- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
“СИЯР” ИЛМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ ВА ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Shukrullo JO‘RAYEV (Muallif)Жаҳон ҳамжамияти халқаро муносабатларни тартибга солишнинг бугунги даражасига бирданига эришган эмас. Ушбу жараён узоқ ўтмишдан ҳозирги кунгача тўпланган халқаро ҳуқуқий амалий тажрибанинг маҳсулидир. Бу жараёнда ислом ҳуқуқи ҳам алоҳида ўрин тутади.
Мақолада исломда халқаро муносабатларни тартибга солиш илми бўлган “сияр” тармоғининг шаклланиши ва ривожланиши ҳамда ўзига хос хусусиятлари хақида маълумот берилган.
Сияр тармоғи дастлаб Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёт йўлини баён қилган. Бундан ташқари, “сияр” уруш ва тинчлик ҳолатларида мусулмонларнинг ўзга дин вакиллари билан олиб борадиган муносабатларини тартибга солувчи қоидалар илми ҳисобланади.
Хусусан, мусулмонлар ва ғайридинлар ўртасида тузилган уруш ва тинчлик шартномалари, уруш олиб боришда амал қилиш керак бўлган инсонпарварлик тамойиллари, ўзга давлатларга элчилар юбориш тартиби, мусулмонлар диёрида яшовчи ўзга дин вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир фиқҳий қоидалар сияр илми орқали ўрганилган.
“Сияр” илмининг ривожланиши давр тақозоси ҳисобаланди. Чунки араб халифалигининг кенгайиши натижасида турли дин ва миллат вакиллари билан алоқаларни йўлга қўйиш зарурати вужудга келди. Бу эса олимларнинг “сияр” бўйича асарлар ёзишларига сабаб бўлди. Хусусан, Имом Абу Ҳанифа, Имом Шаъбий, Имом Муҳаммад, Авзоъий, Саврий ва Фазорий каби фақиҳлар ҳам бу мавзуда асарлар ёзганлар.
“Сияр” илмини ўрганган фақиҳлар ўз асарларида унинг ўзига хос хусусиятларини ҳам кўрсатиб берганлар. Хусусан, фақиҳлар исломдаги халқаро муносабатлар ахлоқ тамойилларига таянишини таъкидлаганлар.
48 - 5421806-07-2026 -
XI-XII АСРЛАР МОВАРОУННАҲРДА ЁЗИЛГАН ҲАНАФИЙ ФИҚҲИГА ОИД АСАРЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС УСЛУБЛАРИ
Bekzodbek MUXTAROV (Muallif)Ушбу мақола XI-XII асрларда Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий фиқҳига оид асарларнинг тадқиқига бағишланган. Маълумки, XI–XII асрларда Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожининг олтин даври ҳисобланади. Ҳанафий фиқҳи илмининг иккинчи йирик соҳаси «фуруъ ал-фиқҳ» илми бўлиб, у «усул ал-фиқҳ» илмида белгилаб берилган қоидалар асосида ишлаб чиқилган амалий ҳукмлар мажмуи ҳисобланади. Унда мужтаҳидларнинг шаръий далиллари, улар асосида чиқарилган ҳукмлар ва фатволар жамланган. Ўрганувчиларга осон бўлиши учун ҳукмлар мавзулар асосидаги матнлар шаклида тартибланган. Тили равон, халқчил, замон ва макон шароитлари инобатга олинган, замонавий масалалар ҳамда фатволар киритилиб, мазҳаблар ҳукмлари қиёсланади.
Мазкур даврда ўлкада ҳанафий фиқҳ илмининг усул ва фуруъ йўналиши ҳамда уларнинг матн, жадал, хилоф, аҳком, фароиз, шурут, адаб ал-қози, ҳиял, сияр, ихтисоб, фиқҳий қоидалар илми ҳамда фатво жанрларида 50 га яқин машҳур асарлар таълиф этилган. XI–XII асрларда ёзилган фиқҳий манбалар методологияси кейинги даврдаги асарлар ёзилишига асос бўлиб хизмат қилди. Жумладан, фуруъ ал-фиқҳ илмига оид: Абул Ҳусайн Қудурийнинг «Мухтасар ал Қудурий», Абу Лайс Самарқандийнинг «Хизонат ал фиқҳ», Имом Сарахсийнинг «ал-Мабсут», Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфат ал-фуқаҳо», Алоуддин Косонийнинг «Бадое ас-саное фи тартиб аш-шарое», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Бидоят ал-мубтадий» ва «ал-Ҳидоя шарҳ ал-бидоят ал-мубтади» ҳамда Носируддин Самарқандийнинг «ал-Фиқҳ ан-нофеъ» каби мўътабар матнлар ҳам мазкур даврда таълиф этилган.
