- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
ҚУРЪОНИ КАРИМДА ЗИКР ҚИЛИНГАН ҲАЙВОНЛАР БОРАСИДА
Doniyor MURATOV (Muallif)Ушбу мақоланинг мақсади Қуръони каримда зикр қилинган ҳайвонларни ўрганиш, уларнинг оятларда эслатилиш ўринлари, бирор қиссани зикр қилишда ва масаллар келтиришда, уларнинг таъсирли чиқишида ҳайвонлар образларидан фойдаланиш услубларини ва ўзига хос жиҳатлари тадқиқ қилишдан иборат. Мақолада инсон фаолияти бевосита ҳайвонот олами билан боғлиқ экани қайд қилинган Қуръон оятларининг сабаб ва мақсадлари таҳлил қилинган. Шу билан бирга оятларда зикр қилинган ҳайвонлар номларининг ифода этиш учун араб тилида ишлатилган сўзлар ва синонимлари ҳам ўрганилган ва тадқиқ этилган.
Араб манбаларида барча тирик мавжудот борки, ҳаммаси ҳайвон дейилиши деб айтиб ўтилган. Зеро, ҳайвон сўзи араб тилида тириклик маъносидан олинган. Ҳар бир нарсаки, унда ҳаёт бўлса, у ҳаракатдадир, яъни ҳаёт бу ҳаракат, ҳаракат бу тириклик демак. Шунингдек, ҳайвонлар инсонлар каби уммат экани ҳам Қуръонда эслатилган бўлиб, улар 140 дан ортиқ оятда тилга олинган. Ушбу мақолада масаланинг мазкур жиҳатлари ҳам тадқиқ қилинган.
Чунончи Қуръони каримда ҳайвонлар турли вазифаларни бажарганини кўриш мумкин. Масалан, ҳудҳуд Сулаймон (а.с.)нинг хизматида бўлган ва бу билан у бош ролда зикр қилинган. Намл сурасида бу қуш Сулаймон пайғамбарнинг хизматчиси сифатида келган. Пайғамбарларнинг мўъжиза кўрсатишида ҳам ҳайвонлар билан боғлиқ ўринлар ўрганилган. Оли Имрон сурасида, ҳайвонлар одамлар учун бойлик ҳамда фойдаланиладиган воситалиги Қуръон оятларида учрайди.Қуръонда баъзи ҳайвонлар мусулмонларга ҳаром қилингани борасидаги оятлар таҳлил этилган. Ҳайвонларнинг гўштини истемол қилиш ва қилмаслик уқтаи назардан, яъни фиқҳий томондан ҳам ўрганиш зарур.
Мақолада ўзбек тилида фаолият олиб борган муфассирларнинг тафсирларида ҳайвонларга оид арабча сўзларни ўзбек тилига таржималари қиёсий таҳлил қилинган. Масалан, туянинг ёши, жинси ва бошқа шу каби жиҳатларини ифодалаш учун араб тилида қатор иноним сўзлар ишлатилади, ва бу ҳолат Қуръонда ҳам ўз аксини топган. Туя маъносини ифодалаш учун Қуръонда ибил, баийр, ноқа, баҳира, соиба каби сўзлардан фойдаланилган.
Хулосада эса, Қуръонда зикр қилиб ўтилган ҳайвонлар ва уларнинг образларининг тадқиқ этиш аҳамиятига доир муаммолар очиб берилган.
26 - 357404-07-2026 -
МУХАЗРАМ – ҲАДИС РОВИЙСИ СИФАТИДА
Doniyor M. MURATOV, A. Aziza DZHUMABAEVA (Muallif)Ушбу мақоланинг мақсади – ҳадис илми тарихида ўзига хос ўринга эга ровий – мухазрамларни ўрганиш, уларнинг ислом тарихида тутган ўрини, шунингдек, саҳобий ва тобиийлардан фарқли жиҳатларини тадқиқ қилишдан иборат. Мухазрамлар Расулуллоҳ (с.а.в.) даврида имон келтиргани жиҳатидан ва У кишини кўрмагани сабабидан саҳобийдан фарқ қилиши ҳамда тобиийлардан ажралиб турадиган томони Пайғамбар (с.а.в.) даврида ҳам яшагани ўрганилган ва таҳлил этилган. Луғат олимлари ва муҳаддислар томонидан мухазрамга берилган таърифда бироз фарқ бўлса-да, муҳаддисларнинг берган истилоҳий маъноси асосий тавсиф сифатида ишлатилади. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)га ўхшаб жоҳилиятда яшаган ёки пайғамбарлик келгандан сўнг ҳам туғилган бўлса-да, У кишини кўрмаган ҳамда вафот этганларидан кейин ҳам яшаган кишига мухазрам дейилади. Шу билан бирга Расулуллоҳ (с.а.в.)