Jild 6 № 1 (2023)


						{$identification) ko'rish
Jild 6 № 1 (2023)
Nashr qilingan: 04-07-2026

Maqolalar

ХI-XII АСРЛАРДА ХОРАЗМДАГИ СИËСИЙ ҲОЛАТ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТ

Raziya MATIBAEVA (Muallif)

Ушбу мақолада XI–XII асрларда Хоразм Марказий Осиёдаги илм-фан ва маданиятнинг йирик марказларидан бирининг ижтимоий-сиёсий, маърифий-маданий жараёнлари тарихи манба ва тадқиқотлар асосида тадқиқ этилган. Шу даврда кўплаб буюк олимлар фаолият юритганлар. Улар қаторида Абу Саҳл ал-Масиҳий (ваф. 977-1011 й.), Ибн Мискавайҳ (ваф. 1030 й.), Абу Райҳон ал-Беруний (973-1048), Абу Наср ибн Ироқ Жаъдий (ваф. 1036 й.), Абу-л Хайр Ҳаммор (941-1048), Абу Али ибн Сино (980-1037) каби буюк алломалар илм-фаннинг турли соҳаларида фаолият олиб борганлар.


Буюк Ипак йўли устида жойлашган, йирик тамаддун ўчоқларидан бири, Маъмун академияси ватани – Хоразм қадимдан илмий-маърифий ва маданий марказлардан бири бўлган. «Маъмун академияси» тасодифий ва ўткинчи ҳодиса эмас, балки у Хоразмдаги ижтимоий ҳаёт, иқтисодий ва маданий кўтарилиш ҳамда сиёсий барқарорликнинг инъикоси эди. Хоразмдаги бу илмий уюшма  ўша даврдаги катта илмий марказ саналган. Шу боис ҳам илм аҳллари ўзларининг ҳар томонлама билимларини ошириш ва муҳим диний-ижтимоий масалаларни ҳал қилишга хизмат қилувчи асарларини ёзишга муваффақ бўлдилар.


X асрнинг охири XI асрнинг бошларида Хоразмдаги сиёсий осойишталик, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий турмушидаги юксалиш ҳамда хоразмшоҳ маъмунийларнинг илм аҳлига бўлган ҳурмат-эътибор, меҳр-муруввати ўша даврнинг энг машҳур ва кўзга кўринган олимларининг Гурганчда тўпланишига сабаб бўлган. Шу даврда ҳукмронлик қилган хоразмшоҳлар мамлакат илм-фани ривожи учун катта ҳисса қўшдилар.


Хоразмнинг милоддан аввалги II минг йилликдан бошлаб ушбу минтақадаги йирик маданият марказларидан бири бўлиб келгани боис, Араб халифалиги бу ерни забт этиб, имкон қадар кўпроқ ўз тасарруфида сақлашга ҳаракат қилган. Аммо XII асрда Хоразм Бағдод халифалигига қарашли ерлардан ҳисобланса-да, Мовароуннаҳрда ўзининг кучли таъсирига эга эди. Бунда хоразмшоҳларнинг ўрни таъсирли бўлди.


Мақолада Хоразмшоҳлар тарихида фақат ўзининг манфаатларини ўйлаб, жамиятнинг фикри билан мутлақо қизиқмайдиган ва бу ҳақда бош қотирмайдиган, халқнинг аҳволига ачинмайдиган, узоқни кўра олмайдиган айрим иқтидорсиз давлат бошлиқлари фаолияти оқибатида мамлакат гирифтор бўлган аянчли тарихий факт ва маълумотлар ҳам ёритилган.

4-13
30
3

ТУРКИСТОН ЎЛКАСИДА ИСЛОМ ОБИДАЛАРИНИНГ ҲОЛАТИ ВА ТАДҚИҚИ

Irodaхon Muxtarovna GAFUROVA, Aziza Nigmatovna GULYAMOVA (Muallif)

Мақоланинг асосий мақсади – XIX аср охири ва ХХ аср бошларида Туркистон ҳудудларида, жумладан, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Хоразмда ислом меъморий обидалари – масжидлар, мадрасалар, минора, хонақоҳ, мақбара ва мозорларнинг ҳолати, уларга бўлган муносабат ва  тадқиқ этиш бўйича бажарилган ишлар таҳлил қилинган.


