- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
БУХОРО АМИРЛИГИДА МАҲАЛЛИЙ МУЛКДОРЛАР ҚАТЛАМИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ (XIX АСР ОХИРИ ВА XX АСР БОШЛАРИ)
Feruza `AMONOVA (Muallif)Мақолада Бухоро амирлигида XIX аср охири ва XX аср бошларида маҳаллий буржуазия қатламининг шаклланиши ва йирик мулкдорлар фаолияти ҳақида сўз боради. У архив ҳужжатлари ва тарихий тадқиқотларнинг қиёсий таҳлили асосида ёзилганлиги учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро амирлигида XIX аср охири – XX аср бошларида маҳаллий мулкдорлар қатламининг шаклланиши минтақада ўша даврда юз берган иқтисодий ва сиёсий омилларга боғлиқ бўлган. Россия империясининг Бухоро амирлиги устидан протекторатининг ўрнатилиши натижасида амирлик ҳудудига рус капитали кириб кела бошлайди. Рус ва хорижлик бошқа сармоядорлар маҳаллий аҳоли вакиллари орасидан етишиб чиққан буржуазия вакиллари: савдогарлар, тадбиркорлар, саноатчи бойлар, пахта ва ёғ-мой заводлари эгалари билан иқтисодий ҳамкорлик қилишларига тўғри келган. Амирликда шаклланган ўзбек сармоядорларининг тўнғич авлоди вакиллари минтақадаги бошқа маҳаллий мулкдорлар, яъни Туркистон генерал-губернаторлиги ва Хива хонлигидаги мулкдорлар, билан ўзаро рақобат ва ҳамкорликда иш олиб боришган. Бухоро савдогарлари, қоракўлчи ва заводчи бойлар бу пайтда Россиядан ташқари Туркия, Афғонистон, Германия, Франция, Италия ва бошқа хорижий давлатларда ҳам фаолият юритганлар.
Бухоро амирлигида вақф мулклари юз йиллар давомида мавжуд бўлиб, ўз мол-мулкининг муайян қисмини вақфларга ажратган бадавлат одамлар ва уларнинг меросхўрлари Бухоро мадрасалари, масжидлар ва бошқа муассасалар фаолиятида муҳим роль ўйнашган. Вақф ерларидан олинган даромад натижасида мадраса толибларининг харажатлари қопланган. Мударрис ва муллаваччалардан ташқари аҳолининг бошқа қатламлари (уламолар, қаландарлар, дарвешлар ва бошқалар) ҳам вақф мулкларидан келган даромадлардан фойдаланишган. Хусусан, Бухорода мадраса ва масжидлар фаолиятида, тарихий ёдгорликларни таъмирлаш ва сақлашда, зиёратгоҳ ва қабристонларни обод қилишда вақф мулкларидан тушган харажатлар ижобий роль ўйнаган.
230 - 2365224-06-2026 -
АЛИХОНТЎРА СОҒУНИЙНИНГ ТАРЖИМА АСАРЛАРИ: УМУМИЙ ТАВСИФ ВА БИРЛАМЧИ ТАҲЛИЛЛАР
Zarifjon ARSLONOV (Muallif)Алихонтўра Соғунийнинг (1885-1976) илмий мероси икки турли бўлиб, булар олимнинг ўзи томонидан ёзилган асарлар ва таржима асарларидан иборат. Мазкур мақолада олимнинг таржима асарлари, жумладан, Армени Вамберининг “Бухоро ёҳуд Мовароуннаҳр тарихи”, Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”, Аҳмад Донишнинг “Наводир ал-вақоеъ”, Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарлари, уларнинг ёзилиш тарихи, мазмуни ва ўзига хос жиҳатлари, тавсифланиб, бирламчи таҳлиллари олиб борилди. Алихонтўра Соғуний шахсияти унинг сиёсий фаолиятлари орқали барчага маълум. Лекин, унинг илмий меъроси ҳали етарли даражада тадқиқ этилмаган.
