- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
ИБРОҲИМ САМАРҚАНДИЙ ШАХСИЯТИНИНГ ГЕРМЕНЕВТИК ТАҲЛИЛИ
Feruz KHOLMUMINOV (Muallif)XIV-XV асрларда ислом динининг Индонезия архипелагида кенг тарқалишида асли самарқандлик олимларнинг ҳиссаси катта бўлган. Ушбу олимлардан бири – Малик Иброҳим ас-Самарқандийдир. У асли самарқандлик бўлиб, Индонезия халқи орасида Шайх Жумадул Кубро ёки Жамолиддин Акбар ал-Ҳусайний номлари билан танилган Мавлоно Ҳусайн Жумадил Кубронинг ўғли эканлиги манбаларда келтирилади. Бу икки олим Жануби-Шарқий Осиё минтақаларида ислом дини кенг тарқилашига катта ҳисса қўшган Вали сонго деб номланувчи тўққиз авлиёдан иборат олимлар ҳалқасига киради. Маълумотларга кўра, Иброҳим Самарқандий биринчилардан бўлиб Индонезияда ислом дини таълимотларини ўргатувчи диний мадраса-мактаб ташкил қилгани тўғрисида манбаларда келтирилган. Бугунги кунда ҳам Индонезия Республикасида унинг номи билан аталувчи университет ва институтлар фаолият юритади.
Тадқиқотчилар асарларида айтилишича, дастлаб Ява оролига Мавлоно Жумадил Кубро ўзининг икки ўғли Иброҳим ва Исҳоқлар билан келади. Сўнгра улар ислом динини тарқатиш мақсадида ажралиб турли томонларга тарқалиб кетади. Манбаларга кўра, Жумадил Кубро Ява оролида қолади, Иброҳим Самарқандий Чампага (Ҳозирги Вьетнам ҳудудлари), Мавлоно Исҳоқ эса Суматра оролининг шимолий ҳудуди бўлган Пасайга жўнаб кетади.
Уларнинг кейинги ҳаётлари тўғрисидаги маълумотлар турлича, баъзиларига кўра Иброҳим Самарқандий табиблик ва тижорат билан шуғуллангани, маҳаллий деҳқонларга деҳқончилик маданиятини ўргатгани, маҳаллий ҳукмдорлардан бирининг қизи билан оила қуриб ундан икки фарзанд кўриб сўнгра ўз оиласини ташлаб Ява оролига қайтгани тўғрисида маълумотлар учрайди. У умрининг сўнгини ҳозирги кунда Гресик деб номланувчи қишлоқда ўтказгани ва 1419 йилда вафот этгани айтилади. Ҳозирги кунда унинг мақбараси мавжуд бўлиб маҳаллий аҳоли учун муҳим зиёрат масканларидан бири саналади.
Иброҳим Самарқандий кўплаб маҳаллий аҳолининг ислом динини қабул қилишига сабабчи бўлгани манбаларда келтирилади. Бунинг асосий сабаби сифатида унинг савдогарлик фаолияти натижасида кўплаб зодагон кишилар билан танишгани, улардан ислом динини ёйишда катта ёрдам олгани келтирилади.
Ушбу мақолада Малик Иброҳим Самарқандийнинг шахсияти, насабномаси ва ҳаётий фаолияти ўрганилган. Иброҳим Самарқандийнинг Индонезия архипелагида ислом дини тарқалишининг дастлабки даврида тутган ўрни тадқиқ этилган. Шунингдек, илмий тадқиқот доирасида XIV-XV асрларда Самарқанд минтақаси ва Ява оролида тарқалган ислом динининг ўзига хос боғлиқликлари ҳам очиб берилган.
68 - 8016308-07-2026 -
ИМОМ ШАҲРИСТОНИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИ ВА ОЛИМ АСАРЛАРИНИ ТАДҚИҚ ЭТИШДАГИ ЁНДАШУВЛАР
MUMIN MIRZO Abdupattaev (Muallif)Бугунги глобаллашув даврида тарихни холисона ўрганиш, миллий ва диний қадриятларни қайта тиклаш, аждодлардан қолган бой, маънавий-маданий меросни асраб-авайлаш, тадқиқ этиш ҳамда уларни келажак авлодларга етказиш долзарб масалалардан ҳисобланади. Бу эса миллатнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий баркамол бўлиб етишишида муҳим омилдир.
