- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
ҚУРЪОНИ КАРИМДАГИ «ИЛМ» СЎЗИ ВА УНИНГ ТАРЖИМАЛАРИ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ
Bahrom DAMINOV (Muallif)Мақолада «илм» сўзи ва шу ўзакдан ясалган сўзларнинг Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги учта таржимаси ва тафсири: Абдулазиз Мансур, Алоуддин Мансур ҳамда Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан амалга оширилган таржималардаги вариантлари, улар ўртасидаги ўхшашликлар ва фарқлар ҳамда ушбу вариантлар ичидаги энг мосроқ қўлланган сўзлар қиёсий таҳлил қилинган. Таҳлилда Қуръони карим оятларига динимизнинг етук уламолари қилган тафсирлар, ўзбек тилининг изоҳли луғати, шунингдек уламоларнинг оятлар борасида билдирган фикрлари асосида қисқача мулоҳазалар юритилган. Илм сўзи Қуръони каримда жуда кўп маротаба такрорланган бўлиб, ушбу мақолада асосан уларнинг 4 таси атрофида мулоҳаза билдирилган. Улар: «Тоҳо» сурасининг 52, «Нисо» сурасининг 166, «Аҳзоб» сурасининг 63, «Шуаро» сурасининг 112-оятларидир. Зеро, ушбу ояти карималарнинг ўзбек тилидаги таржималарида ўзига хос фарқланишларни кузатиш мумкин. Таҳлилдан кўзланган асосий мақсад бир таржимани мақтаб, бошқасини қоралаш эмас, балки таржима вариантлари ичидаги аслиятга ҳам шаклан, ҳам маънан мосроқ келадиганини аниқлашдан иборат. Қиёслашда аввал аслиятнинг арабий матни келтирилади, унинг кетидан учта таржимоннинг берган вариантлари келтирилиб, сўнгра улар таҳлил қилинади.
24-283062626-06-2026 -
ИСЛОМ УЛАМОЛАРИНИНГ МУТАШОБИҲ ОЯТЛАР ВА УЛАРНИНГ ТАЪВИЛИ БОРАСИДАГИ ҚАРАШЛАРИ
Bekzodbek MUXTAROV (Muallif)Қуръон карим оятлари ундан кўзланган мақсад эшитувчига тушунарли бўлиш ёки бўлмаслиги эътиборидан муҳкам ва муташобиҳ оятларга бўлинади. Олимлар “Муташобиҳ” оятларнинг таърифи хусусида турлича қарашларни илгари суришган. Олимларнинг бир қисми муташобиҳни “Маъноси яширин ва таъвилга муҳтож бўлган, таъвилга мурожаат қилмасдан тушуниб бўлмайдиган, қасд қилинган маънонинг нима эканлиги хусусида хулоса қиладиган аниқ маъноси йўқлиги каби алоҳида шарҳга муҳтож бўлган оятлар” сифатида таърифланган.
Аксар уламолар эса, муташобиҳ оятларнинг бир қарашда маъноси борлигини, фақат уларнинг изоҳларининг, таъвилларининг қайси бири энг тўғри эканлигини ёлғиз Аллоҳнинг билишини, инсоннинг бу илмга эга эмаслигини айтадилар. Улар Салаф олимларидир. Улар муташобиҳ оятларни борлигича қабул қилиб, таққослаш билан бирга таъвилга ҳам кетмаслик кераклигига ишонадилар. Бу гуруҳнинг шиори ақлга вазифа бермаслик ва муташобиҳ оятларнинг шарҳига киришмасликдир. Уларга кўра, таъвилга эргашганлар тахмин қиладилар. Таъвил гумонга асосланиб берилган ҳукмдир. Шу сабабли, муташобиҳ оятлар ҳақида тахмин, гумон билан ҳукм қилиш уларнинг наздида тўғри эмас. Бу эътиқодга ишонган “Салафи солиҳлар: “Муташобиҳ оятларнинг зоҳирига ишониб, ботинини тасдиқлаймиз. Ички моҳиятининг англанишини Аллоҳга ҳавола қиламиз. Зеро, биз уни билиш мажбуриятида эмасмиз. Бу хусус имоннинг шарти ва ҳукмларидан бири ҳам эмас” дейдилар.
Муташобиҳ оятлар билан уларнинг шарҳлари ва улардаги асл моҳиятни юзага чиқариш учун ғайрат қилган олимларга келсак, улар “Ҳалаф мактаби”ни ташкил этишган. Уларнинг наздида Қуръон сирлар ва муаммолар жамланган, шунингдек, ёпиқ ва ноаниқ китоб эмас. Қуръон ўзининг аниқ тилда нозил бўлгани, оятларнинг изчил равишда баён қилингани, уни тинглаганнинг тушуниши, ақлини ишлатиши, тафаккур қилиши ва ихтилофларни у билан ечиши кераклиги ва шунинг учун нозил бўлганини ифода этади.
