Jild 4 № 1 (2021)
Maqolalar
МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ИСЛОМ ДИНИНИНГ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВА МАЪНАВИЙ ҲАЁТГА ТАЪСИРИ
Ушбу мақолада Марказий Осиё мустақил маънога эга бўлган минтақавий цивилизациялардан бири бўлганлиги, кўп асрлик ривожланиш жараёнида мазкур цивилизация жузъий антропологик, ижтимоий, сиёсий, тил, диний ва бошқа ўзгаришларга қарамасдан доимий ўзига хос қонуниятлари, жиҳатлари шаклланиб борганлиги ҳамда Ўзбекистон ҳудудларида жойлашган марказий шаҳарлар ҳисобланган Бухоро ва Самарқандда миллий қадриятлар ислом цивилизациясининг асосини ташкил этгани, юзлаб авлодлар тажрибаси асосида шаклланган мазкур қадриятлар билан уйғунлашиб кетган бой диний ва тарбиявий тажрибалар тўплангани, Марказий Осиё ҳудудларида VII асрдан бошлаб ислом дини тарқала бошлагандан, минтақада ислом илмларининг миллий маданият билан алоқалари қандай тарихий босқичлар орқали мустаҳкамланиб борганлиги ҳақида бирламчи манба ва тадқиқотларга таяниб таҳлилий маълумотлар илгари сурилади. Шунингдек, ушбу мақолада Марказий Осиё ва ислом маданиятлари ўзаро таъсир этиш ва ўзлаштириш даври ҳамда Марказий Осиё ислом минтақавий формаси шаклланган ва барқарорлашган даврининг ўзига хос жиҳатлари илмий асосланган. Ислом тарихида мазҳаблар вужудга келган даврдан бошлаб (VIII аср охири, IX аср боши), ҳанафийлик мазҳаби конкрет сиёсий-ижтимоий сабабларга кўра Марказий Осиёда етакчи, баъзи ҳолларда эса диний ҳаёт соҳасида ягона кучга айланганлиги учун бу жараёнлар унинг бевосита фаол қатнашуви ва ғоявий етакчилигида ўтганлиги ҳам мақолада илмий асосланган. Ушбу мақола орқали ўқувчи исломнинг Марказий Осиёдаги тарихи, унинг минтақа маданиятидаги ўрни, миллий қадриятлар билан муштараклашув хусусиятларини ўрганишда ҳанафийлик мазҳабининг роли бағоят муҳим бўлганлигини тушиниб етади. Мазкур мақолада яна илк ҳанафийлик мазҳабининг минтақадаги муваффақиятида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг тарихий-маданий марказ сифатидаги ўрни, Мовароуннаҳрдаги ислом илмлари ривожида минтақанинг турли катта-кичик шаҳарларида етишиб чиққан олимларнинг роли катта бўлганлиги алоҳида таъкидланади
ИСЛОМДА ИЖАРА ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ ТАРТИБГА СОЛИШДАГИ ЎРНИ
Ушбу мақолада ислом ҳуқуқида ижтимоий- ҳуқуқий муносабатларга оид ижара шартномаси билан боғлиқ масалалар тадқиқ этилган. Мазкур мавзуни ўрганишнинг аҳамиятли томони шундаки, инсонлар ўртасидаги ўзаро ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш билан бирга, соҳага доир бугунги кундаги долзарб муаммоларга ечим бўлади. Илмий мақолада “ижара” сўзининг луғавий маъноси луғат, мўъжам, қомус ва бошқа манбаларда келтирилган маълумотлар асосида муҳокама қилинган. Унинг илмий- истилоҳий маъноси борасида нафақат ҳанафий мазҳаби мужтаҳидларининг фикрлари балки, аҳли сунна вал жамоанинг бошқа мазҳаб фақиҳларининг фикрлари илмий жиҳатдан ўрганилиб, қиёсий таҳлил қилинган. Шунингдек, ижара шартномасининг шариатда жоизлиги билан боғлиқ далиллар, жумладан, Қуръон оятлари, ҳадислар келтирилиб, улар хусусида муфассир ва муҳаддисларнинг фикрлари ёритилди. Шу билан бирга ижара шартномасини шариатда жоиз эмас, деб даъво қиладиган олимларнинг фикрлари ва уларнинг далиллари баён қилинган. Уларнинг фикрлари атрофлича тадқиқ ва қиёсий таҳлил қилиниб, раддиялар билдирилган.