Соф исломий эътиқод эгаларини тарбиялаш ва улар орқали кенг халқ оммаси онгига ислом динининг эзгу тушунчаларини етказиш ва турли адашган оқимларга қарши курашиш бугунги кунда юксак вазифага айланди.
Тарихдан маълумки, ислом динидан турли оқим ва фирқалар ажралиб чиққан. Мовароуннаҳр, Хуросон ва бошқа мусулмон диёрлар олимлари диндан ажралиб чиққан фирқаларнинг турли ғоя ва қарашлари, асл моҳиятини очиб бериш ва уларга соф исломий далиллар билан раддия бериш мақсадида муҳим изланишлар олиб боришган ва бу борада катта ютуқларга эришиб, қимматли асарлар ёзиб қолдирганлар. Мана шундай олимлардан бири – Хуросон минтақасидан чиққан, динлар тарихига оид мўътабар манба қолдирган Абул Фатҳ Шаҳристонийдир. Имом Шаҳристонийнинг “ал-Милал ва-н-ниҳал” асарида нафақат ислом динидан ажралиб чиққан фирқалар ҳақида, балки бошқа динлар ва эътиқодларга доир муҳим маълумотлар келтирилган. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунимизда ушбу китоб мазҳаблар тарихини ўрганишда самарали асарлардан бири саналади. Бундан ташқари олим фиқҳ, калом, фалсафа каби илм соҳаларида ҳам асарлар ёзиб қолдирган. Бу асарлар бугунги кунимизда ҳам долзарб саволларга жавоб берувчи бебаҳо манбалар сифатида баҳоланади.
Ушбу мақолада олимнинг асарлари, муаллиф ҳақидаги уламоларнинг эътирофлари ва олим асарларининг тадқиқ этишдаги ёндашувлар тадқиқ этилган.
59 - 6736608-07-2026 -
XI-XII АСРЛАР МОВАРОУННАҲРДА ЁЗИЛГАН ҲАНАФИЙ ФИҚҲИГА ОИД АСАРЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС УСЛУБЛАРИ
Bekzodbek MUXTAROV (Muallif)Ушбу мақола XI-XII асрларда Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий фиқҳига оид асарларнинг тадқиқига бағишланган. Маълумки, XI–XII асрларда Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожининг олтин даври ҳисобланади. Ҳанафий фиқҳи илмининг иккинчи йирик соҳаси «фуруъ ал-фиқҳ» илми бўлиб, у «усул ал-фиқҳ» илмида белгилаб берилган қоидалар асосида ишлаб чиқилган амалий ҳукмлар мажмуи ҳисобланади. Унда мужтаҳидларнинг шаръий далиллари, улар асосида чиқарилган ҳукмлар ва фатволар жамланган. Ўрганувчиларга осон бўлиши учун ҳукмлар мавзулар асосидаги матнлар шаклида тартибланган. Тили равон, халқчил, замон ва макон шароитлари инобатга олинган, замонавий масалалар ҳамда фатволар киритилиб, мазҳаблар ҳукмлари қиёсланади.
Мазкур даврда ўлкада ҳанафий фиқҳ илмининг усул ва фуруъ йўналиши ҳамда уларнинг матн, жадал, хилоф, аҳком, фароиз, шурут, адаб ал-қози, ҳиял, сияр, ихтисоб, фиқҳий қоидалар илми ҳамда фатво жанрларида 50 га яқин машҳур асарлар таълиф этилган. XI–XII асрларда ёзилган фиқҳий манбалар методологияси кейинги даврдаги асарлар ёзилишига асос бўлиб хизмат қилди. Жумладан, фуруъ ал-фиқҳ илмига оид: Абул Ҳусайн Қудурийнинг «Мухтасар ал Қудурий», Абу Лайс Самарқандийнинг «Хизонат ал фиқҳ», Имом Сарахсийнинг «ал-Мабсут», Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфат ал-фуқаҳо», Алоуддин Косонийнинг «Бадое ас-саное фи тартиб аш-шарое», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Бидоят ал-мубтадий» ва «ал-Ҳидоя шарҳ ал-бидоят ал-мубтади» ҳамда Носируддин Самарқандийнинг «ал-Фиқҳ ан-нофеъ» каби мўътабар матнлар ҳам мазкур даврда таълиф этилган.
