- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
Исломда илм ва имон категориялари нисбати хусусида
Husain ХIDIRALIYEV (Muallif)Мақолада ислом динида илм ва имон категорияларининг ўзаро нисбати ўрганилади, ислом динида илм масаласи, илмни ўрганиш, илмни ривожлантириш, илм ва имон тушунчаларининг ўзаро боғлиқлиги ҳақида сўз юритилади. Бунинг учун Европанинг шарқшунос, исломшунос олимларидан М. Роденсон, А. Мрозек, Е. Фролова, Ж.Тимоти, А.Заринкуб, Б.Жонатан, Ш.Блэр, М.Букай ва америкалик олим Ф.Роузентал фикрларига ҳам мурожаат этилади. Масалан, америкалик олим Ф.Роузентал ўзининг «Илм тантанаси» китобида бу тушунчаларнинг ўзаро нақадар яқинлиги ва боғлиқлиги, ислом динида уларнинг бир-бирига зид эмас, аксинча, мувофиқ бўлиб, ҳатто бир-биридан алоҳида тасаввур қилинмаслигини кўрсатиб ўтган.
Шунингдек, мақолада мусулмон оламидаги машҳур аллома Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу `улум ад-дин» («Дин илмларини жонлантириш») асарида мазкур масаладаги ўзига хос қарашлар, қатор илмий хулосалар атрофлича таҳлил қилинган. Мақолада ислом динида «илм» тушунчаси жуда муҳим ўринга эга бўлгани, ҳеч бир тарзда инкор қилинмагани ва ёмон муносабат билдирилмаганлиги очиб берилган. Бундан ташқари исломда илмларни «диний» ва «дунёвий» деб ўзаро ажратиш принципи мавжуд эмаслиги, балки фойдали, манфаат келтирадиган ёки фойдасиз, зарарли бўлган илмларгагина ажратиш принципи мавжудлиги, яъни инсониятнинг ҳақиқий, яъни ҳар томонлама: ҳам маънавий, ҳам моддий тараққиёти, равнақи учун хизмат қиладиган илмлар исломда фойдали деб, қўллаб-қувватланиб келинганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Шунингдек, илм ва имон мутаносиблиги масаласи доимо улуғ аждодларимиз диққат марказида бўлиб, ҳар бир даврда унинг ўзига хос талқинлари ва турли қирралари ўз ифодасини топганлигига эътибор қаратилган.
12-22101422-06-2026 -
ДИНИЙ МАВЗУДАГИ МАТЕРИАЛЛАРНИНГ ЭКСПЕРТИЗАСИДА ИСЛОМ ИЛОҲИЁТИНИНГ РАЦИОНАЛИСТИК УСЛУБЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ ИСТИҚБОЛЛАРИ
Gulchakhra TULEMETOVA (Muallif)Мақола замонавий диншунослик ва теология эксперт амалиётининг методологик жиҳатларига бағишланган. Бу соҳа миллий диншунослик учун нисбатан янги бўлгани сабабли диншунослик экспертизасининг методологияси, концептуал ва терминологик аппаратига оид кўплаб масалалар ҳали ишлаб чиқилмаган. Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига унинг услубий базасини яратиш бўйича вазифалар ҳали киритилмаган. Жаҳон диншунослигида уни шакллантиришга уринишлар якунига етмаган ва диншунослик экспертизасини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги мунозаралар доирасида унинг ўта зарурлигидан тортиб, диншунослик экспертизасини инкор этишгача бўлган турлича фикрлар тезкор аниқланиши зарур.
Ислом илоҳиёти рационалистик услубларининг тараққиёти тарихи ва диншунослик экспертизасини ўтказиш жараёнида диний мазмундаги материалларни ўрганишнинг замонавий амалиётини қиёсий таҳлил қилиш бир қатор муаммоларни аниқлаш имконини берди. Ушбу тадқиқот уларни ҳал этишга қаратилган.
Мақоланинг мақсади юқоридаги муаммоларнинг икки жиҳати: 1) диншунослик экспертизасининг тадқиқот босқичида “дунёвий ва диний билимларнинг ўзаро уйғунлиги” тамойилидан фойдаланиш; 2) диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасидан ўтказишда фойдаланиш мақсадида ислом илоҳиётининг рационалистик услубларини ўрганиш билан боғлиқ услубий ва амалий масалаларни аниқлашдан иборат. Шунингдек, аниқ ечимлар таклиф этишни мақсад қилган.