Методлар: тадқиқотда тарихий, таққослаш ҳамда солиштирма таҳлил усулларидан фойдаланилган.


Масжидлар таъмирига рухсат вилоят губернаторларидан олинган, янгиларини қуришга эса, генерал-губернатордан рухсат олинган. Ўрта Осиёда миноралар икки ҳолатда қурилган: биринчидан, иншоотнинг бурчаклари ва дарвоза ён қисмларини кучайтириш учун, яъни, мустаҳкамлаш учун бўлган. Иккинчидан, деворлардан алоҳида, масжид яқинида жуда ҳайбатли, юқорилаган сари торайган маҳобатли миноралар қурилган. 


Ўрта Осиёда мадрасалар мусулмонларнинг ёпиқ шаклдаги олий ўқув муассасаси ҳисобланган. Биринчи мадраса Бағдоддаги Малик Шоҳ даврида 1065 йили қурилган. Ўрта Осиёда эса биринчи мадраса Х асрда Бухорода қурилган. Ўша даврда олимлар учун бир қатор вақфлар ажратилган. Бухоролик олимлар кўплаб вақф эгалари бўлишган, Бағдодда очилган мадраса умуман қўллаб-қувватланмагани сабабли Бағдодда ўқишни пуллик қилишган.


Туркистонда мадраса – олий мусулмон диний ўқув муассасаси, диний мактабга ўқитувчи, ислом уламоларини тайёрлаб келган. Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олиниши давридаги мадрасалар сони ҳақида турли маълумотлар мавжуд бўлиб, рус сайёҳи П.Пашинонинг маълумотига кўра, Тошкентда 1866 йилда 15 та мадраса бўлган. Мадрасалар сони ҳақидаги маълумотлар ҳам турлича. ХХ аср бошларида Туркистонда 12 мингта талаба ўқиган. Машҳур мадрасаларда юзлаб толиблар таълим олган. Кўпгина Ўрта Осиё мадрасалари орасида домла ва толиблар алмашинуви Россияга қўшиб олинишидан олдин ҳам жуда жадал бўлган. Туркистонлик муллаваччалар Бухорога илм олишга мунтазам боришган.


Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олинишининг илк кунлариданоқ рус ҳукумати нафақат илмий, балки диний жиҳатдан ҳам ислом обидаларига диққатли ва эҳтиёткорона муносабатда бўлишни талаб қилган. Чет эл музей агентларининг ҳаракати ҳам вайронкор бўлган, ҳар йили кам миқдорда бўлмаган ислом дурдоналари сотиб олиниб, олиб чиқиб кетилган.


Исломий меъморий обидалари вақф маблағлари ҳамда мусулмонларнинг эҳсонлари ҳисобига таъмирланиши керак бўлган, шу сабабли ҳукумат маблағ ажратишга шошилмаган. Кўп ҳолларда маҳаллий бой қатлам бефарқ бўлиб, келиб тушган вақф пуллари шахсий мақсадда ўзлаштирилган.


Ушбу мақолада Туркистон ўлкасидаги ислом обидалари 

14-23
9
3

XVIII АСР ОХИРИ - XX АСР БОШЛАРИДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ШИА ЖАМОАЛАРИНИНГ СИЁСИЙ, ИЖТИМОИЙ ВА МАЪНАВИЙ ҲАЁТИ

Shukhrat Rustamovich TOKHTIEV (Muallif)

Ҳозирги даврда Марказий Осиё ҳудудида бошқа кичик диний жамоалар қаторида истиқомат қилиб келаётган шиа жамоалари тарихи, яъни  уларнинг Марказий Осиёга кириб келиши, жамоа сифатида шаклланиши, ҳаёт тарзи, уларнинг тарихимизда тутган ўрни, урф-одатлари, анъаналари, шиалик вакиллари эътиқоди асосида ҳудудимизда юзага келган қадамжолар масаласи Ўзбекистон тарихшунослиги, исломшунослиги, этнографияси ва маданияти нуқтаи назаридан ҳануз чуқур ва тизимли тадқиқ этилмаган.


