- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
БАЛОҒАТ ИЛМИДА КИНОЯ ВА ТАШБИҲГА ОИД НАЗАРИЙ ҚАРАШЛАР
Salima RUSTAMIY (Muallif)Бугунги кунда жаҳон тилшунослиги ва адабиётшунослигида балоғат илмининг тарихи, тузилиши, аҳамияти, истилоҳлар маъноси, бадиий воситаларнинг қўлланиш усулларини ўрганишга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Ўрта аср ислом алломалари асарларида балоғат илмининг таркибий қисмларидан бири баён илми фикрни очиқ-ойдин, аниқ ифодалаш усулларини ўрганиши таъкидланган. Айрим мутахассисларнинг фикрича «баён» ва «балоғат» сўзларини айнан бир маънода қўллаш ҳам мумкин. Яъни иккала истилоҳ ҳам мусулмон шарқи илмлар таснифида нутқ санъатининг энг юқори даражаси, фасоҳат ва камолот чўққисига кўтарилган ҳолати сифатида ҳам қаралган.
Мазкур мақолада баён усулларидан бўлган киноя ва ташбиҳнинг хусусиятлари Абу Ёқуб Юсуф Саккокий, Абдурраҳмон Қазвиний ва Атоуллоҳ Ҳусайний каби олимларининг балоғат илмига оид асарлари асосида тадқиқ қилинган. Мақолада киноя ва ташбиҳнинг таърифи, уларнинг таркиби ва турлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Kиноя ва ташбиҳнинг хусусиятлари араб олимлари томонидан илк ўрта асрлардан бошлаб ўрганила бошланган. Олимлар кинояни сифат, мавсуф ва нисбат, қариба ва баъида турларга ажратганлар. Шунингдек, араб тилида балоғат илмининг шаклланишида муҳим ўрин тутган Абу Ёқуб Юсуф Саккокий киноянинг таъриз, талвиҳ, рамз ва ишора турларини кўрсатиб ўтган. Кейинги олимлар бу борада уларнинг фикрларини ривожлантирганлар.
Мақолада шунингдек, энг кўп қўлланиладиган санъат турларидан ҳисобланувчи ташбиҳнинг рукнлари, турлари кўрсатилган. Ташбиҳнинг хусусиятларига кўра таснифлари, турлари ва номлари балоғат илмининг ривожланиши давомида маълум даражада ўзгариб борган. Ташбиҳ ўхшовчи ва ўхшатилувчининг хусусиятларига кўра ҳиссий ва ақлий, муфрад ва мураккаб, малфуф (ўралган), мафруқ (ажратилган), тасвия (тенглаштирилган), жамъ (тўпланган) турларга ажратилади. Ўхшаш жиҳатига кўра ҳақиқий ва хаёлий; муфрад, мураккаб, мутаъаддид; ҳиссий ва ақлий; тамсилий ва ғайритамсилий; муфассал ва мужмал; қариб мубтазал ва ғариб баъид қисмларга бўлинган. Ўхшатиш воситасига кўра мурсал, муаккад ва ташбиҳнинг мақсадларига кўра мақбул ва мардуд қисмлари мавжуд. Мақолада балоғат илмида ташбиҳнинг рукнлари иштирокига кўра саккиз тури, мартабаларига кўра уч тури, маъносига кўра етти тури ишлангани далилланган.
4 - 1014507-07-2026 -
БАЛОҒАТ ИЛМИНИНГ ЛИНГВОЭСТЕТИК КАМОЛОТДА ТУТГАН ЎРНИГА ДОИР
Salima RUSTAMIY (Muallif)Европа олимлари ХХ аср бошларига келиб ўрта аср араб тили ва адабиётида илгари сурилган поэтикага доир қарашлар, жумладан, балоғат илмини бадиий сўз санъатининг ўзига хос тури сифатида идрок қила бошладилар. Натижада ўрта аср мусулмон оламидаги араб поэтик тафаккури ҳам, балоғат илми ҳам канон деб аталди.
Олимларнинг умумий фикрига кўра адабиётдаги канонлар ижтимоий онгнинг маълум бир тури маҳсули ҳисобланади ва улар кўпгина объектив омиллар асосида вужудга келади. Ўрта аср араб адабиёти назариясида шакл ва мазмун муносабати ҳақидаги поэтологик қарашларнинг ривожланиши мураккаб кечган. Маълумки, IX–XI асрлар йирик олимлари мумтоз араб шеъриятида мазмун ва шаклни бир-бирига боғлиқ, деб ҳисоблаганлар. Бу дунёқараш уларнинг умумий фалсафий қарашлари асосини ташкил қилган.
Абдулқоҳир Журжонийдан бошлаб барча балоғатга оид асарларда лафз ва маъно ўзаро мустаҳкам боғланган бўлиши каломнинг зарурий шарти сифатида эътироф этилади. «Маъно» араб мусулмон фалсафаси, назарий қарашлар учун асосий тушунча ҳисобланади. Адабий канонлар ўз навбатида тил қонунларига бўйсунади ва буларсиз амалга ошмайди. Буларнинг энг муҳими тилнинг тизимли фаолияти бўлиб, у тил тизими ҳақидаги назарияда ўз аксини топган.
110-11668623-06-2026
