- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
ДИН ВА ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТНИ СОҒЛОМЛАШТИРИШДАГИ ЎРНИ
Utkirbek HASANBOYEV (Muallif)Ушбу мақолада дин ва диний ташкилотларнинг жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги ўрни ва аҳамияти илмий жиҳатдан таҳлил қилинган. Тадқиқотни амалга оширишда академик ёндашувга таянган ҳолда институционал ва функционал таҳлил, қиёсий ва тизимли таҳлил, манбашунослик ва контент-таҳлил, контекстуал таҳлил, индукция ва синтез каби усуллардан фойдаланилган.
Мақолада муқаддас манбалар ҳамда Папа Франциск, Шайх Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий каби диний арбобларнинг эътирофлари асосида динни жамият фаровонлигига хизмат қилувчи илоҳий мазмуни ёритиб берилган. Диннинг кишилик жамияти тараққиётида ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, инсон дунёқараши ва маънавий камолотини шакллантириш, аҳоли ўртасида бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва эзгулик каби умуминсоний қадриятларни қарор топтиришдаги аҳамияти очиб берилган.
Радикал оқимлар томонидан бузиб талқин этилаётган “такфир”, “ҳижрат” “жиҳод”, “дорул-ислом”, “дорул-куфр” каби диний-сиёсий концептларнинг асл моҳияти илмий-диний асосда ёритиб берилган. Шунингдек, диннинг регуляторлик, интегратив, коммуникатив, идентификациялаш, мотивациялаш ва легитимловчи функцияларининг ижтимоий барқарорликни таъминлаш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни юксак маънавият ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялашдаги ўрни ёритилган. Ислом ташкилотлари ҳуқуқий мақоми, мақсадлари, тузилмаси, ваколат даражаси фаолияти нуқтаи-назаридан таснифланган.
Мақолада диний ташкилотларнинг қонунчилик асосидаги фаолияти, уларнинг маънавий-маърифий ишлар, хайрия тадбирлари ва ижтимоий ҳамкорлик орқали жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришга қўшаётган ҳиссаси илмий-назарий ёндашувлар асосида баҳоланган. Радикаллашув ва экстремизмга қарши ахборот-мафкуравий курашда диний ташкилотларнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти, ушбу фаолиятларининг долзарб йўналишлари маҳаллий воқелик ва илғор халқаро тажриба асосида таҳлил қилинган ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
Тадқиқот натижалари дин ва диний ташкилотларнинг жамиятда ижтимоий тараққиёт, барқарорлик ва инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлашда, ижтимоий-диний вазият соғломлигини таъминлашда муҳим омиллардан бири эканлигини кўрсатади.
43-561741014-10-2026 -
АРАБ ДАВЛАТЛАРИДА ДУНЁВИЙЛИК ВА ДИНИЙЛИК ТАМОЙИЛЛАРИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ МУАММОЛАРИ
Mukhammadolim MUKHAMMADSIDIQOV (Muallif)Ижтимоий-сиёсий трансформация тўлқини 2010 йил декабрь ойида Тунис ва Жазоир давлатларида бошланиб, «Араб баҳори» воқеалари мураккаб ички вазиятга қаршилик ҳаракати эканлиги, бу ҳодисаларни ҳаракатга келтирувчи ички ва ташқи сабаблар мавжудлигини исботлаш мазкур мақоланинг мақсади ҳисобланади.
Мақолада сиёсийлашган исломнинг араб давлатларидаги модернизация жараёнларига, ижтимоий-сиёсий ва геосиёсий жараёнларга таъсир даражаси аниқланди. Беқарорлик ўчоғига айланаётган Африка араб давлатларида рўй бераётган сиёсий воқеликларни, диний муносабатларни тартибга солишнинг илмий асосларини яратиш заруратини ўрганади. Шу нуқтаи назардан Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги сиёсий жараёнлар тадқиқ этилган. Ижтимоий-сиёсий трансформация жараёни минтақадаги Тунис, Миср, Ливия ва Форс кўрфазидаги бошқа мамлакатларга ўз таъсирини кўрсатди.