Мақсади. Ислом ҳуқуқига оид манбаларда ижара шартномалари билан боғлиқ маълумотларни таҳлил этиш, унинг ҳуқуқий асосларини илмий жиҳатдан асослаб беришдан иборат. Усуллар. Мавзуни ёритишда комплекс ёндашув, тизимлилик, тарихийлик, қиёсий-танқидий, манбашунослик каби методлар, шунингдек, умумий илмий-тадқиқот усулларидан кенг фойдаланилган. Натижалар. Ижаранинг луғавий маъноси хусусида луғат, мўъжам, қомус ҳамда фиқҳий манбаларда келган маълумотлар ўрганилди, таҳлил қилинди ва илмий хулосалар билдирилган. Демак, ижара сўзи луғатда “бирон бир амал эвазига берилган иш ҳақи” маъносини ифода қилган. Ижаранинг илмий-истилоҳий маъноси нафақат ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий манбалар асосида балки, аҳли сунна вал жамоанинг бошқа мазҳабларига оид фиқҳий манбалар асосида ўрганилиб, қиёсий таҳлил қилинган. Демак, унинг илмий-истилоҳий маъноси: бир нарсани маълум миқдордаги эваз баробарига вақтинча фойдаланиш учун бериш ёки олиш ҳамда шахсни муайян бир эваз баробарига бирон бир ишга ёллашдир. Шунингдек, мақолада ижара шартномаси шариатда гарчи Қуръон оятлари, ҳадислар ва ижмои уммат (уламолар иттифоқи) асосида собит бўлган бўлса-да, истеҳсон масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидлаш жоизки, ҳанафий мазҳаби фақиҳлари ижтимоий муносабатлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда истеҳсон услубидан кенг фойдаланган.
ЁШЛАРНИ БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ТАРБИЯНИНГ ЎРНИ
Бугунги глобаллашув даврида ёшларни ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш учун уларни аждодларимиздан қолган бой маънавий меросдан унумли фойдаланган ҳолда тарбиялаш зиёлилар олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бунинг учун ёзма манбаларда акс этган ҳикматлар, тўғри ҳаётий кўрсатмалар билан бирга инсоннинг ички дунёсини ўрганиш, психологик ҳолатини ҳисобга олиш ҳам муҳим ўрин тутади. Мақолада мамлакатимизда ёшларнинг турли деструктив оқимлар таъсирига берилиб қолмасликлари учун ҳаётнинг илк остонасидан бошлаб уларга бериладиган билимларнинг инсон камолотига қаратилган бўлиши, уларда мустақил равишда ахборотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, саралаш, яхшисини ёмонидан ажрата билиш малака ва кўникмаларини шакллантириш учун нималарга эътиборни қаратиш лозимлиги ҳақида сўз боради. Хусусан, ёшларда атроф-муҳитга, ота-она ва қадрдонларга нисбатан меҳр кўрсата билиш фазилатини шакллантириш учун уларга ҳаётга теран назар ташлаш, дунёдаги ҳар бир воқеа-ҳодисага ҳикмат назари билан қараш кўникма ва малакаларини шакллантиришга асосий эътибор қаратилган. Шунингдек, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг ҳақиқий инсон бўлиб етишишлари, кун сайин ўзгариб бораётган дунёдаги тараққиёт олдида барча талабаларга рақобатбардош бўлиб вояга етишлари учун кўрсатилаётган ғамхўрлик ёрқин мисолларда кўрсатиб ўтилган. Жумладан, турли ёт ғоялар таъсирига берилиб, ўз юртини ташлаб дунёнинг “қайноқ нуқталари”га йўл олган, бундай ношукурчилик оқибатида қилган қилмишининг жабрини кўрганидан сўнг ўз ишидан пушаймон бўлган кишиларнинг юртимизга