- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
ТУРК ТИЛИДА ҲУРМАТ КАТЕГОРИЯСИ ИФОДАЛАНИШИНИНГ ЛЕКСИК УСУЛИ ХУСУСИДА
Xolida IMAMOVA (Muallif)Ушбу мақола турк тилида ҳурмат категориясининг лексик-морфологик шаклда ифодаланишига бағишланган. Tурк тилида ҳурматни юзага келтирувчи лексик-морфологик воситалар аниқланган ва уларнинг услубий хусусиятлари очиб берилган. Турк тилида ҳурмат ифодаловчи сўзларнинг кўплиги тилда ҳурмат категориясининг ифодаланиш даражаси такомиллашганидан далолатдир. Ҳурмат ифодаловчи лексик воситаларни фаоллиги ва мазмунига кўра қуйидагиларга ажратилади: кишилик олмошлари, қариндошлик атамалари, ҳурматни ифодаловчи лексик бирликлар.
Турк тилида ҳурмат, асосан, кишилик, ўзлик ва сўроқ олмошларида акс этади. Ҳурмат маъносини ифодаловчи лексемаларнинг семантик тараққиёти, семалари ажратилиб, ҳурмат ифодаловчи янги маънолари аниқланган. Олмошларнинг маъно зидлигини таъминловчи стилистик жиҳатлари ёритилиб берилган. Шунинг билан бирга олмошлар ўрнида bendeniz, köleniz, kulunuz каби сўзларни қўллаш орқали сўзловчининг тингловчига бўлган юқори даражадаги ҳурматнинг ифодаланиши баён этилади. Кариндош уруғчилик атамаларидаги ҳурмат маъносининг ўзига хос томонларига эътибор қаратилган. Кишилик жамиятида мулоқот, аввало, унинг атрофидагилар, яқинлари билан бўлган муносабат асосида шаклланади. Шу боис қариндошлик атамаларининг ҳурмат ифодалаш функцияси қадимийроқдир. Ҳурматни ифодаловчи баъзи лексик бирликлар қаторига hanım, efendi, bay, bey сўзлари ҳам киради. Ҳурмат категориясида “аёл” маъносини ифодаловчи hanımefendi, hanım, bayan, kadın, hatun, karı сўзлари синонимик қаторни ташкил этади. Тартибланиш ҳолатига кўра улардаги ҳурмат даражаси энг юқоридан нейтрал даражага қараб пасайиб боради.
Ушбу мақолада тилга олинган лексик бирликларга ҳамроҳлик қилувчи қўшимчалар тадқиқ этилган. Булар қаторига m (-im, -ım/ -üm, -um) қўшимчаси, -lar, -ler қўшимчаси киради. Таъкидланган қўшимчалар ўзининг категориал вазифасидан ташқари, нокатегориал яъни функционал жиҳатдан ҳурмат ифодалашда қўлланилиши ҳақида фикрлар баён этилади. Морфологик шакллар лексик воситаларга ҳамроҳлик этиши билан бирга мазмунни тўлдиришга хизмат қилиши кузатилади. Tурк тилида ҳурматни юзага келтирувчи лексик морфологик воситаларнинг ўзига хос жиҳатлари мана шу таъкидланганлар асосида таҳлил қилинган.
87 - 9714306-07-2026 -
АБУ ҲАНИФАГА НИСБАТ БЕРИЛГАН МАНОҚИБ ВА МУСНАДЛАРИНИНГ УРФ-ОДАТЛАРНИ ЎРГАНИШДАГИ АҲАМИЯТИ
Raziya Baltabayevna MATIBAYEVA (Muallif)Мазкур мақола Имом Абу Ҳанифа ҳаётига бағишланган маноқиб ва муснад асарларининг урф-одатлар ва миллий қадриятларни сақлашдаги аҳамиятини таҳлил қилади. Абу Ҳанифа ҳақидаги маноқиб ва муснадларда унинг илм олиши, фазилатлари, саҳобийлар билан учрашгани, ҳадислар эшитгани, фиқҳий илмдаги ютуқлари ёритилган бўлиб, бу асарлар ҳанафий мазҳабининг шаклланиши ва унга ҳурмат шаклланишига ҳисса қўшган. Мақолада Абу Ҳанифа ҳақидаги илк давр, ўрта давр ва замонавий маноқиблар келтирилган, уларнинг ўзига хос хусусиятлари таҳлил қилинган.
