- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
ИСЛОМ ДИНИДА ОИЛАВИЙ МАРОСИМЛАР ВА ХАРАЖАТЛАР
Adhamjon ASHIROV (Muallif)Мазкур мақолада мустақиллик йилларида Ўзбекистонда олиб борилган диний сиёсат, ислом дини, ижтимоий ҳаёт, миллий қадриятлар ва оилавий маросимлардаги ўзгаришлар таҳлил қилинган.
Муаллиф ўзбек оилавий маросимлари, жумладан, фарзанд туғилиши, никоҳ ва мотам маросимларда диний ва миллий қарашларнинг уйғунлашувини этнографик материаллар асосида ёритишга ҳаракат қилган. Қолаверса, ушбу туркум маросимлардаги айрим харажатлар ва исрофгарчиликларни қисқартириш борасида ислом уламолари, имомларнинг қарашларини жума маърузалари ҳамда турли ижтимоий тармоқлар мисолида ёритиб берган.
Муаллиф замонавий ўзбек жамияти, мусулмонлар жамоатчилик фаолияти борасида олиб борган антропологик кузатувлари жараёнида ўзбек имомлари томонидан оила-никоҳ масаласида жума намози, маҳалладаги ва турли жамоавий тадбирлар, телевидениедаги турли ток-шоулар ва радио эшиттиришлар, “Ақиқа” маросими, суннат тўйи, никоҳ ҳамда мотам маросимидаги “амру маъруф” мавъизалари, масжидлар ва имомлар сайтлари ёки ижтимоий тармоқлар (Тelegramm, Facebook, Instagram)даги саҳифаларда кенг муҳокама қилинишига эътибор қаратган. Айнан мазкур йиғишларда ислом уламолари ва имомларнинг доимий чиқишлари натижасида ўзбек халқи маросимий ҳаётида, хусусан, никоҳ маросимларида харажатлар баланси ўзгариб, келин томондан тўй учун қилинаётган харажатлар (мебель, сеп, маросим таомлари) қисқариб, куёв томон зимасига ўтаётганлиги урғу берилган. Шунингдек, ўзбек халқининг оилавий маросимларидаги ўзгаришлар ва трансформацион жараёнлар маросим иқтисодиёти нуқтаи назаридан таҳлил қилинган.
38-462302918-07-2026 -
БУХОРО АМИРЛИГИДА МАҲАЛЛИЙ МУЛКДОРЛАР ҚАТЛАМИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ (XIX АСР ОХИРИ ВА XX АСР БОШЛАРИ)
Feruza `AMONOVA (Muallif)Мақолада Бухоро амирлигида XIX аср охири ва XX аср бошларида маҳаллий буржуазия қатламининг шаклланиши ва йирик мулкдорлар фаолияти ҳақида сўз боради. У архив ҳужжатлари ва тарихий тадқиқотларнинг қиёсий таҳлили асосида ёзилганлиги учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро амирлигида XIX аср охири – XX аср бошларида маҳаллий мулкдорлар қатламининг шаклланиши минтақада ўша даврда юз берган иқтисодий ва сиёсий омилларга боғлиқ бўлган. Россия империясининг Бухоро амирлиги устидан протекторатининг ўрнатилиши натижасида амирлик ҳудудига рус капитали кириб кела бошлайди. Рус ва хорижлик бошқа сармоядорлар маҳаллий аҳоли вакиллари орасидан етишиб чиққан буржуазия вакиллари: савдогарлар, тадбиркорлар, саноатчи бойлар, пахта ва ёғ-мой заводлари эгалари билан иқтисодий ҳамкорлик қилишларига тўғри келган. Амирликда шаклланган ўзбек сармоядорларининг тўнғич авлоди вакиллари минтақадаги бошқа маҳаллий мулкдорлар, яъни Туркистон генерал-губернаторлиги ва Хива хонлигидаги мулкдорлар, билан ўзаро рақобат ва ҳамкорликда иш олиб боришган. Бухоро савдогарлари, қоракўлчи ва заводчи бойлар бу пайтда Россиядан ташқари Туркия, Афғонистон, Германия, Франция, Италия ва бошқа хорижий давлатларда ҳам фаолият юритганлар.
Бухоро амирлигида вақф мулклари юз йиллар давомида мавжуд бўлиб, ўз мол-мулкининг муайян қисмини вақфларга ажратган бадавлат одамлар ва уларнинг меросхўрлари Бухоро мадрасалари, масжидлар ва бошқа муассасалар фаолиятида муҳим роль ўйнашган. Вақф ерларидан олинган даромад натижасида мадраса толибларининг харажатлари қопланган. Мударрис ва муллаваччалардан ташқари аҳолининг бошқа қатламлари (уламолар, қаландарлар, дарвешлар ва бошқалар) ҳам вақф мулкларидан келган даромадлардан фойдаланишган. Хусусан, Бухорода мадраса ва масжидлар фаолиятида, тарихий ёдгорликларни таъмирлаш ва сақлашда, зиёратгоҳ ва қабристонларни обод қилишда вақф мулкларидан тушган харажатлар ижобий роль ўйнаган.
230 - 236451424-06-2026 -
ХIХ АСР ОХИРИ – ХХ АСР БОШЛАРИДА ЎРТА ОСИЁ-ҲИЖОЗ ҲАЖ ЙЎЛЛАРИНИНГ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА СИЁСИЙ АҲАМИЯТИ
Muzaffarkhon JONIYEV (Muallif)Ислом динида мусулмонлар учун фарз амаллардан бири имконияти бўлганда Маккага бориб ҳаж қилишдир. Макка ва Мадинага ҳаж қилиш Ўрта Осиё мусулмонлари учун анча мураккаб бўлган, улар ўз вақтида ҳаж ибодатини амалга ошириш учун машаққатли йўлларни босиб ўтишларига тўғри келган. Ўрта Осиё мусулмонлари асрлар мобайнида оғир йўл машаққатларига қарамасдан ҳаж зиёратини амалга ошириб келганлар. ХIХ аср охирларида Ўрта Осиёнинг Россия империяси томонидан мустамлака қилиниши ўлка мусулмонларининг ҳаж зиёратига ҳам таъсир этмасдан қолмади. Империя ҳукумати учун Туркистон ўлкаси мусулмонларининг ҳаж зиёратини назорат қилиш нафақат сиёсий жиҳатдан, балки иқтисодий томондан ҳам муҳим аҳамият касб этар эди.
ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Туркистон мусулмонлари ҳаж зиёратига бориш учун асосан, Эрон ҳудудидан ўтувчи қуруқлик йўли, Афғонистон, Ҳиндистон ва Ҳинд океани орқали ўтувчи жанубий ва Истанбул орқали ўтувчи шимолий йўллардан фойдаланишган. Мақолада ушбу йўлларнинг ҳолати, транспорт нархлари, гузаргоҳ шаҳарлардаги ҳожихоналар, такялар ва меҳмонхоналар фаолияти таҳлил қилинган. Шунингдек, мақолада Россия империясининг Туркистон мусулмонларининг ҳаж зиёрати борасида олиб борган сиёсати, амалга оширилган маъмурий, тиббий чора-тадбирлар архив маълумотлари ва ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари Туркистон матбуоти асосида тадқиқ этилган
51-581191623-06-2026
