- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
XI-XII АСРЛАР МОВАРОУННАҲРДА ЁЗИЛГАН ҲАНАФИЙ ФИҚҲИГА ОИД АСАРЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС УСЛУБЛАРИ
Bekzodbek MUXTAROV (Muallif)Ушбу мақола XI-XII асрларда Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий фиқҳига оид асарларнинг тадқиқига бағишланган. Маълумки, XI–XII асрларда Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожининг олтин даври ҳисобланади. Ҳанафий фиқҳи илмининг иккинчи йирик соҳаси «фуруъ ал-фиқҳ» илми бўлиб, у «усул ал-фиқҳ» илмида белгилаб берилган қоидалар асосида ишлаб чиқилган амалий ҳукмлар мажмуи ҳисобланади. Унда мужтаҳидларнинг шаръий далиллари, улар асосида чиқарилган ҳукмлар ва фатволар жамланган. Ўрганувчиларга осон бўлиши учун ҳукмлар мавзулар асосидаги матнлар шаклида тартибланган. Тили равон, халқчил, замон ва макон шароитлари инобатга олинган, замонавий масалалар ҳамда фатволар киритилиб, мазҳаблар ҳукмлари қиёсланади.
Мазкур даврда ўлкада ҳанафий фиқҳ илмининг усул ва фуруъ йўналиши ҳамда уларнинг матн, жадал, хилоф, аҳком, фароиз, шурут, адаб ал-қози, ҳиял, сияр, ихтисоб, фиқҳий қоидалар илми ҳамда фатво жанрларида 50 га яқин машҳур асарлар таълиф этилган. XI–XII асрларда ёзилган фиқҳий манбалар методологияси кейинги даврдаги асарлар ёзилишига асос бўлиб хизмат қилди. Жумладан, фуруъ ал-фиқҳ илмига оид: Абул Ҳусайн Қудурийнинг «Мухтасар ал Қудурий», Абу Лайс Самарқандийнинг «Хизонат ал фиқҳ», Имом Сарахсийнинг «ал-Мабсут», Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфат ал-фуқаҳо», Алоуддин Косонийнинг «Бадое ас-саное фи тартиб аш-шарое», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Бидоят ал-мубтадий» ва «ал-Ҳидоя шарҳ ал-бидоят ал-мубтади» ҳамда Носируддин Самарқандийнинг «ал-Фиқҳ ан-нофеъ» каби мўътабар матнлар ҳам мазкур даврда таълиф этилган.
XI–XII асрларда Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий мазҳабининг фиқҳий мўътабар манбалари ўз соҳасининг етук олимлари, ишончли фақиҳлари томонидан ёзилган. Мазкур асарлар: заиф ривоятлар, кучсиз сўзлардан холи, фиқҳий ихтилофларнинг барчаси келтириб ўтилмагани, ўқилиши осон, далил ва ҳужжатлар зикр этилмаслиги, қисқа ва ёдлашга осон бўлиши билан ажралиб туради. Шу билан бирга, мазҳаблар ўртасидаги фиқҳий ихтилофлар ҳам зикр этилган бўлиб, бу эса мазҳаблар ва уларнинг далиллари борасидаги фиқҳий масалаларни тўғри ва чуқур англаш, қиёсий тадқиқ эта олиш кўникмасининг шаклланишида муҳим саналади.
Ушбу мақолада Мовароуннаҳрда ёзилган ҳанафий фиқҳига оид асарлар, уларнинг жанри, услублари, муаллифларнинг ўзига хос ёндашувлари ҳамда ҳанафий фиқҳ илми ривожидаги ўрни тадқиқ этилган.