ни вафот этганларидан кейин ёки олдин кўрганлар ҳам мухазрам экани таҳлил қилинган. Мухазрамларни саҳобий ёки тобиий экани борасида ҳам баъзи ихтилофларни кўриш мумкин. Ибн Абдулбар ўзининг саҳобийларга бағишлаб ёзган асарида мухазрамларни улар орасига қўшиб зикр қилиб ўтган. Бироқ ҳадис илми назариясига оид асарларда уларни тобиийлар қаторида тилга олинган. Мазкур жиҳатлар ҳам мақолада тадқиқ этилган. Чунончи Мухазрамлар орасида Увайс Қараний каби Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз ҳадисларида зикр қилиб ўтганлари бор. Бироқ кўплари ҳадисларда зикр қилинмаган, шундай бўлса-да, муҳаддислар уларни ўз асарларида зикр қилганлар. Масалан, муҳаддислардан Заҳабий, Суютий, тарихчилардан Ибн Саъд каби олимлар улар номини келтирганлар ҳамда “мухазрам”, “топган ва кўрмаган” (Расулуллоҳ (с.а.в.) замонини топган, у кишини кўрмаган) каби иборалар билан мухазрамлардан эканини таъкидлаганлар. Мухазрамларнинг адади борасида ҳам якдил фикр манбаларда келмаган. Масалан, имом Муслим улардан 20 нафарини санаб ўтган, имом Суютий 45 нафар, имом Заҳабий эса, 65 нафар мухазрамни зикр қилган. Замонамиз олимларидан Бурҳониддин Муҳаммад ибн Халил 131 нафарга яқин мухазрамни санаб ўтган. Мухазрамлар саҳобий ва тобиийлардан жуда кам экани билан ҳам ажралиб туради. Шундай бўлса-да, улар орасида саҳобий ва тобиийларда бўлгани каби энг фазилатлиси қайси бири экани борасида олимлар маълумотларни бериб ўтганлар. Ушбу мақолада мухазрамлар ва уларнинг ислом дини ҳамда ҳадис ривоятидаги ўрни бирламчи манбалар асосида таҳлил қилиниб, мухазрамларга доир муаммолар очиб берилган.
17506-07-2026 -
ТАСАВВУФДА МАЪРИФАТ ТУШУНЧАСИ
Nilufar TUYCHIEVA (Muallif)IХ аср бошларига кeлиб, тасаввуфнинг назарий асослари ишлаб чиқилди, суфийларнинг амалий руҳий-психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш тадбир-усуллари шаклланди. Шунингдек, тариқат, маърифат ва ҳақиқат дeган тушунчалар юзага кeлиб, тасаввуфнинг ушбу уч асосий босқичига оид қарашлар мажмуи тузилди. Шу даврдан бошлаб тасаввуф алоҳида илм сифатида қарор топди.
Тасаввуфнинг муҳим хусусиятларидан бири, фақат назарий жиҳат билан чекланиб қолмасдан тасаввуф тамойилларини тариқатлар йўли орқали амалий ҳаётда татбиқ этишидир. Назариётда “тасаввуф” деб аталган бу йўналишни амалиётда “тариқат” дейилади. Чунончи, тасаввуф дастлаб амалиётга катта аҳамият берган зоҳидлик ҳаракатидан келиб чиққан. Тасаввуфнинг кўпгина масалаларини етарлича англаб олиш учун фақатгина назарий билим кифоя қилмайди, деб ҳисоблайди суфийлар. Уларга кўра, зикр, мужоҳада ва риёзат орқали қалб ушбу масалаларни идрок этадиган софликка эришади.
Мазкур мақолада тасаввуфдаги руҳий камолот босқичлари, уларнинг даражалари, Яратганга эришиш учун босиб ўтилиши шарт қилинган йўллар тадқиқ этилган. Руҳий комиликкка кириш босқичи иродат ва унинг якуни маърифат ҳақидаги тасаввуфий қарашлар ва тушунчалар таҳлил қилинган.
Мақоладан хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, тасаввуфнинг зоҳидлик босқичида маърифат тушунчаси қўлланилмаган. Бунинг боиси шуки, зоҳидлар узлат ва тақвони пеша этган бўлишларига қарамай, ишқ ва ирфон (илоҳий маърифат)дан бебаҳра кишилар эдилар. Улар фалсафий мушоҳадакорлик, ажзу иродат билан маънавий-ахлоқий камолот сари интилиш, валийлик, кароматлар кўрсатиш каби хислатларга эга эмасдилар. Зоҳидларнинг нияти ибодат билан охират мағфиратини қозониш, Қуръонда ваъда қилинган жаннатнинг ҳузур-ҳаловатига етишиш эди. Суфийлар назарида эса жаннатга етишиш умидида тоат-ибодат қилиш ҳам таъманинг бир кўринишидир. Ҳолбуки, суфий учун на дунёдан ва на охиратдан тамаъ бўлмаслиги керак. Ягона истак бу – Ҳақ таолонинг дийдори экани мазкур мақола сўнгида ўз тасдиғини топган.
13 - 2023604-07-2026 -
ТАСАВВУФДА МАЪРИФАТ ТУШУНЧАСИНИНГ АҲАМИЯТИ
Nilufar M. TUYCHIEVA (Muallif)IХ аср бошларига кeлиб, тасаввуфнинг назарий асослари ишлаб чиқилди, суфийларнинг амалий руҳий-психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш тадбир-усуллари шаклланди. Шу даврдан бошлаб тасаввуф алоҳида илм сифатида қарор топди.