Ўз олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун мақолада, биринчидан, Шарқ ва Ғарб шарқшунослари ҳамда исломшунос олимларнинг “дунёвий ва диний билимларнинг уйғунлиги” тамойилини қўллашни ҳисобга олган ҳолда, “илм”, “фан” ва “дин” тушунчаларига илмий ва теологик ёндашувлар нуқтаи назаридан таъриф бериш ҳақидаги фикрлари умумлаштирилган. Иккинчидан, каломнинг ўрта асрлардаги рационалистик услублари, Имом Бухорий асарларидаги ҳадислар ишончлилигини аниқлаш усуллари ҳам, замонавий нарратив услублар ҳам таҳлил қилинган; учинчидан, диншунослик экспертизасининг тадқиқот босқичида “дунёвий ва диний билимларнинг уйғунлиги” тамойилидан фойдаланиш амалиётига услубий баҳо берилган, экспертлар – диншунослар ва илоҳиётшуносларга услубий тавсиялар келтирилган.
Тадқиқотда исломий мазмундаги материаллар экспертизаси бўйича шахсий хулосаларнинг умумий диний контент тадқиқотларига мувофиқлигини исботлаш учун индукция усули қўлланилган. Бу ҳолатда мувофиқлик илмий услубнинг универсаллиги ва дунё динлари ҳақидаги хулосаларни қамраб олиши билан боғлиқ. Қиёсий ва контент-таҳлил, тарихийлик, тизимлилик, комплекс ёндашув усулларидан фойдаланилган.
Диншунослик ва илоҳиётшунослик ёндашувларининг комплекс таҳлили натижасида экспертлар – диншунослар ва илоҳиётшуносларга диний мазмундаги материалларни экспертизадан ўтказиш жараёнида ўз соҳасига хос тадқиқот тамойилларига амал қилиш имконини берувчи амалий тавсиялар таклиф этилмоқда.
27-4027323-07-2026 -
МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ – ЖАДИД ИСЛОҲОТЛАРИ ЕТАКЧИСИ
Muminjon XUJAEV (Muallif)XX бошларида Туркистонни маъориф орқали жаҳон цивилизацияси даражасига кўтариш-га ҳаракат қилган жадидларимиз замонавий таълимни ўша давр муаммоларининг ечими сифатидаги кўрсатган концептуал ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Айни шу маънода, таниқли шарқшунос жадидчи олим Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларидаги маданиятлараро мулоқот, таълим, тарбия, маданият, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка оид ёндашувни янги илмий мезонлар асосида тадқиқ қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда. М.Беҳбудий XIX аср охири XX аср бошларида Туркистонни тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган ақидапарастлик, миллатчилик, волюнтаризм (табиат ва жамият қонунларини инкор этиб, фақат хоҳиш-истакларни инобатга олиш)га қарши тизимли курашишга киришади. Бу йўлда 1899-1900 йилларда (баъзи маълумотларда 1902 йили) Саудий Арабистонига, 1903-1904 йилларда Москва ва Санкт-Петербургга, 1906 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новгородда хизмат сафарларида бўлиб қайтади ва бу сафарларнинг хулосалари асосида ўз мактабида турли илмий, дунёвий фанларни жорий қилишга, илмий-фалсафий манбаларидан унумли фойдаланган ҳолда Туркистонда илм-фанни ривожлантиришга киришади. Туркистоннинг илм-фан нуқтаи назаридан муаммолар гирдобида қолган масалаларига ечим сифатида таълим тизимини ислоҳ қилиш орқали фаровонлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш, ижтимоий онгда нафақат диний балки, дунёвий фанларни ва миллий бағрикенгликни шакллантириш масалаларига оид асосли илмий ғоялари илғор фанларни илгари суради. Маҳмудхўжа Беҳбудий дунёвий фанларни ислоҳ қилишнинг концептуал аҳамиятга эга фикрлари – халқ маърифати, маданиятлараро мулоқотни йўлга қўйишнинг зарурлиги, туркий халқларнинг дунёвий фанлар хусусан ўқув адабиётлари ва дарсликлари “Рисолаи асбоби савод” (“Савод чиқариш китоби”, 1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (“Аҳоли географиясига кириш”, 1905), “Мунтаҳаби жуғрофияи умумий” (“Қисқача умумий география”, 1906), “Китобат ул-атфол” (“Болалар хати”, 1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби дарсликларни чоп эттирган. Таълим ва тарбия оид “Падаркуш” драмма (1911), “Оқ елпоғичли чинли хотун” (ҳикоя), “Бир аъмо боланинг ҳасрати” (ҳикоя), “Китобат ал-атфол” (эски ўзбек ёзувида) ва асарларини ёзади ҳамда ўзининг “Нашриёти Беҳбудия” босмахонасида нашр эттиради. Бугунги кунда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илмий меросини муштараклиги ғояларининг аҳамияти XIX аср охири XX аср бошларида Туркистонда замонавий таълим тараққиёти ривожи учун қимматли манба сифатида тадқиқ этилмоқда.