XI–XII асрларда Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий мазҳабининг фиқҳий мўътабар манбалари ўз соҳасининг етук олимлари, ишончли фақиҳлари томонидан ёзилган. Мазкур асарлар: заиф ривоятлар, кучсиз сўзлардан холи, фиқҳий ихтилофларнинг барчаси келтириб ўтилмагани, ўқилиши осон, далил ва ҳужжатлар зикр этилмаслиги, қисқа ва ёдлашга осон бўлиши билан ажралиб туради. Шу билан бирга, мазҳаблар ўртасидаги фиқҳий ихтилофлар ҳам зикр этилган бўлиб, бу эса мазҳаблар ва уларнинг далиллари борасидаги фиқҳий масалаларни тўғри ва чуқур англаш, қиёсий тадқиқ эта олиш кўникмасининг шаклланишида муҳим саналади.
Ушбу мақолада Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий фиқҳига оид асарлар, уларнинг жанри, услублари, муаллифларнинг ўзига хос ёндашувлари ҳамда ҳанафий фиқҳ илми ривожидаги ўрни тадқиқ этилган.
98 - 10514506-07-2026 -
АБУ ЖАЪФАР МУҲАММАД ИБН ЖАРИР ТАБАРИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ
Muhabbatxon AGZAMOVA (Muallif)Абу Жаъфар Табарий ҳаёти Аббосийлар давлати заифлашиб, парчаланаётган, халифаликнинг турли ҳудудларида тўқнашувлар, келишмовчиликлар юз берган даврда ўтди. Мана шундай ҳолатга қарамай илм-маърифат ривожланиб, турли соҳаларда мўътабар асарлар ёзилди.
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий исломшунослик хусусан, тафсир, фиқҳ, адаб, тарих каби соҳаларга оид муҳим асарларни яратди. Мақолада олимнинг ҳаёти ва илмий меросининг кенг қамровли таҳлили амалга оширилган. Табарий асарларининг манбашунослик таснифи келтирилиб, асарларининг ўзига хос жиҳатлари илмий ўрганилган. Олимнинг “Китоб таҳзиб ул-осор”, “Жомеъ ул-баён фи тафсир ал-Қуръон”, “Жомеъ ул-қироат мин-аш-шуҳур ва-ш-шозз”, “Китоб ихтилоф ал-фуқаҳо”, “Китоб ул-вақф”, “Китоб ал-латиф ал-қавл фий ахком шариал ислом”, “ал-Хафиф фи аҳком шаръия ислом”, “Адаб ал-қузот”, “Адаб ал-маносик”, “Басит ул-қавл фи аҳками шараиъул ислами”, “Китоб шарҳ ас-сунна”, “Китоб ат-табсир фи усул ад-дин”, “Адаб ан-нуфус ал-жаййида вал ахлоқ ан-нафиса” каби асарлари амалга оширилган тавсифлари билан илмий истифадага киритилган.
Абу Жаъфар Табарий илмий меросида тарих ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг ислом дунёсида машҳур бўлган ва кўпгина олимлар томонидан ўрганилган “Тарих ар-русул ва-л-мулук” – “Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи” номли асари катта илмий аҳамиятга эга. Мазкур асар олимнинг ислом илмлари билан бирга исломгача бўлган қадимги давр тарихи, адабиёти, халқ оғзаки ижодини мукаммал билганлигини кўрсатади. Табарий мазкур манбаларни асарда усталик билан истифода эта олган, маълумотларнинг илмий аҳамияти ҳозирги кунда ўз долзарблигини йўқотмаган. Алломанинг ушбу асарига кўплаб кейинги давр олимлари бирламчи манба сифатида мурожаат қилганлар.
33 - 3942906-07-2026
