- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
ШАЙХ ҲИММАТИЙ – ЗАНГИ ОТА МЕРОСИНИНГ ЎРГАНИЛИШИ
Тохир Абдумуталович ХАТАМОВ (Muallif)Мақолада Ҳазрат Занги ота маънавий-маърифий, ижтимоий-ахлоқий фаолиятига оид мустақиллик йилларида амалга оширилган тадқиқотлар исломшунослик, тарихшунослик фанлари нуқтаи-назардан таҳлил этилди ва тарихий тадқиқот усулларидан фойдаланилган ҳолда хулосалар берилган.
Тасаввуф таълимотининг йирик вакили ҳисобланган ҳазрат Занги ота фаолияти ҳақида мустақиллик йилларида олиб борилган бир қатор тадқиқотлар, асарлар, монографиялар, рисолалар, мақолалар, газета ва журналларда илмий-оммабоп материаллар ўрганилган. Ўрганиш жараёнида аниқланган маълумотлар асосида Занги отанинг тасаввуф таълимоти бўйича олиб борган маънавий-маърифий фаолиятига доир таҳлилий хулосалар берилган.
Ҳазрат Занги отанинг ҳаёт йўли мухтасар ҳолда ёритилиб, сўнгги йилларда амалга оширилган, энг янги тадқиқотлардан ҳам кўплаб маълумотлар келтириб ўтилган. Шуни алоҳида таъкидлашимиз зарурки, Хожа Аҳмад Яссавийнинг издоши, улуғ авлиё, Яссавийлик тариқатининг тарғиботчиси, туркий халқлар шайҳи, Ҳимматий тахаллуси билан ижод қилган хикматнафис шоир сифатида машҳур бўлган Занги ота маънавий-маърифий фаолиятининг бугунги кундаги долзарб аҳамияти ҳам кўрсатиб имкон даражасида кўрсатилган.
Истиқлол йилларида нашр этилган катологларда ҳам Хожа Аҳмад Яссавий меросига доир маълумотлар берилган, жумладан, ўзбек ва немис олимлари ҳамкорлигида тайёрланган катологлар, Занги ота шажараси бўйича тадқиқотчилар, олимлар томонидан аниқланган янги илмий натижалар ҳам мазкур мақолада мухтасар баён этилган.
Хожа Аҳмад Яссавий томонидан асос солинган Яссавийлик тариқати ва тариқат издошлари, устоз - шогирдлик анъанаси, ҳикматнафислик каби масалаларга маълум даражада тўхталиб ўтилган.
Занги ота фаолияти бўйича академик А.Саидовнинг илмий тадқиқот ишлари, жумладан, “Ҳазрат Занги ота” китобидаги қимматли маълумотлар ҳақида ҳам бир қатор ижобий хулосалар берилган.
Ҳазрат Занги отанинг ўз умри давомида дин ҳимояси, миллат тарбияси, тасаввуф тарғиботи бўйича олиб борган маънавий фаолияти, бугунги авлод учун ижобий аҳамиятга эга маърифий мерос ҳисобланиниши эътиборга олинди ва имкон даражасида Ҳазрат Занги ота маънавий фаолияти мазкур мақолада ёритилган.
22-309217-07-2026 -
ЗАРАФШОН ВОҲАСИДАГИ ЭПИГРАФИК ЁДГОРЛИКЛАРНИНГ ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ (XV-XIX АСРЛАР)
Mekhrojiddin AMONOV (Muallif)Мақолада XV-XIX асрларда Зарафшон воҳаси нақшбандия тариқати билан боғлиқ эпиграфик ёдгорликларда сақланиб қолган битиклар тадқиқ этилган. Эпиграфик ёдгорликда тариқатда фаолият кўрсатган муайян шайх-муршиднинг насаби, устозлари ҳақида, туғилган ёки вафот этган йили ҳақида аниқ маълумот сақланган. Бу маълумотлар манбаларда келтирилган маълумотларни бевосита тўлдиради.
