- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
МУСТАМЛАКА МАЛАЙЗИЯДА СОЛИҚ ВА ЕР ИСЛОҲОТЛАРИ
Avazbek GANIYEV (Muallif)18-19 асрларда Англия таъсири бутун Малая иқтисодиёти ва жамиятининг аҳволини ўзгартира бошлади. Қалай қазиб олиш саноатини янада кенгайтиришга қаратилган қадамлар бутун жамиятни қамраб олган бурилиш нуқтаси бўлди. Пенанг, Малакка ва Сингапур инглиз бўғозлари аҳоли пунктлари 1786-1825 йилларда ташкил топган ва уларни Ост-Ҳинд компанияси бошқарган. Қалай савдоси хусусий шахсларга ҳам очиқ эди. Кейинчалик ривожланиш учун кўпроқ ишчи кучи ва маблаг жалб қилиниши зарур эди ва натижада хитойликлар марказий ролни ўйнашди, Сунгеи Ужонг ва Негери Сембиланнинг қалай қазиб олиш саноатига катта миқдорда сармоя киритишни бошладилар. Ушбу мақола Малаянинг солиққа тортилиши ва ер масалалари бўйича мустамлакачилик вақтидаги ислоҳотларни муҳокама қилади. Илмий манбааларни ўрганишга асосланган тадқиқот усулларидан фойдаланган ҳолда, ушбу тадқиқот мустамлака солиқлари ва ер масалаларини ўрганиб чиқди. 19-асрнинг сўнгги йигирма йиллигида ер муносабатларида юз берган ислоҳотлар мустамлакадан олдинги даврда мавжуд бўлган қишлоқ хўжалигини инглизларга експортга асосланган ривожланган ва тизимлаштирилган даромад ишлаб чиқарувчиси сифатида қайта шакллантиришга ёрдам берди. ХIХ асрнинг сўнгги чорагида экспорт қилинадиган экинлар етиштириш ҳажми шиддатли ўсди. 20-асрнинг 20-йилларида содир бўлган каучук депрессияси палма ёғига муваффақиятли қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бўлишига имконият яратди. Кўплаб плантациялар майдонлари катта бўлган; 1933 йилга келиб 64000 гектар екилган 32 та мулк мавжуд еди ва 1941 йилга келиб бу майдонлар 79000 га етди. Ҳокимият пальма ёғи ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва иқтисодиётни диверсификатсия қилиш мақсадида ерларни имтиёзли шартларда берди. Ушбу тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мустамлакачилик ҳукмронлигининг охирида инглизлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун ер егалари учун фойдали шартларда фойдаланишга беришни бошладилар.
56 - 6223604-07-2026 -
МАЛАЙЗИЯДАГИ МУСТАМЛАКА ДАВРИ ЗАКОТ ИНСТИТУТИ
Avazbek GANIYEV (Muallif)Закот Исломнинг бешта рукнидан бири бўлиб, Исломий молия соҳасида асосий принциплардан бири эканлиги таъкидланган. Унинг мақсади жамиятнинг барча аъзолари ўртасида бойлик тақсимотини тенг равишда мувозанатлашдир ва бу нафақат олиш ҳуқуқига эга бўлган, балки уни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган киши учун ҳам чуқур маънога эга. Закот кўпинча фақирларга ва муҳтожларга садақа беришдир ва закот берувчилар нуқтаи назаридан эса бу муҳтожларга ёрдам бериш ва очкўзликдан сақланиш орқали уларнинг руҳини поклашдир. Манбашуносликка асосланган тадқиқотлардан фойдаланган ҳолда, ушбу тадқиқот ўша пайтда Малайзия закот муассасасида рўй берган ўзгаришларни топиш учун Малайзиядаги мустамлака закот муассасасини ўрганишга бағиланган. Ушбу тадқиқотнинг асосий вазифалари мустамлакачиларни Малайзиядаги закот муассасасида ўзгаришлар қилишга ундаган асосий омилларни аниқлаш, шунингдек, Малайзиядаги мустамлака давридаги закот муассасаси ва закот амалиётини тавсифлашдир. Асосий натижалар шуни кўрсатадики, ўша вақт ичида кўплаб ўзгаришлар бўлган. Масалан, далиллар шуни кўрсатадики, Британия таъсирида закот муассасаси мустамлакадан олдинги даврга нисбатан анча марказлашган ва яхши ташкил этилган ҳолатга эга бўлган
10-1876626-06-2026 -
МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ АЛЛОМАЛАРИ ИЛМИЙ МАЪРИФИЙ МЕРОСИНИ ТИКЛАШ БЎЙИЧА ОЛИБ БОРИЛГАН ИСЛОҲОТЛАР
Tokhir KHATAMOV (Muallif)Мазкур мақолада Марказий Осиёдаги тасаввуф мактабларининг кўп асрлик илмий-маърифий меросини ўрганиш, тиклаш бўйича юртимиздаги олиб борилган ислоҳотлар жараёни тадқиқ этилган.