Бунда минтақадаги ҳар бир давлат ичидаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг ўзгариши қўшни давлатларга тўғридан-тўғри таъсир этади. Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада сўнгги йилларда содир бўлган ўзгаришлар янада қийин ва ўзаро боғлиқ вазиятни вужудга келтириб, нафақат қўшни минтақалар, балки жаҳонда хавфсизлик ва барқарорлик нисбатининг ўзгаришига олиб келади.
Шунингдек, бу ижтимоий ва диний ҳаракатлар натижаси бўлиб, Тунис, Миср, Ливиядаги амалдаги режимлар қулаши, Ямандаги ҳокимият элитасидаги ўзгаришлар ва бугунги кунга қадар давом этаётган Суриядаги расмий ҳокимият ва мухолифат ўртасидаги кураш номаълум муддатгача давом этаётганини келтириш мумкин. Агар Тунис, Миср ва Яманда амалдаги режимга қарши намойишлар ички омиллар, ижтимоий-иқтисодий инқироз, ҳукмрон элитанинг коррупцияга ботиб кетгани, ҳақиқий демократик эркинликларнинг йўқлиги, этноконфессионал қарама-қаршиликларга асосланган бўлса, Ливия ва Сурияда эса ҳал қилувчи омилни мухолиф кучларнинг ташқаридан қўллаб-қувватланиши ташкил этди.
Араб баҳорининг Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларига таъсир даражаси турлича бўлди. Шартли равишда Араб баҳори ижтимоий-сиёсий ларзалари давлатлар сиёсий жараёнлари характерида чуқур из қолдирган Тунис, Миср, Яман, Баҳрайн, Ливия, Сурияни ва бу ҳодисалар ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнларга қисман таъсир кўрсатган Марокаш, Иордания, Ливан, Жазоир, Қувайт, Саудия Арабистони, Ўмон каби давлатларни келтириш мумкин.
Бу воқеалар Сомали, Мавритания ва Қумур ороллари Республикасидан ташқари барча араб дунёсини қамраб олиб, давлатларнинг кейинги сиёсий тақдирини ўзгартириш билан бирга уларнинг сиёсий тизимлари ва тузумларида янгиланишлар олиб келди.
185 - 1911711724-06-2026 -
ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА ДАВЛАТ ВА ДИН МУНОСАБАТЛАРИНИ ТАРТИБГА СОЛИШНИНГ АҲАМИЯТИ
Muhammadolim MUKHAMMADSIDIQOV (Muallif)ХХI асрнинг дастлабки йилларидан бошлаб, дунёнинг турли ҳудудларида ислом дини қадриятларининг уй-ғониши, диннинг жамиятдаги ўрни кучайиши билан бирга динга боғлиқ мутлақо янги хавф-хатарлар шакллан-моқда. Бу эса турли минтақаларда сиёсий, диний ва бошқа ижтимоий жараёнларнинг кескинлашувига ҳамда диний конфессиялараро зиддиятларнинг авж олиши минтақавий ва халқаро хавфсизликка таҳдид туғдирмоқда. Бундай хавф-хатарларнинг таҳдиди уларнинг ижтимоий-сиёсий оқибатларини аниқлаш ва таҳлил қилиш, истиқ-болда, олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш заруратини янада оширмоқда. Кишилик жамияти ривожининг кейинги босқичларида диннинг сиёсатга бўлган таъсири янада кўпроқ акс эта бошлади. Буларнинг бари диний урушлари каби диний-сиёсий воқеликларда яққол акс этди.
Ушбу мақолада ХХ асрнинг охирги чорагида ислом нафақат глобал тарих ҳамда сиёсат, балки жаҳон миқё-сида майдонга чиқиши ва бугунги мусулмон олами билан боғлиқ ижтимоий-маданий, ғоявий, цивилизация ва ижтимоий-сиёсий унсурлар билан боғлиқ кўплаб саволларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинган. Айнан шу даврда мусулмон оламидаги сиёсий жараёнлар ислом динининг сиёсий ва ижтимоий имкониятига ниҳоят даражада эътиборни тортди. Ислом дини сиёсий ривожланишнинг умумэътироф этилган нормаларига, унинг дунёвий устунларига хилоф бўлса-да, мусулмон давлатларидаги ўзининг мавқеини йўқотмади. Аксинча, у Эрон, Покистон, Афғонистон, Саудия Арабистони ҳамда Шимолий Африкадаги давлатлар сиёсатида “қайтадан вужу-дга келмоқда”.