Тасаввуфнинг муҳим хусусиятларидан бири, фақат назарий жиҳат билан чекланиб қолмасдан тасаввуф тамойилларини тариқатлар йўли орқали амалий ҳаётда татбиқ этишидир. Чунончи, тасаввуф дастлаб амалиётга катта аҳамият берган зоҳидлик ҳаракатидан келиб чиққан. Тасаввуфнинг кўпгина масалаларини етарлича англаб олиш учун фақатгина назарий билим кифоя қилмайди.
Мазкур мақолада тасаввуфдаги маърифат тушунчаси, руҳий камолот босқичлари, уларнинг даражалари, унга эришиш учун босиб ўтилиши шарт қилинган йўллар тадқиқ этилган. Руҳий комиликкка кириш босқичи иродат ва унинг якуни маърифат ҳақидаги тасаввуфий қарашлар ва тушунчалар таҳлил қилинган.
Маърифатуллоҳ ва комиллик даражаси билан боғлиқ мақомлар масаласининг ёритилиши ҳақидаги олимларнинг фикрлари таҳлил қилинган. Тасаввуф алломаларининг руҳий камолот масаласига муносабатини ва комил тарбиянинг бугунги кундаги аҳамиятини муаллиф кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Мутасаввифларнинг руҳий юксалиш шартлари ҳақидаги турли қарашлари муҳокама қилинган. Олимларнинг яшаган даври ва ижтимоий муаммоларга қараб, комиллик даражалари ҳам бир-биридан фарқ қилиб келган. Мана шу иллатларни бартараф этиш орқали фақатгина шахс камолоти эмас, балки жамият ривожи назарда тутилган.
Мақолада комил инсон ҳақида кенг мушоҳада қилган олимлардан бири – Азизиддин Насафийнинг фикрлари ҳам ўз аксини топган. Насафий инсон имкониятларини чексизлигини таъкидлар экан унинг камолоти учун икки сифатни асос қилиб олади. Буларнинг бири ахлоқ, иккинчиси - ўзини таниш. Инсон ўзини таниш учун ахлоқ асосларини тўлиқ эгаллаган бўлиши керак ва шундагина у ўзини танийди. Ўзини таниган инсон Аллоҳни танийди. Ана шу даражага эришган инсонгина комил инсон ҳисобланади. Насафий назарида инсон ахлоқ билан безанган бўлиши мумкин лекин у ўзини танимаган бўлиши мумкин. Бундай одамларни комил инсонлар деб бўлмайди. Қачонки инсон ахлоққа безаниб ўзини-ўзи таниган тақдирдагина маърифатуллоҳга ва комиллик даражасига кўтарила олади ҳамда шундай тоифа инсонларни комил инсонлар деб аташимиз мумкин бўлади.
29-369418-07-2026 -
“АЛ-ФИҚҲ АЛ-АКБАР” АСАРИНИНГ МУАЛЛИФИ ВА САНАДИ БОРАСИДАГИ ҚАРАШЛАР
Soatmurod Uralovich PRIMOV (Muallif)Ушбу мақолада “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарининг Имом Абу Ҳанифага тегишлиги борасидаги ҳозирги даврда кўтарилаётган баъзи фикрлар аслида қандай пайдо бўлгани борасида сўз кетган. Шунингдек, мазкур асарнинг Абу Ҳанифага тегишли экани 40 яқин мўътабар манбалар асосида исботлаб берилган. Ўтмишда биринчилардан бўлиб, мўътазила фирқаси вакиллари “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарини Имом Абу Ҳанифа ёзганлигини инкор қилишган ва улар нима мақсадда бундай қилганликлари очиб берилган. Мазкур асарда мўътазилийларнинг асосий ақидаларига раддия бўлгани учун уни инкор этиш йўлига ўтиб олганлари қайд этилган. Ушбу масала борасида Ғарб тадқиқотчиларининг фикрлари ва қарашлари таҳлил қилинган. Шунингдек, мазкур асарда Қуръон оятлари ва ҳадислар келтирилмаганлиги ва баъзи фиқҳий масалаларнинг зикр қилинганини сабаб қилиб, муаллифи Имом Абу Ҳанифа экани борасида шубҳа билдирадиган фикрлари асоссиз экани баён қилинган.
Айрим тадқиқотчилар фикрича, “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарида келтирилган айрим калом илмига оид мавзулар ва жавҳар (модда, материя, атом, эссенция) ёки араз (акседенция, симптом) сингари юнон ва араб бўлмаган бошқа файласуфлар асаридан ўтиб келган фалсафий истилоҳлар Имом Абу Ҳанифа яшаган даврида тарқалмагани унинг муллиф томонидан ёзилганини шубҳа остига қўйиши зикр қилинган. Бироқ, Имом Абу Ҳанифа мазкур атамаларни билмаган, дейиш асосли эмас. Чунки юнон ва араб бўлмаган файласуфларнинг асарларини таржима қилиш унинг замонида ҳали кенг оммавий тус олмаган бўлмаса-да, лекин бир қанча фалсафий асарлар тўлиқ таржима қилиш ва улар билан танишиш бошланган эди. Буни умавийлар ва аббосийларнинг илк даврларидаги таржима ишлари бўйича олиб борилган тадқиқотларда ҳам кўриш мумкин.