39-4728501-07-2026 -
САЪДУДДИН ТАФТАЗОНИЙ – ИККИНЧИШАРҚ РЕНЕССАНСИ ҚОМУСИЙ ОЛИМИ
O‘ktam PALVANOV (Muallif)Темурийлар сулоласининг асосчиси соҳибқирон Амир Темур (1336–1405) Марказий Осиё ва унга қўшни бўлган юртларни бирлаштириб, салтанат пойтахти – Самарқандга забт этилган барча ҳудудлардан машҳур олимлар ва халқ хўжалигининг турли соҳаларига оид мутахассисларни жалб этган ва уларга фаолиятлари учун қулай шароитларни яратиб, алоҳида эътибор қаратган. Чунки у ўз замонасининг билимдон ҳукмдорларидан бўлиб, мамлакатни ривожлантиришда илм-фаннинг муҳим аҳамият касб этишини яхши тушуниб, олимларга алоҳида эҳтиром кўрсатган. Натижада, турли илм соҳалари бўйича дунёвий ҳамда диний илмларни пухта эгаллаган мутафаккирлар етишиб чиққан. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан эса, таълим ва илм-фан тараққий этиб, Шарқда «Иккинчи Ренессанс» юзага келган. Дарҳақиқат, бу жараёнларда қомусий олимлардан бири, фаолияти асосан Мовароуннаҳр шаҳарлари, хусусан, Самарқандда, соҳибқирон Амир Темур саройида ўтган аллома Саъдуддин Тафтазоний алоҳида мавқега эга. Алломанинг тўлиқ исми Масъуд ибн ал-Қози Фахруддин Умар ибн ал-Мавло ал-Азим Бурҳонуддин Абдуллоҳ ибн ал-Имом ар-Раббоний Шамс ал-Ҳаққ, ад-Дин ал-Қорий ас-Самарқандий ал-Ҳаравий ат-Тафтазоний ал-Хуросоний ал-Ҳанафий бўлиб, у Хуросоннинг Насо (ҳозирги Туркманистон, Ашхабод) шаҳридаги Тафтазон қишлоғида туғилган. У наҳв, сарф, маоний, баён, усул ал-фиқҳ ҳамда фуруъ ал-фиқҳ (ҳанафий ва шофиий), мантиқ, ақида, тафсир, геометрия, астрономия ва бошқа шу каби илм соҳалари бўйича йирик олим бўлиб, бугунги кунгача элликдан ортиқ асарлари мавжудлиги аниқланган. Ушбу мақолада мазкур қомусий олим фаолияти ва илмий мероси ҳақида сўз юритилади.
27-36123823-06-2026 -
ДУНЁВИЙЛИК ВА ДИНИЙЛИК МАСАЛАСИГА АУТЕНТИК ЁНДОШУВ: МИРЗО УЛУҒБЕК ВА АЛИ ҚУШЧИ МИСОЛИДА
Jakhongir TOKHIROV (Muallif)Ўрта асрлар Ғарбида черковнинг илм-фан тараққиётига жиддий қаршилик кўрсатгани ва олимларнинг инквизиция қилингани ҳамда маърифатпарварлик ҳаракатининг ҳосиласи ўлароқ Ғарбий Европада ҳар қандай диндан безиш, динийликни бутунлай инкор этиш ғояси асосида атеизм, индифферентизм ва секуляризм ғоялари шакл-ланди.
Диний қадриятларга нисбатан агрессив атеистик мафкура тузуми даврида дунёвийлик ва динийлик бир-бирига қарама-қарши қўйилди. Ҳозирда эса ривожланган демократик давлатларда бундай қараш тамомила ўзгарган.
Секуляризм динийликка зид қўйилмайди, ҳеч бир эътиқод инкор этилмайди, балки ҳар қандай диний эътиқодга табиий-ижтимоий феномен сифатида қаралади, миллати ва фуқаролигидан қатъи назар барча учун виждон эркинлиги қонун билан кафолатланган.