Мустақиллик йилларида олиб борилган ислоҳотларга ушбу мақолада урғу берилишининг асосий сабаби шундаки Ўзбекистон Республикаси XX аср сўнгги чорагида мустамлака занжирларидан холос бўлиб мустақилликка эришди. Тарихдан маълумки истиқлолга эришган давлатлар ўз тарихи, дини, тили, маданиятини қайта тиклашга асосий эътиборни қаратади. Миллий қадриятларимизнинг тизимли ва тадрижий тикланиши бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида миллий ҳуқуқий негиз муҳим омил ҳисобланади. Шу жиҳатдан истиқлолнинг илк йилларида Президент ва ҳукумат томонидан чиқарилган фармон, қарор, фармойишларнинг илмий-тарихий ва ижтимоий-маънавий аҳамияти таҳлил қилинди. Қабул қилинган фармон ва қарорларда белгиланган устувор вазифалар ҳамда режа ва дастурларда бажарилиши зарур бўлган ишларнинг долзарблиги очиб берилди.
Аммо аждодлар меросининг кўлами жуда катта бўлиб, уни қисқа вақтнинг мобайнида қайта тиклаш катта меҳнат ва масъулиятни талаб қилади. Шу билан биргаликда, диний соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш ҳам мураккаб жараён бўлиб, собиқ мустамлакачилик ва атеистик тузум давридаги катта террор ва мафкуравий ёлғонлар халқ руҳиятида эврилишларга сабаб бўлган эди, бу муаммо ўз навбатида мустақилликнинг дастлабки йилларида жамиятда баъзи ғоявий зиддиятларга ҳам сабаб бўлди, онг ва тафаккурдаги инқирозларни бартараф этиш бирмунча мураккаб ҳолат бўлганлиги сабабли, бу жараён ўзига хос “ўтиш даври”ни вужудга келтирди.
Аммо турли мураккабликларга қарамасдан ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди, алломалар меросини қайта тиклаш ишлари тизимли равишда йўлга қўйилди. Бугунги кунга келиб тасаввуф алломалари меросини ўрганиш янги босқичга кўтарилиб, кўплаб илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда. Халқимиз ҳам алломалар илмий маърифий меросидан баҳраманд бўлиб, илмий тадқиқот ва таълим муассасаларида турли лойиҳалар, мақолалар, монографиялар нашр этилиб кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда. Шу сабабли мазкур мақолада мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги босқичини алоҳида тадқиқ этишга ҳам эътибор қаратилди.
49 - 5833607-07-2026 -
ЖАДИДЛАРНИНГ МАЪРИФАТПАРВАРЛИК ҒОЯЛАРИДА МИЛЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИ
Yulduz NAMAZOVA (Muallif)XIX аср охири XX аср бошларида Туркистонда шаклланган таълим фалсафаси бу жадид маърифатпарварларининг миллий педагогик фаолият ва таълим асослари, унинг мақсадлари ва идеаллари, педагогик билимлар методологияси, янги рус тузем мактаблари тизимини яратиш усулларини таҳлил қилувчи тадқиқот соҳаси сифатида талқин қилинади. Шу боисдан ҳам таълим фалсафаси бу даврдаги ижтимоий-институционал шаклга эга бўлган соҳа сифатида жадидларнинг таълим дастурининг мақсади ва вазифалари, тамойилларини ўзида акс эттирган десак хато қилмаган бўламиз. Бизга маълумки, жадид маърифатпарварлиги шаклланган даврда дастлаб АҚШ кейинчалик эса Европада таълим фалсафаси бўйича махсус тадқиқотлар амалга оширилган. Бироқ, ундан анча олдин ҳам таълим фалсафаси бўйича Платон, Аристотел, Ян Амос Коменский, Локк, Гербарт каби файласуф олимлар томонидан алоҳида фалсафий тизим яратилган. Жадидлар учун ислом дини жаҳолатдан қутулиш йўли, маънавий баркамолликка эришиш воситаси ҳисобланган. Туркистонда келажакда умуминсоний ғояларга таянган, парламентаризм асосида бошқариладиган дунёвий давлат қуриш асосий мақсад қилиб қўйилган. Хусусан, буни миллий-ҳудудий автономия бўлган «Туркистон мухторияти» тузишга бўлган сиёсий ҳаракатлар жараёнида кўришимиз мумкин. Мақолада жадидчилик ҳаракатининг таълимга доир қирралари тадқиқ қилинган. Жадид маърифатпарварлари ғоясининг Туркия, татар ва озарбойжон фикрий дунёсига эргашиш орқали Ғарбий Европа маърифатчилигидан ҳам хабардор бўлишга интилиши масалалари таҳлил этилган.