“Ал-Фиқҳ ал-акбар” асарининг уста санади мавжуд экани, уларнинг ичида энг машҳури Ҳафид номи билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Мустақо Оширнинг (1142-1219/1730-1804) санади ҳисобланади. Мазкур санадда 30 ровий орқали Имом Абу Ҳанифага боғланади. Бу санаднинг машҳур бўлиш сабабларидан бири, ҳанафий ровийлардан ташқари унда моликий, шофеъий ва ҳанбалий уламолар ҳам бор.
Имом Абу Ҳанифага тегишли ақидавий асарлар орасида энг ишончлиси “ал-Фиқҳ ал-акбар” бўлиб, унда ҳанафийлик ва мотуридийликнинг энг асосий ақидалари ёритилган. Шунинг учун ҳанафийлар кўпроқ яшайдиган Мовароуннаҳр, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Ироқ ва Сурия ўлкаларидаги ҳозиргача мазкур асар тўлиғича мукаммал ва муфассал равишда ўқитилади. Шунингдек, мадрасаларнинг асосий ўқув қўлланмалари қаторида туради ва уни талабалар бошдан-оёқ ёд оладилар.
11-199416-07-2026 -
“ТАНҚИҲ АЛ-УСУЛ” АСАРИ ВА УНИНГ ШАРҲИДА МУАЛЛИФ МАҲОРАТИ
Nematullo NASRULLAEV (Muallif)Ушбу мақолада Убайдуллоҳ ибн Масъуд Садр аш-шариъа қаламига оид “Танқиҳ ал-усул” ва унинг шарҳи “Ат-Тавзиҳ фи ҳалли ғавамиз ат-Танқиҳ” ҳақида сўз боради. Бу асарлар ислом дунёсида машҳур бўлиб, фиқҳ усули бўйича ишончли матн ҳисобланади. Садр аш-шариъа мазҳаб қарашлари марказида ҳанафийлар уч имоми – Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбоний ғоялари ётади. Асар ҳанафий ва шофеъий мазҳабига хос муштараклик билан баён этилган.
Садр аш-шариъа манба сифатида Фаҳрул ислом Баздавийнинг “Усул”, Фахруддин Розийнинг “ал-Маҳсул”, Ибнул Ҳожибнинг “Усули Ибнул Ҳожиб” асарларидан фойдаланган.
“Танқиҳ” ва унинг шарҳи “Тавзиҳ” усул, мантиқ ва тил қоидаларига мувофиқ тартибланган. Унда айрим тасаввуф ва фалсафий масалалар ҳам зикр этилган. Бу икки матн Имом Аъзам ва унинг мазҳабини мудофаа этишга қаратилган. Садр аш-шариъа шофеъий олими Фахруддин Розийни чиройли услуб билан танқид қилади. Ибнул Ҳожиб ҳақида сўз юритишда унга мўътадил ёндашади. Умуман бировга қарши фикр билдиришда унга самимий тилаклар изҳор этиб, рақибининг хатосига узур қидирган ҳолда нозик иборалар билан мунозаларга интилади. Садр аш-шариъа усул таркибларидан бўлган фиқҳни таърифлар экан, Абу Ҳанифанинг таърифини афзал кўрган. Уни бошқа илмлардан ҳоли этиш учун “амал хусусида” иборасини қийл ўлароқ зикр этган.
Бир илмнинг бирдан ортиқ мавзуси бўлиши мумкинми? Баҳс-мунозарасига Садр аш-шариъа ҳам киришган. Мовароуннаҳр машойихларига кўра, усули фиқҳ фақат фиқҳ билан боғланган илмдир. Калом, мантиқ ва фалсафа билан ҳеч алоқаси йўқ. Бу мавзуда ўлка машойихларидан фарқли фикрлаган Садр аш-шариъа, мутлақ эмас, балки нисбий бир илмнинг бирдан ортиқ мавзуда бўлишини инкор этмайди. Садр аш-шариъа бу мавзуда Абу Ҳомид Ғаззолийдан таъсирланган.
Садр аш-шариъа, ҳукмни шаръий ва ғайри шаръий икки турга бўлади. Унга кўра, “Ҳукм ақлга эмас ҳукм қилувчига муҳтож, ҳоким эса Аллоҳдир”. Рухсат – масаласини: айни ҳақиқий, ҳақиқий, мажозий ва айни мажозий деб тўртга тақсим этиб, уни кенг ёритиб беради. Муаллиф матн ва унинг шарҳида яна бир қатор масалаларга кириб боради.
Демак, “Танқиҳ ал-усул” ва унинг шари ҳанафий мазҳаби асосида аралаш методга кўра ёзилган. Садр аш-шариъа асар таснифида Баздавий, Розий ва Ибнул Ҳожибларнинг усул китобларига таянган. Муаллиф томонидан бу матнлардаги ўхшашлик ва фарқлилик, янгилик ва такрорлар муқояса йўли билан таҳлил этилган. Ўз ўрнида мазкур матнларга қатор шарҳ, ҳошия, таржима ва таълиқалар битилган. Матн ва унинг шарҳи узоқ йиллар мадрасаларда ўқитилиб келинмоқда.