98 - 10514506-07-2026 -
МУСТАМЛАКА МАЛАЙЗИЯДА СОЛИҚ ВА ЕР ИСЛОҲОТЛАРИ
Avazbek GANIYEV (Muallif)18-19 асрларда Англия таъсири бутун Малая иқтисодиёти ва жамиятининг аҳволини ўзгартира бошлади. Қалай қазиб олиш саноатини янада кенгайтиришга қаратилган қадамлар бутун жамиятни қамраб олган бурилиш нуқтаси бўлди. Пенанг, Малакка ва Сингапур инглиз бўғозлари аҳоли пунктлари 1786-1825 йилларда ташкил топган ва уларни Ост-Ҳинд компанияси бошқарган. Қалай савдоси хусусий шахсларга ҳам очиқ эди. Кейинчалик ривожланиш учун кўпроқ ишчи кучи ва маблаг жалб қилиниши зарур эди ва натижада хитойликлар марказий ролни ўйнашди, Сунгеи Ужонг ва Негери Сембиланнинг қалай қазиб олиш саноатига катта миқдорда сармоя киритишни бошладилар. Ушбу мақола Малаянинг солиққа тортилиши ва ер масалалари бўйича мустамлакачилик вақтидаги ислоҳотларни муҳокама қилади. Илмий манбааларни ўрганишга асосланган тадқиқот усулларидан фойдаланган ҳолда, ушбу тадқиқот мустамлака солиқлари ва ер масалаларини ўрганиб чиқди. 19-асрнинг сўнгги йигирма йиллигида ер муносабатларида юз берган ислоҳотлар мустамлакадан олдинги даврда мавжуд бўлган қишлоқ хўжалигини инглизларга експортга асосланган ривожланган ва тизимлаштирилган даромад ишлаб чиқарувчиси сифатида қайта шакллантиришга ёрдам берди. ХIХ асрнинг сўнгги чорагида экспорт қилинадиган экинлар етиштириш ҳажми шиддатли ўсди. 20-асрнинг 20-йилларида содир бўлган каучук депрессияси палма ёғига муваффақиятли қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бўлишига имконият яратди. Кўплаб плантациялар майдонлари катта бўлган; 1933 йилга келиб 64000 гектар екилган 32 та мулк мавжуд еди ва 1941 йилга келиб бу майдонлар 79000 га етди. Ҳокимият пальма ёғи ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва иқтисодиётни диверсификатсия қилиш мақсадида ерларни имтиёзли шартларда берди. Ушбу тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мустамлакачилик ҳукмронлигининг охирида инглизлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун ер егалари учун фойдали шартларда фойдаланишга беришни бошладилар.
56 - 6223604-07-2026 -
ЎЗБEКИСТОНДА ТУРИЗМНИНГ РИВОЖЛАНИШИДА МОБИЛ ИЛОВАЛАРНИНГ САЛМОҚЛИ ҲИССАСИ
Alimjon DADAMUXAMEDOV (Muallif)Маълумки ҳудудларни жадал ривожлантириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, шунингдек, инвестицион жозибадорликни яхшилашга ёрдам берувчи стратегик тармоқлардан бири сифатида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Замонавий ахборот технологиялари зиёрат туризмини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Зиёрат туризмида интернет-туристик хизматларни реклама қилиш, ҳозирги вақтда, саёҳат агентлигининг самарали веб-сайтини яратмасдан, унинг ишини автоматлаштириш жараёнини амалга ошира олмайди.
Ушбу мақола зиёрат туризми соҳасини такомиллаштиришга қаратилган Интернет-технологияларни таҳлил қилишга бағишланган. Мақоланинг амалий аҳамияти минтақада зиёрат туризми соҳаси фаолиятини қўллаб-қувватловчи замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллашдан иборат. Юртимизнинг кўҳна меъморий ва тарихий обидалари жаҳонда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, кейинги йилларда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар туфайли хорижий сайёҳлар сафи тобора кенгаймоқда. Бундан ташқари, сайёҳлар учун экотуризм, гастрономик туризм, агротуризм, спорт туризми каби янги йўналишлар ўзлаштирилиб, анъанавий маданий-маърифий тадбирлар, фестиваль ва кўрик-танловлар ўтказилади. Қадимий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар, тарихий ва маданий ёдгорликлар билан бир қаторда, бетакрор маданияти ва анъаналари, хушманзара табиати ҳамда файзли гўшалари билан сайёҳларни ўзига ром этиб келаётган мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туризм индустрияси ҳамда инфратузилмасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни Жаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (WTTC) томонидан “Саёҳат ва сайёҳлик саноатининг иқтисодий натижалари” бўйича ўтказилган тадқиқотларда республикамиз сайёҳлик соҳаси жадал тараққий топаётган беш давлатнинг бири сифатида қайд этилгани мисолида яққол кўришимиз мумкин.