Маноқиб асарлари Абу Ҳанифанинг шахсиятини исломий анъаналар асосида тасвирлаб, мусулмон жамиятидаги ижтимоий ва маънавий қадриятларни сақлашда муҳим ўрин тутган. Абу Ҳанифанинг қўшничилик, меҳмондўстлик, ҳурмат, бағрикенглик каби хислатлари ҳақидаги ҳикоятлар урф-одатларнинг аҳамиятини кўрсатиб, ушбу қадриятларнинг авлодлардан авлодларга ўтишида салмоқли ҳисса қўшган. Бу асарлар орқали ҳанафий мазҳабининг ҳаётга, жамият ва шахслараро муносабатларга таъсири кўрсатилган.
Тадқиқотда ҳанафий уламолар томонидан ёзилган маноқиб ва муснадларнинг исломий одоб-ахлоқ қоидалари билан биргаликда аҳли сунна мазҳабининг ижтимоий ҳаётга татбиқ этилиши ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Шунингдек, маноқиб ва муснадлар фақат диний манба сифатида эмас, балки жамиятда урф-одатларни қўллаб-қувватловчи маънавий мерос сифатида ҳам қимматлидир. Асарларда келтирилган маълумотлар ҳанафий мазҳабининг урф-одатларга нисбатан ёндашуви, унинг ижтимоий қадриятлар ва анъаналарга таъсирини очиб беради.
Ушбу мақолада ҳанафий мазҳабининг ўзига хос диний услублари, уларнинг аҳамияти ва жамият ҳаётидаги урф-одатларни сақлашдаги аҳамияти ҳақида хулосалар келтирилган. Тадқиқот ҳанафий маноқиб ва муснадларнинг ижтимоий ҳаётга таъсирини ва ушбу мазҳабнинг ислом илмлари тарихида тутган ўрнини янада чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.
69-7829320-07-2026 -
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТИББИЁТ СОҲАСИДА ДУНЁВИЙ ТАМОЙИЛЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ АЙРИМ ЖИҲАТЛАРИ
Lazizakhon Abbasovna ALIDJANOVA (Muallif)Ушбу мақолада Янги Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасида дунёвий тамойилларни амалга оширишнинг айрим жиҳатлари тадқиқ қилинган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунчилик ҳужжатларида фуқароларнинг виждон эркинлиги, дин ва давлатнинг ажратилганлиги, жамиятда конфессиялараро тотувликни таъминлаш каби қадриятлар мустаҳкам ўрин олган. 2025 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-1037-сон Ўзбекистон Республикаси Қонуни эса ана шу тамойилларни изчил равишда амалга оширишда ҳуқуқий, маъмурий ва ахлоқий механизмларни белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади. Ушбу концепциянинг 6-боби тўлиқ ҳолда дунёвий давлатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган бўлиб, унинг 4-параграфида тиббиёт соҳасига оид дунёвий тамойилларни амалга оширишга алоҳида урғу берилган. Шу асосда, тиббий тизимда дунёвийликни мустаҳкамлаш масаласи нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий, илмий ва маданий нуқтаи назардан ҳам ўта долзарб масала сифатида вужудга келмоқда.
Тиббиёт соҳасида дунёвийлик тушунчаси, умумий қилиб айтганда, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, тиббий-одоб меъёрларига амал қилиш ва барча қарорлар илмий далилларга таянишини таъминлашга йўналтирилган. “Дунёвийлик” тушунчаси бу ерда динсизликни эмас, балки ҳар қандай эътиқоддан мустақил ҳолда, инсоний қадриятлар ва илмий ечимларда устувор ёндашувни назарда тутади. Бунда тиббий ёрдам кўрсатишда беморларнинг шахсий танлови, ахборотли розилиги, хабардорлик даражаси ва ҳуқуқий кафолатлари биринчи ўринга чиқади. Шу боисдан ҳам концепцияда қайд этилган тиббиётда дунёвийликни таъминлаш механизмлари фақат ҳуқуқий эмас, балки кенг ижтимоий-ахлоқий ва таълимий ислоҳотларни ҳам талаб этади.
