- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
УБАЙДУЛЛОҲ ИБН МАСЪУД САДР АШ-ШАРИЪА АЛ-БУХОРИЙНИНГ ҲАНАФИЙ ФАҚИҲИ СИФАТИДАГИ ФАОЛИЯТИ
Nematulloh NASRULLAEV (Muallif)Садр аш-шариъа фаолият Мовароун-наҳрда исломнинг қора доғли ва тартибсизликлар авж олган, олимлари қатл этилиб, китоблари ёқилган даврига тўғри келди. Ушбу мақоладаги мавзу манбашунослиги ва тарихшунослиги муаммолари Садр аш-шариъанинг ўз илми ва асарлари билан танилгани, Мотуридийлик ҳанафийлик йўлини маҳкам тутгани ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан оғир даврларда ҳам илмни ёйиш мақсадида ўз ҳаракатларидан асло тўхтамаган мумтоз бир мужтаҳид сифатида ўрганилиши билан боғлиқ.
Мовароуннаҳрда бу тартибсизлик қарийб юз эллик йил давом этди. XIV асрнинг биринчи ярми мана шу инқирозларнинг охирги даври бўлиб, бир томондан нисбий бўлса-да ривожланиш, иккинчи томондан меҳнаткаш оммани турли йўллар билан эзиш ортиб боргани кузатилди.
Бугунги кунда Бухородан етишиб чиққан олимларнинг илмий маънавий меросини ўрганиш туфайли, минтақанинг илм-фандаги барча ютуқлари ўз исботини топмоқда. Тадқиқотларга кўра, бухоролик фақиҳларнинг самарали ижодлари туфайли минтақадаги маданий-маърифий анъаналар тўла сақлаб қолгани маълум бўлмоқда. Улар қолдирган илмий мерос аждодлар фаолиятини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ана шундай аждодлардан бири, Садр аш-шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуддир. Олим ўзининг сермаҳсул хизмати орқали ислом дини манбалари орасида ўчмас из қолдирди.
Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг ижод фаолияти айнан мўғуллар истилоси даврига тўғри келганлиги шунингдек, ўша даврда мўътазилий, қадарий, жабарий, қарматий каби турли ботил оқимлар таъсири кучайгани учун муаллиф ёзма матнларни тасниф этишда енгил ва тез қабул қилиб, мустаҳкам ўзлаштириш услубларини инобатга олгани табиий. Чунки, мўғуллар даврида илм ва маърифатнинг сусайиши ҳатто одамларни бирлаштирувчи омилларга ҳам ўз таъсирини ўтказган эди. Лекин, Убайдуллоҳ ибн Масъуд каби фақиҳлар қадим анъана ва урф-одатларига содиқ туриб, маҳаллий халқнинг диний-маърифий ҳаётини оширишга доим интилганлар. Табиий равишда айни давр ва ҳолат учун фиқҳий масалалар тўғрисида ихтилофлардан йироқ мукаммал асарларга эҳтиёж сезилган. Бу Убайдуллоҳ ибн Масъуд асарларининг ёзилишидаги бирламчи сабаб бўлса, иккинчиси уни одамларга тез ва тушунарли етказишдан иборат бўлган.
Убайдуллоҳ ибн Масъуд Садр аш-шариъалар оиласи вакили сифатида ҳанафий фиқҳининг устозига айланди. У бобосининг тарбиясида камол топиб, калом, мантиқ, фалсафа, фиқҳ, тилшунослик, ҳисоб, ҳикмат илми, тарих каби ва бошқа фанларни ўзлаштириб, айниқса, фиқҳ илмида етук аллома сифатида танилди ва ҳанафий мазҳабининг атоқли ҳамда сермаҳсул олимларидан бири сифатида қатор шогирдлар ҳам чиқариб, ўз асри ва кейинги даврлар учун самарали ижод намуналарини қолдира олди.
Мақолада Убайдуллоҳ ибн Масъуд Садр аш-шариъа тасниф этган бир неча асарлар тадқиқ қилинган. Олим усули фиқҳ, калом, мантиқ, фалсафага оид мўътазила ва ашъарийларнинг қарашларини ўрганиб, ўзининг қатор асарлари орқали уларни илмий асослаб беришга ҳаракат қилган. У ўзидан аввал Шарқ оламига кенг танилган ҳа-нафий мазҳаб соҳиблари томонидан тасниф этилган оригинал манбаларга таянгани таҳлил этилган. Шунинг-дек, мақолада Убайдуллоҳ ибн Масъуд Садр аш-шариъа масалаларга киришишда бошқа мазҳаб олимларининг қарашлари ҳам таҳлил қилинган.