175 - 1835304-07-2026 -
ЁШЛАР ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЕТАКЧИ КУЧИ СИФАТИДА
Mukhtor NAZIROV (Muallif)Мақолада давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик институтлари ўртасидаги самарали ўзаро алоқалар хусусияти таҳлил қилинган. Ёшларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ва уларга самарали ижтимоийлашувида ёрдам бериш Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида кўриб чиқилган. Мақолада ёшларга замонавий таълим ва тарбия бериш ҳамда уларни мамлакатни ривожлантиришда ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти кўрсатилган.
Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги – замонавий жамиятнинг асосий кўрсаткичларидан бири эканлиги таъкидланган. Мазкур мақола ёшлар сиёсати, бу борадаги БМТ томонидан қабул қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ёритади. Масаланинг долзарблиги шундаки, дунёни қамраб олаётган глобаллашув жараёнларининг чуқурлашуви ва ундан келиб чиқаётган муаммо ва чақириқларни ёшлар иштирокисиз ҳал этиб бўлмайди. Шу боис мазкур масала жаҳон ҳамжамиятининг, хусусан БМТнинг ҳам устувор йўналишларидан ҳисобланади. Зеро, XX асрнинг ўрталаридан бу масала 130 дан ортиқ давлатлар сиёсатининг объектига айланган.
Мақолада ёшларга оид сиёсат борасида ривожланган мамлакатлар ва Ўзбекистон тажрибалари, ёшлар муаммоларининг умумий ва ўзига хос жиҳатлари таҳлил қилинган.
У ёки бу мамлакатнинг ёшларга оид давлат сиёсатини олиб боришида икки, яъни Европа ва англосаксон моделларини ажратилади. Европа модели ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда давлатнинг етакчи ролига асосланиб, ушбу сиёсатнинг устувор йўналишлари, мақсад, вазифа ва кутилажак натижалари аниқ белгилаб олинади. Англосаксон моделга кўра, ёшлар сиёсатини амалга оширишда давлат органларининг тизимли иштироки кузатилмайди, унга ёшлар ташкилотларининг кўнгилли ва эркин иштироки хос бўлиб, уларнинг фаолияти давлат томонидан қўллаб-қувватланади.
Мақолада жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида ёшларнинг ролини оширишга қаратилган Ўзбекистон янги сиёсатининг асосий йўналишлари кенг ёритилган. Бунда ёшлар ташаббусларини давлат ва ёшлар ташкилотлари томонидан тенг қўллаб-қувватланишига урғу берилган. Шундан келиб чиқиб, қайд этиш мумкинки, ёшлар билан очиқ мулоқот Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида стратегик йўналишга айланди. Бу стратегияда ёшларнинг ижтимоий фаоллиги, уларнинг замонавий, демократик давлатни шаклланиши жараёнларига дахлдорлигини ошириш ҳал этувчи ўринга эга бўлмоқда.
