Kalit so‘zlar:
Араб Шарқи, революция, радикал кайфиятдаги ёшлар, коррупция, авторитаризм, конфессия, кланлар, миллий-этник, диний-этник, «Араб баҳори», Гаага судиAnnotasiya
Ижтимоий-сиёсий трансформация тўлқини 2010 йил декабрь ойида Тунис ва Жазоир давлатларида бошланиб, «Араб баҳори» воқеалари мураккаб ички вазиятга қаршилик ҳаракати эканлиги, бу ҳодисаларни ҳаракатга келтирувчи ички ва ташқи сабаблар мавжудлигини исботлаш мазкур мақоланинг мақсади ҳисобланади.
Мақолада сиёсийлашган исломнинг араб давлатларидаги модернизация жараёнларига, ижтимоий-сиёсий ва геосиёсий жараёнларга таъсир даражаси аниқланди. Беқарорлик ўчоғига айланаётган Африка араб давлатларида рўй бераётган сиёсий воқеликларни, диний муносабатларни тартибга солишнинг илмий асосларини яратиш заруратини ўрганади. Шу нуқтаи назардан Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги сиёсий жараёнлар тадқиқ этилган. Ижтимоий-сиёсий трансформация жараёни минтақадаги Тунис, Миср, Ливия ва Форс кўрфазидаги бошқа мамлакатларга ўз таъсирини кўрсатди.
Бунда минтақадаги ҳар бир давлат ичидаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг ўзгариши қўшни давлатларга тўғридан-тўғри таъсир этади. Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада сўнгги йилларда содир бўлган ўзгаришлар янада қийин ва ўзаро боғлиқ вазиятни вужудга келтириб, нафақат қўшни минтақалар, балки жаҳонда хавфсизлик ва барқарорлик нисбатининг ўзгаришига олиб келади.
Шунингдек, бу ижтимоий ва диний ҳаракатлар натижаси бўлиб, Тунис, Миср, Ливиядаги амалдаги режимлар қулаши, Ямандаги ҳокимият элитасидаги ўзгаришлар ва бугунги кунга қадар давом этаётган Суриядаги расмий ҳокимият ва мухолифат ўртасидаги кураш номаълум муддатгача давом этаётганини келтириш мумкин. Агар Тунис, Миср ва Яманда амалдаги режимга қарши намойишлар ички омиллар, ижтимоий-иқтисодий инқироз, ҳукмрон элитанинг коррупцияга ботиб кетгани, ҳақиқий демократик эркинликларнинг йўқлиги, этноконфессионал қарама-қаршиликларга асосланган бўлса, Ливия ва Сурияда эса ҳал қилувчи омилни мухолиф кучларнинг ташқаридан қўллаб-қувватланиши ташкил этди.
Араб баҳорининг Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларига таъсир даражаси турлича бўлди. Шартли равишда Араб баҳори ижтимоий-сиёсий ларзалари давлатлар сиёсий жараёнлари характерида чуқур из қолдирган Тунис, Миср, Яман, Баҳрайн, Ливия, Сурияни ва бу ҳодисалар ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнларга қисман таъсир кўрсатган Марокаш, Иордания, Ливан, Жазоир, Қувайт, Саудия Арабистони, Ўмон каби давлатларни келтириш мумкин.
Бу воқеалар Сомали, Мавритания ва Қумур ороллари Республикасидан ташқари барча араб дунёсини қамраб олиб, давлатларнинг кейинги сиёсий тақдирини ўзгартириш билан бирга уларнинг сиёсий тизимлари ва тузумларида янгиланишлар олиб келди.