19-271631718-09-2026 -
МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ИСЛОМ ДИНИНИНГ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВА МАЪНАВИЙ ҲАЁТГА ТАЪСИРИ
Ilhomjon BEKMIRZAEV, Irodaхon GAFUROVA (Muallif)Ушбу мақолада Марказий Осиё мустақил маънога эга бўлган минтақавий цивилизациялардан бири бўлганлиги, кўп асрлик ривожланиш жараёнида мазкур цивилизация жузъий антропологик, ижтимоий, сиёсий, тил, диний ва бошқа ўзгаришларга қарамасдан доимий ўзига хос қонуниятлари, жиҳатлари шаклланиб борганлиги ҳамда Ўзбекистон ҳудудларида жойлашган марказий шаҳарлар ҳисобланган Бухоро ва Самарқандда миллий қадриятлар ислом цивилизациясининг асосини ташкил этгани, юзлаб авлодлар тажрибаси асосида шаклланган мазкур қадриятлар билан уйғунлашиб кетган бой диний ва тарбиявий тажрибалар тўплангани, Марказий Осиё ҳудудларида VII асрдан бошлаб ислом дини тарқала бошлагандан, минтақада ислом илмларининг миллий маданият билан алоқалари қандай тарихий босқичлар орқали мустаҳкамланиб борганлиги ҳақида бирламчи манба ва тадқиқотларга таяниб таҳлилий маълумотлар илгари сурилади. Шунингдек, ушбу мақолада Марказий Осиё ва ислом маданиятлари ўзаро таъсир этиш ва ўзлаштириш даври ҳамда Марказий Осиё ислом минтақавий формаси шаклланган ва барқарорлашган даврининг ўзига хос жиҳатлари илмий асосланган. Ислом тарихида мазҳаблар вужудга келган даврдан бошлаб (VIII аср охири, IX аср боши), ҳанафийлик мазҳаби конкрет сиёсий-ижтимоий сабабларга кўра Марказий Осиёда етакчи, баъзи ҳолларда эса диний ҳаёт соҳасида ягона кучга айланганлиги учун бу жараёнлар унинг бевосита фаол қатнашуви ва ғоявий етакчилигида ўтганлиги ҳам мақолада илмий асосланган. Ушбу мақола орқали ўқувчи исломнинг Марказий Осиёдаги тарихи, унинг минтақа маданиятидаги ўрни, миллий қадриятлар билан муштараклашув хусусиятларини ўрганишда ҳанафийлик мазҳабининг роли бағоят муҳим бўлганлигини тушиниб етади. Мазкур мақолада яна илк ҳанафийлик мазҳабининг минтақадаги муваффақиятида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг тарихий-маданий марказ сифатидаги ўрни, Мовароуннаҳрдаги ислом илмлари ривожида минтақанинг турли катта-кичик шаҳарларида етишиб чиққан олимларнинг роли катта бўлганлиги алоҳида таъкидланади
4-153132204-07-2026 -
ТАЪЛИМГА ОИД АРАБИЗМЛАРНИНГ ЛИНГВОСТАТИСТИК ТАҲЛИЛИ
Nargiza RASHIDOVA (Muallif)Мазкур мақолада лексик қатламни ўрганиш усулларидан бири тадқиқ қилинган. Бу усул луғавий бирликлар сонини аниқлаш, уларнинг частотаси ва лексик-семантик гуруҳга ажратиш имконини беради.
Тилнинг лексик қатлами ўзгарувчан ҳисобланади, шунинг учун ўзлашган ва ўз қатлам сўзлари таҳлилга тортилиб, уларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақида мақолада аниқ таъриф берилган. Ўзбек тилининг лексик қатлами араб ва форс сўзларидан иборат бўлган ҳолда, тарихимизнинг муайян бир даврида рус байналминал сўзларга алмаштирилган.
Тадқиқотимизга жалб этилган ўзлашма арабча сўзларнинг асосий қисми исм сўз туркумига оидлиги аниқланди. Компонентларидан бири арабизмни ташкил этган қўшма феъллар ҳам тадқиқот доирасига тортилган. “Ўзбек тили изоҳли луғати” дан фойдаланган ҳолда, таълим соҳасига оид 397 та арабизм аниқланди. Арабизмлар компонент анализи ёрдамида таҳлил қилинди. Уларнинг қўлланилиши частоталик тарзида аниқланди. Таълим соҳасига оид ҳужжатларда қўлланилган арабизмлар аниқланиб, уларнинг таҳлили қилинган ва қўлланилиши тадқиқ этилган. Луғатлар ёрдамида йиғилган лексемалар жамланиб, уларнинг лексик-семантик классификацияси тузилган.
Мақолада арабизмларнинг таҳлил этишга оид турли ёндошувлар ёритилган. Консонантизмга асосланган ундош ҳарфларнинг жойлашиши масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Аффикслар ёрдамида ҳосил қилинган сўзлар ҳам таҳлилга тортилган. Таълим тўғрисидаги қонун ва бошқа ҳужжатлардан кенг фойдаланилган. Таълим соҳасида арабча лексемаларни хусусий равишда ишлатиш сабаблари кўрсатилган. Сўзнинг лексик маъноси лексемаларни тематик гуруҳларга бирлаштиради, улар таркибида лексик ва семантик маъноларга кўра тақсимланади. Тадқиқотга жалб қилинган арабча сўзларнинг асосий қисми исмларга тегишли бўлиб, феъллар, аксинча, камроқ сонларда учрайди.