Масалан, олимнинг қаламига мансуб “Туркистон қайғуси” ва “Тарихи Муҳаммадий” асарлари бир неча бор нашр этилганига қарамай, алоҳида олиниб, ёзилиш давридаги сиёсий, маърифий ва диний муҳит, манбалари, уларда кўтарилган масалаларнинг бугунги ҳолати каби жиҳатлар синчиклаб ўрганилмаган.
Ушбу мақолада тавсиф ва таҳлили олиб бориладиган таржима асарлар хусусида тўхталадиган бўлсак, мазкур асарлар ўз йўналишлари бўйича шоҳ асарлар сирасига киради. Масалан, Амир Темурнинг дастлаб, туркий тилда битилган, лекин, бугунги кунда фақат, форсий нусхалари сақланиб қолган “Тузуклар”и ўз соҳаси бўйича тенгсиз ҳисобланади. Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”да айтилган етти турдаги нота масаласи эса ушбу асарнинг мусиқа соҳасида нақадар қимматли асар эканлигини кўрсатади.
Ваҳоланки, Европада битта нота маълум холос. Ўзининг айғоқчилик қобилияти билан, шунингдек, шарқ тиллари билимдони сифатида танилган венгриялик сайёҳ Армени Вамберининг “Бухоро ёҳуд Мовароуннаҳр тарихи” асари Соғуний томонидан ўзбек тилига ўгирилган яна битта тарихий манба саналади. Мазкур асар ўзида Ўрта Осиёнинг энг қадимги даврларидан то ХIХ асрнинг иккинчи ярмигача бўлган тарихини ўз ичига олиши ва кўплаб бирламчи манбалар асосида ёзилиши жиҳатидан алоҳида аҳамиятга эга. Аҳмад Донишнинг Бухоро амирлиги тарихига оид “Наводир ал-вақоеъ” асари Соғунийнинг яна бир кашфиётидир. Мазкур асарнинг аҳамияти хусусида таржимоннинг ўзи китобнинг кириш қисмида батафсил тўхталиб ўтган. Кўриниб турибдики, Алихонтўра Соғуний таржимасига қўл урган асарларнинг барчаси ўзида мужассам этган ноёб маълумотлари билан алоҳида аҳамиятга эгадир.
74 - 8148706-07-2026 -
XIX АСР ИККИНЧИ ЯРМИ – ХХ АСР БОШЛАРИ БУХОРО АМИРЛИГИДА ВАҚФ МУЛКЛАРИ
Nargiza ISMATOVA (Muallif)Мақола XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Бухоро амирлигидаги вақф мулклари тарихига бағишланган. Тадқиқотда бирламчи манбалардан саналган тарихий ҳужжатларга таянган ҳолда вақф қилинган мулклар, функционал хусусиятига кўра уларнинг турлари, ҳолати хусусида сўз юритилади.
Мавжуд маълумотлар асосида вақфга бериладиган ер мулклари ҳажмининг қисқариб бориши, бунга сабабчи бўлган омиллар очиб берилади. Тадқиқ этилаётган даврда шаҳарларда ер мулки билан бир қаторда савдо муассасаларини, дўконларни ҳам вақф қилиш ниҳоятда оммалашиб борганлиги, бунинг ижтимоий-иқтисодий сабаблари ёритилади.
Кўчар хусусиятига эга бўлган китоб, пул маблағлари вақфи хусусида ҳам маълумотлар берилади. Хусусан, пул маблағининг Бухорода вақф объекти сифатида таъсис этилишининг ўзига хос хусусиятлари таҳлилга тортилади.
