- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
ХУРОСОН ТАСАВВУФ МАКТАБИ РИВОЖИДА ҲУЖВИРИЙНИНГ ТУТГАН ЎРНИ
Nilufar Makhsutjanovna TUYCHIEVA (Muallif)Ушбу мақолада Хуросон тасаввуф мактабининг шаклланиши ва ривожланиш босқичларида XI асрнинг йирик мутасаввиф олими Абул Ҳасан Али ибн Усмон Ҳужвирийнинг тутган ўрни атрофлича таҳлил қилинган. Мақолада муаллифнинг ҳаёт йўли, илмий-маънавий фаолияти ва унинг тасаввуф назариясини тизимлаштиришдаги хизматлари ёритилган. Тадқиқотда Ҳужвирийнинг форсий тилдаги илк мукаммал тасаввуфий манба ҳисобланган “Кашфул маҳжуб” асари, ундаги асосий тасаввуфий-фалсафий тушунчалар ва ушбу асарнинг сунний тасаввуф анъанасини мустаҳкамлашдаги аҳамияти очиб берилган. Шунингдек, “Кашфул маҳжуб”нинг кейинги давр ислом тасаввуф адабиёти ва маънавий тизими ривожига кўрсатган таъсири манбашунослик жиҳатидан асослаб берилган.
Мақолада асарнинг сунний тасаввуф анъанасини мустаҳкамлаш, шариат ва тариқат мутаносиблигини асослашдаги аҳамияти қиёсий-тарихий ва манбашунослик методлари асосида очиб берилган. Шунингдек, “Кашфул маҳжуб”нинг кейинги давр Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ислом тасаввуф адабиёти, хусусан, Аттор, Румий ва Жомий сингари буюк мутафаккирлар дунёқараши ва маънавий тизими ривожига кўрсатган бевосита таъсири манбашунослик жиҳатидан асослаб берилган. Тадқиқот хулосалари тасаввуф тарихи, манбашунослик ва ислом фалсафаси соҳасидаги келгуси илмий изланишлар учун муҳим назарий ва амалий манба бўлиб хизмат қилади.
Мақолада асар талқинидаги бағрикенглик, ахлоқий покланиш, нафс тарбияси ва инсонпарварлик ғояларининг замонавий жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашдаги аҳамияти манбашунослик ва социо-культoрологик методлар орқали очиб берилган. Тадқиқот хулосалари “Кашфул маҳжуб” манбаси нафақат тарихий-илмий ёдгорлик, балки замонавий исломшунослик ва маънавий-ахлоқий тарбия жараёнида муҳим амалий қимматга эга эканини кўрсатади.
Мақолада энг муҳим масалалардан бири сохта тасаввуф вакилларига қаратилган эътирозлар “Кашфул маҳжуб”да қай тарзда акс этгани таҳлил қилинган. Ҳужвирий мазкур асари давомида валийлик даражасига кўтарилган, ҳатто, комил инсон даражасига чиққан киши ҳам шаръий мажбуриятлардан озод бўлиш ҳуқуқига эга эмаслигини таъкидлаган. Бу китобда тасаввуф тарихида илк маротаба тасаввуф вакиллари шахс сифатида эмас, балки турли суфийлик мактаб вакиллари сифатида кўриб чиқилган.
Муаллиф бу асарни таҳлил қилиш жараёнида Ҳужвирийнинг ҳанафийликка амал қилганини баён қилган. Аммо шофеъий тасаввуф олимлари Суламий, Абу Нуъайм Исфахоний ва Қушайрий асарлари айнан Ҳужвирий асарига ўхшаш усулубда экани муҳокама қилинган. Унинг ҳанафий бўлганининг белгиси сифатида ўз китобида Абу Ҳанифани етук суфийлар қаторида зикр қилганидир. Асарнинг турли хориж тилларига таржима қилиниши мутахассислар учун ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмаганига далолат қилади.
35-428510 014-10-2026 -
XII-XIV АСРЛАРДА МОВАРОННАҲРДАГИ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТ
Sherzodjon A. UMARALIYEV (Muallif)XII-XIV асрларда Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида йирик илмий марказлар фаолият юритган. Мазкур даврда Мовароуннаҳрнинг Фарғона водийсида ҳам бир қанча илмий марказлар фаолияти юзага келди. Улардан Марғинон, Ўш, Ўзжанд, Хўқанд ва Хўжанд каби шаҳарлар Қорахонийлар давридан тортиб, мўғул босқинидан кейинги даврлар мобайнида ҳам илмий марказ сифатидаги аҳамиятини сақлаб қолди. Мазкур давр оралиғида ушбу минтақадан Бурҳонуддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, Фахруддин Қозихон, Сирожуддин Ўший, Заҳируддин Марғиноний ва Ҳусомуддин Ахсикатий каби ислом ҳуқуқи соҳасининг йирик намоёндалари етишиб чиқди. Шу билан бирга, Фарғона водийсида қироат илмида Абу Тоййиб Хўқандий, Абу Ҳафс Андкуноний, Абу Наср Фарғоний, тасаввуф соҳасида Саъдуддин Фарғоний, фиқҳ илмида Шарофуддин Фарғоний, Қози Хўжандий ҳамда ҳадис илмида Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Хўжандий каби олимлар фаолият юритгани аниқланди.
Мазкур давр Мовароуннаҳр минтақаси учун мураккаб сиёсий жараёнларни қамраб олгани билан ажралади. XII-XIV асрлар Мовароуннаҳр минтақасида Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ҳамда Мўғул Чиғатой хонлиги ҳукмронлик қилган. Шунга қарамай, ушбу ҳукмрон сулолалар даврида минтақада илмий-маданий муҳаитнинг ривожланиши тўхтаб қолмади. Қорахонийлар даврида масжидлар бир вақтнинг ўзида мадрасалар вазифасини ўтаган. Мўғул Чиғатой хонлиги остида мўғулларнинг маҳаллий аҳоли билан ўтроқлашуви оқибатида ислом динига эътиқод қилиш сақланиб қолган ҳамда бунинг таъсирида исломга асосланган маданий юксалиш тўхтаб қолмаган эди.
XIV аср бошларида Мовароуннаҳрнинг ғарбида жойлашган Замахшар шаҳрида бўлган Ибн Баттута масжидларда сунний мусулмонлардан кўра мўътазилий тоифаси вакиллари кўпчиликни ташкил қилганини қайд этган. Демак, ушбу даврга хос мураккаб сиёсий жараёнда ҳам аҳли сунна эътиқодидан бошқа мусулмон тоифаларнинг шаклланиши ҳам юз берган.
XII-XIII асрлар Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳабида мавжуд Ироқ фиқҳ мактабига ҳамоҳанг равишда Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Бухоро мактаблари шаклланиши ниҳоясига етди. Эндиликда мовароуннаҳрлик фақиҳлар Самарқанд ёки Бухоро фиқҳ мактаби вакилларига ажрала бошлади. Масалан, Фарғона водийсидан етишиб чиққан Бурҳонуддин Марғиноний Самарқанд фиқҳ мактаби вакили бўлса, ўзжандлик Фахруддин Қозихон Бухоро фиқҳ мактаби намоёндаларидан саналади. Шунга кўра, Мовароуннаҳрда ислом ҳуқуқи соҳасининг ўрганилиши бўйича ушбу икки шаҳар йирик маданий марказга айланди.
59-682262618-07-2026