 Марказий Осиёдаги шиа жамоалари тарихини чуқур ўрганиш, диний урф-одатларини тадқиқ қилиш Ўзбекистон тарихи, этнографияси, исломшунослиги ва маданиятининг ўзига хос ажралмас бир қисми деб ҳисоблаш ўринлидир. Чунки шиа жамоалари бир қанча асрлар давомида Марказий Осиёнинг сиёсий, ижтимоий-маданий ҳаётида ўзига хос аҳамиятга эга бўлиб келмоқда ва бу ҳудудда истиқомат қилувчи бошқа диний жамоалар билан узвий боғлиқ бўлган.


Ушбу мақолада Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондаги иснаашарий (имомий) ва исмоилийлик оқими вакиллари бўлган шиа жамоалари тарихи ва маданиятининг таҳлилига бағишланган. Мақолада маълумотлар тарихдан маълум бўлган шиа ва суннийлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар нафақат диний, сиёсий ва ижтимоий муносабатларда, балки ислом доирасида икки катта йўналиш вакилларининг тўғридан-тўғри кураш олиб боришгача етганлиги, бу икки йўналиш вакилларининг бир-бирига “кофир” тамғасини қўллагани, гоҳида эса, ўзаро ҳарбий юришлар ва қонли тўқнашувлар сабаб бўлган диний томондан қабул қилмасликни сиёсий қарама-қаршиликдан ажратиб бўлмай қолган даврлар инобатга олинган ҳолда тадқиқ этилган. Шунингдек, ҳозирда асосан ҳанафий суннийлар орасида истиқомат қилган ҳолда азалдан ўз диний анъана ва маросимларни сақлаб келишаётгани ҳамда шиалик вакилларининг Марказий Осиёга кириб келиши тарихи, мавжуд шароитлар туфайли эронийларни Ўзбекистон маданияти ва фанига қўшган ҳиссаси, эронийлар каби этник гуруҳлар маҳаллий шароитларга мослашиб, ҳатто, шу шароитларга ўзининг тегишли таъсирларини кўрсата олганлиги, эронийларнинг чекланган ассимиляция жараёнини (айниқса, тил ва маданият жиҳатидан) кузатиладиган, аммо ушбу этник гуруҳ ўзига хос хусусиятлари (идентификацияси)ни сақлаб қолганлиги ҳақидаги маълумотлар кўриб чиқилган.

24-34
19

2011-2012 YILLARDA MISRDAGI IJTIMOIY-SIYOSIY NOROZILIKLARNING NAMOYON BO‘LISH XUSUSIYATLARI.

Guzal KADIROVA (Muallif)

Maqolada “Arab bahori” voqealari tahlil qilingan bo‘lib, uning sabablarining murakkabligi va “demokratiya paradoksi”ning dolzarbligi qayd etilgan. Mazkur maqola 2010-yillarda Yaqin Sharq va Mag‘rib mamlakatlarida hukumatga qarshi bir qator norozilik namoyishlari ko‘rinishida bo‘lib o‘tgan “Arab bahori” hodisasiga bag‘ishlangan. G‘arb siyosatchilarining fikriga ko‘ra, “Arab bahori” demokratik va adolatli jamiyat qurishga qaratilgan edi. Mintaqa davlatlarida ommaviy noroziliklarga iqtisodiy, ijtimoiy va siyosiy sabablar asos bo‘lgan. Aytish mumkinki, ularni ichki siyosiy inqiroz va hokimiyat bilan to‘qnashuv kabi yomon holatlar qo‘zg‘atdi.  


Maqolada 2010 yilning ikkinchi yarmida yakka tartibdagi norozilik namoyishlari shaklida boshlangan, ammo keyinchalik 2011 yil yanvarida ommaviy namoyishlarga aylangan Misrdagi mazkur jarayon ko‘rilib, tadqiq qilingan.  Misrdagi rejim o‘zgarishi AQShning o‘sha paytda Yaqin Sharq va Shimoliy Afrikadagi asosiy tashqi siyosat aktori sifatidagi faol pozitsiyasi asosida yuz berdi. Muxolifat kuchlarining dastlabki maqsadi amalga oshganligi, ya’ni – H.Muborakning iste’foga chiqishi va G‘arb tomonidan qo‘llab-quvvatlanganiga qaramay, Misrdagi “Arab bahori” siyosiy va iqtisodiy hayotda kutilgan demokratiyalashuv va liberal islohotlarni olib kelmadi. Misrda “jamiyatni demokratlashtirish” kontseptsiyasini qo‘llagan muxolifat islohotchilari birinchi bosqichda avtokratik yoki harbiy tuzumdan demokratik hukumatga o‘tishni talab qildilar. Norozilik namoyishlari asta-sekin katta va katta jamoatchilik doiralarini jalb qildi, bu esa Misrda deyarli 30 yil davomida mamlakatni boshqargan prezidentning ag‘darilishi va iqtisodiyotning tanazzulga uchrashiga sabab bo‘lgan inqilobga olib keldi. Misrda “Arab bahori”ning ikkinchi bosqichida harbiy kuchlarning bosimi natijasida ikkinchi marotaba hokimiyat almashdi. Tahlil natijasida shunday xulosaga kelish mumkinki, Misrdagi voqealar “demokratiya paradoksiga” olib keldi, ya’ni demokratik jarayonlarning kuchayishi hokimiyatga nodemokratik, bu holda islomiy kuchlarni olib keldi.