Тадқиқ этилган архив ҳужжатларига кўра, Бухоро амирлигида ўрганилаётган даврда ер асосий вақф мулкларидан бири сифатида таъсис этилган. Бироқ қатор ички ҳамда ташқи омиллар сабабли унинг ҳажмида сезиларли қисқаришлар бўла бошлади. Шунингдек, вақфга берилган мулклар қаторида ҳунармандчилик ускуналари, дўконлар ҳамда савдо расталари сингари кўчмас мулклар ҳам кўп учраган.
Китобларни вақф cифатида таъсис этиш аввалдан давом этаётган анъана саналган. Уларни вақф этишдан асосий мақсад китобларни асраб˗авайлаган ҳолда келажак авлодларга тўла етказиш ва бу орқали илм узлуксизлигини таъминлаш бўлган.
Таъкидлаш жоизки, пул маблағини вақф қилиш шариатга кўра ихтилофли масалалардан бўлган. Дастлаб бу ҳолат аксарият уламолар томонидан маъқулланмаган бўлса-да, бироқ кейинчалик бунга ижозат берувчи махсус фатволар қабул қилинган. XIX аср иккинчи ярмидан бошлаб минтақада пулни вақф қилиш жараёни ортиб борди. Амирликда таъсис этилган пулдан фойдаланиш асоси мазкур маблағга ер, дўкон каби кўчмас мулк турларини сотиб олиш тарзида намоён бўлган.
37-4328318-07-2026 -
ШАРҚИЙ БУХОРО БЕКЛИКЛАРИ АҲОЛИСИ ҲУНАРМАНДЧИЛИГИ ТУРЛАРИ ВА ТРАНСФОРМAЦИОН ЖАРАЁНЛАР
Nurullo TURSUNOV (Muallif)Мақолада Шарқий Бухоро бекликларида ҳунармандчилик турлари бир-биридан фарқланганлиги илмий таҳлил қилинган бўлиб, буларга: Қарши беклигида – гиламдўзлик, кулолчилик, каштачилик, зардўзлик, тўқимачилик, қурол-яроғ ясаш, темирчилик, Шаҳрисабз беклигида – кичик замбараклар, шишалардан турли хил тақинчоқлар ясаш, заргарлик, чармгарлик, Шеробод беклигида – кўпроқ гиламдўзлик, кулолчилик, қайиқсозлик, Бойсун беклигида – темирчилик ва унга ишлов бериш, қишлоқ хўжалигида қўлланилувчи меҳнат қуролларини ясаш, қандолатчилик, Денов ва Юрчи бекликларида – ёғочсозлик (ўймакорлик ва бошқалар), кийим-кечак, зеб-зийнат тайёрлаш каби ҳунармандчилик турлари киради. Хусусан, Денов, Термиз, Бойсун, Шеробод, Қарши, Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарлари Ўзбекистон жанубининг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим роль ўйнаган ўзига хос саноат ва савдо марказлари ҳисобланган. Бу шаҳарлар Бухоро амирлиги иқтисодиётида муҳим ўрин тутган. Ҳунармандчилик Ўзбекистон жануби иқтисодиётининг етакчи тармоғи ҳисобланиб, унинг тўқимачилик, кулолчилик, темирчилик, дурадгорлик, кўнчилик каби турлари мавжуд эди. Уй ҳунармандчилиги шаҳарларга яқин жойлашган қишлоқларда қишлоқ хўжалиги хомашёларини қайта ишлаш билан боғлиқ ҳолда яхши ривожланганлиги ёритиб берилган.
Ўзбекистон жануби ҳунармандчилиги ўрганилаётган даврда ҳам қадимий анъаналарини ўзида жам этган ҳолда ўзига хос йўлдан ривожланган. Айниқса, XIX асрнинг иккинчи ярми – XX асрнинг бошларида ҳунармандчилик буюмлари ишлаб чиқаришда янги давр бошланганлиги, хорижий мамлакатларда тайёр ҳолда завод ва фабрика маҳсулотларининг кириб келиши натижасида баъзи бир ҳунармандчилик турлари, хусусан, тўқимачилик ишлаб чиқариш сифатининг пасайиб кетиши ва маҳаллий ҳунармандлар томонидан ясалган буюмларнинг бозорларда касодга учрай бошлаганлиги масалалари баён этилган.