Ушбу мақолада ислом уламоларининг муташобиҳ оятлар ва уларнинг таъвил қилиш ёки қилмаслик борасидаги қарашлари таҳлил этилган.
88-942911920-07-2026 -
ИСЛОМ ФАЛСАФАСИ СОҲАСИДА ИБН СИНОНИНГ ГНОСЕОЛОГИК ТАМОЙИЛЛАРИ
Ramzjon Raximdjanovich ISAKDJANOV (Muallif)Дунёда дин ва фалсафа уйғунлиги борасида кўплаб илмий-тадқиқот ишлари мавжуд бўлиб, уларда Марказий Осиё мутафаккирларининг фалсафий таълимотлари мазкур минтақа маънавий меросининг муҳим қисми сифатида тадқиқ этилган. Марказий Осиёдаги мантиқий-гносеологик ғоялар тарихини ўрганиш нафақат ўтмиш маданияти ва фалсафасини, балки ҳозирги даврга хос ғоявий жараёнларни тўғри тушунишга ҳам имкон беради. Ибн Синонинг илоҳиётга доир гносеологик тамойиллари Ғарб мамлакатлари, россиялик, туркиялик, эронлик, тожикистонлик бир қатор олимлар томонидан ўрганилган бўлса-да, унинг диний-рационал қарашлари тизимли таҳлил қилинмаган. Олиб борилган тадқиқотларда асосан, Ибн Синонинг нафс, Руҳ, материянинг абадийлигига оид қарашлари тадқиқ этилган. Лекин олимнинг ислом дини манбалари, хусусан, Қуръони карим сураларига тафсирлари аксар тадқиқотчиларнинг эътиборидан четда қолмоқда. Натижада, айрим тадқиқотларда алломани материалист қилиб кўрсатишга, уни юнон фалсафаси давомчиси сифатида талқин этишга ҳаракатларни кузатиш мумкин.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда дин соҳасига, хусусан миллий ва диний қадриятларимизни қайта тиклаш ҳамда тўлақонли тадқиқ этиш, халқимизга соф қадриятларимизни етказишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу маънода Абу Али ибн Сино илмий меросида фалсафага тегишли асарлар алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг фалсафий қарашлари шаклланишида Арасту ва Форобийнинг таъсири катта бўлган. Лекин, Ибн Сино фалсафада бу икки файласуфлар қаторида алоҳида ўринга эга бўлиб, ўзига хос мактаб яратган мутафаккир экани эътироф этилган. Ислом таълимотига асосланган Ибн Сино фалсафаси мероси нафақат ислом, балки яҳудий ва насроний дини олимлари фалсафий тафаккурига ҳам таъсир ўтказиб, алломанинг диний-фалсафий қарашларини ўрганиш билан бир қаторда жамиятдаги мажуд диний масалаларни рационал тушунишга зарурат туғилмоқда.
Ушбу мақолада ҳам асосий эътибор Ибн Синонинг илоҳиётга оид рационал қарашларини ўрганиш, динийлик ва дунёвийлик уйғунлигини, шунингдек, мўътадил ислом тамойилларини рационал йўл билан очиб беришда олимнинг қарашлари катта аҳамият касб этишини кўрсатиб беришга қаратилган.
Шунингдек, мақолада ислом оламида “Шайх-ур-раис” номи билан танилган буюк мутафаккир ва файласуф Ибн Синонинг Қуръони каримдаги баъзи сураларга ёзган тафсири, ислом ақидаси, калом илмида илоҳ масаласи бўйича ёзган асарлари, унинг рационалистик такаккур борасидаги қарашларига Ғарб олимларининг билдирган фикрлари, бу борадаги ислом фалсафасининг асосчиларидан ҳисобланган Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний каби буюк мутафаккирлар ҳамда Ибн Сино қарашлари ўзаро қиёсланиб, ўхшаш ва ўзига хос жиҳатлари кўрсатилиб, бу борада олиб борилган тадқиқотлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.
78-912751817-07-2026 -
ИСЛОМ МАНБАЛАРИДА БАҒРИКЕНГЛИК МАСАЛАСИНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Mahfuza ALIMOVA, Ibrohim NIGMATULLAYEV (Muallif)Мақолада ислом динининг муқаддас манбаларида келтирилган бағрикенгликка оид маълумотлар берилган.