35-45
4
2

ЎЗБЕКИСТОНДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАРДА ДИНИЙ ЭРКИНЛИКЛАРНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ЎРНИ

Timur AHMEDOV (Muallif)

Мақолада Марказий Осиёда диний эркинлик ва қарашлар, уларнинг ривожланишига ҳамда мустақилликнинг дастлабки йилларидаги диний сиёсатга қисқа назар ташланиб, сўнгги йиллларда мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар Ўзбекистон жамияти ҳаётининг барча жабҳаларига, шу жумладан, диний эркинликларни таъминлаш соҳасига ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказгани, хусусан, ушбу йўналишдаги асосий вазифалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аниқ акс эттирилгани, мамлакатда диний соҳада бошланган ислоҳотлар, аввало, диний эркинлик учун шароит яратишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани хусусида сўз боради.


Муаллиф фикрига кўра, ўзгаришлар эътиқод эркинлигига оид конституцион ҳуқуқларни амалга ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратди, диний ташкилотлар фаолияти эркинлигининг ҳуқуқий кафолатлари сезиларли даражада мустаҳкамланди. Хусусан, 2020 йил июнь ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси тасдиқланди ва унда мамлакатда виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилиши назарда тутилди. 2021 йилнинг июль ойида эса Янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.


Мақолада таъкидланишича, 2017 йилнинг октябрь ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳид 15 йил давомида Ўзбекистонга илк бор ташриф буюриши ва мазкур ташриф якунлари доирасида билдирилган 12 та тавсия асосида Ўзбекистон Республикаси парламенти томонидан эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангани бу борадаги ислоҳотлар ортга қайтмас тус олганидан далолат бермоқда.


Шунингдек, муаллиф 2020 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси БМТ тизимидаги энг нуфузли ҳукуматлараро органлардан бирига – Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо сифатида сайланди ва 2021-2023 йиллар даврида ушбу тузилма фаолиятида фаол қатнашиб келаётганига, 2020 йилнинг декабрь ойида эса АҚШ Давлат департаменти халқаро диний эркинликлар бўйича ўзининг матбуот учун баёнотида “сўнгги бир йил ичида Ўзбекистоннинг эришган муҳим, аниқ ютуқлари асосида диний эркинлик бўйича “махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилганига эътибор қаратмоқда.


Муаллиф фикрига кўра, бу борадаги ишлар 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам 74- мақсад сифатида жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш вазифасида акс этгани диний эркинликларни таъминлаш масаласи ҳукумат кун тартибидан чиқмаганини кўрсатмоқда.


Шу билан бирга, ушбу қисқа давр ичида диний эркинликларни таъминлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижаларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда уларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш ва кенг жамоатчиликка етказиш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

46-56
20
6

ҒАРБ МАМЛАКАТЛАРИДА РАДИКАЛИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ВА УНДА ИСЛОМ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ЎРНИ

Utkir M. HASANBAEV (Muallif)

Мақола Ғарб мамлакатларида радикаллашув
ва экстремизмга қарши кураш ҳамда маҳаллий ислом ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини тадқиқ этишга бағишланган.


Мавзунинг долзарблиги бугунги кунда Марказий Осиё республикалари, хусусан Ўзбекистон ҳам юқоридаги таҳдидларга дуч келаётгани ҳамда илғор хорижий тажрибани ўрганишга эҳтиёж мавжуд экани билан белгиланади.