107 - 11628004-07-2026 -
МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ИСЛОМ ДИНИНИНГ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВА МАЪНАВИЙ ҲАЁТГА ТАЪСИРИ
Ilhomjon BEKMIRZAEV, Irodaхon GAFUROVA (Muallif)Ушбу мақолада Марказий Осиё мустақил маънога эга бўлган минтақавий цивилизациялардан бири бўлганлиги, кўп асрлик ривожланиш жараёнида мазкур цивилизация жузъий антропологик, ижтимоий, сиёсий, тил, диний ва бошқа ўзгаришларга қарамасдан доимий ўзига хос қонуниятлари, жиҳатлари шаклланиб борганлиги ҳамда Ўзбекистон ҳудудларида жойлашган марказий шаҳарлар ҳисобланган Бухоро ва Самарқандда миллий қадриятлар ислом цивилизациясининг асосини ташкил этгани, юзлаб авлодлар тажрибаси асосида шаклланган мазкур қадриятлар билан уйғунлашиб кетган бой диний ва тарбиявий тажрибалар тўплангани, Марказий Осиё ҳудудларида VII асрдан бошлаб ислом дини тарқала бошлагандан, минтақада ислом илмларининг миллий маданият билан алоқалари қандай тарихий босқичлар орқали мустаҳкамланиб борганлиги ҳақида бирламчи манба ва тадқиқотларга таяниб таҳлилий маълумотлар илгари сурилади. Шунингдек, ушбу мақолада Марказий Осиё ва ислом маданиятлари ўзаро таъсир этиш ва ўзлаштириш даври ҳамда Марказий Осиё ислом минтақавий формаси шаклланган ва барқарорлашган даврининг ўзига хос жиҳатлари илмий асосланган. Ислом тарихида мазҳаблар вужудга келган даврдан бошлаб (VIII аср охири, IX аср боши), ҳанафийлик мазҳаби конкрет сиёсий-ижтимоий сабабларга кўра Марказий Осиёда етакчи, баъзи ҳолларда эса диний ҳаёт соҳасида ягона кучга айланганлиги учун бу жараёнлар унинг бевосита фаол қатнашуви ва ғоявий етакчилигида ўтганлиги ҳам мақолада илмий асосланган. Ушбу мақола орқали ўқувчи исломнинг Марказий Осиёдаги тарихи, унинг минтақа маданиятидаги ўрни, миллий қадриятлар билан муштараклашув хусусиятларини ўрганишда ҳанафийлик мазҳабининг роли бағоят муҳим бўлганлигини тушиниб етади. Мазкур мақолада яна илк ҳанафийлик мазҳабининг минтақадаги муваффақиятида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг тарихий-маданий марказ сифатидаги ўрни, Мовароуннаҳрдаги ислом илмлари ривожида минтақанинг турли катта-кичик шаҳарларида етишиб чиққан олимларнинг роли катта бўлганлиги алоҳида таъкидланади
4-1524404-07-2026 -
“МЕЪЁРУ-Т-ТАДОЙЙУН” – ДИНИЙ-АХЛОҚИЙ МАНБА СИФАТИДА
Ismat NAIMOV (Muallif)XIX асрнинг иккинчи ярмида фаол илмий изланишлар олиб бориб, ўзидан бой илмий мерос қолдирган маърифатпарвар ва қомусий аллома Аҳмад Донишнинг диний йўналишдаги фаолияти маҳсули ҳисобланган “Меъёру-т-тадоййун” асари бугунги кунга қадар етарлича ўрганилмаган. Асар номи илмий жамоатчиликка маълум бўлса-да, унинг маъно-мазмуни ва моҳияти ҳали илмий жиҳатдан таниш эмас. Шуни ҳисобга олиб мақолади, диний-ахлоқий йўналишдаги мазкур асарнинг яратилишига сабаб бўлган қатор омиллар, дунё динлари тарихининг ёритилиши, ҳар бир дин вакили ўз эътиқодини тўғри деб ҳисоблашига ҳуқуқи борлиги, киши иймонли шахс сифатида камол топишида зарур бўлган талаблар ҳақида асар муаллифининг фикрлари таҳлил этилган.
