- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
АРАБ БАЛОҒАТ ИЛМИДА “АМР” (БУЙРУҚ) ШАКЛИНИНГ ФУНКЦИОНАЛ-СЕМАНТИК ВА ПСИХОЛИНГВИСТИК ТАЛҚИНИ
Nigora MULLASODIQOVA (Muallif)Ушбу мақолада араб балоғат илмининг марказий масалаларидан бири – “Амр” (буйруқ) категориясининг функционал-семантик ва психолингвистик табиати тадқиқ этилган. Наҳв илмида буйруқнинг ясалиши асосан икки шаклда кўрсатилади, унинг масдар шакли ва исмлар орқали ифодаланишига амалий грамматикада кўп эътибор қаратилмайди. Шунингдек, буйруқ феъли асосан «вожиблик», яъни ижро этилиши мажбурий бўлган иш маъносини ифодалаши таъкидланади.
Мақолада буйруқ шакли ясалишининг тўрт тури таҳлил қилиниб, улар орқали ифодаланадиган маънолар кенг кўламда ёритиб берилган. Тадқиқот давомида буйруқ шаклининг инсон руҳияти ва мулоқот вазиятига кўра трансформацияга учровчи ўн бешдан ортиқ мажозий-балоғий маъноларини комплекс таҳлил қилинди. Мазкур таҳлилга классик давр олимларидан Юсуф Саккокий, Маҳмуд Замахшарий, янги давр олимларидан Аҳмад ал-Ҳошимий, Абдулазиз Атиқ ва Фозил ас-Самирроийларнинг илмий қарашлари асос қилиб олинган. Мазкур ёндашувларга таянган ҳолда грамматик қолипларнинг матн контексти ва тингловчининг руҳий ҳолатига нақадар тобе экани далилланган. Мақолада буйруқнинг морфологик ва синтактик ифодаланиш усуллари — соф буйруқ феълидан тортиб, «лом ал-амр» бириккан келаси замон шакли, масдар ва феъл исмларигача бўлган шаклларни қиёсий таҳлил қилинган ва нутқий таъсирчанлик даражалари белгиланган.
Тадқиқот объекти сифатида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар ва жоҳилия даври мумтоз шеъриятидан олинган бой материаллардан фойдаланилган. Бу орқали «амр» категориясининг ожизлантириш, маслаҳат бериш, қўрқитиш, камситиш, мазаҳ қилиш, ҳайрат ва таажжубланиш, армон ва хабар каби маъно қатламлари очиб берилган. Хулоса сифатида сўзловчи буйруқ шакли орқали тингловчини нафақат ҳаракатга келтиради, балки унинг руҳиятини бошқариш ва қалбидаги ҳис-туйғуларини, руҳий ҳолати ва асл мақсадини буйруқ шакли воситасида акс эттиришга эришади. Шунингдек, мақолада араб, ўзбек ва рус тилларидаги буйруқ категориясининг қиёсий тафовутлари ҳам тилга олинган. Иш диний ва бадиий матнларни тўғри талқин қилиш ҳамда адекват таржима қилишда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади.
69-779724-07-2026