XV-XIX асрга келиб Самарқанд ва Бухорода тариқат шайхларининг фаоллиги бирмунча сусайган бўлса-да, илдизи хожагон тариқатига бориб тақаладиган нақшбандия тариқати воҳада кенг тарқала бошлаган. Бу тариқатнинг мазкур ҳудудда етакчи тариқатга айланиши XV-XIX асрларда яшаб ўтган тариқат пешволари Хожа Алоуддин Аттор, Хожа Аҳрор Валий, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Муҳаммад Ҳусайн каби тариқат намояндалари номи билан боғлиқ. Афсуски, уларнинг ҳаёти ва маънавий мероси, нақшбандия тариқатидаги фаолияти ҳанузгача алоҳида тадқиқот мавзуси сифатида тўлиқ ўрганилмаган. Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Хожа Саққо маҳалласидаги Шайх Саққо Валий қабртошининг бир бўлаги сақланган. Муҳаммад Мусохон хожа Сармежийнинг авлодлари: Яҳё хожа, Жалолиддин хожа, Низомиддин хожаларнинг қабртош битиклари асосида уларнинг насаб ва ҳасабда бир авлод бўлгани аниқланди. Миён Фазл Муҳаммадхон қабртошидаги маълумот асосида 1884 йилда вафот этгани, ҳиндистонлик алфи соний (яъни нақшбандия-мужаддидия) тариқати асосчиси, Имом Раббоний номи билан машҳур аллома Шайх Аҳмад Сирҳиндий авлодидан экани маълум бўлди. Унинг Миён Ғуломхон исмли ўғли бўлгани васиқа ҳужжатидан аниқланди. Халифа Ғиёсиддин хожанинг авлодига тегишли эпиграфик ёдгорликда Ҳазрат Алига қадар етган насаб шажараси битилгани ва Темур хожанинг отаси (“қози мулло мир Маҳмуд хожа ибн халифа Ғиёсиддин хожа” деган маълумотга кўра) “Қози” ҳамда “Муфтий” лавозимларида фаолият кўрсатгани аниқланди. Ғиёсиддин хожанинг Эшони Калон Султонхон, мулло мир Маҳмуд хожалар ва мулло Муҳаммад хожа исмли ўғиллари бўлгани мақолада таҳлил қилинган.
Нақшбандия тариқатига оид эпиграфик манбаларни ўрганиш ҳанузгача номаълум қатор ахлоқий, маънавий ва назарий масалаларни очиқлашга ёрдам беради. Ўзбекистон ҳудудидаги турли тарихий мажмуа, қабристон, меъморий иншоот ва қабртошларда сақланиб келаётган битиклар тарихий манба сифатида ўтмишнинг номаълум жиҳатларини очиб бериб, тарих фанининг эпиграфика, манбашунослик, ономастика, хронология, исломшунослик каби тармоқлари учун муҳим материаллар тақдим этади.
