- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
XII-XIV АСРЛАРДА МОВАРОННАҲРДАГИ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТ
Sherzodjon A. UMARALIYEV (Muallif)XII-XIV асрларда Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида йирик илмий марказлар фаолият юритган. Мазкур даврда Мовароуннаҳрнинг Фарғона водийсида ҳам бир қанча илмий марказлар фаолияти юзага келди. Улардан Марғинон, Ўш, Ўзжанд, Хўқанд ва Хўжанд каби шаҳарлар Қорахонийлар давридан тортиб, мўғул босқинидан кейинги даврлар мобайнида ҳам илмий марказ сифатидаги аҳамиятини сақлаб қолди. Мазкур давр оралиғида ушбу минтақадан Бурҳонуддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, Фахруддин Қозихон, Сирожуддин Ўший, Заҳируддин Марғиноний ва Ҳусомуддин Ахсикатий каби ислом ҳуқуқи соҳасининг йирик намоёндалари етишиб чиқди. Шу билан бирга, Фарғона водийсида қироат илмида Абу Тоййиб Хўқандий, Абу Ҳафс Андкуноний, Абу Наср Фарғоний, тасаввуф соҳасида Саъдуддин Фарғоний, фиқҳ илмида Шарофуддин Фарғоний, Қози Хўжандий ҳамда ҳадис илмида Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Хўжандий каби олимлар фаолият юритгани аниқланди.
Мазкур давр Мовароуннаҳр минтақаси учун мураккаб сиёсий жараёнларни қамраб олгани билан ажралади. XII-XIV асрлар Мовароуннаҳр минтақасида Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ҳамда Мўғул Чиғатой хонлиги ҳукмронлик қилган. Шунга қарамай, ушбу ҳукмрон сулолалар даврида минтақада илмий-маданий муҳаитнинг ривожланиши тўхтаб қолмади. Қорахонийлар даврида масжидлар бир вақтнинг ўзида мадрасалар вазифасини ўтаган. Мўғул Чиғатой хонлиги остида мўғулларнинг маҳаллий аҳоли билан ўтроқлашуви оқибатида ислом динига эътиқод қилиш сақланиб қолган ҳамда бунинг таъсирида исломга асосланган маданий юксалиш тўхтаб қолмаган эди.
XIV аср бошларида Мовароуннаҳрнинг ғарбида жойлашган Замахшар шаҳрида бўлган Ибн Баттута масжидларда сунний мусулмонлардан кўра мўътазилий тоифаси вакиллари кўпчиликни ташкил қилганини қайд этган. Демак, ушбу даврга хос мураккаб сиёсий жараёнда ҳам аҳли сунна эътиқодидан бошқа мусулмон тоифаларнинг шаклланиши ҳам юз берган.
XII-XIII асрлар Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳабида мавжуд Ироқ фиқҳ мактабига ҳамоҳанг равишда Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Бухоро мактаблари шаклланиши ниҳоясига етди. Эндиликда мовароуннаҳрлик фақиҳлар Самарқанд ёки Бухоро фиқҳ мактаби вакилларига ажрала бошлади. Масалан, Фарғона водийсидан етишиб чиққан Бурҳонуддин Марғиноний Самарқанд фиқҳ мактаби вакили бўлса, ўзжандлик Фахруддин Қозихон Бухоро фиқҳ мактаби намоёндаларидан саналади. Шунга кўра, Мовароуннаҳрда ислом ҳуқуқи соҳасининг ўрганилиши бўйича ушбу икки шаҳар йирик маданий марказга айланди.