Мусулмон Шарқида, хусусан, Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган олимлар дунёвий ва диний илм-фан соҳаларида, уларни бир-бирига зидлаб қўймай ижод қилиб асарлар ёздилар. Бу ижод маҳсули олимнинг яхлит бир онги, тафаккури, қалбининг ҳосиласи эди. Улар дунё илм-фанида устоз бўлишди, уларнинг ўлмас, завол билмас асарлари бугунги жаҳон илм-фани тараққиётига асосий замин бўлди.
Мақолада олимлар ижоди ва уларнинг асарларини илмий тадқиқ қилиш жараёнида аутентик ёндошув таклиф этилиб, Мирзо Улуғбек ва Али Қушчи мисолида таҳлил қилинган.
130 - 13712428-06-2026 -
ИБН ХАЛДУН АСАРЛАРИДА ДИН ВА ЖАМИЯТ МАСАЛАСИ
Lazizakhon ALIDJANOVA (Muallif)Ибн Халдун диний ва дунёвий илмлар уйғунликда ёритилган ноёб асарлар яратган улуғ олимлар сирасига киради. Унинг тўлиқ исми – Абдураҳмон Абу Зайд ибн Муҳаммад Ибн Халдун (туғ. 1332, Тунис/ваф. 1406, Қоҳира) — араб тарихчиси ва файласуфи. Ибн Рушднинг издоши ҳисобланиб, 1349-1375 йилларда Тунис, Фес, Ғарнота, Бужжойа (Жазоирда) ҳукмдорлари саройида юқори лавозимларда ишлаган. 1382 йил Мисрга келиб, мударрислик қилган. Ибн Xалдун Дамашқ шаҳрининг Амир Темурга топширилиши шартлари ҳақида музокара олиб борган делегация таркибига кирган. Шу тариқа Ибн Xалдун Амир Темур билан шахсан суҳбатлашишга мушарраф бўлган. Ибн Халдуннинг далолат беришича, Амир Темур ундан Мағриб мамлакатлари, унинг манзиллари ва шаҳарларини батафсил баён қилиб беришни сўраган. Ибн Xалдун Амир Темур ташқи сиёсий фаолиятига нисбатан шахсий қарашидан қатъи назар, Соҳибқирон шахсига муносиб баҳо берган. У Амир Темурнинг ҳарбий тарих соҳасидаги теран билимидан ҳайратга тушган, уни «мунозара-баҳсларни яхши кўрадиган ўткир заковатли ва теран зеҳнли инсон», – деб таърифлаган. Унинг асосий асари: «Китоб ул-ибар» («Ибратли мисоллар китоби», 1370) бўлиб, Ибн Xалдун жамият тараққиёти хусусида ўз фикрларини ҳамда Шарқ мусулмон халқлари (хусусан, Мағриб) тарихини баён қилган. Ибн Халдуннинг ижтимоий-сиёсий ва фалсафий қарашларини ўрганиш, ҳозирги замон тарих фалсафасида муҳим аҳамиятга эга. Мақола учун Ибн Халдун диний-маърифий фалсафасининг асосий жабҳаларини тавсифлаш, унинг тарих, жамият, давлат, бошқарув, ҳокимият, дин ва бошқаларга нисбатан ёндашувларини ҳамда уларнинг диний тажрибалар билан боғлиқликларини аниқлашга қаратилган дунёқарашларини ойдинлаштириш ҳамда олимнинг ижтимоий-сиёсий ва фалсафий қарашларига диний фаолият доирасида қараш кабилар мақсад қилиб қўйилди. Унда Ибн Халдун фаолиятидаги диний-фалсафий ва ижтимоий-сиёсий жабҳаларни намоён этиш ва шу тавсифдаги муаммолар кўриб чиқилиб, таҳлил қилинган.
34 - 4357827-06-2026 -
ХХ АСР БОШЛАРИДА ТУРКИСТОН ЁШЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ХОРИЖДА ТАЪЛИМ ОЛИШ ТАРИХИДАН
Abduvali A. YULDASHEV (Muallif)Ушбу мақола Туркистон ёшларининг Россия империяси ҳукмронлиги шароитидаги хорижий таълими масаласига бағишланган. Ёшлар узоқ ўтмишдан бери илм-фанда тараққий этган ислом оламининг олий ўқув юртлари ва дунёнинг йирик шаҳарларида таълим олишга интилганлар. Туркистонда XIX аср охири – ХХ аср бошларида ҳам илм-фан ва тараққиётга интилиш давом этди. Бу жараён Туркистонда вужудга келган жадидчилик ҳаракати билан бирга ривожланиб борди. Ёшларнинг хорижий таълимига маърифатпарвар зиёлилар ва илмга хайрихоҳ кишилар моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатдилар. Улар хайрия жамиятлари тузиб хорижга талаба юбориш ва у ердаги таълим жараёнига кўмак бердилар. Мамлакат учун зарур диний ва дунёвий билимларни олиш ва тараққиётга хизмат қилувчи соҳалар бўйича ёшлар хорижда таҳсил олдилар.
