DOI:
https://doi.org/10.47980/TLOI/2023/3/%25pالكلمات المفتاحية:
зардуштийлик Авеста Аҳура Мазда “Гоҳ”лар Зардушт Ясна маъбуд Видевдот Дуруж Сраоша Роман Вайу Зруван Варахранالملخص
Мақола зардуштийликда Аҳура Мазданинг улуғланиши универсал диний инқилобий ҳодиса эканлигига бағишланган. Зардуштийликда яратувчилик, парвардигорлик ғояси авесташуносликнинг энг мураккаб масалаларидан бири саналади. Аввало, яратиш функциясини динлар тарихида ибтидоий қарашлардан, хусусан, тотемизмдан ажратиб олиш, қолаверса, яралмоқ ҳақидаги фикрни мавҳум илоҳий зот билан боғлаш даражасида тафаккур такомили илмий таҳлил талаб масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, Зардушт биринчилардан бўлиб, инсон тафаккурининг муҳим салоҳиятига, ақлий имкониятига таянган ҳолда борлиқни яратган Бош сабабчини мавҳум тимсол, руҳият орқали идрок этиладиган тарзда эътиқод амалиёти доирасига олиб кирган.
Мақолада Аҳура Мазданинг яратувчилик функциясини суверен ва якка холиқлик сифатида талқин қилиш Авеста манбаси асосида келтирилган. Авестанинг ижодий маҳсули бўлган “Ясна” наскига кирган “Гоҳ”лар Зардушт даврида яратилган бўлиб, унда ибтидоий кўпхудоликка ҳамда асотирий образларга муносабат масаласида жиддий танлаш рўй берганлиги, зардуштийлик олий илоҳи Мазда ўз сифати, тенгсиз улуғлиги ифодаси бўлмиш Аҳура - “юксак шараф, буюклик, жаноб” маъносида келган. Аҳура Мазда ва унинг малоикалари Эзгу ният, Комил Ақл, Оламнинг Эзгу эгалиги, Шаҳриёрлиги каби илоҳий тушунчалар уйғунлик, ягона маънавий бирликнинг ташкил этувчилари сифатида амал қилиши ҳамда уларнинг функциялари бевосита Аҳура Мазданинг иродасини, эзгуликнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган эди.
Зардуштийлик динида миф-асотирлар одамларнинг дунё-борлиқ ҳақидаги тушунчаларини, айниқса, уларни ўраб турган табиат ва жамиятни қандай идрок этишларини ўзида акс эттириши натижасида қадимий асотирий дунёқараш тизими илоҳий қарашларга айланган. Мақолада, инсон тасаввурида табиат ҳодисалари устидан ҳукмрон, ҳатто уларни яратишга, тартибга солиб туришга қодир, хулласки, инсоннинг ҳимоятини таъминлашга масъул эзгу илоҳий тимсоллар тизими пайдо бўлганлиги Авестада борлиқнинг яратилиш модели мисолида кўрсатиб берилган. Авеста аввал бошида дунёни фақат эзгуликлар мажмуи ва мутаносиблиги сифатида тасвирлаган бўлса, дин асосчиси Зардушт эса амалиётга соф маънавий, руҳий омилларни, улар орқали эса борлиқнинг мавҳум кучлар орқали “бошқарилиш” ғоясини олиб кирган. Шунингдек, мақолада Авестадаги космогоник тасаввурлар ифодалари, зардуштийликда борлиқ тушунчасини тушунишда айни шу мифологик қатламнинг дин тизими доирасига олиб кирилиши муҳим тарихий ечим бўлганлиги тадқиқ этилган.