13-2133517-07-2026 -
САЙЙИД ШАРИФ ЖУРЖОНИЙНИНГ ҚУРЪОН ИЛМЛАРИГА ОИД АСАРЛАРИНИНГ МАНБАШУНОСЛИК ТАҲЛИЛИ
Doston MUSTAFAYEV (Muallif)Мақолада Саййид Шариф Журжоний (ваф. 816/1413) илмий фаолияти, олимнинг Қуръон илмларига оид асарлари таснифи ва уларнинг дунё кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма нусхалари ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Кириш қисмида юртимиз ҳукумати томонидан қадимий ёзма манбаларни ўрганишга қаратилаётган эътибор, қўлёзмаларни ўрганишнинг замонавий аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилган. Асосий қисмда Саййид Шариф Журжонийнинг илмий шахсияти, унинг Қуръон илмларига оид асарлари, уларнинг таркибий тузилиши, мазкур асарларнинг мазмуни ва ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги маълумотлар жамланиб, илмий таҳлил этилган. Олимнинг ҳозирга қадар етиб келмаган асарлари, шу билан бирга, ҳозирга қадар етиб келган, аммо ҳануз тадқиқ этилмаган мазкур соҳадаги асарларининг қўлёзма нусхалари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Олим томонидан Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” тафсирига ёзилган “Ҳошия ала ал-Кашшоф” асарининг тўлиқ сақланган қўлёзма нусхалари, асарнинг хусусиятлари ва замонавий нашрлари хусусида маълумотлар зикр этилган. Шунингдек, муфрадотул-Қуръон йўналиши бўйича ёзилган ва бугунги кунга қадар тўлиқ етиб келган “Таржумон ал-Қуръон” асарининг дунё кутубхоналарида сақланаётган нусхалари ва уларнинг хусусиятлари билан яқиндан таништирилган. Дунёнинг айрим фондларида Журжонийга нисбат берилган қўлёзма асарларнинг аслида олимга тегишли эмаслиги илмий далиллар асосида исботланган. Шу билан бирга, ислом оламида машҳур “ат-Таърифот” асарининг ҳам икки машҳур ва тўлиқ ҳолда сақланган қўлёзма нусхалари тавсифи келтириб ўтилган. Зеро, “ат-Таърифот” асарида йигирмага яқин Қуръонда зикр этилган сўзлар ва Қуръон илмларига оид истилоҳларнинг таърифлари келтирилган бўлиб, шу жиҳатдан мазкур асарни ҳам олимнинг Қуръон илмларига оид асарлари қаторида ўрганиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Хулоса қисмида, Журжонийнинг Қуръон илмларига оид асарларини ўрганиш темурийлар даври илмий муҳити, хусусан, бу даврдаги Қуръон илмлари ривожини яна ҳам тўлиқ ўрганиш имкониятини бериши, қолаверса, олимнинг Қуръон сўзларини шарҳлашдаги ўзига хос услубини ўрганиш қуръоншунослик соҳаси тадқиқотларида муҳим саналиши ҳақида тўхталиб ўтилган.
32-4018606-07-2026 -
XI-XII АСРЛАР МОВАРОУННАҲРДА ЁЗИЛГАН ҲАНАФИЙ ФИҚҲИГА ОИД АСАРЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС УСЛУБЛАРИ
Bekzodbek MUXTAROV (Muallif)Ушбу мақола XI-XII асрларда Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий фиқҳига оид асарларнинг тадқиқига бағишланган. Маълумки, XI–XII асрларда Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожининг олтин даври ҳисобланади. Ҳанафий фиқҳи илмининг иккинчи йирик соҳаси «фуруъ ал-фиқҳ» илми бўлиб, у «усул ал-фиқҳ» илмида белгилаб берилган қоидалар асосида ишлаб чиқилган амалий ҳукмлар мажмуи ҳисобланади. Унда мужтаҳидларнинг шаръий далиллари, улар асосида чиқарилган ҳукмлар ва фатволар жамланган. Ўрганувчиларга осон бўлиши учун ҳукмлар мавзулар асосидаги матнлар шаклида тартибланган. Тили равон, халқчил, замон ва макон шароитлари инобатга олинган, замонавий масалалар ҳамда фатволар киритилиб, мазҳаблар ҳукмлари қиёсланади.