Мақолада XIX асрнинг охири – XX асрнинг бошларида Шеробод, Денов, Бойсун, Термиз, Қарши, Шаҳрисабз, Китоб, Ғузор каби шаҳарлар ҳунармандчилик марказлари эканлиги батафсил ёритилган. XX aсрнинг бошларига келиб Россия ва бошқа чет давлатларда цех ва фабрикаларда ишланган замонавий саноат маҳсулотларининг кириб келиши ҳамда уларнинг маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларига таъсири ўз аксини топган.
43-5115223-06-2026 -
“МЕЪЁРУ-Т-ТАДОЙЙУН” – ДИНИЙ-АХЛОҚИЙ МАНБА СИФАТИДА
Ismat NAIMOV (Muallif)XIX асрнинг иккинчи ярмида фаол илмий изланишлар олиб бориб, ўзидан бой илмий мерос қолдирган маърифатпарвар ва қомусий аллома Аҳмад Донишнинг диний йўналишдаги фаолияти маҳсули ҳисобланган “Меъёру-т-тадоййун” асари бугунги кунга қадар етарлича ўрганилмаган. Асар номи илмий жамоатчиликка маълум бўлса-да, унинг маъно-мазмуни ва моҳияти ҳали илмий жиҳатдан таниш эмас. Шуни ҳисобга олиб мақолади, диний-ахлоқий йўналишдаги мазкур асарнинг яратилишига сабаб бўлган қатор омиллар, дунё динлари тарихининг ёритилиши, ҳар бир дин вакили ўз эътиқодини тўғри деб ҳисоблашига ҳуқуқи борлиги, киши иймонли шахс сифатида камол топишида зарур бўлган талаблар ҳақида асар муаллифининг фикрлари таҳлил этилган.
Таъкидлаш лозимки, Аҳмад Дониш Россия империясида кўрган таассуротлари натижасида Бухоро амирлигида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишни таклиф этган. Бу ислоҳотлар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ўз ичига қамраб олган. Шунингдек, аллома диний хилма-хилликдан иборат бўлган Бухоро амирлиги фуқароларини ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшашларига асос бўлиб хизмат қилувчи ислоҳотномасини ҳам ишлаб чиққан ва уни тарғиб қилишни мақсад қилган. Мазкур асарнинг илмий жиҳатдан ишончли бўлиши учун маърифатпарвар ўзидан олдин ўтган аждодлари илмий мероси ва тарихий манбаларга мурожаат этган бўлиб, улар орқали ўзи таклиф этаётган фикрларининг тўғрилигини мустаҳкамлашга ҳаракат қилганлигини эътироф этиш жоиз. Хусусан, Шайх Фариддин Атторнинг “Тазкиратул-авлиё”, Мавлоно Жомийнинг “Нафаҳоту-л-унс”, Сарви Бўстонийнинг “Мизону-л-ҳақ”га раддияси ҳисобланган “Таъдилу-л-мизон”, Абдуллоҳ Машҳадийнинг “Мизону-л-мавозин”, Ҳофиз Ғулом Ҳалим Деҳлавийнинг “Насиҳату-л-мўъминин”, Абдулқодир Ғелонийнинг “Раббонийликни англаш”, Имом Ғаззолийнинг “Кимиёи Саодат” шунингдек, қатор диний-ахлоқий асарлар “Канзу-л-ирфон”, “Ҳадиси Қудсий” каби манбалардан ўз асарини янада мазмунан бойитишга ва диний қарашларини улардан келтирилган далиллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Шунингдек, Қуръони Каримга тафсир, Таврот ва Инжилнинг форс тилидаги таржималарини мутолаа этишни тавсия этадики, булар асарнинг илмий қимматини янада оширганлигини таъкидлаш жоиз.