17-2113017-09-2026 -
ТАСАВВУФШУНОС ОЛИМ, ПРОФЕССОР НАЖМИДДИН КОМИЛОВНИНГ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ ФАОЛИЯТИ (БИБЛИОГРАФИК ТАҲЛИЛ)
Tokhir KHATAMOV (Muallif)Тасаввуф тарихини ўрганиш, манбавий асосларини таржима қилиш, шарҳлаш ва халқимизга етказиш масаласи – мустақилликнинг дастлабки йилларида зиёлиларимиз олдидаги муҳим вазифалардан бирига айланди. Ушбу масъулиятли вазифани бажаришда профессор Нажмиддин Комилов ва шогирдларидан иборат жамоа ҳам ўз ҳиссаларини қўшди. Мақолада тасаввуфшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комиловнинг илмий-маърифий фаолияти тадқиқ этилган. Жумладан, Н.Комилов томонидан нашр этилган асарлар, мақолалар, монографиялар, рисолалар, таржималар, маърузалар, сўзбошилар, тақризлар ҳамда масъул муҳаррирлик, таҳрир ҳайъатидаги иштироки каби жиҳатлар ўрганилган. Ўрганиш жараёнида аниқланган маълумотлар асосида олимнинг тасаввуф соҳаси бўйича олиб борган илмий фаолиятига доир таҳлилий хулосалар берилган. Олимнинг илмий тадқиқот фаолияти серқирра бўлиб, фаннинг турли йўналишларида илмий тадқиқот ишларини олиб борди. Жумладан, адабиёт соҳасида таржима ва қиёсий адабиётшунослик, таржима тарихининг назарий масалалари, матншунослик ва адабий жанрлар тараққиёти билан боғлиқ жиҳатларни тадқиқ этганлиги таъкидлаб ўтилган. Олимнинг “Тасаввуф” бўйича нашр этилган биринчи китобининг истиқлол йилларида тасаввуф таълимоти бўйича илмий аҳамияти ўрганилиб, китобдаги тасаввуф тарихи, тариқатлар, ҳол, маърифат ва ҳақиқат, муҳаббат, каромат, тариқат ва шариат, хилват ва анжуман, футувват, моҳият – инсон учун курашмоқ, комил инсон, тасаввуф ва бадиий ижод каби долзарб масалалар таҳлил этилган. Н.Комилов томонидан асарларга масъул муҳаррирликнинг бажарилиши, шарқ қўлёзма асарларнинг таржималари, маърузалар, сўзбошилар, тақризлар ҳамда таҳрир ҳайъатидаги фаолияти каби кўплаб ишлари алоҳида ўрганилди. Шу билан биргаликда, Н.Комилов илмий фаолиятининг замондошлари эътирофига оид мақолалар рўйҳати шакллантирилиб тақдим этилди. Профессор Нажмиддин Комиловнинг илмий-маърифий фаолиятини ўрганиш уч даврга бўлинди ва ҳар бир давр учун ном берилиб, алоҳида хулосалар тақдим этилди. Олимнинг ўз умри давомида дин, миллат, тарих, адабиёт ва тасаввуф бўйича олиб борган илмий-ижодий изланишлари, бугунги авлод учун ижобий аҳамиятга эга маърифий мерос ҳисобланинишини эътиборга олинди ва имкон даражасида илмий-ижодий фаолияти мазкур мақолада ёритилди.
77-855123-07-2026 -
ИШИД (“ИРОҚ ВА ШОМ ИСЛОМ ДАВЛАТИ”) ТАЪСИРИГА ТУШГАН АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАРНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ ВА ДЕРАДИКАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШ ВАЗИФАЛАРИ
Utkir T. SOBIROV (Muallif)Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврида ислом дини аҳкомларини нотўғри талқин қилиш, уларни сохталаштириш йўли билан турли фитна ва бузғунчиликлар содир этиш ҳолатлари кузатилаётгани барчамизни ташвишга солади. Бундай вазиятда ислом динининг софлигини сақлаш, унинг тинчлик ва инсонпарварликдан иборат асл моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшларга тўғри, холис етказишга қодир, юқори даражада илмий ва диний салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”нинг таъсирчан чораларини кўриш долзарб масалага айланди.
Юртимизда миллий анъана ва қадриятларимизни ривожлантириш, улуғ аллома аждодларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш, ёшларимизни Ватанга муҳаббат, илм-маърифатли, интеллектуал баркамол авлод этиб тарбиялашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда. Барча соҳалар каби диний соҳада ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислом дини бой илмий-маънавий мероси, аждодларимиз қолдириб кетган бебаҳо асарларни ўрганиш, миллий анъаналаримизни қайта тиклаш ишларига алоҳида эътибор қаратила бошланди ва диннинг арконларини эмин-эркин бажариш учун барча шароитлар яратилди. Бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар дунё миқёсида ҳам муносиб эътироф этилиб, диний бағрикенгликнинг намунали модели сифатида баҳоланмоқда.