138 - 1462902604-07-2026 -
AРАБ ТИЛИДАГИ КЎМАКЧИ ФЕЪЛЛАРНИНГ СЕМАНТИК ТАСНИФИ
Malika NASIROVA (Muallif)Араб тилида феъл туркуми бошқа сўз туркумлари ичида энг салмоқли ўринни эгаллайди. Араб тилидаги феълларнинг морфологик хусусиятларини билмай туриб, бошқа туркумларга хос кўпгина грамматик қоидаларни ўзлаштириш мумкин эмас. Ушбу мақола субъектнинг иш ҳаракатини билдирувчи етакчи феъл билан бирга келиб, унга турлича қўшимча маъно берувчи кўмакчи феълларга бағишланган. Араб тилида кўмакчи феъллар мавзуси жуда кенг ва мураккаб мавзулардан ҳисобланади. Тилшунослар бу масала билан илк ўрта асрлардан кунимизга қадар жиддий шуғулланиб келадилар. Энг янги, замонавий тадқиқотлар Аббос Ҳасан, Мустафо Ғалайийний, Фуъад Неъмат, Антуан Даҳдаҳ, Абу бакр Абдул Алий ишларида жамланган. Мазкур мақолада араб тилидаги кўмакчи феълларнинг семантик таснифи масаласи илмий асосланган. Унга кўра феъллар “бўлиш” ва “бўлиб қолиш” мазмунини ифодаловчи феъллар”, “Мулоҳаза феъллари”, “Ўзгариш ёки айланиб қолишни ифодаловчи феъллар”, “Иш-ҳаракатнинг бошланишини ифода этувчи феъллар”, “бўсаға мазмунини ифодаловчи феъллар” каби семантик гуруҳларга бўлиниб асосий феълга мазкур маъноларни юклайди. Бу феълларнинг ичида «أخواتها و كان» энг сермаҳсул бўлиб, исмий гапларда боғловчи феъл вазифасида келиб, исмий кесимни тушум келишигида келишини талаб қилади, феълий гапларда эса феъл-кесим билан мураккаб феъл замонларини ҳосил қилади.
الشروع أفعال феъллари эгани бош келишикда ва кесимни тушум келишигига қўйиб маъно кашф қилувчи иш-ҳаракатининг бошланганлигини англатади. Афъалу-л-муқараба феълларидан кейин келаётган кесим эса бутун бир жумла шаклида бўлиши мумкин. бундан ташқари афъалу-л-муқараба асосий ёки ёрдамчи феъл бўлиши ҳам мумкин. Араб тилидаги кўмакчи феълларнинг жумладаги ишлатилиш доираси кенг, улар жумланинг нафақат иш ҳаракат даражасини, ҳолини, балки, унинг замонини ҳам ифодалаб бера олар экан. бундан ташқари кўмакчи феълларнинг яна бир тури жумладаги ҳис-ҳаяжон, истак ва хоҳишни, ҳис-туйғуни ҳам намоён эта олиши тадқиқот давомида аниқланиб, таҳлил қилинган.
141-1492772002-07-2026 -
ХОРИЖДА ЎҚИГАН ТУРКИСТОН ЁШЛАРИ ҲАЁТИНИ ЁРИТИШДА МАКТУБЛАР МУҲИМ МАНБА
Abduvali YULDASHEV (Muallif)Ушбу мақола Туркистон ёшларининг хорижда таълим олиш тарихини ёритишдаги мактубларнинг манба сифатидаги ўрни ва аҳамиятига бағишланган. Ёшлар узоқ ўтмишдан бери хорижда таҳсил олиш, ислом оламининг олий ўқув юртлари, дунёнинг йирик шаҳарларида таълим олишга интилиб яшаганлар. Бу жараён XIX аср охири XX асрнинг 20-йилларигача бўлган даврда Туркистонда ҳам давом этди. Ёшлар Туркистонни ривожланган мамлакатлар даражасига кўтаришга, Европа илм-фан тараққиёти ва техникасининг ривожланишига таъсир кўрсатган дунёвий фанларни ўзлаштириш ва уларни ўрганишга катта эътибор қаратдилар. Мамлакатда таълим, маданият, санъат, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш учун керакли кадрлар тайёрлаш заруратида маҳаллий маърифатпарвар зиёлилар ва илмга ҳайриҳох кишилар катта хизмат кўрсатдилар.
Бу даврда Туркистон ёшларининг кўпчилиги Россия, Татаристон, Озарбайжон, Туркия ва Германия каби мамлакатларнинг марказий шаҳарларида ўқидилар. Муаллиф архив ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, талабаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва таълим олиш жараёнини кўрсатишга ҳаракат қилди.
Шунингдек, хорижда таълим олган талабалар фаолияти кўриб чиқилди. Мақолада хорижда ўқиган Туркистон ёшларининг айрим мактублари таҳлил қилинди. Ишнинг янгилиги ушбу ҳужжатлар орқали талабалар ҳаётининг турли томонларини очиб беришга ҳаракат қилинди.
89 - 952141729-06-2026