35-4214224-07-2026 -
АБУ БАКР ҚАФФОЛ ШОШИЙ МУҲАДДИС СИФАТИДА
Nematullo MUKHAMEDOV (Muallif)Тошкент – ўрта аср манбаларида Шош деб номланиб, бу ердан ҳадис, фиқҳ каби ислом илмларида кўплаб таниқли олимлар етишиб чиққан. Бу масканда туғилиб фаолият кўрсатган буюк зотлар, олимлар “Шоший”, “Тошкандий” (ХVI асрдан) нисбаси билан мусулмон дунёсида танилганлар.
Ислом оламида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби «имом» даражасига эришган кўплаб буюк алломалар орасида Имом Абу Бакр Қаффол Шоший ҳам алоҳида ўрин эгаллайди.
Унинг тўлиқ исми – Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший бўлиб, кўплаб араб манбаларида унга алоҳида ҳурмат бажо келтириш учун номига «катта», «улуғ» маъносини ифодалайдиган «Кабир» сўзини қўшиб ёзадилар. Аллома моҳир ҳунарманд бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонганлиги боис “Қаффол” яъни, қулфчи, қулфсоз деган ном билан эъзозланган.
Замондошлари уни “Ҳазрати Имом” деб улуғлаган. “Ҳастимом” сўзи “Ҳазрати Имом” иборасининг қисқартирилган шаклидир. Маҳаллий халқ Имом Қаффол Шоший ҳурматидан бу жойни шундай атаган. У Тошкентнинг илмий-маданий, диний-маърифий марказларидан бири бўлган.
Ушбу мақолада араб манбалари асосида Каффал Шошийнинг муҳаддис олим сифатидаги илмий фаолияти тадқиқ қилинган. Бундан ташқари, унинг тарбиявий-дидактик хусусиятга эга машҳур “Жавомиъ ал-калим” (“Қисқа иборали ҳадислар тўплами”) асари ҳам ёритилган. Унда Қаффол Шоший ишончли ҳадисларни (саҳиҳларни) ихчам ва қисқача баён қилиб, ислом аҳкомларидан ташқари одобахлоқ, илммаърифат, таълимтарбияга доир ҳикматли иборалар қайд этилган. Ундан халқимиз орасида кенг тарқалган матал, мақоллар, нодир ва қимматли афоризмлар ҳам ўрин олган. Бу эса ҳадисларнинг кенг халқ оммаси учун равон ва тушунарли бўлиши, тарқалишида муҳим аҳамият касб этган.
4-1214217-07-2026 -
МИН ДАВРИ ХИТОЙИДА ИСЛОМИЙ ТАЪЛИМ ХУСУСИЯТЛАРИ
Odiljon ERNAZAROV (Muallif)Мақолада Мин империяси томонидан юритилган “хитойлаштирув” сиёсатининг Хитойдаги мусулмон халқлар ҳаётига таъсири ёритилган. Мин ҳукуматининг ислом дини ва мусулмонларнинг кундалик эҳтиёжларига ёндашуви бағрикенгликка асосланганлиги таҳлил қилинган. Хитойдаги мусулмон халқларнинг маҳаллий муҳитга мослашувида ўзига хос жараён архитектура, маданий ҳаёт ва таълим-тарбия соҳасида кечганлигига алоҳида эътибор берилган. Бу жараён исломий билимларни қатъий тартиблаштирилган ва ихтисослаштирилган таълим бериш услуби – масжид таълими мисолида асосланган.
Масжид таълимининг илк ташаббускори Шэньси (Shaanxi) провинциясидаги Вэиченг (Weicheng) шаҳарчасида яшаган Ҳу Денжоу (Hu Dengzhou) ҳисобланади. Ушбу таълим тизими аста-секин мусулмонлар кўп миқдорда жамланган Шаньдун (Shandong), Чжецзян (Zhejiang), Хунань (Hunan), Хубэй (Hubei), Юньнан ва Гуанхи каби шаҳарларда ҳам жорий этилган.