Аммо шундай шароитлар яратилган бир даврда, айрим ҳамюртларимиз баъзи исломга ёт гуруҳ тарафдорларининг ғаразли таъсирига берилиб, “Ислом давлати”ни қуриш, “кофирларга қарши жанг қилиш”, гўё мазлум бўлиб қолган мусулмонларга “ёрдам бериш” каби замонавий жамиятдаги мусулмон оламига зид бўлган ғайриисломий интилишлар билан “ҳижрат”, “жиҳод” қиламан деб, тинч-тотув яшаб турган жамиятларда содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатларида билиб-билмай ёки алданиб иштирочига айланиб қолмоқда. Бузғунчи кучларнинг “қўғирчоғига” айланиб, Ватанига, ўз ота-онаси, ака-укаси ва яқинларига қарши чиқмоқда. Натижада ноҳақ қон тўкилиши, ўзлари эса халок бўлиши, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиши ва турли давлатларда қочқин ёки хору-зорликда нобуд бўлишига сабаб бўлмоқда.
Бундай ҳаракатларнинг бугунги кундаги асосий кўринишлари “Ироқ ва Шом Ислом давлати” (ИШИД) каби тоифалар фаолиятида яққол сезилади. Халқимизни хусусан, ёшлар ва аёлларни бундай радикал гуруҳлар ва уларнинг ғаразли ғоялардан ҳимоя қилиш, салбий таъсирига қарши ижтимоий-психологик иммунитет ҳосил қилиш, оқим тарафдорларининг даъволарини ҳақиқатдан йироқлигини илмий далил ва манбалар асосида ёритиш, норасмий жамоаларнинг юзага келишига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан социал-психологик таҳлилга эҳтиёж сезилмоқда.
Мазкур мақолада Яқин Шарқ ва Афғонистоннинг жанговар ҳудудларидан “Меҳр” опперацияси доирасида қайтарилган аёллар ва болаларни реабилитация ва дерадикализация қилиш йўллари, уларни ижтимоий-маънавий муҳитга мослаштириш вазифалари, ИШИД (“Ироқ ва Шом Ислом давтати”) террористик ташкилотининг аёлларга нисбатан турли услублар орқали психологик таъсир ўтказиш босқичларининг таҳлили баён қилинган.
49-5815223-07-2026 -
ИНСОН МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШИДА ИЖТИМОИЙ ТАРАҚҚИЁТНИНГ РОЛИ
Husniddin AHMEDOV (Muallif)Ушбу мақолада инсон маънавий юксалишида ижтимоий тараққиёт жараёнларининг ўрни, унинг ўзига хос жиҳатлари, улар ўртасидаги узвий боғлиқлик ёритилган. Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг натижалари инсон қадри учун, одамларнинг ижтимоий кайфиятига ижобий таъсир кўрсатаётгани аниқ мисоллар асосида очиб берилган. Бугунги дунёнинг мафкуравий манзараси инсоният учун янги имкониятлар билан бирга кутилмаган турли муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Инсон маънавияти ва миллий қадриятларга қарши кўплаб таҳдид ва хавф-хатарлар ошиб бормоқда. Тараққиёт жараёнида инсон, халқ ва миллат маънавияти жамият ҳаёти қандай бўлишига қараб ўзгариб, яхшиланиб бораётгани таъкидланган. Жамиятнинг ижтимоий кайфияти эса амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши, уларнинг аниқ натижаларига боғлиқ бўлиши бу соҳанинг қонуниятларидан бири эканлиги қайд этилган.