қайтарилиши, уларга кўрсатилган меҳр ва ғамхўрлик мисоли бўлган “меҳр” операцияларининг моҳияти ҳақида тўхталиб ўтилган. Мақолада нотўғри йўлга адашиб кириб қолган кишиларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни қайта тарбиялаб, жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш учун нималарга эътибор бериш лозимлигига асосий эътибор қаратилган. Бунда давлат органлари, маҳалла ва умуман, шу инсон билан боғлиқ барчанинг масъул экани кўрсатилган. Бу масалада хорижий тажриба нималарни кўрсатиши ёритиб берилган. Экстремистик гуруҳлар ўзларининг бузғунчи ғояларига кишиларни эргаштириш учун қандай усуллардан фойдаланиши мақолада яққол мисоллар билан келтириб ўтилган. Уларнинг бу каби найрангларига қандай йўл билан қарши туриш мумкинлиги, бу каби салбий таъсирларга берилган кишиларни бу йўлдан қандай қилиб олиб чиқиш мумкинлиги мақоланинг кульминацион нуқтасини белгилайди. Диний манбалар, Қуръон оятларини ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин этаётган гуруҳларнинг асл мақсадлари нима-ю, уларнинг иддаолари нималардан иборат эканлиги кўрсатиб ўтилган
ЁШ АВЛОДНИНГ МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ТАРБИЯСИ
Ёш авлоднинг маънавий-маданий шаклланиши мавзуси доимо файласуфлар, диний олимлар, ўқитувчилар ва уни ўрганувчи этник гуруҳларнинг кўплаб вакиллари томонидан яқин фикр юритиш предмети бўлиб келган. Ҳар бир этник гуруҳ ёшларни тарбиялаш (ўқитиш ва тарбиялаш), унинг маънавий-маданий ўзлигини шакллантиришда муайян йўлларни ишлаб чиққан. Турли маданиятлар (Шарқ ва Ғарб) умуминсоний ва ўзига хос этно-миллий жиҳатларни ўз ичига олган таълим, маънавий-маданий тараққиёт ва тарбиянинг ўз модели ва стандартларига эга. Мақолада миллий қадриятларни тиклаш, миллий таълим тизимини такомиллаштириш ва баркамол ривожланган авлодни ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси ёш авлодининг маънавий-ахлоқий тарбияси муаммоси ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, ёшларни миллий истиқлол мафкураси руҳида тарбиялашда Ўзбекистон тарихини ўрганишнинг аҳамияти очиб берилади. Маданий ўтмиш йўқолмайди, авлодлар учун сақланиб қолади, бугунги кун учун ишлайди, келажакка пойдевор қўяди. Ўтмиш маданияти маънавият ва ахлоқ инқирозини бошдан кечираётган замонавийлик учун ҳамиша зарурдир. Ҳозирги маданий ривожланишнинг янги тенденциясини танлаш учун ўтмиш билан таққосланиши керак. Мақолада Шарқ мутафаккирлари, Абу Райхон Беруний, ал-Фаробий, Ибн Сино каби маърифатпарвар олимларнинг асарларида ёш авлодни тарбиялаш ғоялари билан боғлиқ бўлиб, уларнинг таълим-тарбияга оид фалсафий қарашлари ва ҳаёт мазмунини топиш, яхшилик ва ёмонликни ўрганиш, адолат, шафқат ва бошқа ҳодисаларни аниқлаш каби ҳаётий вазифаларни таҳлил қилади. Буюк олим, мутафаккир ёш авлодни ватанпарварлик ва юксак ҳуқуқий маданият руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлган сиёсий- ҳуқуқий таълимотларни, Шарқ мутафаккирларининг асарларини ўрганишнинг долзарблигига эътибор беради. Мақолада замонавий ёшларни миллий анъаналарга асосланган ватанпарварлик руҳида тарбиялаш муаммолари кўтарилган.