Мақолада тарих фанида тан олинган услуб ва тамойиллар асосида манбалар, ҳужжатлар ва адабиётларни ўрганиш хронологик ёндашув, цивилизацион, қиёсий, тизимли таҳлил қилган ҳолда ёшларнинг хориж мамлакатларида таълим олиш тарихини ўсиб бориш ва бу йўлда амалга оширилган амалий фаолиятни кўрсатиб берилган.
Шунингдек, Туркистон ёшларининг хорижда таълим олишига сабабчи бўлган омиллар, ўлкадаги сиёсий-ижтимоий, ҳолат, миллий кадрлар тайёрлашдан мақсад таҳлил қилинган. Туркистон минтақасида мавжуд уч ҳукумат, яъни Туркистон генерал-губернаторлиги, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида ушбу масалага нисбатан эътибор кўрсатиб берилган. Миллий кадрлар тайёрлаш учун юборилган мамлакатлар ва у ердаги таълим ҳақида сўз борган. Жадид зиёлилари томонидан ёшларни хорижда ўқитиш йўлида тузилган маърифий ва хайрия жамиятлари ҳамда ёшларнинг борган мамлакатларидаги тузган илмий жамиятлари манбалар асосида очиб берилган.
Ушбу даврда Туркистон ёшлари Оренбург, Петербург, Қозон, Уфа каби Россиянинг марказий шаҳарлари, Туркия, Миср, Ҳиндистон ва Европанинг ривожланган давлатлари таълим муассасаларида ўқидилар. Мақолада мавзуга оид архив ҳужжатлари, манбалар ва кенг турдаги илмий адабиётлар таҳлилга тортилган. Ушбу мақола орқали ХХ аср бошларидаги Туркистон ёшларининг хорижий таълими тарихининг манзараси тасвирлаб беришга ҳаракат қилинган.
22-3018316-07-2026 -
ХОРИЖДА ЎҚИГАН ТУРКИСТОН ЁШЛАРИ ҲАЁТИНИ ЁРИТИШДА МАКТУБЛАР МУҲИМ МАНБА
Abduvali YULDASHEV (Muallif)Ушбу мақола Туркистон ёшларининг хорижда таълим олиш тарихини ёритишдаги мактубларнинг манба сифатидаги ўрни ва аҳамиятига бағишланган. Ёшлар узоқ ўтмишдан бери хорижда таҳсил олиш, ислом оламининг олий ўқув юртлари, дунёнинг йирик шаҳарларида таълим олишга интилиб яшаганлар. Бу жараён XIX аср охири XX асрнинг 20-йилларигача бўлган даврда Туркистонда ҳам давом этди. Ёшлар Туркистонни ривожланган мамлакатлар даражасига кўтаришга, Европа илм-фан тараққиёти ва техникасининг ривожланишига таъсир кўрсатган дунёвий фанларни ўзлаштириш ва уларни ўрганишга катта эътибор қаратдилар. Мамлакатда таълим, маданият, санъат, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш учун керакли кадрлар тайёрлаш заруратида маҳаллий маърифатпарвар зиёлилар ва илмга ҳайриҳох кишилар катта хизмат кўрсатдилар.
Бу даврда Туркистон ёшларининг кўпчилиги Россия, Татаристон, Озарбайжон, Туркия ва Германия каби мамлакатларнинг марказий шаҳарларида ўқидилар. Муаллиф архив ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, талабаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва таълим олиш жараёнини кўрсатишга ҳаракат қилди.
Шунингдек, хорижда таълим олган талабалар фаолияти кўриб чиқилди. Мақолада хорижда ўқиган Туркистон ёшларининг айрим мактублари таҳлил қилинди. Ишнинг янгилиги ушбу ҳужжатлар орқали талабалар ҳаётининг турли томонларини очиб беришга ҳаракат қилинди.
89 - 9530329-06-2026