Мақолада диннинг ҳамиша жамият ҳаётининг барча соҳаларига таъсир этувчи муҳим омиллардан ҳисобланиб келгани ҳамда дунёда диндорлик даражаси пасаймаётгани, аксинча, замонавий босқичда кўтарилиб бораётгани тадқиқ этилган.
12 - 171713126-06-2026 -
АВЕСТА ИЛОҲИЁТИДА МАЪБУДЛАРНИНГ ФУНКЦИОНАЛ МОҲИЯТИ ВА ИЖТИМОИЙ-ТАРИХИЙ АСОСЛАРИ (ВАРАХРАН МИСОЛИДА)
Rano URAZOVA (Muallif)Мақолада зардуштийлик илоҳиёти маъбудларнинг функционал моҳияти ва ижтимоий-тарихий асослари Варахран мисолида кўриб чиқилган. Авестада Варахран инсон тафаккурининг эъзози орқали шаклланган тушунчаларни ифодалаши билан зардуштийликда илоҳийлашган табиат культлари диний-дунёқарашидан ўрин олган. Зеро, унинг асосий вазифаси эзгу дунёни ёвузликлардан ҳимоя қилиш билан боғлиқ. Шунинг учун Варахран ҳарбий салоҳият ва куч-қудрат рамзи сифатида намоён бўлади. Мақолада Варахраннинг вазифалари маъбуд Митра билан қиёсий таққосланиб таҳлил қилинган. Жумладан, Митра кўпроқ илоҳий самовий миссияга эга бўлса, Варахран реал заминий куч эгаси, дея таъкидланган.
Зардуштга Варахран томонидан илоҳий бахт, омад рамзи Хварнонинг келтирилиши унинг воситачилик функциясидир. Шу сабабли Хварно алқовида илоҳий бахтни сўраб мурожаат қилгувчилар, биринчи галда Зардуштга насиб бўлган ва бу ҳолат азал тақдирда белгиланган дея кўрсатилган. Шу муносабат билан мақолада яна бир мулоҳазага ўрин берилган. Яъни, Пешдодийлар ва Кайёнийларнинг подшолик мартабалари Авеста Яштларининг бир гуруҳида умуман учрамайди. Бошқа гуруҳ Яштларда эса Кайёнийларга Хварно келиши ҳодисаси зардуштийликнинг давлат мафкураси даражасига кўтарилиши босқичида дин пешволари томонидан қадимий асотирларни “тарихийлаштириш” тарзида баҳоланган. Бундан ташқари, Варахранга яна бир хислат берилганки, бу маъбуд жодугарлар томонидан сеҳрланган одамларни сеҳрдан халос қилади. Варахранга намач (namaḉḥ., яъни ибодат) йўллаб, аҳдида турганларга ҳимоят ёғилади. Варахранга бағишланган намач (ибодат) динда мунофиқлар томонидан адо этилса, улар Зардушт динининг душманлари ҳисобланган. Ахлоқий бузуқ, нокас хотин ёки эр риёкорлик билан Варахранга эҳсон келтирса, эҳсони қабул бўлмайди. Девларга сотилганлар қанча қон тўкиб эҳсон қилса, барчаси бекор кетади. Бу каби лавҳалар иймону эътиқодда барқарорлик, шак-шубҳасизлик талабларини ифодалаган.
Варахраннинг функционал моҳияти ва ижтимоий асослари таҳлили орқали зардуштийлик ўзини якка худога боғлагани билан амалда қадимий кўп худолик анъаналаридан узоқлашмаган дея таъкидлаган. Шунингдек, мақолада Аҳура Маздага эътиқодни мураккаб ибтидоий диний тасаввурлар орасидан ажратиш, бутун борлиқни бошқариш ғояси унинг измига юкланиши ўз даври учун мисли кўрилмаган маънавий юксаклик дея баҳоланган.