XI–XII асрларда Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий мазҳабининг фиқҳий мўътабар манбалари ўз соҳасининг етук олимлари, ишончли фақиҳлари томонидан ёзилган. Мазкур асарлар: заиф ривоятлар, кучсиз сўзлардан холи, фиқҳий ихтилофларнинг барчаси келтириб ўтилмагани, ўқилиши осон, далил ва ҳужжатлар зикр этилмаслиги, қисқа ва ёдлашга осон бўлиши билан ажралиб туради. Шу билан бирга, мазҳаблар ўртасидаги фиқҳий ихтилофлар ҳам зикр этилган бўлиб, бу эса мазҳаблар ва уларнинг далиллари борасидаги фиқҳий масалаларни тўғри ва чуқур англаш, қиёсий тадқиқ эта олиш кўникмасининг шаклланишида муҳим саналади.
Ушбу мақолада Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий фиқҳига оид асарлар, уларнинг жанри, услублари, муаллифларнинг ўзига хос ёндашувлари ҳамда ҳанафий фиқҳ илми ривожидаги ўрни тадқиқ этилган.
98 - 10514506-07-2026 -
АЛИХОНТЎРА СОҒУНИЙНИНГ ТАРЖИМА АСАРЛАРИ: УМУМИЙ ТАВСИФ ВА БИРЛАМЧИ ТАҲЛИЛЛАР
Zarifjon ARSLONOV (Muallif)Алихонтўра Соғунийнинг (1885-1976) илмий мероси икки турли бўлиб, булар олимнинг ўзи томонидан ёзилган асарлар ва таржима асарларидан иборат. Мазкур мақолада олимнинг таржима асарлари, жумладан, Армени Вамберининг “Бухоро ёҳуд Мовароуннаҳр тарихи”, Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”, Аҳмад Донишнинг “Наводир ал-вақоеъ”, Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарлари, уларнинг ёзилиш тарихи, мазмуни ва ўзига хос жиҳатлари, тавсифланиб, бирламчи таҳлиллари олиб борилди. Алихонтўра Соғуний шахсияти унинг сиёсий фаолиятлари орқали барчага маълум. Лекин, унинг илмий меъроси ҳали етарли даражада тадқиқ этилмаган.
Масалан, олимнинг қаламига мансуб “Туркистон қайғуси” ва “Тарихи Муҳаммадий” асарлари бир неча бор нашр этилганига қарамай, алоҳида олиниб, ёзилиш давридаги сиёсий, маърифий ва диний муҳит, манбалари, уларда кўтарилган масалаларнинг бугунги ҳолати каби жиҳатлар синчиклаб ўрганилмаган.
Ушбу мақолада тавсиф ва таҳлили олиб бориладиган таржима асарлар хусусида тўхталадиган бўлсак, мазкур асарлар ўз йўналишлари бўйича шоҳ асарлар сирасига киради. Масалан, Амир Темурнинг дастлаб, туркий тилда битилган, лекин, бугунги кунда фақат, форсий нусхалари сақланиб қолган “Тузуклар”и ўз соҳаси бўйича тенгсиз ҳисобланади. Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”да айтилган етти турдаги нота масаласи эса ушбу асарнинг мусиқа соҳасида нақадар қимматли асар эканлигини кўрсатади.
Ваҳоланки, Европада битта нота маълум холос. Ўзининг айғоқчилик қобилияти билан, шунингдек, шарқ тиллари билимдони сифатида танилган венгриялик сайёҳ Армени Вамберининг “Бухоро ёҳуд Мовароуннаҳр тарихи” асари Соғуний томонидан ўзбек тилига ўгирилган яна битта тарихий манба саналади. Мазкур асар ўзида Ўрта Осиёнинг энг қадимги даврларидан то ХIХ асрнинг иккинчи ярмигача бўлган тарихини ўз ичига олиши ва кўплаб бирламчи манбалар асосида ёзилиши жиҳатидан алоҳида аҳамиятга эга. Аҳмад Донишнинг Бухоро амирлиги тарихига оид “Наводир ал-вақоеъ” асари Соғунийнинг яна бир кашфиётидир. Мазкур асарнинг аҳамияти хусусида таржимоннинг ўзи китобнинг кириш қисмида батафсил тўхталиб ўтган. Кўриниб турибдики, Алихонтўра Соғуний таржимасига қўл урган асарларнинг барчаси ўзида мужассам этган ноёб маълумотлари билан алоҳида аҳамиятга эгадир.