Асарнинг бугунги кундаги аҳамияти тўғрисида мақола муаллифи ўз фикрларини баён этиб, авваламбор, асар динлараро бағрикенгликни таъминлаш, улар ўртасидаги қарама-қаршиликларни ислоҳ қилиш ҳамда бир-бирларига толерантлик муносабатида бўлишларининг заруриятини қатор мисоллар билан таъкидлаган. Шунингдек, асл ислом таълимотининг моҳиятини англашда мазкур манбада келтирилган – илм-маърифатли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаб ватан равнақига хизмат қилиш каби фикрларнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида муаллифнинг илмий хулосалари берилган.
46 - 5429505-07-2026 -
ХХ АСР БОШЛАРИДА ТУРКИСТОН ЁШЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ХОРИЖДА ТАЪЛИМ ОЛИШ ТАРИХИДАН
Abduvali A. YULDASHEV (Muallif)Ушбу мақола Туркистон ёшларининг Россия империяси ҳукмронлиги шароитидаги хорижий таълими масаласига бағишланган. Ёшлар узоқ ўтмишдан бери илм-фанда тараққий этган ислом оламининг олий ўқув юртлари ва дунёнинг йирик шаҳарларида таълим олишга интилганлар. Туркистонда XIX аср охири – ХХ аср бошларида ҳам илм-фан ва тараққиётга интилиш давом этди. Бу жараён Туркистонда вужудга келган жадидчилик ҳаракати билан бирга ривожланиб борди. Ёшларнинг хорижий таълимига маърифатпарвар зиёлилар ва илмга хайрихоҳ кишилар моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатдилар. Улар хайрия жамиятлари тузиб хорижга талаба юбориш ва у ердаги таълим жараёнига кўмак бердилар. Мамлакат учун зарур диний ва дунёвий билимларни олиш ва тараққиётга хизмат қилувчи соҳалар бўйича ёшлар хорижда таҳсил олдилар.
Мақолада тарих фанида тан олинган услуб ва тамойиллар асосида манбалар, ҳужжатлар ва адабиётларни ўрганиш хронологик ёндашув, цивилизацион, қиёсий, тизимли таҳлил қилган ҳолда ёшларнинг хориж мамлакатларида таълим олиш тарихини ўсиб бориш ва бу йўлда амалга оширилган амалий фаолиятни кўрсатиб берилган.
Шунингдек, Туркистон ёшларининг хорижда таълим олишига сабабчи бўлган омиллар, ўлкадаги сиёсий-ижтимоий, ҳолат, миллий кадрлар тайёрлашдан мақсад таҳлил қилинган. Туркистон минтақасида мавжуд уч ҳукумат, яъни Туркистон генерал-губернаторлиги, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида ушбу масалага нисбатан эътибор кўрсатиб берилган. Миллий кадрлар тайёрлаш учун юборилган мамлакатлар ва у ердаги таълим ҳақида сўз борган. Жадид зиёлилари томонидан ёшларни хорижда ўқитиш йўлида тузилган маърифий ва хайрия жамиятлари ҳамда ёшларнинг борган мамлакатларидаги тузган илмий жамиятлари манбалар асосида очиб берилган.
Ушбу даврда Туркистон ёшлари Оренбург, Петербург, Қозон, Уфа каби Россиянинг марказий шаҳарлари, Туркия, Миср, Ҳиндистон ва Европанинг ривожланган давлатлари таълим муассасаларида ўқидилар. Мақолада мавзуга оид архив ҳужжатлари, манбалар ва кенг турдаги илмий адабиётлар таҳлилга тортилган. Ушбу мақола орқали ХХ аср бошларидаги Туркистон ёшларининг хорижий таълими тарихининг манзараси тасвирлаб беришга ҳаракат қилинган.
22-3018316-07-2026