HUSNI MUBORAKNING ISLOM OMILI PRIZMASI ORQALI OLIB BROGAN TASHQI SIYOSATI HOSNI
Maqolada sobiq davlat rahbari A.Sodat radikal islomchilar tomonidan o’ldirilganidan keyin H.Muborak tomonidan xalqaro miqyosda islomiy birdamlik bilan bevosita bog’liq tashqi siyosati tufayli meros bo’lib o’tgan qiyin ichki va tashqi siyosiy vaziyat ko’rib chiqiladi. H. Muborakning tashqi siyosati ichki siyosatning davomi edi. U islomchilar orasida tarafdorlarini jalb qilishga, shu bilan birga, islomiy muxolifatni kuchsizlantirish uchun repressiyalardan keng foydalanishga harakat qildi va shu bilan birga, mamlakatning islomiy xarakterini ko’rsatish uchun ishlab chiqilgan davlat islomini targ’ib qilish siyosatini olib borishga va shu tariqa tashabbusni islomiy muxolifatdan tortib olishga intildi. Misrning arab va islom dunyosidagi mavqeini tiklagan X.Muborak, hukmronligining so’nggi o’n yilligida Falastin- Isroil mojarosiga qarshi muvaffaqiyatsiz qadamlar natijasida yana uning yo’nalishi tanqidiga uchradi. Bu mamlakat ichidagi qarama-qarshiliklarning kuchayishiga qaratilgan edi va H. Muborak o’z hukmronligining so’nggi bosqichida hal qilishga uringan dilemma klassik «demokratiya paradoksiga» o’xshab qoldi, demokratlashtirish jarayonlari boshlanishi esa islomiy kuchlarni kuchaytirishga sabab bo’ldi. Islomiy omil X. Muborak davrida olib borilgan tashqi siyosatda namoyon bo’lgan yana bir o’lchov xalqaro terrorizmga qarshi kurash edi. Misr uchun bu muammo 1990-yillarda kuchaygan. Radikal islomga qarshi chiqish 2001 yilda AQShda yuz bergan teraktlar va Misr ishtirokchisiga aylangan «terrorizmga qarshi global urush» e’lon qilingandan so’ng yangi darajaga ko’tarildi. Ushbu davrda al-Qoida Misrni “global jihod” yo’nalishlaridan biri sifatida ko’rib chiqdi. Misr hukumatining xatti-harakatlari va ushbu mamlakatga qarshi uyushtirilgan terrorchilik harakatlari natijasida qandaydir tarzda Al-Qoida va “global jihod” bilan identifikatsiya qilingan ilgari noma’lum guruhlar aniqlandi.
XVIII АСР – XX АСР БОШЛАРИДА ЯҲУДИЙ ЖАМОАЛАРИ ДИНИЙ ИЕРАРХИЯСИ ВА МАЪНАВИЙ ҲАЁТИ
Яҳудийлар тарихий жараёнда узоқ йўлни босиб ўтдилар. Бу эса кундалик турмуш билан боғлиқ ижтимоий ва моддий маданиятнинг барча жабҳаларига ўз таъсирини ўтказди. Айтиш мумкинки, узоқ давом этган бу жараён турли хил босқинчиликлар ҳамда ўзаро ички низо ва урушларсиз кечмади. Албатта, яҳудийлар ҳам бошқа миллатлар сингари бу жараёнлардан четда қолмади. Бу нарса эса уларни турли шаҳарларга кўчиб ўтиш ва у ерда бирлашиб жамоавий тарзда яшай бошлашга замин яратди. Ўртаосиёлик яҳудийларнинг аксар қисми юқори чўққиларга эришди ҳамда савдо-тижоратда катта ўринга эга бўлди. Бунинг яна бир омили сифатида, Ўрта Осиё ҳар доим тараққий этиш, ривожланиш учун “Буюк ипак йўли”дан катта манфаатдор бўлиб турганини ҳам келтириб ўтиш ўринли бўлади. Ўрганишлар Бухоро шаҳрида яҳудий жамоаси ХIХ аср ўрталарида анчагина тараққий топган ва ўзининг тартибли бир ташкилот тузилмасига эга бўлганини кўрсатади. Маъмурият бошида “калонтар” номли шахс турган, “Муллойи калон” лақабли бош рабби эса диний масалалар бўйича вакил сифатида хизмат қилган. Вақти- вақти билан бир киши бу иккита вазифани бажариши ҳам кузатилган. Дунёвий ва диний маъмурият бир-бири билан чамбарчас боғланган, аммо автоном тарзда фаолият кўрсатган. Мақолада минтақада шаклланган бухоро яҳудийларининг ижтимоий-диний бошқарув тизими, “Калонтар”, “Муллойи калон”, “оқсоқол”, “кайвоний” кабиларнинг вазифалари, фаолияти, яҳудийлар ҳаётида тутган ўрни каби масалалар таҳлил қилинган. Шунингдек, бухоро яҳудийларининг таълим тизими, турлари, у ерда дарс берган мутахассислар ҳақидаги маълумотлар ҳам мақоладан ўрин олган. Мақолага бухоро яҳудийларининг оғзаки ва ёзма манбалари, диний матнлар таржималари жалб қилинган ҳамда бухоро яҳудийларининг саводхонлик даражасини оширишда ўлкан ҳисса қўшган олимларнинг фаолияти таҳлил қилинган.