Мазкур даврда ўлкада ҳанафий фиқҳ илмининг усул ва фуруъ йўналиши ҳамда уларнинг матн, жадал, хилоф, аҳком, фароиз, шурут, адаб ал-қози, ҳиял, сияр, ихтисоб, фиқҳий қоидалар илми ҳамда фатво жанрларида 50 га яқин машҳур асарлар таълиф этилган. XI–XII асрларда ёзилган фиқҳий манбалар методологияси кейинги даврдаги асарлар ёзилишига асос бўлиб хизмат қилди. Жумладан, фуруъ ал-фиқҳ илмига оид: Абул Ҳусайн Қудурийнинг «Мухтасар ал Қудурий», Абу Лайс Самарқандийнинг «Хизонат ал фиқҳ», Имом Сарахсийнинг «ал-Мабсут», Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфат ал-фуқаҳо», Алоуддин Косонийнинг «Бадое ас-саное фи тартиб аш-шарое», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Бидоят ал-мубтадий» ва «ал-Ҳидоя шарҳ ал-бидоят ал-мубтади» ҳамда Носируддин Самарқандийнинг «ал-Фиқҳ ан-нофеъ» каби мўътабар матнлар ҳам мазкур даврда таълиф этилган.
XI–XII асрларда Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий мазҳабининг фиқҳий мўътабар манбалари ўз соҳасининг етук олимлари, ишончли фақиҳлари томонидан ёзилган. Мазкур асарлар: заиф ривоятлар, кучсиз сўзлардан холи, фиқҳий ихтилофларнинг барчаси келтириб ўтилмагани, ўқилиши осон, далил ва ҳужжатлар зикр этилмаслиги, қисқа ва ёдлашга осон бўлиши билан ажралиб туради. Шу билан бирга, мазҳаблар ўртасидаги фиқҳий ихтилофлар ҳам зикр этилган бўлиб, бу эса мазҳаблар ва уларнинг далиллари борасидаги фиқҳий масалаларни тўғри ва чуқур англаш, қиёсий тадқиқ эта олиш кўникмасининг шаклланишида муҳим саналади.
Ушбу мақолада Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий фиқҳига оид асарлар, уларнинг жанри, услублари, муаллифларнинг ўзига хос ёндашувлари ҳамда ҳанафий фиқҳ илми ривожидаги ўрни тадқиқ этилган.
98 - 10514506-07-2026 -
НОСИРУДДИН САМАРҚАНДИЙНИНГ «РИЁЗАТ АЛ-АХЛОҚ» АСАРИ – АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ БОРАСИДА МУҲИМ МАНБА
Bekzodbek MUXTAROV (Muallif)Ахлоқ, одоб тушунчалари инсоният тарихида азалдан мавжуд бўлиб, бу тушунчалар инсон камолоти ва шахсияти шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Дунё тарихида бу мавзуга оид кўплаб асори-атиқалар, асарлар, китоблар, моддий ва маданий ёдгорликларни учратиш мумкин. Айниқса, шарқ халқлари тарихида бундай манбалар жуда кўплаб топилади. Уларда инсон руҳий тарбияси ва ахлоқий камолоти бош ғоя саналиб, унинг асосини тасаввуф илми ташкил этади. Бу илм ислом илмлари орасида алоҳида илм соҳаси сифатида дастлаб IX–XI асрларда зоҳидлик мактаби кўринишида шаклланган бўлса, XII–XIII асрларга келиб эса унинг асосий тартиб ва қоидалари ишлаб чиқилган тасаввуф тариқатлари кўринишида юзага келди. Шунингдек, тариқат вакиллари томонидан руҳий таълим ва тарбия борасида кўплаб асарлар таълиф этилди.
Айнан шу XII асрда ёзилган инсон таълим-тарбияси ва руҳий камолотига бағишланган асарлардан бири аллома Носируддин Абулқосим Самарқандий (ваф. 556/1161й.) нинг «Риёзат ал-ахлоқ» (Ахлоқий тарбия) асаридир. Бу асар ахлоқ тарбиясига оид муҳим манба бўлиб, унда одоб ва ахлоқ тушунчалари, ахлоқий тарбиянинг моҳияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилади. Асар икки қисмга ажратилиб, улар ахлоқ ва одоб бўлимлари бўлиб, одоб бўлимида ижтимоий муносабатларда амал қилиниши лозим бўлган одоб қоидалари баён этилади. Ахлоқ қисмида эса яхши ва ёмон ахлоқ нормалари ҳақида бирма-бир сўз боради. Шунингдек, ахлоқ нормалари араб алифбоси тартибида бирин-кетин келтирилади.
Ушбу мақолада «Риёзат ал-ахлоқ» асари ва унинг манбашунослик таҳлили, унда келтирилган ахлоқ, одоб ва ахлоқий тарбия тушунчаларининг мазмун-моҳияти, шунингдек, асарда мавжуд тасаввуфий-ахлоқий тушунчаларнинг тарбиявий аҳамияти ва уларнинг бугунги кундаги ўрни тарихий, қиёсий-таҳлилий методлар асосида тадқиқ этилган
90-9518228-06-2026 -
ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ ВА ҚАФФОЛ ШОШИЙ “МАҚОСИДИЙ” ҚАРАШЛАРИНИНГ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ
Ibrahim USMANOV (Muallif)Мазкур мақолада мовароуннаҳрлик ўрта аср икки алломаси – Ҳаким Термизий ва Қаффол Шошийнинг “мақосид аш-шариа” – “шариат мақсадлари” бўйича муҳим асарлари қиёсий таҳлил қилинган. Мақосид аш-шариа – ислом ҳукмлари ортида турган ҳикмат, мақсадлар, ғоялар, сабабларни баён қилади. “Мақосид аш-шариа”нинг дастлабки тизимли таълимотга айланиши, унинг назарий асослари яратилиши IX-X асрларга тўғри келади.