Шу ўринда, Янги Ўзбекистонда барча соҳалардаги ислоҳотлар мазмун ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилаётгани ҳақида фикр юритилган. Ҳозирги мураккаб ва шиддатли замонда маънавий-маърифий ишларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланган. Айниқса, мамлакатимизда катта ва туб ўзгаришлар билан йўғрилган давр руҳи одамларнинг кайфияти, инсон қадри, одамларнинг бугунги кундан розилиги ва эртанги кунга ишончи, ҳар бир фуқаронинг эртанги кун учун орзу умидлари ва режаларига ижобий таъсир кўрсатаётгани алоҳида таъкидланган.
Янги Ўзбекистонда халқ билан очиқ мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, нафақат ташқи сиёсат соҳасида, балки ички сиёсатда ҳам кенг қўлланаётган, умуммиллий феноменал ҳодисага айланди. Ушбу ҳодисанинг барча бўғиндаги давлат хокимияти идоралари ва халқ ўртасида, раҳбарлар ва аҳолининг барча қатламлари, жумладан, ёшлар ўртасида ҳам кенг ёйилиб, уларнинг ҳаёт тарзига айланиб бораётгани жамиятимизда демократик ўзгаришлар жараёнини чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлаётгани тўғрисида фикр юритилган. Табиийки, бу жараёнлар жамият ҳаётида очиқ ва самимий мулоқот муҳитини, одамларни тушуниш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, одамларни қийнаётган ҳаётий муаммоларига амалий нуқтаи назардан кўмак бериш руҳини шакллантирмоқда.
Мақолада жамиятда маънавиятли, яхши хулқли, қалбида эзгулик ва мурувват уруғи барқ урган ёшларни тарбиялаш ҳар қачонгидан муҳим эканлиги, бугунги ёшлар янгича фикрлашга, янги ғоялар билан йўғрилган, уларни амалга оширишга ижодий ёндашувлар асосида мамлакатни тараққий эттиришга қодир ёш авлод учун яратилаётган катта имкониятлар тадқиқ этилган.
117 - 12620506-07-2026 -
ЁШ АВЛОДНИНГ МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ТАРБИЯСИ
Timur Sobirovich SATTAROV, AKMARAL A. Batayeva, Dauletali AKBARHAN (Muallif)Ёш авлоднинг маънавий-маданий шаклланиши мавзуси доимо файласуфлар, диний олимлар, ўқитувчилар ва уни ўрганувчи этник гуруҳларнинг кўплаб вакиллари томонидан яқин фикр юритиш предмети бўлиб келган. Ҳар бир этник гуруҳ ёшларни тарбиялаш (ўқитиш ва тарбиялаш), унинг маънавий-маданий ўзлигини шакллантиришда муайян йўлларни ишлаб чиққан. Турли маданиятлар (Шарқ ва Ғарб) умуминсоний ва ўзига хос этно-миллий жиҳатларни ўз ичига олган таълим, маънавий-маданий тараққиёт ва тарбиянинг ўз модели ва стандартларига эга. Мақолада миллий қадриятларни тиклаш, миллий таълим тизимини такомиллаштириш ва баркамол ривожланган авлодни ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси ёш авлодининг маънавий-ахлоқий тарбияси муаммоси ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, ёшларни миллий истиқлол мафкураси руҳида тарбиялашда Ўзбекистон тарихини ўрганишнинг аҳамияти очиб берилади. Маданий ўтмиш йўқолмайди, авлодлар учун сақланиб қолади, бугунги кун учун ишлайди, келажакка пойдевор қўяди. Ўтмиш маданияти маънавият ва ахлоқ инқирозини бошдан кечираётган замонавийлик учун ҳамиша зарурдир. Ҳозирги маданий ривожланишнинг янги тенденциясини танлаш учун ўтмиш билан таққосланиши керак. Мақолада Шарқ мутафаккирлари, Абу Райхон Беруний, ал-Фаробий, Ибн Сино каби маърифатпарвар олимларнинг асарларида ёш авлодни тарбиялаш ғоялари билан боғлиқ бўлиб, уларнинг таълим-тарбияга оид фалсафий қарашлари ва ҳаёт мазмунини топиш, яхшилик ва ёмонликни ўрганиш, адолат, шафқат ва бошқа ҳодисаларни аниқлаш каби ҳаётий вазифаларни таҳлил қилади. Буюк олим, мутафаккир ёш авлодни ватанпарварлик ва юксак ҳуқуқий маданият руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлган сиёсий- ҳуқуқий таълимотларни, Шарқ мутафаккирларининг асарларини ўрганишнинг долзарблигига эътибор беради. Мақолада замонавий ёшларни миллий анъаналарга асосланган ватанпарварлик руҳида тарбиялаш муаммолари кўтарилган.