74 - 8148706-07-2026 -
“МУХТАСАРУ-Л-ҚУДУРИЙ” АСАРИ – ҲАНАФИЙ ФИҚҲИДАГИ МЎЪТАБАР МАНБА
Nodirbek K. TURABOYEV (Muallif)Ҳанафий мазҳабига эргашувчилар дунё мусулмонларининг қарийб ярмини ташкил қилади. Ироқ ва Мовароуннаҳр ҳанафий фиқҳининг марказлари бўлган. Бу икки минтақа ўртасидаги илмий муносабатлар бир-бирига кучли таъсир кўрсатган. Ўлкамиз уламолари томонидан яратилган фиқҳий асарлар ислом оламида ҳам машҳур бўлган. Бағдодда яратилган “Мухтасар ал-Қудурий” асаридан юртимизда эътиборли китоб сифатида фойдаланиб келинган. Шу билан биргаликда Мовароуннаҳр уламолари томонидан яратилган кўплаб мўътабар фиқҳий асарлар мазкур китоб таъсирида дунёга келган. Шундай бўлса-да, бу асар юртимизда ҳалигача илмий тадқиқотларга муҳтож. Ушбу мақолада фиқҳий асарларнинг шаклланиши, “мухтасар” деган жанрнинг таърифи, “Мухтасарул Қудурий”нинг фиқҳий китоблар орасидаги мавқеи, унинг афзалликлари тадқиқ қилинган. Мухтасар жанрида ёзилган китоблар бир нечта турга бўлинади. Улар орасида Қудурийнинг мухтасари ёзилишига кўра муайян асардан қисқартириб олинмаган ва муаллиф ҳам бу ҳақда изоҳ қолдирмаган. Кичик тадқиқот асносида унинг турли воситалар асосида “Зоҳирур ривоя” масалалари боғланишини очиб беришга ҳаракат қилинган. Шунингдек, унинг ёзилиш услуби, маълумотларга бойлиги уни ҳанафийлар учун доимо фойдаланадиган манбага айлантирганлиги таҳлил этилган. Мазкур матн “Усул” деб номланган олтита китобга қандай боғланиши ва ҳанафий мазҳабининг кейинги кўплаб китобларга асос бўлиб хизмат қилганлиги ўрганилган. Бу китобнинг аҳамияти ҳақида айтилган маълумотлар келтирилган. “Мухтасарул Қудурий” ҳанафий фиқҳида энг кўп фойдаланилган китоблардан ҳисобланади. Мақолада яна қуйидагилар тадқиқ этилди: асар яратилганидан бошлаб унга шарҳлар ва ҳошиялар битилган; унинг асосида мўътабар матнлар ёзилган, китобни вазнга солиб манзума шаклида асарлар ёзилган; уни яна ҳам мухтасар қилиб оддийроқ китоблар яратилган; замонавий тадқиқотчилар уни қайта изоҳлаган; савол ва жавоб услубида китоблар таълиф этилган ва асар турли тилларга таржималар қилинган. Кўп эътирофлардан матн китоблари орасида ҳам ишончли ва мўътабар китоб эканлиги ёритилган.
23-3244504-07-2026 -
“МЕЪЁРУ-Т-ТАДОЙЙУН” – ДИНИЙ-АХЛОҚИЙ МАНБА СИФАТИДА
Ismat NAIMOV (Muallif)XIX асрнинг иккинчи ярмида фаол илмий изланишлар олиб бориб, ўзидан бой илмий мерос қолдирган маърифатпарвар ва қомусий аллома Аҳмад Донишнинг диний йўналишдаги фаолияти маҳсули ҳисобланган “Меъёру-т-тадоййун” асари бугунги кунга қадар етарлича ўрганилмаган. Асар номи илмий жамоатчиликка маълум бўлса-да, унинг маъно-мазмуни ва моҳияти ҳали илмий жиҳатдан таниш эмас. Шуни ҳисобга олиб мақолади, диний-ахлоқий йўналишдаги мазкур асарнинг яратилишига сабаб бўлган қатор омиллар, дунё динлари тарихининг ёритилиши, ҳар бир дин вакили ўз эътиқодини тўғри деб ҳисоблашига ҳуқуқи борлиги, киши иймонли шахс сифатида камол топишида зарур бўлган талаблар ҳақида асар муаллифининг фикрлари таҳлил этилган.