Мақолада Ҳаким Термизийнинг илк мақосидий олим сифатидаги фаолияти таҳлил қилинган. Термизийга яқин давр ва ҳудудда яшаб мақосидий фикрлар улашган бир неча уламоларнинг ёзган асарлари умумий тарзда кўриб чиқилиб, мовароуннаҳрлик олим Қаффол Шошийнинг “Маҳосин аш-шариа” асари қиёслаш учун қуйидаги омиллар туфайли танлаб олинди: биринчидан, ҳудуд ва давр яқинлиги, Шошийнинг асари машҳур бўлган ҳамда тўлиқ ҳолда бизнинг давримизгача етиб келган.
Қаффол Шоший Мовароуннаҳрда шофеий мазҳаби олими сифатида фаолият кўрсатгани, Ҳаким Термизий эса гарчи ҳанафий ҳисобланса-да, машҳур “Табақот аш-шофиийя ал-кубро” асарида иккинчи табақа шофеий уламолар сирасида зикр этилгани мақолада ёритилган.
Мақолада Ҳаким Термизийнинг “Исбот ал-илал” ва Қаффол Шошийнинг “Маҳосин аш-шариа” асарида “ҳукмларнинг иллатлари (сабаб, мақсад)” мавзусига урғу берилган. Ҳар иккала олим ҳукмларнинг иллатларини аниқлашда ёндашган услуб баҳс қилиниб, Термизийнинг ёндашувида завқий-ирфоний руҳият устувор экани, Шоший эса рационал тафаккур доирасида реал воқеъликка таянгани мақолада очиб берилган.
Термизий ва Шоший ўз асарларида бир қанча ўхшаш мавзуларни муҳокама қилганлар, аксарият ҳолларда турли натижаларга келганлар. Айрим фиқҳий ҳукмларнинг иллатларини аниқлашда эришилган ўхшаш хулосалар мавзунинг ирфоний таъвил қилиш имкониятининг чеклангани билан изоҳланиши мақолада кўрсатиб берилган.
Мақола хулосасида Термизий ва Шошийнинг ибодат ва муамалот масалаларидаги иллатларни уйғунликда кўриб чиққани, уларнинг услубларидаги фарқлар, хусусан “Исбот ал-илал”да Термизий қўлланган луғавий-таҳлилий, тажриба, келиштирув, ирфоний, амалий услублар хусусиятлари очиб берилган. Юқорида санаб ўтилган беш услуб Ҳаким Термизийнинг “Исбот ал-илал”даги ижодий фаолияти йўналишлари доирасини акс эттириши аниқланган.12 - 2037708-07-2026 -
СОМОНИЙЛАР ДАВЛАТИ ИСЛОМГА АСОСЛАНГАН МАҲАЛЛИЙ БОШҚАРУВНИНГ ИЛК НАМУНАСИ СИФАТИДА
Ziyodilla ZINATULLAYEV (Muallif)Мақолада Сомонийлар давлатининг ташкил топиши, давлат бошқарув тизимининг шаклланиши ҳамда маъмурий лавозимларнинг жорий этилиши бирламчи манбалар ва илмий адабиётлар асосида ёритилган.
Кириш қисмида Араб халифалигидаги сиёсий вазият, Сомонийлар давлатининг ташкил топиши, унинг маъмурий бўлиниши, давлат пойтахтининг ўзгартирилиши масалалари баён қилинган. Шунингдек, сомонийларнинг сиёсий майдонга кириб келиш сабаблари бирламчи манбалар асосида ёритилган.
Услублар қисмида мақолани ёзишда фойдаланилган тарихий таҳлил, анализ, синтез, индукция, дедукция каби методларнинг аҳамияти изоҳланган.
Натижалар қисмида Сомонийлар давлати исломга асосланган маҳаллий бошқарувнинг илк намунаси сифатида кейинги даврларда қорахонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар ва хоразмшоҳлар давлати учун эталон вазифасини ўтагани асосланган.
Муҳокама бўлими уч қисмдан иборат.
Биринчи қисмда Сомонхудот ўғилларининг халифаликка содиқ хизматлари эвазига Мовароуннаҳрда волийликка тайинланишлари. Кеийнчалик Исмоил ибн Аҳмад тарафидан Сомонийлар давлатига асос солиниши ва пойтахтнинг Самарқанддан Бухорога кўчирилиши сабаблари баён этилган.
Иккинчи қисмда Сомонийларнинг Мовароуннаҳрнинг шарқий чегараларидаги ғайридин туркларга қарши олиб борган ғазовот урушлари ва уларга нисбатан халифалар тарафидан бериган унвонларга тўхталиб ўтилган.
Учинчи қисмда Сомонийлар давлат бошқарув тизимининг Араб халифалиги девон тизимидан ўзлаштирилгани ҳамда маҳаллий бошқарув учун давлат идоралари ташкил этилиши ҳақида маълумотлар берилган.
