- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
АРАБ БАЛОҒАТ ИЛМИДА “АМР” (БУЙРУҚ) ШАКЛИНИНГ ФУНКЦИОНАЛ-СЕМАНТИК ВА ПСИХОЛИНГВИСТИК ТАЛҚИНИ
Nigora MULLASODIQOVA (Muallif)Ушбу мақолада араб балоғат илмининг марказий масалаларидан бири – “Амр” (буйруқ) категориясининг функционал-семантик ва психолингвистик табиати тадқиқ этилган. Наҳв илмида буйруқнинг ясалиши асосан икки шаклда кўрсатилади, унинг масдар шакли ва исмлар орқали ифодаланишига амалий грамматикада кўп эътибор қаратилмайди. Шунингдек, буйруқ феъли асосан «вожиблик», яъни ижро этилиши мажбурий бўлган иш маъносини ифодалаши таъкидланади.
Мақолада буйруқ шакли ясалишининг тўрт тури таҳлил қилиниб, улар орқали ифодаланадиган маънолар кенг кўламда ёритиб берилган. Тадқиқот давомида буйруқ шаклининг инсон руҳияти ва мулоқот вазиятига кўра трансформацияга учровчи ўн бешдан ортиқ мажозий-балоғий маъноларини комплекс таҳлил қилинди. Мазкур таҳлилга классик давр олимларидан Юсуф Саккокий, Маҳмуд Замахшарий, янги давр олимларидан Аҳмад ал-Ҳошимий, Абдулазиз Атиқ ва Фозил ас-Самирроийларнинг илмий қарашлари асос қилиб олинган. Мазкур ёндашувларга таянган ҳолда грамматик қолипларнинг матн контексти ва тингловчининг руҳий ҳолатига нақадар тобе экани далилланган. Мақолада буйруқнинг морфологик ва синтактик ифодаланиш усуллари — соф буйруқ феълидан тортиб, «лом ал-амр» бириккан келаси замон шакли, масдар ва феъл исмларигача бўлган шаклларни қиёсий таҳлил қилинган ва нутқий таъсирчанлик даражалари белгиланган.
Тадқиқот объекти сифатида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар ва жоҳилия даври мумтоз шеъриятидан олинган бой материаллардан фойдаланилган. Бу орқали «амр» категориясининг ожизлантириш, маслаҳат бериш, қўрқитиш, камситиш, мазаҳ қилиш, ҳайрат ва таажжубланиш, армон ва хабар каби маъно қатламлари очиб берилган. Хулоса сифатида сўзловчи буйруқ шакли орқали тингловчини нафақат ҳаракатга келтиради, балки унинг руҳиятини бошқариш ва қалбидаги ҳис-туйғуларини, руҳий ҳолати ва асл мақсадини буйруқ шакли воситасида акс эттиришга эришади. Шунингдек, мақолада араб, ўзбек ва рус тилларидаги буйруқ категориясининг қиёсий тафовутлари ҳам тилга олинган. Иш диний ва бадиий матнларни тўғри талқин қилиш ҳамда адекват таржима қилишда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади.
69-771643324-07-2026 -
X-XIII АСРЛАРДА МОВАРОУННАҲРДА ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ ВА МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИ
Muzaffar Murodovich KAMILOV (Muallif)Мазкур мақолада X–XIII асрларда Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳаби ва мотуридий таълимотининг шаклланиши, ривожланиш босқичлари ҳамда минтақадаги диний-илмий муҳитга кўрсатган таъсири тарихий манбалар ва замонавий тадқиқотлар асосида таҳлил қилинган. Тадқиқотда VIII аср охири – IX аср бошларида ислом динининг кенг тарқалиши, жизя масаласи билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий жараёнлар, муржиийлик ҳаракатининг вужудга келиши ва унинг кейинги диний қарашлар шаклланишига таъсири ёритилади. Шунингдек, Абу Ҳанифанинг ақидавий ва фиқҳий қарашлари Мовароуннаҳр олимлари фаолияти орқали минтақада мустаҳкам ўрин эгаллагани ҳамда Имом Абу Мансур Мотуридий томонидан ушбу қарашлар илмий жиҳатдан тизимлаштирилиб, мустақил калом мактаби даражасига олиб чиқилгани кўрсатилган.
Мақолада Мотуридийнинг бевосита шогирдлари Абу Аҳмад ал-Иёдий, Абу ал-Ҳасан ар-Рустуфағний, Абдулкарим ал-Паздавий, шунингдек, кейинги давр мотуридий олимлари Абу-л-Муъин ан-Насафий, Абу Ҳафс ан-Насафий, Алоуддин ас-Самарқандий ва бошқа мутафаккирларнинг илмий мероси таҳлил қилинган. Улар томонидан яратилган калом, фиқҳ, тафсир ва ақидага оид асарларнинг мазмуни, ҳанафийлик ва мотуридийлик анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришдаги аҳамияти баҳоланади. Шу билан бирга, Мовароуннаҳрда шаклланган мотуридийлик мактабининг кейинчалик Хуросон, Мовароуннаҳр, Туркистон ва бошқа ҳудудлардаги аҳли сунна ислом тафаккурига кўрсатган таъсири очиб берилган. Тадқиқот натижалари ҳанафийлик ва мотуридийликнинг ўзаро узвий боғлиқ эканини, уларнинг Марказий Осиёдаги ислом цивилизацияси ривожида ҳал қилувчи аҳамият касб этгани ёритилган.
4-15972310-10-2026 -
БАЛОҒАТ ИЛМИНИНГ ЛИНГВОЭСТЕТИК КАМОЛОТДА ТУТГАН ЎРНИГА ДОИР
Salima RUSTAMIY (Muallif)Европа олимлари ХХ аср бошларига келиб ўрта аср араб тили ва адабиётида илгари сурилган поэтикага доир қарашлар, жумладан, балоғат илмини бадиий сўз санъатининг ўзига хос тури сифатида идрок қила бошладилар. Натижада ўрта аср мусулмон оламидаги араб поэтик тафаккури ҳам, балоғат илми ҳам канон деб аталди.
Олимларнинг умумий фикрига кўра адабиётдаги канонлар ижтимоий онгнинг маълум бир тури маҳсули ҳисобланади ва улар кўпгина объектив омиллар асосида вужудга келади. Ўрта аср араб адабиёти назариясида шакл ва мазмун муносабати ҳақидаги поэтологик қарашларнинг ривожланиши мураккаб кечган. Маълумки, IX–XI асрлар йирик олимлари мумтоз араб шеъриятида мазмун ва шаклни бир-бирига боғлиқ, деб ҳисоблаганлар. Бу дунёқараш уларнинг умумий фалсафий қарашлари асосини ташкил қилган.
Абдулқоҳир Журжонийдан бошлаб барча балоғатга оид асарларда лафз ва маъно ўзаро мустаҳкам боғланган бўлиши каломнинг зарурий шарти сифатида эътироф этилади. «Маъно» араб мусулмон фалсафаси, назарий қарашлар учун асосий тушунча ҳисобланади. Адабий канонлар ўз навбатида тил қонунларига бўйсунади ва буларсиз амалга ошмайди. Буларнинг энг муҳими тилнинг тизимли фаолияти бўлиб, у тил тизими ҳақидаги назарияда ўз аксини топган.
110-1163382023-06-2026