Дастлабки босқичда масжид таълими яхлит шаклга эга бўлган. Вақт ўтгач, ушбу таълим тизими ривожланиб, бошланғич таълимдан юқори таълим ажратилган ҳамда у уч босқичга бўлинган: бошланғич, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим. Масжид таълимининг мазкур уч босқичи орасида бошланғич босқич энг оммабоп ҳисобланган. Масжид таълимининг бошланғич босқичи оммавийлашуви Хитойда ислом дини тарқалиши ва ривожланишида катта аҳамият касб этган.
Бошланғич таълим босқичи масжид таълимининг дастлабки даври бўлиб, унда мусулмонлар умумий исломий билимларни эгаллаганлар. Умумий ўрта мактаб босқичи масжид таълимининг оралиқ бўғини саналган. Коллеж босқичи эса имомлар етиштиришга ихтисослашган. Бу босқич талабалари “халифа” ёки “мулла” деб аталган. Улар систематик равишда араб ва форс тиллари, фиқҳ, ақида, тажвид ва адабиётдан таълим олганлар. Коллежлар катта ва ўрта ҳажмдаги масжидларда ташкил қилинган. Коллеж ўқитувчилари махсус тайёргарликка эга имомлар бўлган ва уларга маҳаллий аҳоли томонидан ҳурмат кўрсатилиб, “жинши” – “диний манбалар мутахассиси”, “минжин” – “муқаддас матнлар бўйича мастер”, “охун” ва “уста” деб аталганлар.
Хитойдаги мусулмонлар ҳаётида маҳаллий маданият белгилари, жумладан, эътиқод ва этика масалалари билан мослашув тадрижий ва нисбатан мураккаб кечди. Мусулмонлар бир томондан, Қуръони карим ва ҳадиси шариф кўрсатмалари асосида ислом динининг фундаментал таълимотларига эргашишга ҳаракат қилишган. Бошқа томондан, конфуцийлик, даосизм ва буддавийлик қарашларини қамраб олган анъанавий хитой маданиятидан муайян белгиларни қабул қилиб, уларни исломий қарашлар билан уйғунлаштириш мажбурияти остида қолишган.
47-5421416-07-2026 -
ХI-XII АСРЛАРДА ХОРАЗМДАГИ СИËСИЙ ҲОЛАТ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТ
Raziya MATIBAEVA (Muallif)Ушбу мақолада XI–XII асрларда Хоразм Марказий Осиёдаги илм-фан ва маданиятнинг йирик марказларидан бирининг ижтимоий-сиёсий, маърифий-маданий жараёнлари тарихи манба ва тадқиқотлар асосида тадқиқ этилган. Шу даврда кўплаб буюк олимлар фаолият юритганлар. Улар қаторида Абу Саҳл ал-Масиҳий (ваф. 977-1011 й.), Ибн Мискавайҳ (ваф. 1030 й.), Абу Райҳон ал-Беруний (973-1048), Абу Наср ибн Ироқ Жаъдий (ваф. 1036 й.), Абу-л Хайр Ҳаммор (941-1048), Абу Али ибн Сино (980-1037) каби буюк алломалар илм-фаннинг турли соҳаларида фаолият олиб борганлар.
Буюк Ипак йўли устида жойлашган, йирик тамаддун ўчоқларидан бири, Маъмун академияси ватани – Хоразм қадимдан илмий-маърифий ва маданий марказлардан бири бўлган. «Маъмун академияси» тасодифий ва ўткинчи ҳодиса эмас, балки у Хоразмдаги ижтимоий ҳаёт, иқтисодий ва маданий кўтарилиш ҳамда сиёсий барқарорликнинг инъикоси эди. Хоразмдаги бу илмий уюшма ўша даврдаги катта илмий марказ саналган. Шу боис ҳам илм аҳллари ўзларининг ҳар томонлама билимларини ошириш ва муҳим диний-ижтимоий масалаларни ҳал қилишга хизмат қилувчи асарларини ёзишга муваффақ бўлдилар.