Мақолада тарихийлик усули, таркибий ва тизимли ёндашув ҳамда дедукция, синтез каби мантиқий таомилларни ҳисобга олган ҳода умумий илмий усуллардан фойдаланилган.


Европадаги ёш мусулмонларнинг радикаллашуви муаммоси 2010-йилларнинг ўртасида Сурия ва Ироқдаги террорчилик ташкилотлари сафига келиб қўшилаётган хорижлик жангариларнинг сони кескин ортган вақтда айниқса кескин тус олган.


Европа Иттифоқида амалга ошириб келинган мультикультуризм сиёсати ўзини оқламаган. Европа шаҳарларидаги “мусулмон квартал”лар зўравонлик экстремизми ривожланиши учун қулай ижтимоий муҳитга айланган.


Ижтимоий сўровлар ва тадқиқотлар Буюк Британия, Германия
ва Франция каби Европанинг етакчи давлатларининг фуқаролари дин ниқобидаги эстремизм муаммосидан жиддий ташвишда эканини кўрсатади.


Германия ва Франция каби мамлакатларнинг таълим муассасалари, айниқса, мактабларда талаба ва ўқувчи ёшлар орасида диний мутаассиблик ва экстремизм ғоялари чуқур илдиз отиб бормоқда.


2010–йилларда Европанинг қатор мамлакатларида террорчилик ҳаракатлари содир этилгандан сўнг, миллий ҳукуматлар томонидан радикаллашув ва зўравонлик экстремизмига қарши ижтимоий лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш йўналишида изчил фаолиятни бошланганлар.


Европа мамлакатларидаги радикаллашувга қарши курашга ба-ишланган дастурлар асосий йўналишлар сифатида мусулмон диаспораларини маҳаллий жамиятга тўлиқ интегерация қилиш, хусусан “мусулмон анклавлари” билан боғлиқ ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни такомиллаштиришни кўзда тутади.


Мазкур дастурларга кўпроқ давлат идоралари, маҳаллий ҳокимият ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жалб қилинади.


Европадаги ислом ташкилотлари турли уюшмаларга бирлашгани, ягона марказлашган бошқарув тузилмасига эга эмаслиги, диний мутаассиблик ва экстремизмга нисбатан ягона муносабат шаклланмагани, шунингдек, мусулмонларнинг кенг оммаси орасида обрў-эътиборга эга уламолар ва зарур кўникмаларга эга мутахассисларнинг танқислиги сабабли зўравонлик экстремизмига қарши курашда катта самара кўрсата олаётгани йўқ.


Мақолада Ғарб мамлакатларида радикаллашув ва экстремизмга қарши курашда ислом ташкилотларининг ўрни тадқиқ этилган.

57-68
21
2

FORS BADIIY NASRI HAQIDA

Feruza NIZAMOVA (Muallif)

Bu maqolada fors adabiyotining nasrini o‘rganishga va tahlil qilishga harakat qilingan. Maqolaning maqsadi – IX-XV asr ijodkorlari asarlaridagi mafkuraviy va badiiy usulni o‘rganish, shuningdek, davr nasriy asarlarini tahlil qilish orqali fors-tojik adabiyoti tarixidagi o‘rnini aniqlashdan iboratdir.


Odatda, fors-tojik klassik adabiyoti haqida gap ketganda, faqat nazm tilga olinadi-yu, nasr esa bir oz e’tibordan chetda qoladi. Shuning uchun qadimgi va o‘rta asr fors-tojik adabiyotida nazm nasrdan ustun bo‘lgan degan fikrlar ham eshitilib qoladi. Darhaqiqat, fors-tojik klassik adabiyoti, avvalo, o‘zining ma’naviy g‘oyalarga boy she’riy asarlari bilan jahon madaniyati xazinasidan munosib o‘rin egalladi. Firdavsiy, Xayyom, Sa’diy, Hofiz asarlari asrlar osha o‘zining go‘zal tarovatini saqlab kelmoqda. Buning asosiy sababi ularning asarlaridagi nafosat, xalqchillik, insonparvarlik, sharqona fozillik va donishmandlik kabi fazilatlardir.