Таъкидлаш лозимки, Аҳмад Дониш Россия империясида кўрган таассуротлари натижасида Бухоро амирлигида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишни таклиф этган. Бу ислоҳотлар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ўз ичига қамраб олган. Шунингдек, аллома диний хилма-хилликдан иборат бўлган Бухоро амирлиги фуқароларини ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшашларига асос бўлиб хизмат қилувчи ислоҳотномасини ҳам ишлаб чиққан ва уни тарғиб қилишни мақсад қилган. Мазкур асарнинг илмий жиҳатдан ишончли бўлиши учун маърифатпарвар ўзидан олдин ўтган аждодлари илмий мероси ва тарихий манбаларга мурожаат этган бўлиб, улар орқали ўзи таклиф этаётган фикрларининг тўғрилигини мустаҳкамлашга ҳаракат қилганлигини эътироф этиш жоиз. Хусусан, Шайх Фариддин Атторнинг “Тазкиратул-авлиё”, Мавлоно Жомийнинг “Нафаҳоту-л-унс”, Сарви Бўстонийнинг “Мизону-л-ҳақ”га раддияси ҳисобланган “Таъдилу-л-мизон”, Абдуллоҳ Машҳадийнинг “Мизону-л-мавозин”, Ҳофиз Ғулом Ҳалим Деҳлавийнинг “Насиҳату-л-мўъминин”, Абдулқодир Ғелонийнинг “Раббонийликни англаш”, Имом Ғаззолийнинг “Кимиёи Саодат” шунингдек, қатор диний-ахлоқий асарлар “Канзу-л-ирфон”, “Ҳадиси Қудсий” каби манбалардан ўз асарини янада мазмунан бойитишга ва диний қарашларини улардан келтирилган далиллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Шунингдек, Қуръони Каримга тафсир, Таврот ва Инжилнинг форс тилидаги таржималарини мутолаа этишни тавсия этадики, булар асарнинг илмий қимматини янада оширганлигини таъкидлаш жоиз.
Асарнинг бугунги кундаги аҳамияти тўғрисида мақола муаллифи ўз фикрларини баён этиб, авваламбор, асар динлараро бағрикенгликни таъминлаш, улар ўртасидаги қарама-қаршиликларни ислоҳ қилиш ҳамда бир-бирларига толерантлик муносабатида бўлишларининг заруриятини қатор мисоллар билан таъкидлаган. Шунингдек, асл ислом таълимотининг моҳиятини англашда мазкур манбада келтирилган – илм-маърифатли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаб ватан равнақига хизмат қилиш каби фикрларнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида муаллифнинг илмий хулосалари берилган.
46 - 5429505-07-2026 -
ТУРКИСТОН ЖАДИДЛАРИДАН ОБИДЖОН МАҲМУДОВ ФАОЛИЯТИ МАҲАЛЛИЙ ВА ЧЕТ ОЛИМЛАРИ НИГОҲИДА
Nodirbek KOMILOV (Muallif)Ушбу мақолада мамлакатимиз тарихида юксак ўринга эга бўлган йирик аллома Обиджон Маҳмудов, унинг жамият ривожидаги ўрни ва у томонидан илгари сурилган қарашлар, ғоялар акс эттирилган. Шу сабабли ҳам, уларнинг ҳаёт йўллари, асарлари ва ғояларини ўрганиш – бугунги кун тарихчиси учун ғоят муҳим аҳамият касб этиши кўрсатилган. Бундан ташқари, олим томонидан ватанимиз, халқимиз тараққиёти учун жуда катта ислоҳотлар амалга оширилганлиги, бунга шонли тарихимиз гувоҳ эканлиги тасвирланиши баробарида олимнинг Қўқон жадидларининг сиёсий етакчиси ҳамда йирик ношир сифатидаги фаолиятининг янги қирралари, йирик тадбиркор ва сиёсий арбоб сифатидаги тарихимизда учрамайдиган фаолияти ҳамда қарашлари маҳаллий ва чет эл олимлари асарлари ҳамда даврий нашрлари асосида ёритилган. Шунингдек, мақолада олимнинг ношир сифатидаги фаолияти Туркистон ва Қўқонда газета ҳамда