X асрнинг охири XI асрнинг бошларида Хоразмдаги сиёсий осойишталик, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий турмушидаги юксалиш ҳамда хоразмшоҳ маъмунийларнинг илм аҳлига бўлган ҳурмат-эътибор, меҳр-муруввати ўша даврнинг энг машҳур ва кўзга кўринган олимларининг Гурганчда тўпланишига сабаб бўлган. Шу даврда ҳукмронлик қилган хоразмшоҳлар мамлакат илм-фани ривожи учун катта ҳисса қўшдилар.
Хоразмнинг милоддан аввалги II минг йилликдан бошлаб ушбу минтақадаги йирик маданият марказларидан бири бўлиб келгани боис, Араб халифалиги бу ерни забт этиб, имкон қадар кўпроқ ўз тасарруфида сақлашга ҳаракат қилган. Аммо XII асрда Хоразм Бағдод халифалигига қарашли ерлардан ҳисобланса-да, Мовароуннаҳрда ўзининг кучли таъсирига эга эди. Бунда хоразмшоҳларнинг ўрни таъсирли бўлди.
Мақолада Хоразмшоҳлар тарихида фақат ўзининг манфаатларини ўйлаб, жамиятнинг фикри билан мутлақо қизиқмайдиган ва бу ҳақда бош қотирмайдиган, халқнинг аҳволига ачинмайдиган, узоқни кўра олмайдиган айрим иқтидорсиз давлат бошлиқлари фаолияти оқибатида мамлакат гирифтор бўлган аянчли тарихий факт ва маълумотлар ҳам ёритилган.
4-1330317-07-2026 -
“МЕЪЁРУ-Т-ТАДОЙЙУН” – ДИНИЙ-АХЛОҚИЙ МАНБА СИФАТИДА
Ismat NAIMOV (Muallif)XIX асрнинг иккинчи ярмида фаол илмий изланишлар олиб бориб, ўзидан бой илмий мерос қолдирган маърифатпарвар ва қомусий аллома Аҳмад Донишнинг диний йўналишдаги фаолияти маҳсули ҳисобланган “Меъёру-т-тадоййун” асари бугунги кунга қадар етарлича ўрганилмаган. Асар номи илмий жамоатчиликка маълум бўлса-да, унинг маъно-мазмуни ва моҳияти ҳали илмий жиҳатдан таниш эмас. Шуни ҳисобга олиб мақолади, диний-ахлоқий йўналишдаги мазкур асарнинг яратилишига сабаб бўлган қатор омиллар, дунё динлари тарихининг ёритилиши, ҳар бир дин вакили ўз эътиқодини тўғри деб ҳисоблашига ҳуқуқи борлиги, киши иймонли шахс сифатида камол топишида зарур бўлган талаблар ҳақида асар муаллифининг фикрлари таҳлил этилган.
Таъкидлаш лозимки, Аҳмад Дониш Россия империясида кўрган таассуротлари натижасида Бухоро амирлигида кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишни таклиф этган. Бу ислоҳотлар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ўз ичига қамраб олган. Шунингдек, аллома диний хилма-хилликдан иборат бўлган Бухоро амирлиги фуқароларини ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшашларига асос бўлиб хизмат қилувчи ислоҳотномасини ҳам ишлаб чиққан ва уни тарғиб қилишни мақсад қилган. Мазкур асарнинг илмий жиҳатдан ишончли бўлиши учун маърифатпарвар ўзидан олдин ўтган аждодлари илмий мероси ва тарихий манбаларга мурожаат этган бўлиб, улар орқали ўзи таклиф этаётган фикрларининг тўғрилигини мустаҳкамлашга ҳаракат қилганлигини эътироф этиш жоиз. Хусусан, Шайх Фариддин Атторнинг “Тазкиратул-авлиё”, Мавлоно Жомийнинг “Нафаҳоту-л-унс”, Сарви Бўстонийнинг “Мизону-л-ҳақ”га раддияси ҳисобланган “Таъдилу-л-мизон”, Абдуллоҳ Машҳадийнинг “Мизону-л-мавозин”, Ҳофиз Ғулом Ҳалим Деҳлавийнинг “Насиҳату-л-мўъминин”, Абдулқодир Ғелонийнинг “Раббонийликни англаш”, Имом Ғаззолийнинг “Кимиёи Саодат” шунингдек, қатор диний-ахлоқий асарлар “Канзу-л-ирфон”, “Ҳадиси Қудсий” каби манбалардан ўз асарини янада мазмунан бойитишга ва диний қарашларини улардан келтирилган далиллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Шунингдек, Қуръони Каримга тафсир, Таврот ва Инжилнинг форс тилидаги таржималарини мутолаа этишни тавсия этадики, булар асарнинг илмий қимматини янада оширганлигини таъкидлаш жоиз.