 IX-XV asr fors-tojik poeziyasi o‘zining shakl va mazmuni jihatidangina emas, balki badiiyati nuqtai nazaridan ham eng yuqori darajaga erishgan edi. Shu sababli eronshunos olimlar o‘sha davr poetik asarlarini tadqiq etish va ommalashtirishga katta ahamiyat berishgan. Nasriy asarlar taqdiri bir oz o‘zgachadir. She’riy asarlar qo‘lyozmasi nasriy asarlarga nisbatan bizgacha ko‘proq yetib kelgan va saqlangan. To‘la ishonch bilan aytish mumkinki, hozirgi zamon fors nasri fors-tojik klassik adabiyoti an’analarini ko‘p jihatdan o‘zida mujassamlashtirgan va singdirgan. Shuning uchun, fors adabiyotining g‘oyasi – ezgulik va yovuzlik kurashi bugungi fors nasrining ham asosiy mavzusi hisoblanadi. Bu adabiy-badiiy vorislik va o‘zaro aloqani mavzu tanlashda yoki munozara, afsona, safarnoma kabi janr shakllaridan foydalanishda ko‘rish mumkin.


IX-XI asrlarda Eron adabiyotida she’riyatning gullab yashnaganligi izoh talab qilmaydi, ammo shu bilan birga, nasr ham davr talabidan orqada qolmaganligini mashhur sharqshunos E.Bertels, S. Braginskiy, Eron olimi va shoiri Malikushshuaro Bahor, Kotibiy, nemis olimi Gyote, tojik olimi Yu.Salimov o‘z ilmiy risolalarida qayd etishgan.

69-77
23
4

ИСЛОМ ФАЛСАФАСИ СОҲАСИДА ИБН СИНОНИНГ ГНОСЕОЛОГИК ТАМОЙИЛЛАРИ

Ramzjon Raximdjanovich ISAKDJANOV (Muallif)

Дунёда дин ва фалсафа уйғунлиги борасида кўплаб илмий-тадқиқот ишлари мавжуд бўлиб, уларда Марказий Осиё мутафаккирларининг фалсафий таълимотлари мазкур минтақа  маънавий меросининг муҳим қисми сифатида тадқиқ этилган. Марказий Осиёдаги мантиқий-гносеологик ғоялар тарихини ўрганиш нафақат ўтмиш маданияти ва фалсафасини, балки ҳозирги даврга хос ғоявий жараёнларни тўғри тушунишга ҳам имкон беради. Ибн Синонинг илоҳиётга доир гносеологик тамойиллари Ғарб мамлакатлари, россиялик, туркиялик, эронлик, тожикистонлик бир қатор олимлар томонидан ўрганилган бўлса-да, унинг диний-рационал қарашлари тизимли таҳлил қилинмаган. Олиб борилган тадқиқотларда асосан, Ибн Синонинг нафс, Руҳ, материянинг абадийлигига оид қарашлари тадқиқ этилган. Лекин олимнинг ислом дини манбалари, хусусан, Қуръони карим сураларига тафсирлари аксар тадқиқотчиларнинг эътиборидан четда қолмоқда. Натижада, айрим тадқиқотларда алломани материалист қилиб кўрсатишга, уни юнон фалсафаси давомчиси сифатида талқин этишга ҳаракатларни кузатиш мумкин.


Ўзбекистонда сўнгги йилларда дин соҳасига, хусусан миллий ва диний қадриятларимизни қайта тиклаш ҳамда тўлақонли тадқиқ этиш, халқимизга соф қадриятларимизни етказишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу маънода Абу Али ибн Сино илмий меросида фалсафага тегишли асарлар алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг фалсафий қарашлари шаклланишида Арасту ва Форобийнинг таъсири катта бўлган. Лекин, Ибн Сино фалсафада бу икки файласуфлар қаторида алоҳида ўринга эга бўлиб, ўзига хос мактаб яратган мутафаккир экани эътироф этилган. Ислом таълимотига асосланган Ибн Сино фалсафаси мероси нафақат ислом, балки яҳудий ва насроний дини олимлари фалсафий тафаккурига ҳам таъсир ўтказиб, алломанинг диний-фалсафий қарашларини ўрганиш билан бир қаторда  жамиятдаги мажуд диний масалаларни рационал тушунишга зарурат туғилмоқда.


