарихига назар солганда, шубҳасиз, унинг бой адабий меросга эга эканлиги кўзга ташланади. Бу адабиётнинг илдизи узоқ даврларга бориб тақалади. Унинг шаклланиши ва тараққиёти бевосита қадимги туркий адабиёт билан мустаҳкам боғлиқ. Чунки ўзбек адабиёти қадимги туркий адабиёт негизида ривож топган. Қадимги турк давридаги адабий анъана изсиз йўқ бўлиб кетмади, балки ўзида мураккаб эстетик – адабий тизимни гавдалантирадиган мумтоз туркий шеъриятга кириб келди. Қадимги туркий адабиёт намуналари: Ўрхун ёдномалари, “Девону луғати-т-турк”да сақланиб қолган бадиий ижод намуналарининг шаклий – поэтик хусусиятлари илк классик даврдаги туркий адабиётда давом этгани туркий адабиётнинг узлуксиз равишда тараққий этганини кўрсатади. Мақолада туркий ёзма адабиёт тарихида узоқ ўтмишга бориб тақаладиган параллелизм ҳодисасининг шаклланиши, унинг ўзига хос хусусиятларининг ёритилиши, уларни вужудга келтирган воситалар, параллелизмларнинг такомили, уларнинг турли томондан таснифи каби масалалар бўйича қилинган ишлар тадқиқ қилинган ҳамда параллелизмларнинг шаклланиши ва таснифи билан боғлиқ олимлар фикрлари таҳлил этилган. Шунингдек, хорижлик ва маҳаллий олимларнинг ушбу ҳодиса ҳақидаги муҳим фикрлари мисоллар ёрдамида  келтирилган  бўлиб,  параллелизмларни ўрганишда диққат қаратиш лозим бўлган ўринлар ва таснифдаги фарқларга ҳам тўхталиб ўтилган. Кейинги тадқиқотларда нималарга эътибор бериш лозимлиги қайд этилган. Натижада, ушбу ҳодисанинг ўрганилиши ва таснифи билан боғлиқ яхлит мақола вужудга келганки, бу иш тадқиқотчилар ишини енгиллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

67-76
205
20

МАДАНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК - ЎЗАРО МАДАНИЯТЛАРАРО АЛОҚАЛАР ТАМОЙИЛИ СИФАТИДА (МАЛАЙЗИЯ МИСОЛИДА)

Gozal SHARIPOVA (Muallif)

ХХ асрнинг 50-60-йилларидаги тарихий вазият мустамлакачилик тузумидан ички миллий давлатчилик шаклланиши бошланишигача бўлган давр билан тавсифланади ва замонавий жаҳон тараққиётининг энг муҳим омилига айланди, бу жараённинг ривожланишига имкон беради. Глобал интеграция янги кўп конфессиявий муҳитни шакллантириш зарурати турли диний дунёқараш тарафдорлари ўртасида муросасизликнинг кучайиши билан боғлиқ йўлларни излаш зарурлигини кўрсатди. Дунёнинг кўплаб кўп миллатли давлатларининг диний муросасизлик ва ксенофобиянинг турли кўринишларига дуч келган тарихий тажрибаси толерантлик масаласининг долзарблигини исботлайди. Шундай қилиб, турли фанларнинг замонавий лексикасига мустаҳкам ўрнашган «бағрикенглик» тушунчаси ва унинг мазмуни бир асрдан кўпроқ вақт давомида шаклланиб, ижтимоий, сиёсий ва мафкуравий ўзгаришлар билан боғлиқ ҳолда ўрганилди. Масалан, В. M. Золотухиннинг таъкидлашича, тарихнинг ҳар бир босқичида бағрикенглик ўзига хос тарзда кўрилган: таълим ва билим орқали эҳтиросларни жиловлаш (Suqrot); «олтин ўрталик”ка интилиш (Aristotel); абстиненция (Pirron); нажот ва тавба (Tertullian); азоб-уқубатларни енгиш (F.Akvinskiy); ҳамдардлик (D. Hume); раҳмдиллик (J.-J. Russo); умуминсоний бурч (I.Kant); умумбашарий тенглик ғояси (G. Spenser); ўзгаларга муносабатнинг ички созловчиси (J.-P. Sartr) (Zolotuxin V. M., 2001). Ушбу мақолада Малайзияда маданиятлараро бағрикенглик тамойиллари бўйича давлат сиёсати кўриб чиқилиб, таҳлил қилинган. Малайзияда яшовчи икки йирик этник гуруҳга асосланган Ҳинд ва Хитой диаспораси мисолида ўрганилган. Ўзлаштирилган маданиятнинг шаклланиш жараёни тадқиқ етилади. Тадқиқот давомида замонавий олимлар ва тадқиқотчиларнинг маданий иммиграция, Пенангда ўзлаштирилган маданиятлараро бағрикенглик, шунингдек, Рукунегра давлат мафкуравий дастури соҳасидаги тадқиқотларининг айрим жиҳатлари кўриб чиқилган ва таҳлил қилинган.

77-83
227
17