Таъкидлаш лозимки, Аҳмад Дониш Россия империясида кўрган таассуротлари натижасида Бухоро амирлигида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишни таклиф этган. Бу ислоҳотлар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ўз ичига қамраб олган. Шунингдек, аллома диний хилма-хилликдан иборат бўлган Бухоро амирлиги фуқароларини ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшашларига асос бўлиб хизмат қилувчи ислоҳотномасини ҳам ишлаб чиққан ва уни тарғиб қилишни мақсад қилган. Мазкур асарнинг илмий жиҳатдан ишончли бўлиши учун маърифатпарвар ўзидан олдин ўтган аждодлари илмий мероси ва тарихий манбаларга мурожаат этган бўлиб, улар орқали ўзи таклиф этаётган фикрларининг тўғрилигини мустаҳкамлашга ҳаракат қилганлигини эътироф этиш жоиз. Хусусан, Шайх Фариддин Атторнинг “Тазкиратул-авлиё”, Мавлоно Жомийнинг “Нафаҳоту-л-унс”, Сарви Бўстонийнинг “Мизону-л-ҳақ”га раддияси ҳисобланган “Таъдилу-л-мизон”, Абдуллоҳ Машҳадийнинг “Мизону-л-мавозин”, Ҳофиз Ғулом Ҳалим Деҳлавийнинг “Насиҳату-л-мўъминин”, Абдулқодир Ғелонийнинг “Раббонийликни англаш”, Имом Ғаззолийнинг “Кимиёи Саодат” шунингдек, қатор диний-ахлоқий асарлар “Канзу-л-ирфон”, “Ҳадиси Қудсий” каби манбалардан ўз асарини янада мазмунан бойитишга ва диний қарашларини улардан келтирилган далиллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Шунингдек, Қуръони Каримга тафсир, Таврот ва Инжилнинг форс тилидаги таржималарини мутолаа этишни тавсия этадики, булар асарнинг илмий қимматини янада оширганлигини таъкидлаш жоиз.
Асарнинг бугунги кундаги аҳамияти тўғрисида мақола муаллифи ўз фикрларини баён этиб, авваламбор, асар динлараро бағрикенгликни таъминлаш, улар ўртасидаги қарама-қаршиликларни ислоҳ қилиш ҳамда бир-бирларига толерантлик муносабатида бўлишларининг заруриятини қатор мисоллар билан таъкидлаган. Шунингдек, асл ислом таълимотининг моҳиятини англашда мазкур манбада келтирилган – илм-маърифатли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаб ватан равнақига хизмат қилиш каби фикрларнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида муаллифнинг илмий хулосалари берилган.
46 - 5429505-07-2026 -
ҒАЗЗОЛИЙНИНГ “АЛ-ҚИСТОСУ-Л-МУСТАҚИМ” (ТЎҒРИ ТАРОЗИ) АСАРИДА БИЛИШ НАЗАРИЯСИ
Davronbek H. QODIROV (Muallif)Бугунги кунда юртимизда Учинчи Ренессансни барпо этиш, ёшларга аждодларимиз меросини етказиш ва ислом фалсафаси асосларидаги ахлоқий-маънавий ғоялар руҳида тарбиялаш ижтимоий фанлар олдидаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Шунинг учун юртимизда асрлар давомида шаклланган ва қарор топган диний-фалсафий қарашлар замирида ётган манбалар ҳамда уларда баён этилган тафаккур дурдоналарини ўрганиш ва тадқиқ этиш муҳим ўрин тутади. Шундай фалсафий асарлардан бири илк уйғониш даврида, яъни XI асрларда яшаб, ижод қилган мутафаккир, фақиҳ, файласуф ва мутасаввиф олим Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолийнинг “Ал-қистос ул-мустақим” (Тўғри тарози) асари ҳисобланади. Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Ал-қистос ул-мустақим” асари “Иҳё улуми-д-дин” асаридан кейин ёзилган бўлиб, унда мутафаккирнинг исмоилийлар таълимотига қарши ёзилган мантиқий далиллар асосидаги фалсафий қарашлари ўрин олган. Ушбу мақолада Ғаззолийнинг исмоилийлар қарашларини қандай мезонлар асосида ўлчагани, тўғри тарози деганда нимани тушуниши, диний-фалсафий қарашлари таҳлил қилинган. Мақолада ашёларнинг қадр-қиммати бирламчи зарурий илмлар билан аниқланиши, тажрибадан ёки ақл-идрокнинг табиий мулоҳазасида келиб чиқиши, Ғаззолий ақл-идрокни “ғаризат ул-ақл”, ақл инстинкти деб тавсифлаши, инсонда туғилганидан жо бўлган сифат ёки фикрлаш шакли маъносидаги ақл ғаризаси эканлиги ҳақида сўз боради. Хусусан, мутафаккирнинг тажриба, ғариза тўғрисидаги фикрлари, Арастунинг “ал-улум ул-аввалия” ва унинг ботинийлар таълимотига қарши мантиқ илми силлогизмларидан фойдаланишига эътибор қаратилган. Шунингдек, Ғаззолийнинг фалсафий билиш деганда нимани тушуниши, ҳақиқатни нима асосида билиш мумкинлиги, раъй (фикр, қараш) ва қиёс (аналогия) воситаси ва илмни тарозида қандай ўлчаш мумкинлиги, баҳсли масалаларда Қуръон ва суннатга кўра муқобил ҳолда шахсий фикр асосида қарор қабул қилиш, Қуръоннинг мезонлари мақолада мисоллар билан кўрсатиб берилган. Мақола сўнгида Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Ал-қистос ул-мустақим” асаридан биринчи боб, билиш мезони тўғрисидаги қисмидан таржима келтирилган. Бу эса мутафаккирнинг оламни билишда илмнинг мезонлари ҳақидаги тасаввурини ўрганиш учун ёрдам беради.
15-2229304-07-2026 -
ДИНШУНОСЛИКНИ ЎҚИТИШДА ЗАМОНАВИЙ УСЛУБЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ АҲАМИЯТИ
Mahfuza ALIMOVA (Muallif)Мақола диншуносликка оид мавзуларни ўзлаштиришда таълим олувчиларда таҳлилий ва танқидий, мустақил фикрлашга ундайдиган замонавий методлардан фойдаланишни усулларини ўрганишга бағишланган. Мақолада олий таълимда халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрлар тайёрлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини намоён этиши ва маънавий баркамол шахс сифатида шаклланиши учун зарур шарт-шароит яратиш, олий таълим муассасаларининг ўқув режаларини кредит-модуль тизимига ўтказиш механизмларини ишлаб чиқиш ва уларни босқичма-босқич мазкур тизимга ўтказиш бўйича амалга оширилаётган қатор чора-тадбирлар ёритилган.
Таълим жараёнида маъруза, семинар машғулотларини ташкил этишдаги замонавий ёндашувлар, диншуносликка оид мавзулардаги маърузаларнинг самарасини ошириш, маълумотларни қиёслашда диаграммалар, схема, жадвал, график каби кўргазмали қуроллардан фойдаланиш, “Ақлий ҳужум”, “Концептуал жадвал”, “Блиц-ўйин”, “Мунозара” каби услубларни қўллаш механизмлари кўрсатилган. Динлар билан боғлиқ бирор муаммо бўйича таълим олувчилар томонидан билдирилган эркин фикр ва мулоҳазаларни тўплаб, улар орқали маълум бир ечимга келишга қаратилган методларни оғзаки шаклини қўллаш усуллари ёритилган.
Мазкур услубларда таълим берувчи томонидан берилган саволларга таълим олувчиларнинг ҳар бири ўз фикрини оғзаки билдириши, таълим олувчилар ўз жавобларини аниқ ва қисқа тарзда баён этишлари билан боғлиқ қоидалар акс этган. Методлар тўғри ва ижобий қўлланилганда шахсни эркин, ижодий ва ностандарт фикрлашга ўргатади, таълим олувчиларнинг барчасини жалб этиш имконияти бўлади, шу жумладан, уларда мулоқот қилиш ва мунозара олиб бориш маданияти шаклланади.