журналлар сонининг ошишига олиб келганлиги аниқ далиллар билан исботлаб берилган, унинг Туркистон мухториятида вазир ҳамда Қўқон шаҳар думасида депутат сифатидаги фаолияти амалий жиҳатдан ёритилган. Энг муҳими, унинг ҳаракатлари туфайли Қўқон шаҳар савдо-саноат биржаси ташкил этилганлиги кўрсатиб берилган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёт йўли ва миллий тараққийпарварлик ҳаракати тараққиётига қўшган ҳиссасига доир маълумотлар ва илмий хулосалардан ушбу йўналишга оид илмий тадқиқотлар олиб боришда олий ўқув юртлар, умумтаълим ва ўрта-махсус таълим тизими учун дарслик ва ўқув қўлланмалар яратишда, тегишли давлат музейлари учун экспонатлар тайёрлашда фойдаланиш мумкин. Қолаверса, мақоланинг илмий янгилиги ҳамда амалий аҳамияти жиҳатдан долзарб бўлиши билан биргаликда, ватанимиз тарихи билан қизиқадиган тадқиқотчилар ҳамда кенг жамоатчилик учун муҳим манба бўлиши мумкин
57-6518301-07-2026 -
ЯССАВИЙ ИЗДОШЛАРИ ИЖОДИНИНГ МАНБАШУНОСЛИГИ МАСАЛАЛАРИ
Maryam ISHMUKHAMEDOVA (Muallif)Ушбу мақолада Аҳмад Яссавий асос солган “Яссавия мактаби шоирлари” деб номланган адабий мактабга мансуб шоирлар ижоди ҳақида сўз боради. Бу мактаб шогирдларининг асарлари қўлёзма манбалар орқали етиб келганлиги боис Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган уларнинг асарлари ўрин олган қўлёзма манбалар асосида иш кўрилган. Бу мактаб шоирлари кимлар, улар ижодидаги ўхшашлик ва ўзига хосликлар мисоллар ёрдамида очиқлаб берилган. Шунингдек, уларнинг асарлари қўлёзмалардан қай даражада ўрин олган, кейинги изланишлар натижасида бу шоирлар сафи қай даражада кенгайганлиги ҳақида маълумотлар берилган. Юқорида мазкур бўлган институт фондида сақланаётган бу мактаб шиорлари асарлари ўрин олган қўлзмалар таҳлил қилиниб, улар гуруҳлаб чиқилган. Мақоланинг давомида Яссавия мактаби шоирларига хос бўлган хусусиятлар бир мавзу доирасида бир неча ижодкорнинг асар ёзиши масаласига эътибор қаратилиб, уларнинг ёзган бундай асарлари қиёслаб ўрганилиб, натижалари таҳлил этилган. Шу билан бирга бу адабий мактаб шоирлари қаламига мансуб шеърий қиссачилик ҳақида, улардаги мансублик масаласининг ҳал этилиши зарур бўлган жиҳатлари ҳақида ҳам сўз юритилган. Ва бу масалани ҳал қилишда юқори даражадаги манбашунослик ва матншунослик тадқиқоти олиб борилиши зарурлиги таъкидланган. Бугунги Яссавийшунослик олдида турган долзарб муаммолар ҳақида фикр юритилар экан, унинг издошлари ижодини жиддий ўрганилиши лозим бўлганлиги, уларнинг ҳар бирининг асарлари ўрин олган қўлёмалар каталогини ва асарлари илмий матнларини тузиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлиги таъкидланган. Бунда айрим қўлёзмаларда Аҳмад Яссавийга нисбат берилаётган бир неча шеърий қиссалар матни унинг ҳикматларига услубий жаҳатдан қёслаб ўрганилган. Изланиш натижалари баён этилган. Яссавийшуносликда бугунча “шайхул-машойих”нинг шеърий қисса ёзганлиги маълум эмас. Шунинг учун бу масалаг жиддий ёндошиб, узил-кесил хулоса чиқаришга шошилмаслик таъкидланган. Шу билан бирга Яссавийга нисбат берилган шеърий қиссалар парчаларни унинг издошлар асарлари билан қиёсланган.
60-7024304-07-2026
