- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – ГЛОБАЛЛАШУВ ШАРОИТИДА МАФКУРАВИЙ ТАҲДИДЛАРГА ҚАРШИ КУРАШУВЧИ ОМИЛ
Mohira TOSHBEKOVA (Muallif)XXI асрга келиб, жаҳон динларидан бири исломга қизиқиш кундан кунга ортиб бормоқда. Афсуски бу қизиқиш орқасида исломни ниқоб қилиб ўзининг сиёсий, жирканч мақсадларидан фойдаланишга уринаётганлар ҳам борки, улар нафақат тинчлик ва барқарорликка, балки исломнинг софлигига ҳам катта таҳдид солиб турибди. Экстремистларнинг ёвуз мақсадлари, бузғунчи ғоялари бизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга чақиради. Бугунги кунда инсон маълум кучларнинг манфаатларига хизмат қиладиган турли маъно-мазмундаги мафкуравий кучларнинг доимий таъсирини сезиб яшайди. Дунёда юз бераётган глобаллашув жараёнлари, турли ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидлар бизни ҳамиша огоҳ бўлишга ундамоқда Ана шундай шиддатли бир давирда мамлакатда ижтимоий-диний муҳитни соғломлаштириш, аждодларимиз меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири саналади. Мамлакатда истиқомат қилиб турган 130 дан ортиқ миллат ва элатнинг ҳар бири ўзига хос маданиятга ва кўп асрлик анъаналарга эга. Ўзбекистон Республикаси ўтказаётган миллий сиёсатнинг энг муҳим устувор йўналиши барча миллатларнинг равнақи учун тинч шароит ва имконият яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдан иборат. Бу соҳада кейинги йиллардаги энг катта ютуғимиз умумий уйимиздаги тинчлик ва барқарорлик, диний бағрикенглик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликдир. Ушбу мақолада мамлакатимизда мафкуравий таҳдидларга қарши курашувчи омилларни шаклланиши ва амалга ошириш жараёнлари ҳамда жаҳон тажрибаси мухокама қилинган. Шунингдек, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликнинг шаклланиш ва ривожланиш унда мамлакатимиз ахолиси турли табақаларининг иштироки, уларнинг ўрни, ютуқ ва муаммолари ҳақида маълумот бериш билан биргаликда таклифлар ҳам киритилган.
74 - 823142627-06-2026 -
ИСЛОМ ҲУҚУҚИДА НИКОҲ ШАРТЛАРИ ВА НИКОҲГА МОНЕЛИК ҚИЛАДИГАН ҲОЛАТЛАР
Nigora YUSUPOVA (Muallif)Бугунги кунда оилавий муносабатлар масаласининг умумижтимоий жиҳатлари, унинг маданий- маънавий хусусиятларини ҳамда оилавий муносабатларни йўлга қўйишнинг ижтимоий -иқтисодий, ҳуқуқий, маърифий -ташкилий жиҳатдан ўзига хослигини ҳар томонлама ўрганиш долзарб масалалардан биридир. Масаланинг долзарблиги шундаки, биринчидан, жамиятимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида ўзбек халқи маънавиятини, жумладан диний саводхонлигини соғломлаштириш жараёнида ислом таълимотининг оилавий муносабатларга оид қоидаларини илмий таҳлил қилиш ижтимоий заруриятдир. Иккинчидан, бугунги кунда ўта аҳамият касб этаётган оилавий ажримларнинг тобора кўпайиб бораётгани сабабларини бартараф этишда шариат кўрсатмаларини ўрганиш орқали ечимни топиш лозим бўлган масалаларда улардан фойдаланиш мумкин.
Шу нуқтаи назардан ушбу мақолада минтақада азалдан анъана сифатида қаралган ислом таълимотида белгиланган никоҳ шартларининг моҳияти, ўзига хос хусусиятлари ва ижтимоий -иқтисодий, маънавий-маданий асослари, никоҳга монелик қиладиган ҳолатлар ёритилган. Шунингдек, мақолада ислом ҳуқуқида тартибга солинган никоҳ шартлари: никоҳга киришишда ўзаро эркин изҳор қилинган розилик, никоҳда гувоҳларнинг иштироки, тенглик, маҳр масаласи; никоҳга монелик қиладиган ҳолатлар: яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг тақиқланиши, никоҳ ёши масаласига оид қоидалар Республика Оила қонунчилиги нормалари билан қиёсий ўрганилиб, уларнинг диний, маънавий, ҳуқуқий, иқтисодий, тарбиявий, таълимий омиллари таҳлил қилинган.
76 - 851853123-06-2026 -
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТИББИЁТ СОҲАСИДА ДУНЁВИЙ ТАМОЙИЛЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ АЙРИМ ЖИҲАТЛАРИ
Lazizakhon Abbasovna ALIDJANOVA (Muallif)Ушбу мақолада Янги Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасида дунёвий тамойилларни амалга оширишнинг айрим жиҳатлари тадқиқ қилинган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунчилик ҳужжатларида фуқароларнинг виждон эркинлиги, дин ва давлатнинг ажратилганлиги, жамиятда конфессиялараро тотувликни таъминлаш каби қадриятлар мустаҳкам ўрин олган. 2025 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-1037-сон Ўзбекистон Республикаси Қонуни эса ана шу тамойилларни изчил равишда амалга оширишда ҳуқуқий, маъмурий ва ахлоқий механизмларни белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади. Ушбу концепциянинг 6-боби тўлиқ ҳолда дунёвий давлатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган бўлиб, унинг 4-параграфида тиббиёт соҳасига оид дунёвий тамойилларни амалга оширишга алоҳида урғу берилган. Шу асосда, тиббий тизимда дунёвийликни мустаҳкамлаш масаласи нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий, илмий ва маданий нуқтаи назардан ҳам ўта долзарб масала сифатида вужудга келмоқда.