Шунингдек, мақолада шахсга йўналтирилган таълим – талабанинг фикрлаш ва ҳаракат стратегиясини инобатга олган ҳолда унинг шахси, ўзига хос хусусиятлари, қобилиятини ривожлантиришга йўналтирилган таълим усули экани, унда ўқитиш муҳитининг талаба имкониятларига мослаштирилишини назарда тутиши очиб берилган. Замон талабларига кўра ташкил этилган таълим муҳити, педагогик шарт-шароитлар, таълим ҳамда тарбия жараёни талабанинг шахсий имкониятларини рўёбга чиқариш, қобилиятини ривожлантириш, шахс сифатида камолотга етишини таъминлаш, тафаккури ва дунёқарашини бойитиши ёритилган.
56 - 6519406-07-2026 -
ЎРТА АСР МИСР ТАРИХЧИЛАРИ ҲАҚИДА
Zukhra ARIPOVA (Muallif)Ушбу мақолада Мисрда мамлуклар ҳукмронлиги даври (1250-1517) тарихчиларининг ҳаёти, фаолияти ва улар томонидан қолдирилган мерос ҳақида сўз боради.
XIII–XV асрларда Миср ўрта аср шарқ мамлакатлари ичида мамлуклар фаолияти туфайли ўзига хос мавқега эга бўлган. Миср тарихида мамлуклар ҳукмронлигининг ўрнатилиши, мамлакатда ҳарбий лашкарбошиларнинг устунликни қўлга киритиши, баҳрий мамлук султонларининг юксалиш жараёнлари (1250-1382) ва буржий (черкес) мамлуклари ҳукмронлиги давридаги (1282-1517) сиёсий жараёнлар ўзига хос ўринга эга бўлиб, Яқин Шарқдаги салибчилари ва мўғуллар билан курашларда қозонилган ғалабалари боис мамлук султонлари обрў-эътибори ошиб кетган.
Мазкур мақолада Ибн ал-’Асир ‘Али ибн Аҳмад, Ибн Халдун ‘Абд ар-Раҳмон, ал-‘Умарий, Шаҳоб аддин ал-Қалқашандий, Ал-Мақризий Тоқий ад-дин , Аз-Зоҳирий, Халил ибн Шаҳин, Ибн Тағриберди Абу ал-Маҳосин, ибн До’уд Ас-Сайрафий, Ас-Сахховий ‘Абд ар-Раҳмон, Ас-Суйутий Жалол ад-дин, Ибн Ийос Муҳаммад ибн Аҳмад ва Ибн Занбал ар-Руммол каби ўрта аср тарихчилари фаолияти ва асарлари ҳақида маълумотлар берилган.
Долзарблиги: Мустақиллик даврида ислом дини, ислом тарихига оид маълумотларни излаш, тадқиқ қилиш ва кенг оммага ёйиш имкониятлари юзага келди. Бу ўз навбатида тадқиқотчиларга изланишлари имконини берди. Мисрнинг мамлуклар тарихини ўрганиш орқали ўша даврдаги Мовароуннаҳр тарихининг кўп қирралари очилади. Асл манбалар орқали ушбу мавзуни ўрганилиши бу даврдаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий жараёнларни холисона баҳолаш имкониятини яратади.
Методлари: Мақола умум қабул қилинган тарихий методлар-тарихийлик, тизимлилик, холислик тамойиллари асосида ёритилган.
Хулоса: Миср тарихида мамлуклар даври номини олган XIII–XV асрлардаги тарихий асарлар билан бир қаторда турли илмий соҳалар бўйича ёзилган рисолалар, хилма-хил шарҳлар, қисқа илмий баёнлар (ал-мухтасар), луғатлар, шу жумладан араб-турк ва турк-араб тилларида луғатлар, адабий жанрлардаги насрий ва назмий асарлар ўша даврнинг холисона ёритилишига ёрдам беради.
46 - 5534204-07-2026