35-44161404-07-2026 -
ИСЛОМ ҲУҚУҚИДА ОРИЯ МУНОСАБАТЛАРИНИНГ ШАРЪИЙ ҲУКМИ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ
Mamurjon ERKAEV (Muallif)Ушбу мақолада ҳанафий мазҳабининг классик даври манбаларида ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга оид ория масаласи, унинг шаръий ҳукми ва турлари ўрганилган. Ислом ҳуқуқига оид манбаларида ория масаласини ўрганишнинг аҳамиятли тарафи шундаки, инсонлар ўртасидаги ўзаро ижтимоий муносабатларни тартибга солиш билан бирга, мазкур соҳага доир бугунги кундаги долзарб муаммоларга ечим бўлади. Илмий мақолада Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар далиллар келтирилди. Шунингдек, ория масаласида фикр билдирган мовароуннаҳрлик ва ислом дунёсида таниқли ҳанафий мазҳаби фақиҳларнинг асарлари билан бир қаторда шофеъий мазҳаби фақиҳларидан Абу Исҳоқ Шерозийнинг (ваф. 486) “Муҳаззаб” асаридан иқтибослар келтирилди ва қиёсий таҳлил қилинди. Мақолада таҳлилга тортилган асосий масалалар юзасидан хулосалар берилди. Мақсад: Ислом ҳуқуқига оид манбаларида ория муносабатларини таҳлил этиш, унинг ҳукми, келадиган ўринлари ва турларини илмий жиҳатдан асослаб беришдан иборат. Усуллар: Мавзуни ёритишда, комплекс ёндашув, тизимлилик, тарихийлик, қиёсий-танқидий, манбашунослик каби методлардан кенг фойдаланилди. Натижалар. Мақолада ория муносабатлари гарчи Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва ижмои уммат (уламолар иттифоқи) асосида сабит бўлган бўлса-да, зарурийлиги жиҳатидан ихтиёрий хусусиятга эгалигига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, ориянинг турлари, яъни “ҳақиқий ория” ва “мажозий ория” ҳамда уларнинг ҳар бири “мутлоқ ория” ва “муқайяд ория”га бўлишини ўрганилди. Хулоса. бугунги кунда ория масаласига ижтимоий муносабатларнинг бир кўриниши сифатида қараш одатга айланган бўлиб, унинг фиқҳий жиҳатлари унутилиб кетган. Лекин ория масаласининг ислом ҳуқуқи нуқтаи назаридан Мовароуннаҳрда ёзилган фиқҳий манбаларда алоҳида мавзу қилиб ўрганилиши ория масаласида қарор топадиган ҳақлар жамиятда фақиҳлар наздида қанчалар муҳим масала эканлигини кўрсатади. Иккинчи томондан ўзбек жамиятида ҳозирги модернизм ва глобаллашув кенгайиб бораётган бир даврда ория каби асрий қадриятлар унитилиб кетмаслиги учун унинг ҳуқуқий асосларини ислом динида бўлганлиги ва улар Қуръон, ҳадис ва фиқҳий манбалар орқали ҳуқуқий асослаб қўйилганлиги ва унинг остида катта яхшилик ва барака борлигини ёш келажак авлод шуурига сингдириш муҳим омил саналади.