95-1022721820-07-2026 -
ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – ГЛОБАЛЛАШУВ ШАРОИТИДА МАФКУРАВИЙ ТАҲДИДЛАРГА ҚАРШИ КУРАШУВЧИ ОМИЛ
Mohira TOSHBEKOVA (Muallif)XXI асрга келиб, жаҳон динларидан бири исломга қизиқиш кундан кунга ортиб бормоқда. Афсуски бу қизиқиш орқасида исломни ниқоб қилиб ўзининг сиёсий, жирканч мақсадларидан фойдаланишга уринаётганлар ҳам борки, улар нафақат тинчлик ва барқарорликка, балки исломнинг софлигига ҳам катта таҳдид солиб турибди. Экстремистларнинг ёвуз мақсадлари, бузғунчи ғоялари бизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга чақиради. Бугунги кунда инсон маълум кучларнинг манфаатларига хизмат қиладиган турли маъно-мазмундаги мафкуравий кучларнинг доимий таъсирини сезиб яшайди. Дунёда юз бераётган глобаллашув жараёнлари, турли ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидлар бизни ҳамиша огоҳ бўлишга ундамоқда Ана шундай шиддатли бир давирда мамлакатда ижтимоий-диний муҳитни соғломлаштириш, аждодларимиз меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири саналади. Мамлакатда истиқомат қилиб турган 130 дан ортиқ миллат ва элатнинг ҳар бири ўзига хос маданиятга ва кўп асрлик анъаналарга эга. Ўзбекистон Республикаси ўтказаётган миллий сиёсатнинг энг муҳим устувор йўналиши барча миллатларнинг равнақи учун тинч шароит ва имконият яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдан иборат. Бу соҳада кейинги йиллардаги энг катта ютуғимиз умумий уйимиздаги тинчлик ва барқарорлик, диний бағрикенглик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликдир. Ушбу мақолада мамлакатимизда мафкуравий таҳдидларга қарши курашувчи омилларни шаклланиши ва амалга ошириш жараёнлари ҳамда жаҳон тажрибаси мухокама қилинган. Шунингдек, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликнинг шаклланиш ва ривожланиш унда мамлакатимиз ахолиси турли табақаларининг иштироки, уларнинг ўрни, ютуқ ва муаммолари ҳақида маълумот бериш билан биргаликда таклифлар ҳам киритилган.
74 - 823142627-06-2026 -
“МАЪРИФАТ ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК” РЕЗОЛЮЦИЯСИНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ ҲАҚИДА
Saidafzal SAIDJALOLOV (Muallif)Мақоланинг мақсади: “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг мазмуни, моҳияти ва аҳамиятини очиб беришдир. Мақолани ёзишда қиёслаш, анализ, синтез, индукция ва дедукция каби методлардан фойдаланилди. Мақолада бағрикенгликнинг моҳияти, даражалари ва турлари таҳлилий баён қилинган. Жумладан, “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”га асосланган ҳолда бағрикенгликнинг моҳияти изоҳланган. Бағрикенгликнинг уч даражаси, унинг гендер, ирқий, миллий, лисоний, диний, мулкий ва ижтимоий каби турларининг таърифлари келтирилган.
“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг муқаддимаси, хатбошилари ва барча моддалари моҳияти очиб берилган. Резолюциянинг ҳуқуқий асослари бўлмиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бағрикенглик борасида қабул қилинган декларация, резолюция ва ҳисоботлар ҳақида маълумотлар тақдим қилинган. Резолюцияни қабул қилиш ташаббуси айнан Ўзбекистонга тегишли экани изоҳланган. “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг дунёдаги тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашдаги ўрнини очиб бериш муаллифнинг асосий мақсадидир.
26-343262126-06-2026 -
ИСЛОМ АРАФАСИДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ҲУДУДЛАРИДАГИ БОШҚАРУВ ТИЗИМИНИНГ АЙРИМ ХУСУСИЯТЛАРИ
Ziyodilla ZINATULLAYEV (Muallif)Мақолада илк ўрта асрлардаги Марказий Осиё минтақасининг стратегик аҳамияти, туркий халқларнинг босқини ва Турк хоқонлигига қўшиб олиниши жараёнлари кўриб чиқилган. Туркий қабилаларнинг ҳужумлари натижасида Марказий Осиёни қарийб бир аср бошқариб келган Эфталийлар давлати инқирозга юз тутди. Ўлкада кўчманчилик анъаналарига асосланган бошқарув тизими қарор топди: янгича тартиб ва унвонлар жорий этилди.