ЯССАВИЙ ИЗДОШЛАРИ ИЖОДИНИНГ МАНБАШУНОСЛИГИ МАСАЛАЛАРИ
Ушбу мақолада Аҳмад Яссавий асос солган “Яссавия мактаби шоирлари” деб номланган адабий мактабга мансуб шоирлар ижоди ҳақида сўз боради. Бу мактаб шогирдларининг асарлари қўлёзма манбалар орқали етиб келганлиги боис Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган уларнинг асарлари ўрин олган қўлёзма манбалар асосида иш кўрилган. Бу мактаб шоирлари кимлар, улар ижодидаги ўхшашлик ва ўзига хосликлар мисоллар ёрдамида очиқлаб берилган. Шунингдек, уларнинг асарлари қўлёзмалардан қай даражада ўрин олган, кейинги изланишлар натижасида бу шоирлар сафи қай даражада кенгайганлиги ҳақида маълумотлар берилган. Юқорида мазкур бўлган институт фондида сақланаётган бу мактаб шиорлари асарлари ўрин олган қўлзмалар таҳлил қилиниб, улар гуруҳлаб чиқилган. Мақоланинг давомида Яссавия мактаби шоирларига хос бўлган хусусиятлар бир мавзу доирасида бир неча ижодкорнинг асар ёзиши масаласига эътибор қаратилиб, уларнинг ёзган бундай асарлари қиёслаб ўрганилиб, натижалари таҳлил этилган. Шу билан бирга бу адабий мактаб шоирлари қаламига мансуб шеърий қиссачилик ҳақида, улардаги мансублик масаласининг ҳал этилиши зарур бўлган жиҳатлари ҳақида ҳам сўз юритилган. Ва бу масалани ҳал қилишда юқори даражадаги манбашунослик ва матншунослик тадқиқоти олиб борилиши зарурлиги таъкидланган. Бугунги Яссавийшунослик олдида турган долзарб муаммолар ҳақида фикр юритилар экан, унинг издошлари ижодини жиддий ўрганилиши лозим бўлганлиги, уларнинг ҳар бирининг асарлари ўрин олган қўлёмалар каталогини ва асарлари илмий матнларини тузиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлиги таъкидланган. Бунда айрим қўлёзмаларда Аҳмад Яссавийга нисбат берилаётган бир неча шеърий қиссалар матни унинг ҳикматларига услубий жаҳатдан қёслаб ўрганилган. Изланиш натижалари баён этилган. Яссавийшуносликда бугунча “шайхул-машойих”нинг шеърий қисса ёзганлиги маълум эмас. Шунинг учун бу масалаг жиддий ёндошиб, узил-кесил хулоса чиқаришга шошилмаслик таъкидланган. Шу билан бирга Яссавийга нисбат берилган шеърий қиссалар парчаларни унинг издошлар асарлари билан қиёсланган.