Тиббиёт соҳасида дунёвийлик тушунчаси, умумий қилиб айтганда, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, тиббий-одоб меъёрларига амал қилиш ва барча қарорлар илмий далилларга таянишини таъминлашга йўналтирилган. “Дунёвийлик” тушунчаси бу ерда динсизликни эмас, балки ҳар қандай эътиқоддан мустақил ҳолда, инсоний қадриятлар ва илмий ечимларда устувор ёндашувни назарда тутади. Бунда тиббий ёрдам кўрсатишда беморларнинг шахсий танлови, ахборотли розилиги, хабардорлик даражаси ва ҳуқуқий кафолатлари биринчи ўринга чиқади. Шу боисдан ҳам концепцияда қайд этилган тиббиётда дунёвийликни таъминлаш механизмлари фақат ҳуқуқий эмас, балки кенг ижтимоий-ахлоқий ва таълимий ислоҳотларни ҳам талаб этади.
35-423411924-07-2026 -
“МЕЪЁРУ-Т-ТАДОЙЙУН” – ДИНИЙ-АХЛОҚИЙ МАНБА СИФАТИДА
Ismat NAIMOV (Muallif)XIX асрнинг иккинчи ярмида фаол илмий изланишлар олиб бориб, ўзидан бой илмий мерос қолдирган маърифатпарвар ва қомусий аллома Аҳмад Донишнинг диний йўналишдаги фаолияти маҳсули ҳисобланган “Меъёру-т-тадоййун” асари бугунги кунга қадар етарлича ўрганилмаган. Асар номи илмий жамоатчиликка маълум бўлса-да, унинг маъно-мазмуни ва моҳияти ҳали илмий жиҳатдан таниш эмас. Шуни ҳисобга олиб мақолади, диний-ахлоқий йўналишдаги мазкур асарнинг яратилишига сабаб бўлган қатор омиллар, дунё динлари тарихининг ёритилиши, ҳар бир дин вакили ўз эътиқодини тўғри деб ҳисоблашига ҳуқуқи борлиги, киши иймонли шахс сифатида камол топишида зарур бўлган талаблар ҳақида асар муаллифининг фикрлари таҳлил этилган.
Таъкидлаш лозимки, Аҳмад Дониш Россия империясида кўрган таассуротлари натижасида Бухоро амирлигида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишни таклиф этган. Бу ислоҳотлар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ўз ичига қамраб олган. Шунингдек, аллома диний хилма-хилликдан иборат бўлган Бухоро амирлиги фуқароларини ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшашларига асос бўлиб хизмат қилувчи ислоҳотномасини ҳам ишлаб чиққан ва уни тарғиб қилишни мақсад қилган. Мазкур асарнинг илмий жиҳатдан ишончли бўлиши учун маърифатпарвар ўзидан олдин ўтган аждодлари илмий мероси ва тарихий манбаларга мурожаат этган бўлиб, улар орқали ўзи таклиф этаётган фикрларининг тўғрилигини мустаҳкамлашга ҳаракат қилганлигини эътироф этиш жоиз. Хусусан, Шайх Фариддин Атторнинг “Тазкиратул-авлиё”, Мавлоно Жомийнинг “Нафаҳоту-л-унс”, Сарви Бўстонийнинг “Мизону-л-ҳақ”га раддияси ҳисобланган “Таъдилу-л-мизон”, Абдуллоҳ Машҳадийнинг “Мизону-л-мавозин”, Ҳофиз Ғулом Ҳалим Деҳлавийнинг “Насиҳату-л-мўъминин”, Абдулқодир Ғелонийнинг “Раббонийликни англаш”, Имом Ғаззолийнинг “Кимиёи Саодат” шунингдек, қатор диний-ахлоқий асарлар “Канзу-л-ирфон”, “Ҳадиси Қудсий” каби манбалардан ўз асарини янада мазмунан бойитишга ва диний қарашларини улардан келтирилган далиллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Шунингдек, Қуръони Каримга тафсир, Таврот ва Инжилнинг форс тилидаги таржималарини мутолаа этишни тавсия этадики, булар асарнинг илмий қимматини янада оширганлигини таъкидлаш жоиз.
Асарнинг бугунги кундаги аҳамияти тўғрисида мақола муаллифи ўз фикрларини баён этиб, авваламбор, асар динлараро бағрикенгликни таъминлаш, улар ўртасидаги қарама-қаршиликларни ислоҳ қилиш ҳамда бир-бирларига толерантлик муносабатида бўлишларининг заруриятини қатор мисоллар билан таъкидлаган. Шунингдек, асл ислом таълимотининг моҳиятини англашда мазкур манбада келтирилган – илм-маърифатли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаб ватан равнақига хизмат қилиш каби фикрларнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида муаллифнинг илмий хулосалари берилган.
46 - 543162105-07-2026