Туркий қабилалар томонидан ўрнатилган бошқарув тизимида сўғдийлар, хоразмийлар, бақтрийлар, чочликлар, фарғоналиклар, шунингдек, бошқа маҳаллий автохтон туркий тилли элатлар ҳам иштирок этган. Маҳаллий сулолаларнинг бошқарувдаги иштирокидан кўзланган мақсад – ўтроқ ўлкаларда сиёсий барқарорлик ва иқтисодий тараққиётни таъминлаш ҳамда ҳарбий эҳтиёжларни қондириш бўлган. Ғарбий хоқонлик аҳолисининг катта қисми хоқонлик бошқаруви шароитида ўтроқ деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан машғул бўлган. Бу даврда Марказий Осиё ерларида деҳқончилик, боғдорчилик ва узумчилик тез ривожланди.
Марказий Осиё Ғарбий Турк хоқонлиги вассали бўлса-да, муайян даражада ички мустақилликка эга бўлган. Ўлкада марказлашган кучли ҳокимият мавжуд бўлмасдан, у бир неча «салтанатлар»дан ташкил топган конфедерация шаклида ривожланар эди.
Мақолада исломнинг Марказий Осиёга кириб келиши арафасида ҳудуддаги сиёсий-ижтимоий ҳолат ва маҳаллий бошқарув тизими бирламчи манбалар ва илмий адабиётлар асосида ёритилган.
15-182891626-06-2026 -
МОВАРОУННАҲР АЛЛОМАЛАРИНИНГ ФИҚҲ ИЛМИ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ
Muzaffar KAMILOV (Muallif)Ушбу мақолада Мовароуннаҳр алломаларининг фиқҳ илми ривожидаги ўрни вауларнинг и слом ҳуқуқшунослиги тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси бирламчи манбалар асосида илмий таҳлил қилинган. Тадциқот доирасида ҳадис ва фиқҳ илмларининг минтақада шаклланиши, уларнинг институционал ва интеллектуал асослари, шунингдек, Ироқ ва Хуросон илмий мактабларинингушбу жараёнга ижобий таъсири атрофлича баён қилинган. Икки мактаб олимларининг илмий ҳамкорлиги натижалари асрлар давомида ижобий натижа сифатида намоён бўлиб келгани изоҳланди. Шу билан бирга, Мовароуннаҳрда шаклланган илмий муҳит, Мадраса таълим тизими, илм аҳлига бўлган ижтимоий муносабат ҳамда сиёсий барқарорлик каби омиллар мазкур ҳудудда фиқҳ илмининг ривожланишига муҳим замин яратгани ўз ифодасини топган.
Мақолада Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Маргиноний ва Абулайс Самарқандий каби йирик алломаларнинг ҳадисшунослик ҳамда фиқҳ илми ривожига кўшган ҳиссаси илмий нуқтаи назардан ёритилган. Хусусан, уларнинг асарлари орқали ҳадис ва фиқҳ ўртасидаги узвий боглиқлик, назарий-ҳуқуқий қоидаларнинг амалий ҳаётга татбиқи ва ҳанафий мазҳабининг методологик асослари таҳлил қилинган. Шунингдек, Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби қиёс, истиҳсон ва ижтиҳод каби ҳуқуқий усуллардан самарали фойдаланган ҳолда назарий фиқҳни амалий қозиёт ва фатво амалиёти билан уйгунлаштиргани кўрсатилган.
Шу билан бирга, мақолада Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг минтақавий ва халқаро таъсири ҳам таҳлил қичинган. Марказий Осиё, Ҳиндистон ва Усмонли ҳудудларида ҳанафий ҳуқуқ анъанаюрининг тарқазишида Мовароуннаҳр уламолари мероси муҳим аҳамият касб этгани асослаб берилган. Бу жараёнда Мадраса института илмий билимларнинг узлуксиз узатилииш ва фиқҳий мероснинг кенг тарқалишида муҳим роль ўйнагани қайд этилган.
Тадқиқот натижалари бўйича Мовароуннаҳр алломачари томонидан шакллантирилган илмий анъана фақат уз даври билан чекланиб цолмагани, бачки ислам ҳуқуқшунослигининг кейинги ривожига ҳам кучли таъсир кўрсатгани асосланган. Улар яратган улкан мерос фиқҳ илмини тизимлаштириш, унинг назарий ва амалий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқий тафаккурнинг бардавом ривожига хизмат қилган муҳим манба сифатида баҳоланган.4-123023823-05-2026