47-5712201-07-2026 -
МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ – ЖАДИД ИСЛОҲОТЛАРИ ЕТАКЧИСИ
Muminjon XUJAEV (Muallif)XX бошларида Туркистонни маъориф орқали жаҳон цивилизацияси даражасига кўтариш-га ҳаракат қилган жадидларимиз замонавий таълимни ўша давр муаммоларининг ечими сифатидаги кўрсатган концептуал ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Айни шу маънода, таниқли шарқшунос жадидчи олим Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларидаги маданиятлараро мулоқот, таълим, тарбия, маданият, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка оид ёндашувни янги илмий мезонлар асосида тадқиқ қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда. М.Беҳбудий XIX аср охири XX аср бошларида Туркистонни тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган ақидапарастлик, миллатчилик, волюнтаризм (табиат ва жамият қонунларини инкор этиб, фақат хоҳиш-истакларни инобатга олиш)га қарши тизимли курашишга киришади. Бу йўлда 1899-1900 йилларда (баъзи маълумотларда 1902 йили) Саудий Арабистонига, 1903-1904 йилларда Москва ва Санкт-Петербургга, 1906 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новгородда хизмат сафарларида бўлиб қайтади ва бу сафарларнинг хулосалари асосида ўз мактабида турли илмий, дунёвий фанларни жорий қилишга, илмий-фалсафий манбаларидан унумли фойдаланган ҳолда Туркистонда илм-фанни ривожлантиришга киришади. Туркистоннинг илм-фан нуқтаи назаридан муаммолар гирдобида қолган масалаларига ечим сифатида таълим тизимини ислоҳ қилиш орқали фаровонлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш, ижтимоий онгда нафақат диний балки, дунёвий фанларни ва миллий бағрикенгликни шакллантириш масалаларига оид асосли илмий ғоялари илғор фанларни илгари суради. Маҳмудхўжа Беҳбудий дунёвий фанларни ислоҳ қилишнинг концептуал аҳамиятга эга фикрлари – халқ маърифати, маданиятлараро мулоқотни йўлга қўйишнинг зарурлиги, туркий халқларнинг дунёвий фанлар хусусан ўқув адабиётлари ва дарсликлари “Рисолаи асбоби савод” (“Савод чиқариш китоби”, 1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (“Аҳоли географиясига кириш”, 1905), “Мунтаҳаби жуғрофияи умумий” (“Қисқача умумий география”, 1906), “Китобат ул-атфол” (“Болалар хати”, 1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби дарсликларни чоп эттирган. Таълим ва тарбия оид “Падаркуш” драмма (1911), “Оқ елпоғичли чинли хотун” (ҳикоя), “Бир аъмо боланинг ҳасрати” (ҳикоя), “Китобат ал-атфол” (эски ўзбек ёзувида) ва асарларини ёзади ҳамда ўзининг “Нашриёти Беҳбудия” босмахонасида нашр эттиради. Бугунги кунда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илмий меросини муштараклиги ғояларининг аҳамияти XIX аср охири XX аср бошларида Туркистонда замонавий таълим тараққиёти ривожи учун қимматли манба сифатида тадқиқ этилмоқда.
39-4728501-07-2026 -
ХIХ АСР ОХИРИ – ХХ АСР БОШЛАРИДА ЎРТА ОСИЁ-ҲИЖОЗ ҲАЖ ЙЎЛЛАРИНИНГ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА СИЁСИЙ АҲАМИЯТИ
Muzaffarkhon JONIYEV (Muallif)Ислом динида мусулмонлар учун фарз амаллардан бири имконияти бўлганда Маккага бориб ҳаж қилишдир. Макка ва Мадинага ҳаж қилиш Ўрта Осиё мусулмонлари учун анча мураккаб бўлган, улар ўз вақтида ҳаж ибодатини амалга ошириш учун машаққатли йўлларни босиб ўтишларига тўғри келган. Ўрта Осиё мусулмонлари асрлар мобайнида оғир йўл машаққатларига қарамасдан ҳаж зиёратини амалга ошириб келганлар. ХIХ аср охирларида Ўрта Осиёнинг Россия империяси томонидан мустамлака қилиниши ўлка мусулмонларининг ҳаж зиёратига ҳам таъсир этмасдан қолмади. Империя ҳукумати учун Туркистон ўлкаси мусулмонларининг ҳаж зиёратини назорат қилиш нафақат сиёсий жиҳатдан, балки иқтисодий томондан ҳам муҳим аҳамият касб этар эди.
ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Туркистон мусулмонлари ҳаж зиёратига бориш учун асосан, Эрон ҳудудидан ўтувчи қуруқлик йўли, Афғонистон, Ҳиндистон ва Ҳинд океани орқали ўтувчи жанубий ва Истанбул орқали ўтувчи шимолий йўллардан фойдаланишган. Мақолада ушбу йўлларнинг ҳолати, транспорт нархлари, гузаргоҳ шаҳарлардаги ҳожихоналар, такялар ва меҳмонхоналар фаолияти таҳлил қилинган. Шунингдек, мақолада Россия империясининг Туркистон мусулмонларининг ҳаж зиёрати борасида олиб борган сиёсати, амалга оширилган маъмурий, тиббий чора-тадбирлар архив маълумотлари ва ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари Туркистон матбуоти асосида тадқиқ этилган
51-5820423-06-2026