Асарнинг бугунги кундаги аҳамияти тўғрисида мақола муаллифи ўз фикрларини баён этиб, авваламбор, асар динлараро бағрикенгликни таъминлаш, улар ўртасидаги қарама-қаршиликларни ислоҳ қилиш ҳамда бир-бирларига толерантлик муносабатида бўлишларининг заруриятини қатор мисоллар билан таъкидлаган. Шунингдек, асл ислом таълимотининг моҳиятини англашда мазкур манбада келтирилган – илм-маърифатли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаб ватан равнақига хизмат қилиш каби фикрларнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида муаллифнинг илмий хулосалари берилган.
46 - 5429505-07-2026 -
ЁШЛАРНИ БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ТАРБИЯНИНГ ЎРНИ
Durbek A. RAKHIMDJANOV (Muallif)Бугунги глобаллашув даврида ёшларни ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш учун уларни аждодларимиздан қолган бой маънавий меросдан унумли фойдаланган ҳолда тарбиялаш зиёлилар олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бунинг учун ёзма манбаларда акс этган ҳикматлар, тўғри ҳаётий кўрсатмалар билан бирга инсоннинг ички дунёсини ўрганиш, психологик ҳолатини ҳисобга олиш ҳам муҳим ўрин тутади. Мақолада мамлакатимизда ёшларнинг турли деструктив оқимлар таъсирига берилиб қолмасликлари учун ҳаётнинг илк остонасидан бошлаб уларга бериладиган билимларнинг инсон камолотига қаратилган бўлиши, уларда мустақил равишда ахборотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, саралаш, яхшисини ёмонидан ажрата билиш малака ва кўникмаларини шакллантириш учун нималарга эътиборни қаратиш лозимлиги ҳақида сўз боради. Хусусан, ёшларда атроф-муҳитга, ота-она ва қадрдонларга нисбатан меҳр кўрсата билиш фазилатини шакллантириш учун уларга ҳаётга теран назар ташлаш, дунёдаги ҳар бир воқеа-ҳодисага ҳикмат назари билан қараш кўникма ва малакаларини шакллантиришга асосий эътибор қаратилган. Шунингдек, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг ҳақиқий инсон бўлиб етишишлари, кун сайин ўзгариб бораётган дунёдаги тараққиёт олдида барча талабаларга рақобатбардош бўлиб вояга етишлари учун кўрсатилаётган ғамхўрлик ёрқин мисолларда кўрсатиб ўтилган. Жумладан, турли ёт ғоялар таъсирига берилиб, ўз юртини ташлаб дунёнинг “қайноқ нуқталари”га йўл олган, бундай ношукурчилик оқибатида қилган қилмишининг жабрини кўрганидан сўнг ўз ишидан пушаймон бўлган кишиларнинг юртимизга қайтарилиши, уларга кўрсатилган меҳр ва ғамхўрлик мисоли бўлган “меҳр” операцияларининг моҳияти ҳақида тўхталиб ўтилган. Мақолада нотўғри йўлга адашиб кириб қолган кишиларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни қайта тарбиялаб, жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш учун нималарга эътибор бериш лозимлигига асосий эътибор қаратилган. Бунда давлат органлари, маҳалла ва умуман, шу инсон билан боғлиқ барчанинг масъул экани кўрсатилган. Бу масалада хорижий тажриба нималарни кўрсатиши ёритиб берилган. Экстремистик гуруҳлар ўзларининг бузғунчи ғояларига кишиларни эргаштириш учун қандай усуллардан фойдаланиши мақолада яққол мисоллар билан келтириб ўтилган. Уларнинг бу каби найрангларига қандай йўл билан қарши туриш мумкинлиги, бу каби салбий таъсирларга берилган кишиларни бу йўлдан қандай қилиб олиб чиқиш мумкинлиги мақоланинг кульминацион нуқтасини белгилайди. Диний манбалар, Қуръон оятларини ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин этаётган гуруҳларнинг асл мақсадлари нима-ю, уларнинг иддаолари нималардан иборат эканлиги кўрсатиб ўтилган
26-3419804-07-2026 -
ПРАВОСЛАВ ЧЕРКОВИДАГИ ДИНИЙ РАМЗЛАРНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ ВА УЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТИ
Islomiddin HAYDAROV (Muallif)Глобаллашув шароитида бирор бир минтақада тоқатсизлик ва низоларнинг кучайиши дунёнинг барча ҳудудларига бирдек таҳдид солади. Зеро, сўнгги йилларда дунёда диний омил билан боғлиқ равишда турли йўналишлардаги жараёнлар авж олиб бормоқда. Кўп ҳолларда мураккаб ва зиддиятли, баъзида эса қонли тўқнашувлар билан кечаётган бундай воқеа-ҳодисалар турли дин вакиллари ўртасида тоқат, ҳурмат, эътибор ва умуман ҳамкорлик руҳидаги алоқаларни шакллантириш ва мустаҳкамлаш объектив тарихий зарурият эканлигини кўрсатмоқда. Айни дамда, кўпмиллатли, поликонфессионал Ўзбекистонда миллатлар ва динлараро бағрикенглик ҳамда тотувлик муҳитини бардавом сақлашда диншуносликка оид билимларнинг ўрни беқиёс. Муайян диний конфессия ҳақида тўлиқ тушунча ҳосил қилиш учун унинг тарихи, таълимоти, ибодатхонаси, муқаддас манбаси, диний анъана ва маросимлари, рамз ва атрибутларини ўрганиш муҳим саналади.
Бугунги кунга келиб, диний семиотика диншунослик соҳасидаги тадқиқот усулларидан бири сифатида шаклланиб келмоқда. Дин тарихини ўрганиш, унинг таълимоти ва у асосида шаклланган маданиятни англашда семиотиканинг аҳамияти катта.
Ушбу мақола православ черковидаги семиотик рамзлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳамда белгиларнинг ўзига хос хусусиятига бағишланган бўлиб, унда православ черковидаги хоч, гумбаз шифти ва деворларидаги диний маросимларга оид суратлар ҳамда икона каби диний семиотик белгилар баён қилинган.
10-1470726-06-2026 -
ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНШУНОСЛИК СОҲАСИ РИВОЖЛАНИШИНИНГ ДОЛЗАРБ ТЕНДЕНЦИЯЛАРИ
Mahfuza ALIMOVA (Muallif)Мазкур мақолада Ўзбекистонда диншунослик соҳасининг ривожланиш тенденциялари, долзарб муаммолари ва асосий йўналишлари ёритилган. Унда глобаллашув шароитида ёшлар турли бузғунчи ғояларнинг асосий мўлжали бўлиб қолаётгани, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, уларга қарши маънавий иммунитет ҳосил қилиш, ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда миллий ва диний қадриятлар янада ривож топиб, аждодларнинг диний-маърифий меросини теран ўрганиш ва таҳлил қилиш, уларнинг илмий анъаналарини муносиб давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Динга бўлган қизиқишнинг кучайиши бугунги кунда кишилик жамияти олдида турган муаммолар, инсоннинг уларни ҳал қилиш йўллари ҳақидаги ўй-изланишлари, дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлигини таъминлаган ҳолда бугунги кундаги мураккаб масалаларга тўлақонли жавоб топишга имкон бериши ёритилган. ХХ асрнинг иккинчи ярмида христианлик, буддавийлик, ислом ва бошқа динлар доирасида юзлаб секталар пайдо бўлган. Бу каби жараёнлар келажакда ҳам давом этишини тахмин қилиш мумкинлиги мақолада ўз аксини топган. Ёшларнинг кибермаконда объектив йўл танлай олишлари ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тизимидан фойдаланишда уларда диний мазмундаги хабарларга танқидий ва онгли ёндашувни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
332 - 33986425-06-2026 -
ГЛОБАЛЛАШУВ ЖАРАЁНИДА ЭКСТРЕМИЗМ ҒОЯЛАРИ ТАЪСИРИГА ТУШГАН КИШИЛАРНИ ИЖТИМОИЙ РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШНИНГ АҲАМИЯТИ
Durbek RAHIMJONOV (Muallif)Мақолада бугунги халқаро майдонда мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечаётган кунда дин ниқобидаги гуруҳларнинг бузғунчи ғоялари таъсирига тушиб қолган кишиларни жамиятнинг фаол ва бунёдкор аъзоларига айлантиришда маънавият соҳаси вакилларининг олдига қўйиладиган муҳим вазифалар ҳақида баҳс юритилади. Шунингдек, мақолада мазкур таъсир остидаги кишиларни тарбиялашда қандай жиҳатларга эътибор бериш кераклиги ҳақида тўхталиб ўтилади.