75-793131926-06-2026 -
ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА МУСУЛМОН ОЛАМИДА ФАОЛИЯТ ЮРИТГАН МУФАССИРЛАР
Davronbek MAKHSUDOV (Muallif)Амир Темур ҳокимият тепасига келгач, барча соҳалар каби илм-фанда ҳам улкан ривожланишлар амалга оширилди. Таъкидлаш керакки, ушбу ривожланиш темурий ҳукмдорлари даврида ҳам давом эттирилди. Илм-фан негизида тафсир илми ҳам ривожландики, буни ўша даврда яшаган муфассирлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бир нарсага алоҳида урғу бериш керакки, темурийлар жаҳон саҳнасига илм-фан ҳомийлари сифатида чиқдилар, улар улкан кутубхоналар, илмий мажлислар, мадраса ва мактабларга асос солдилар. Шу тарзда мўғуллар ҳукмронлиги даврида вайрон бўлган кўплаб илмий муассасалар яна қайтадан тикланди. Натижада мусулмон оламининг турли жойларида ўнлаб муфассирлар фаолият юритди. Улар мусулмонларнинг муқаддас манбаи бўлмиш Қуръони каримни илмий асосда тафсир қилдилар ва одамларга унинг талқинларини етказдилар. Айтиш керакки, бу даврда темурийлар етиб бормаган ерларда ҳам илм-фан гуллаб яшнади. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг ёзган асарлари бугунги кунгача ислом олимлари томонидан қайта-қайта ўрганиб келинмоқда. Мақолада ҳам XV асрда яшаган муфассирлар фаолиятига урғу берилган.
31-422841523-06-2026 -
МЕТАФИЗИКА ВА ОЛАМНИ ТАЛҚИН ҚИЛИШДА ИБН СИНО ЭКЗОТЕРИКАСИ
Ramzjon Raximdjanovich ISAKDJANOV (Muallif)Жаҳонда диний таълимотларни нотўғри талқин этиш, айниқса, ислом дини асосларини рационал тафаккур қилмаслик натижасида динийлик ва дунёвийлик, фалсафа ва динни ажратиш ҳолати ўрта асрларда ҳам, бугунги кунда ҳам кузатилмоқда. Шундай вазиятда ислом дини таълимотларини фалсафий талқин этиш, илоҳиёт мавзусини рационал йўл орқали тушунтириш мазкур масалаларни илмий асосда тушунишга ёрдам беради. Ўз даврида Абу Наср Фаробий “Дин ва фалсафа – ҳақиқатга олиб борувчи икки йўл” иборасидан келиб чиққан ҳолда диний ҳақиқатларни фалсафий қонунлар орқали тушунтириш кишиларда дин борасида мўътадиллик ёндашувини шакллантирган. Абу Али ибн Синонинг илоҳиёт мавзусидаги гносеологик тамойиллари, динни рационал тушунтириши мавжуд муаммога ечим топишда муҳим аҳамият касб этган. Шундан келиб чиқиб диний ҳақиқатларни мантиқий талқин қилиш, илоҳиёт мавзусини ёритишда рационал тамойиллардан фойдаланиш дин ва фалсафа масалаларни тўғри англашга ёрдам беради.
Дунёда дин ва фалсафа уйғунлиги борасида кўплаб илмий-тадқиқот ишлари мавжуд бўлиб, уларда Марказий Осиё мутафаккирларининг фалсафий таълимотлари мазкур минтақа маънавий меросининг муҳим қисми сифатида тадқиқ этилган. Марказий Осиёдаги мантиқий-гносеологик ғоялар тарихини ўрганиш нафақат ўтмиш маданияти ва фалсафасини, балки ҳозирги даврга хос ғоявий жараёнларни тўғри тушунишга ҳам имкон беради. Ибн Синонинг илоҳиётга доир мероси Ғарб мамлакатлари, россиялик, туркиялик, эронлик, тожикистонлик бир қатор олимлар томонидан ўрганилган бўлса-да, унинг диний-рационал қарашлари тизимли таҳлил қилинмаган. Олиб борилган тадқиқотларда асосан, Ибн Синонинг нафс, Руҳ, материянинг абадийлигига оид қарашлари тадқиқ этилган. Лекин олимнинг ислом дини манбалари, хусусан, Қуръони карим сураларига тафсирлари аксар тадқиқотчиларнинг эътиборидан четда қолмоқда. Натижада, айрим тадқиқотларда алломани материалист қилиб кўрсатишга, уни юнон фалсафаси давомчиси сифатида талқин этишга ҳаракатларни кузатиш мумкин. Шу сабабли Ибн Сино тафсирини ўрганиш динийлик ва дунёвийлик уйғунлигини, шунингдек, мўътадил ислом тамойилларини рационал йўл билан очиб беришда катта аҳамият касб этади.
Мазкур мақолада Қуръони каримнинг “Ихлос”, “Нур” ва “Фуссилат” сураларининг баъзи оятларига аллома ва файласуф Ибн Синонинг тафсирлари тадқиқ қилиниб, муаллиф томонидан таржима қилинган.
58-682411724-07-2026