САЪДУДДИН ТАФТАЗОНИЙНИНГ “ШАРҲ АЛ-АҚОИД” АСАРИДА ИРОДА-ИХТИЁР ЭРКИНЛИГИ ВА АХЛОҚИЙ ТАНЛОВ МАСАЛАСИНИНГ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ
Мазкур мақолада Саъдуддин Тафтазонийнинг калом илми борасидаги фалсафий-ахлоқий қарашлари рационал тафаккур нуқтаи назаридан чуқур таҳлил қилинган. Жумладан, Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-ақоид” асарида калом фалсафасининг муҳим мавзуларидан бири – инсондаги ирода-ихтиёр эркинлиги ва ахлоқий танлов масаласининг аҳамияти очиб берилган. Жумладан, Тафтазоний асарда Яратувчининг яратувчилик сифатидан келиб чиқадиган хушхулқлик ва хайрли ишлар таърифи келтирилади ҳамда мазкур жараёнда инсонларни номақбул хулқ-атвор сабабидан содир бўладиган ҳатти-ҳаракатлардан сақланишга чақиради. Мақолада ирода-ихтиёр эркинлиги ва ахлоқий танлов тўғрисидаги концептуал ғоя ҳамда қарашлар Саъдуддин Тафтазонийнинг маънавий меросидаги энг долзарб мавзу эканлиги замон ва макон нуқтаи назаридан таҳлил қилинган. Жумладан, асарда шарафланмаган хулқ- атвор ва ижтимоий ахлоқ меъёрларида таърифланган гуноҳ ва маъсият мақомидаги ишлар инсоният учун номувофиқлиги айтиб ўтилади. Шунингдек, ижтимоий ахлоқ нормаларида бажарилиши таъқиқланган ҳатти- ҳаракатлар орқали кишиларнинг синовдан ўтказилиши ҳақидаги диний-ахлоқий кўрсатмалар ақлий ва нақлий манбалар асосида далилланган. Тафтазоний ўз асарида Яратувчи инсоният жамоасини доимо хайрли ишларга буюрганлиги, тақиқланган ишлардан қайтарганлиги ҳамда шаърий буйруқларга итоат қилишлик ёки қилмаслик каби ахлоқий мезонлар борасида инсоннинг эркини ўзида қолдирилганлигини юксак маҳорат билан ифодалаган. Тадқиқотда инсоннинг тақдири ва ундаги ихтиёр эркинлигини тасарруф этишда Саъдуддин Тафтазоний ғоялари билан замонавий фалсафадаги уйғунлик ҳамда номутаносибликлар ҳақидаги қарашлар қиёсланган. Шунингдек, ихтиёр-ирода эркинлиги ва ахлоқий танлов масаласида замонавий фалсафа фани терминологиясида мавжуд бўлган волюнтаризм ва фатализм каби атамаларнинг Тафтазоний қарашлари билан қиёсий таҳлили келтирилади. Жумладан, тадқиқотда Европа фалсафаси вакилларининг мазкур мавзудаги қарашлари билан Тафтазоний ғоялари ўртасидаги ўзаро алоқадорлик ва тафовутларининг қиёсий таҳлили ўрин олган. Мазкур тадқиқотни жамият маънавий ҳаёти ва тараққиётига татбиқ қилишда инсоннинг танлови қанчалик муҳим эканлигини инобатга олсак, бу танлов нафақат якка бир шахс манфаатига, балки умуминсоният манфаатига хизмат қилиши конструктив жиҳатдан аҳамиятлидир. Ирода-ихтиёр эркинлиги ва ахлоқий танлов масаласи юзасидан фикрларимизни «Шарҳ ал- ақоид» асарининг Британия давлати “Дюзбри” нашрида чоп этилган нусхасидан фойдаланган ҳолда баён қилишга ҳаракат қилдик.
УБАЙДУЛЛА УВАТОВ ТАВАЛЛУДИНИНГ 81 ЙИЛЛИГИГА
2021 йил 23 февралда таниқли ўзбек манбашуноси, исломшунос олим, тарих фанлари доктори Уватов Убайдулла Мурадович таваллудининг 81 йиллиги нишонланди