59-682262618-07-2026 -
МАҲМУД ЛОМИШИЙНИНГ “ТАМҲИД” АСАРИДА ИМОН ВА УНГА БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАР БАЁНИ
Abdullo GULOMOV (Muallif)Маҳмуд ибн Зайд Ломиший ҳижрий V ар охири - VI аср бошида Самарқандда фаолият юритган ҳанафий-мотуридий олим ҳисобланади. У мутакаллим ва усулий олим сифатида танилган. Унинг калом илмига оид “ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид”, усулул-фиқҳга доир “Китаб фи усулил-фиқҳ”, айрим фиқҳий атамалар таърифига бағишланган “Баён кашфил-алфоз” номли асарлари бизгача етиб келган. Ломиший асарлари ҳатто, Усмонли ва Салжуқий мадрасаларида ҳам дарслик сифатида ўқитилган. Ушбу мақолада олимнинг калом илмига оид “ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид” асарининг сўнгги бобидан ўрин олган имон ва унга тааллуқли бўлган масалалар тадқиқ этилган. Беш фаслдан иборат мазкур бобда имоннинг моҳияти, унинг ортиши ёки камайиши, имоннинг махлуқ ёки махлуқ эмаслиги, муқаллиднинг имони, имонда истисно қилиш каби масалалар ўрин олган. Муаллиф дастлаб имоннинг моҳияти, унга аҳли сунна уламолари томонидан берилган таърифлар, мотуридийларнинг бу борадаги қарашлари ва уларнинг далиллари, амаллар имоннинг таркибий қисмига кирмаслиги, хорижий ва жаҳмийларнинг бу борада тутган йўллари ҳақида тўхталган. Кейинги фасл имоннинг ортиши ёки камайишига бағишланган бўлиб, муаллиф мазкур мавзуда жуда қисқа иборалар билан имоннинг ортмаслиги ва камаймаслигини ифода қилиб берган. Имон бобининг учинчи фаслида унинг махлуқ ёки махлуқ эмаслиги борасида сўз боради. Бу бобда тасдиқ ва иқрор банданинг феъли бўлгани учун имоннинг махлуқлиги, лекин Аллоҳнинг тавфиқи ва ҳидояти махлуқ эмаслиги баён этилган. Кейинги икки фасл муқаллиднинг имони ва имонда истисно масаласига бағишланган. Мазкур ўринда муаллиф мотуридийлар наздида муқаллиднинг имони эътиборли экани, имонда истисно эса жоиз эмаслиги ҳақидаги қарашлар ва бу борадаги далиллари таҳлил қилинган.
33-412792104-07-2026 -
БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙНИНГ “АЛ-ҲИДОЯ” АСАРИДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
Boburmirzo BOTIROV (Muallif)Жаҳон илм-фани учун Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган олимлар, хусусан, фақиҳларнинг меросини ҳам ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, мовароуннаҳрлик фақиҳлар ислом оламининг барча минтақаларида ҳам эътироф этилган. Улар томонидан ёзилган фиқҳий асарлар эса ҳозирги вақтда ҳам илмий даргоҳларда ислом фиқҳи бўйича дарслик вазифасини ўтамоқда. Бу Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг юзага келиши, ривожланиш босқичлари, йўналишлари, ўзига хос жиҳатлари ва анъаналарини ўрганишга жиддий ёндашиш кераклигини кўрсатмоқда. Бугунги кунда ислом дини ва унинг асосий қисми бўлмиш фиқҳ Ислом ҳуқуқшунослигини давр талабларини назарда тутган ҳолда ўрганиш ва уни ўзлаштириб, амалий ҳаётда ундан фойдаланиш бир заруратга айланди.
Ушбу мақолада Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарида ғоялар ва тавсияларни тадқиқ қилиш, ундаги мулкий муносабатларни тартибга солишга оид кўрсатмаларни таҳлил этиш натижасида, мулкнинг муомалада бўлиши, айниқса, омонат сақлашда ўзига хос қоидалар назарда тутилганлиги ҳақида маълумотлар келтирилган. Юк топширувчининг омонат сақловчига ишончини “Ҳидоя”да ҳуқуқий муносабатларда ҳам кўриш мумкин. Фақат ўша давр нуқтаи назаридан, ушбу муносабатлар соддароқ кўринишда тартибга солинган. Шунингдек, балоғат ёшига етмаган, ақли заиф ва қулларнинг субъект сифатида ҳуқуқий ҳолати ҳақида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Бугунги мураккаб даврда жамият тараққиётига хатарли бўлган экстремистик оқимлар ва фундаменталистлар ислом динининг моҳият ва мазмуни ҳамда олий инсоний меъёрларини бузиб талқин қилиб, афсуски, ундан ўз тубан мақсадлари йўлида фойдаланишмоқда. Ҳозирги даврда ислом таълимотининг туб моҳияти, унинг тинчликсеварлик ва инсонпарварлик мақсадларга қаратилган ғояларини тўғри талқин этиш, фиқҳнинг амалий ҳаёт билан чамбарчас боғланган бир ҳуқуқий тизим эканлигини кўрсатиш нечоғли илмий ва амалий аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб бериш долзарб аҳамиятга эга. Умуман олганда, Бурҳониддин Марғиноний ёзган тўрт жилдлик “Ҳидоя” китоби суннийлик оқимида ҳанафий мазҳаби бўйича бир муҳим ва мукаммал ҳуқуқий кодекс сифатида 55 дан ортиқ китоб, юзлаб бобу фаслдан таркиб топган бўлиб, ислом ҳуқуқининг барча соҳаларини қамраб олади.
38 - 452792304-07-2026
