- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
ИСЛОМ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИНИНГ ТАРАҚҚИЁТ БОСҚИЧЛАРИ (1969-1990)
Fazilat QO‘YSINOVA (Muallif)Мақолада Ислом ҳамкорлик ташкилотининг тараққиёт босқичлари таҳлилга тортилиб, ташкилотнинг вужудга келиши жараёнидаги тарихий воқеликлар, унинг мақсад ва вазифалари, аъзо давлатлар сиёсий консолидациясидаги ўрни, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг халқаро ташкилот сифатида шаклланиши ва унинг халқаро муносабатлар тизимида тутган ўрни тадқиқ этилган.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти халқаро ташкилот сифатида ўзига хос ўринга эга бўлиб, унинг вужудга келиши мусулмон давлатлари интеграцияси жараёнларига таъсир кўрсатган муҳим институционал ҳолат ҳисобланди. Сиёсий жараёнлардаги динамик ўзгариш, мусулмон бирдамлигининг кучайиши, умумий хавф-хатарга қарши курашда ҳамжиҳатлик, Фаластин халқига ҳамдардлик ва ислом дини омиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ташкил этилишига асос бўлган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти мусулмон олами сиёсий позициясини акс эттирувчи омил ҳисобланиб, тўрт қитъада жойлашган 57 та давлат аъзоларидан иборат ягона сиёсий платформа бўлиб, халқаро майдонда халқаро муносабатларнинг асосий актори сифатида самарали фаолият олиб бормоқда. Ташкилотнинг асосий фаолияти ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, мадани ва илмий соҳаларда мусулмон мамлакатлари ўртасида ҳамжихатлик асосида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ислом бирдамлигини таъминлаб, халқаро майдондаги фаолиятини ўзаро ҳамжихатлик ва ҳамкорлик асосида ташкил қилиш, мусулмонлар манфаатларини ҳимоя қилиш, ташкилотга аъзо давлатларни ривожланадиган мамлакатлар қаторига қўшилишига кўмаклашиш, давлатлар ўртасидаги сиёсий муаммолар ва зиддиятларни олдини олиш ва бартараф қилишга қаратилган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти сиёсий жиҳатдан мусулмон ҳамжиҳатлигини вужудга келтирган, ислом уммасини бирлаштирган, халқаро майдонда уларнинг манфатларини ҳимоя қила олган, бутун мусулмон оламининг интеграциясини таъминлаш мақсадида фаолият юритаётган халқаро ташкилот эканлиги таъкидланган.
Ушбу мақолада Ислом ҳамкорлик ташкилоти тузилиши натижасида мусулмон давлатларининг ҳамкорлик органи вужудга келиб, аъзо давлатлар бирдамлигининг етакчи элементи диний омилга таяниб, ислом умумий мезонлар бўйича интеграциянинг асосий принциплари таҳлил қилинган
63 - 712502104-07-2026 -
ДИН ВА ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТНИ СОҒЛОМЛАШТИРИШДАГИ ЎРНИ
Utkirbek HASANBOYEV (Muallif)Ушбу мақолада дин ва диний ташкилотларнинг жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги ўрни ва аҳамияти илмий жиҳатдан таҳлил қилинган. Тадқиқотни амалга оширишда академик ёндашувга таянган ҳолда институционал ва функционал таҳлил, қиёсий ва тизимли таҳлил, манбашунослик ва контент-таҳлил, контекстуал таҳлил, индукция ва синтез каби усуллардан фойдаланилган.
Мақолада муқаддас манбалар ҳамда Папа Франциск, Шайх Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий каби диний арбобларнинг эътирофлари асосида динни жамият фаровонлигига хизмат қилувчи илоҳий мазмуни ёритиб берилган. Диннинг кишилик жамияти тараққиётида ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, инсон дунёқараши ва маънавий камолотини шакллантириш, аҳоли ўртасида бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва эзгулик каби умуминсоний қадриятларни қарор топтиришдаги аҳамияти очиб берилган.
Радикал оқимлар томонидан бузиб талқин этилаётган “такфир”, “ҳижрат” “жиҳод”, “дорул-ислом”, “дорул-куфр” каби диний-сиёсий концептларнинг асл моҳияти илмий-диний асосда ёритиб берилган. Шунингдек, диннинг регуляторлик, интегратив, коммуникатив, идентификациялаш, мотивациялаш ва легитимловчи функцияларининг ижтимоий барқарорликни таъминлаш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни юксак маънавият ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялашдаги ўрни ёритилган. Ислом ташкилотлари ҳуқуқий мақоми, мақсадлари, тузилмаси, ваколат даражаси фаолияти нуқтаи-назаридан таснифланган.
Мақолада диний ташкилотларнинг қонунчилик асосидаги фаолияти, уларнинг маънавий-маърифий ишлар, хайрия тадбирлари ва ижтимоий ҳамкорлик орқали жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришга қўшаётган ҳиссаси илмий-назарий ёндашувлар асосида баҳоланган. Радикаллашув ва экстремизмга қарши ахборот-мафкуравий курашда диний ташкилотларнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти, ушбу фаолиятларининг долзарб йўналишлари маҳаллий воқелик ва илғор халқаро тажриба асосида таҳлил қилинган ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
Тадқиқот натижалари дин ва диний ташкилотларнинг жамиятда ижтимоий тараққиёт, барқарорлик ва инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлашда, ижтимоий-диний вазият соғломлигини таъминлашда муҳим омиллардан бири эканлигини кўрсатади.
43-561741014-10-2026