74-857302-07-2026 -
ТАЪЛИМ ВА МАЪНАВИЙ ТАРБИЯ
Husniddin AKHMEDOV (Muallif)Мақолада мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим шарти ва гарови сифатида таълим тарбия тизимини замонавий талаблар асосида ислоҳ этилаётгани, ўз навбатида таълим-тарбия соҳасидаги ижобий ўзгаришлар жамиятнинг ижтимоий кайфияти, онги тафаккурига ижобий таъсир кўрсатаётгани, унинг маънавий ҳаётида туб сифат ўзгаришлар юз бераётгани таъкидланади. Маълумки, халқнинг келажак ҳақидаги тасаввурлари, ўй-фикрлари ёш авлоднинг қандай билим ва тарбия олиб, келгусида қандай инсонлар бўлиб етиши билан боғлиқ ҳолда шаклланади. Шу ўринда сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиши ҳақида фикр баён қилинган. Мавжуд имкониятлардан баҳраманд бўлиб вояга етаётган Ўзбекистон ёшларининг ўқишда, жамоат жойларида ўзини тутиши, кийиниши, муомала маданияти, изланиш ва қизиқиш доираси, замонавий фикрлаши, ҳаёт талабларини тўғри тушуниши, келажакда жамиятда ўз ўрнини топишга, кўп қиррали фаолият юритишга интилиши, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга зийрак назар, дахлдорлик ҳисси билан баҳо бера олиши, профессионал билим даражаси, маънавий салоҳияти билан алоҳида ажралиб жамиятимиз маънавий қиёфасини белгилайдиган кучга айланиб бораётгани алоҳида қайд этилган.
139 - 14440629-06-2026 -
ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ЖАҲОН ТАЖРИБАСИ ВА ЎЗБЕКИСТОН
Bakhtiarhoja SHODMONOV (Muallif)Ўзбекистон демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш натижалари илмий салоҳиятли ёшларнинг муҳим қарорларни қабул қилишда фаол қатнашишда намоён бўлади. Унинг институционал чегараларини янада кенгайтириш давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида воситачи бўла оладиган сиёсий жараёнлар акторлари сонини ошириш имконини беради. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ билан мулоқот” концепцияси айнан фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигини оширишга сиёсий замин бўлди. Жамиятда демократик тартиботлар ва эркинлик муҳити жорий этилди. Давлат идораларига нисбатан фуқаролар ишончи шаклланди. Одамлар давлат идораларига ва фуқаролик жамияти институтларига ўзлари учун ҳимоя институтлари сифатида қарай бошладилар. Жамиятда фаол фуқаролик позицияси шаклланишига катта эътибор қаратилди.
Ушбу мақолада мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати шаклланиши ва амалга ошириш жараёнлари ҳамда жаҳон тажрибаси мухокама қилинган. Шунингдек, ёшлар ташкилотларининг шаклланиш ва ривожланиш унда ёшларининг иштироки, уларнинг ўрни, ютуқ ва муаммолари ҳақида маълумот бериш билан биргаликда таклифлар ҳам киритилган. Бундан ташқари илмий салоҳиятга эга бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар қатламларини алоҳида қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва тафаккурини доимий равишда ривожлантириб бориш, илмий салоҳиятли ёшлар интелектуалини дунё мамлакатлари даражаси билан тенглаштириш, мамлакат иқтисодиёти ривожини ёшлар интелектуал захиралари билан узвий боғлаш, илмий салоҳиятли ёшларнинг жамият тараққиётидаги фаолиятларига йўл очиш ва уни таъминлаш учун уларнинг ўзларидаги фаоллик, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар жараёнларига камарбасталик, ислоҳотларга ишонч фазилатларини тарбиялаш каби масалалар таҳлил қилинган.
96 - 10435529-06-2026