Хулоса қисмида қуйидагилар таъкидланган:
– Сомонийлар Мовароуннаҳдаги илк маҳаллий мусулмон сулола бўлиб, ташқи сиёсатда халифага бўйсунган ҳолда ички бошқарувда тўлиқ мустақил бўлганлар. Сомоний ҳукмдорларнинг ўз номларидан танга зарб қилдиргани ҳамда жума хутбасида халифанинг номидан кейин ўзларини зикр эттиргани бунинг исботларидир.
– Сомонийлар ва улардан кейинги мустақил турк-мусулмон сулолалари узоқ давр тарқоқ ҳолда ривожланган Марказий Осиё минтақасини марказлашган яхлит давлатга айлантирдилар. Мовароуннаҳрда марказлашган бошқарувнинг қарор топиши натижасида ички низолар қирқилиб, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, деҳқончилик, боғдорчилик ривожланди, турмуш фаровонлиги ошди.
– Энг йирик икки туркий қабила – қарлуқлар ва ўғузлар сомонийлар саъй-ҳаракатлари эвазига исломни қабул қилдилар; Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Усмонийлар, Тулунийлар каби ислом таълимотидан озиқланган кучли бошқарувга эга марказлашган мусулмон давлатларига асос солдилар, шунингдек, кейинги даврлар давлат бошқаруви учун андоза сифатида хизмат қилдилар.
– Сомонийлар томонидан биринчи бўлиб ташкил этилган турк ва суғд чокарларидан иборат мунтазам қўшин тури кейинчалик араб халифалигида ҳам кенг тарқалиб, тарихга мамлук ғуломлари тизими деган ном билан кирди. Унинг ҳаётий кучини таъминлаган омиллардан бири ислом таълимотига асосланган марказлашга бошқарув бўлди.
11-2115515-07-2026 -
AMIR XUSRAV DEHLAVIY RUBOIYLARINING O‘RGANILISHI
Feruza NIZAMOVA (Muallif)Қуйидаги мақолада Амир Хусрав Деҳлавий меросининг қўлёзма манбалари, айниқса Ўз-бекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзма девонлари ва бошқа қўлёзма нусхалар, улардаги рубоийлар таҳқиқи юзасидан амалга оширилган илмий изланишлар ҳақида маълумотлар келтирилади. биз кўриб чиққан қўлёзма нусхаларда берилган ғазалларнинг қайси девондан олингани бирма-бир зикр этиб борилгани ҳолда, рубоийларнинг қаердан олингани қайд этилмаган. Рубоийларнинг берилиш тартиби кўпгина қўлёзмаларда бирор принципга асосланган эмас. Фақат уларнинг айримларидагина ё рубоийларнинг бош сўздаги биринчи ҳарфга, ёки қофиянинг охирги ҳарфига қараб, алифбо тартибида жойлаштирилгани кузатилади. Қўлёзма нусхаларда бешта девондаги рубоийларнинг аралаш ҳолда берилишини шоир девонларининг кўп вақтдан бери давом этиб келаётган, бир тўпламга жойлашга уриниш тенденцияси билан изоҳлаш мумкинлигини таъкидлаш мумкин. Мақоладаги кузатувларимиздан шуларни англашимиз мумкинки, Амир Хусрав Деҳлавий рубоийлари юзасидан олиб бориладиган тадқиқот учун шоирнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзма девонлари ва бошқа қўлёзма нусхалар асосий манба бўлиши мумкин. Шунда нашрларидаги нуқсонларини ҳам бартараф этиш ва кенг миқёсдаги рубоийларни таҳлил доирасига тортиш имконига эга бўламиз. Амир Хусрав Деҳлавий рубоийларининг Конпур, Теҳрон ва Душанбе нашри материаллари шоир ижод этган рубоийларни етарли миқдорда қамраб ололмагани туфайли, улардан илмий тадқиқот иши учун фақат ёрдамчи манбалар сифатидагина фойдаланиш мумкин. Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасидаги рубоийлар устидаги изланишларимиз шоирнинг бу жанрдаги шеърлари тўпламини яратиш учун ишончли ва салмоқли манба бўла оладиган қўлёзма нусхаларга эга эканини кўрсатади. Амир Хусрав Деҳлавий поэтик меросини тўлалигича йиғиб бўлмаслиги ҳақидаги ўтмиш ва кейинги асрлар ҳамда ҳозирги замон соҳа мутахассисларининг фикрини унинг рубоийларига ҳам тааллуқли деб билиш лозим. Аммо бу фикр республикамиз фонди қўлёзмаларига асосланган ҳолда Амир Хусрав Деҳлавий рубоийларининг миқдор жиҳатдан энг салмоқли тўпламини яратиш имконини тўсиб қўймаслиги керак. Амир Хусрав Деҳлавий қўлёзма нусхаларнинг кўплиги уларда қачон қайси рубоийларни такрор-такрор кўчирилганини аниқлаш орқали замона маънавий-эстетик эҳтиёжини белгилаш юзасидан изланишлар олиб бориш имконини беради.
150-15826603-07-2026