Ушбу мақолада ҳам асосий эътибор Ибн Синонинг илоҳиётга оид рационал қарашларини ўрганиш, динийлик ва дунёвийлик уйғунлигини, шунингдек, мўътадил ислом тамойилларини рационал йўл билан очиб беришда олимнинг қарашлари катта аҳамият касб этишини кўрсатиб беришга қаратилган.


Шунингдек, мақолада ислом оламида “Шайх-ур-раис” номи билан танилган буюк мутафаккир ва файласуф Ибн Синонинг Қуръони каримдаги баъзи сураларга ёзган тафсири, ислом ақидаси, калом илмида илоҳ масаласи бўйича ёзган асарлари, унинг рационалистик такаккур борасидаги қарашларига Ғарб олимларининг билдирган фикрлари, бу борадаги ислом фалсафасининг асосчиларидан ҳисобланган Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний каби буюк мутафаккирлар ҳамда Ибн Сино қарашлари ўзаро қиёсланиб, ўхшаш ва ўзига хос жиҳатлари кўрсатилиб, бу борада олиб борилган тадқиқотлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.


 

78-91
28
6

ТАЛАБАЛАРДА ДИНИЙ МАЗМУНДАГИ АХБОРОТЛАРНИ ИДРОК ЭТИШГА РАЦИОНАЛ ЁНДАШУВ КЎНИКМАЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

Zebo KASIMOVA (Muallif)

Ушбу мақолада талабаларда диний мазмундаги ахборотларни идрок этишга нисбатан рационал ёндашув кўникмасини шакллантириш ижтимоий психология, хусусан, дин психологияси соҳасида долзарб аҳамият касб этиши илмий-назарий жиҳатдан асослаб берилган. Мақолада кўтарилган муаммо муаллифнинг диссертацион тадқиқот мақсадидан келиб чиққан ҳолда таҳлил этилган.  


Инсоният ахборот оқими тобора тезлашиб бораётган, аҳоли кайфиятини, руҳиятини, мақсад ва интилишларини, қолаверса, бутун тафаккур тарзини ўзгартиришга қодир бўлган ахборот технологияси вужудга келган бир даврда яшамоқда. Ахборот асрида жаҳон ҳамжамияти билан тобора интеграллашиб бораётган Ўзбекистонда ҳам бошқа мамлакатлар қатори бугунги кунда ахборот тўплаш, тарқатиш ва уни тасарруф қилиш жараёни жадаллашиб бормоқда.


Интернет, телевидение, радио, видео, телефон алоқалари ва шу кабиларнинг ривожланиши ёшлар маънавий дунёсининг илмий, ақлий, ҳиссий, руҳий, ахлоқий, мафкуравий, сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, экологик, эстетик, бадиий, диний каби кўп қиррали таркибий қисмларига доимий таъсир этиш воситаларига айланди.


Айрим кучларнинг саъй-ҳаракатлари билан ахборот ҳарбий снарядга, оммавий ахборот воситалари эса тажовуз қуролига айлантирилмоқда. Гарчи ахборот дайди ўқ сингари инсонни жисмонан йўқ қила олмаса-да, унинг қўпорувчилик кучи, келтирадиган зарари ҳар қандай оммавий қирғин қуролидан кам эмас. Чунки бу қурол ёрдамида онгга берилган зарбалар кишини адаштиради, уни ўз манфаатига зид ҳаракат қилишга ундайди, демак, инсонни бошқариш, унинг устидан ҳукмронлик қилиш яъни руҳий манипуляция қилиш имконини беради. Бу қурол ахборот хуружидир. Бундай қурол ёрдамида олиб бориладиган ахборот урушида инсон онги, миллат руҳияти нишонга олинади. Бу урушда бинолар зарар кўрмаса, одамлар ўлдирилмаса, моддий бойликларга шикаст етмаса-да, унинг мафкуравий, маънавий, руҳий зарари ҳар қандай ядровий уруш зараридан ҳам кучли.


        Ислом дини бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Улар ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамлар онгини чалғитиш, уларнинг онг ости қатламларига алдов йўллари билан психологик манипуляцион таъсир кўрсатиш каби ҳаракатларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.


Ушбу мақолада муаллиф диний мазмундаги ахборотларни идрок этишга талабаларда рационал ёндашув ва соғлом муносабатни қарор топтириш, уларда ижтимоий тармоқлар орқали қабул қилинаётган ахборотларни саралаш кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган методик тавсиялари келтирилган.

92-101
25
2