71-7471326-06-2026 -
ТЕМУРИЙЛАР ТАРИХИДА ШОҲРУХ МИРЗОНИНГ МАЪНАВИЙ СИЁСАТИ ВА ТАСАВВУФГА МУНОСАБАТИ
Mas’udxon ISMOILOV (Muallif)Темурийлар сулоласи тарихида Шоҳрух Мирзо шахсияти маънавий юксалиш, илм ва ирфон тараққиёти билан юксак баҳоланади. Унинг ҳукмронлиги даврида (1409-1447) Хуросон ва Мовароуннаҳрда тасаввуф мактаблари давлат ҳимоясида фаолият юритган, суфийлар эса жамиятнинг маънавий камолотини таъминловчи етакчи зотлар сифатида қадрланган. Шоҳрух Мирзо тасаввуфни фацат диннинг бир бўлаги эмас, балки жамият ва давлат бошцарувидаги қалбий ва ахлоқий асос деб қабул қилган. Бу даврда Шоҳрухнинг маънавий сиёсатида суфийлик мактаблари, тариқатлар ва уларнинг етакчиларига муносабат давлат сиёсатининг бир бўлагига айланган эди.
Шоҳрух Мирзо уз отаси Амир Темурнинг дин ва тасаввуфга нисбатан сақланиб келган эҳтиромини давом эттирибгина қолмасдан, у ни янада мустаҳкамлади. Амир Темур ўз вақтида шайхларга улкан ҳурмат кўрсатган бўлса, Шоҳрух бу анъанани давом эттириб, тасаввуф аҳлини давлат ҳимоясига олди. У суфийларга моддий ёрдам кўрсатиш, хонақоҳлар ва мадрасалар қуриш, уларни вацфлар билан таъминлат каби ишларга ачоҳида эътибор қаратган. Шунингдек, Шоҳрухнинг угли ва валиаҳди Мирзо Улугбек ҳам Нақшбандияга нисбатан ҳурматни сақлаган, ҳарчанд унинг диққати асосан илм-фанга қаратилган бўлса-да, диний ва маънавий муҳитга бефарқ бўлмаган.
Бу муҳитда Хожа Алоуддин Аттор, Хожа Муҳаммад Порсо. Яъқуб Чархий, Мир Сайид Шариф Ҳиравий ва Хожа Аҳрор Валий каби шайхлар фаолият юритиб, халқнинг маънавий камолоти, ватанпарварлик ва ихлос асосидаги тарбияси билан машгул бўлганлар.
Мақолада мазкур зотларнинг таълимотлари ва жамиятда тутган ўрни таҳлил этилган. Мақомот ва маноқиб асарлари орқали тасаввуфнинг қалб тарбиясига оид гоялари, “суҳбат билан иршод ”, “халқ ичра халқ билан ” каби шиорлар замиридаги фалсафа очиб берилган.
Мақола тасаввуфни ўтмишда қолган тажриба сифатида эмас, балки бугунги инсонучун ҳам йўл ва нур, поклик ва мувозанат манбаи сифатида кўрсатишни мақсад қилган. Шоҳрух даври маънавий меросини -қалбларга сукунат ва ҳаётга мазмун бахш этадиган тирик анъана дейиш мумкин.15-2354614-05-2026
