- Uy
- Topish
Topish
Qidiruv natijalari
-
AMIR XUSRAV DEHLAVIY RUBOIYLARINING O‘RGANILISHI
Feruza NIZAMOVA (Muallif)Қуйидаги мақолада Амир Хусрав Деҳлавий меросининг қўлёзма манбалари, айниқса Ўз-бекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзма девонлари ва бошқа қўлёзма нусхалар, улардаги рубоийлар таҳқиқи юзасидан амалга оширилган илмий изланишлар ҳақида маълумотлар келтирилади. биз кўриб чиққан қўлёзма нусхаларда берилган ғазалларнинг қайси девондан олингани бирма-бир зикр этиб борилгани ҳолда, рубоийларнинг қаердан олингани қайд этилмаган. Рубоийларнинг берилиш тартиби кўпгина қўлёзмаларда бирор принципга асосланган эмас. Фақат уларнинг айримларидагина ё рубоийларнинг бош сўздаги биринчи ҳарфга, ёки қофиянинг охирги ҳарфига қараб, алифбо тартибида жойлаштирилгани кузатилади. Қўлёзма нусхаларда бешта девондаги рубоийларнинг аралаш ҳолда берилишини шоир девонларининг кўп вақтдан бери давом этиб келаётган, бир тўпламга жойлашга уриниш тенденцияси билан изоҳлаш мумкинлигини таъкидлаш мумкин. Мақоладаги кузатувларимиздан шуларни англашимиз мумкинки, Амир Хусрав Деҳлавий рубоийлари юзасидан олиб бориладиган тадқиқот учун шоирнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзма девонлари ва бошқа қўлёзма нусхалар асосий манба бўлиши мумкин. Шунда нашрларидаги нуқсонларини ҳам бартараф этиш ва кенг миқёсдаги рубоийларни таҳлил доирасига тортиш имконига эга бўламиз. Амир Хусрав Деҳлавий рубоийларининг Конпур, Теҳрон ва Душанбе нашри материаллари шоир ижод этган рубоийларни етарли миқдорда қамраб ололмагани туфайли, улардан илмий тадқиқот иши учун фақат ёрдамчи манбалар сифатидагина фойдаланиш мумкин. Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасидаги рубоийлар устидаги изланишларимиз шоирнинг бу жанрдаги шеърлари тўпламини яратиш учун ишончли ва салмоқли манба бўла оладиган қўлёзма нусхаларга эга эканини кўрсатади. Амир Хусрав Деҳлавий поэтик меросини тўлалигича йиғиб бўлмаслиги ҳақидаги ўтмиш ва кейинги асрлар ҳамда ҳозирги замон соҳа мутахассисларининг фикрини унинг рубоийларига ҳам тааллуқли деб билиш лозим. Аммо бу фикр республикамиз фонди қўлёзмаларига асосланган ҳолда Амир Хусрав Деҳлавий рубоийларининг миқдор жиҳатдан энг салмоқли тўпламини яратиш имконини тўсиб қўймаслиги керак. Амир Хусрав Деҳлавий қўлёзма нусхаларнинг кўплиги уларда қачон қайси рубоийларни такрор-такрор кўчирилганини аниқлаш орқали замона маънавий-эстетик эҳтиёжини белгилаш юзасидан изланишлар олиб бориш имконини беради.
150-15826603-07-2026 -
АБУ ҲАФС НАСАФИЙ “АТ-ТАЙСИР ФИ ИЛМИТ-ТАФСИР” АСАРИНИ ТУРКИЯНИНГ “СУЛАЙМОНИЯ” ФОНДИДАГИ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ
Abdushukurjon MURATOV (Muallif)Ўзбекистон қадимдан дунёнинг илм-маърифат ва маънавият ривожланган минтақаларидан ҳисобланган. Унинг тарихи ва мамлакат қўлёзма фондларида сақланаётган юз минглаб асарлар бир томондан аждодларнинг нақадар илм-маърифатга катта аҳамият қаратганларидан далолат қилса, иккинчи жиҳатдан ушбу минтақадан олимларнинг кўплаб етишиб чиққанлигига гувоҳлик беради. Юртимиз фондларида сақланаётган қўлёзма асар-ларнинг катта қисми ислом илмлари, хусусан, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида, балоғат, мантиқ, араб тилшунослигига оид ҳисобланади. Шундай қўлёзмалардан бири Абу Ҳафс Умар Насафий (467-537/1074-1142 йй.)нинг “Ат-тай-сир фи илмит-тафсир” асаридир. Қўлёзма тафсир илмига бағишланган бўлиб, беш жилддан иборат. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фон-дида ушбу асарнинг еттита қўлёзма нусхаси сақланади. Ушбу манбалар илмий нуқтаи назардан таҳлил қилиб чиқилганда, улар тўлиқ ҳолатда бизгача етиб келмагани аниқланди. “Ат-тайсир фи илмит-тафсир” асарининг қўлёзма нусхалари нафақат юртимизда, балки дунёнинг кўплаб фондларида сақланади. Жумладан, Туркиянинг қўлёзмалар сақланадиган фондларида биз сўз юритаётган асарнинг етмиш иккита нусхаси бўлиб, улар бошқа жойдаги нусхалардан анчагина яхши ҳолатда сақланган. Қуйида Туркиянинг “Сулаймония” қўлёзма фондида сақланаётган “Ат-тайсир фи илмит-тафсир” асарининг қўлёзма нусхалари ҳақида сўз юритилади.
60 - 6727527-06-2026 -
САЙЙИД ШАРИФ ЖУРЖОНИЙНИНГ ҚУРЪОН ИЛМЛАРИГА ОИД АСАРЛАРИНИНГ МАНБАШУНОСЛИК ТАҲЛИЛИ
Doston MUSTAFAYEV (Muallif)Мақолада Саййид Шариф Журжоний (ваф. 816/1413) илмий фаолияти, олимнинг Қуръон илмларига оид асарлари таснифи ва уларнинг дунё кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма нусхалари ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Кириш қисмида юртимиз ҳукумати томонидан қадимий ёзма манбаларни ўрганишга қаратилаётган эътибор, қўлёзмаларни ўрганишнинг замонавий аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилган. Асосий қисмда Саййид Шариф Журжонийнинг илмий шахсияти, унинг Қуръон илмларига оид асарлари, уларнинг таркибий тузилиши, мазкур асарларнинг мазмуни ва ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги маълумотлар жамланиб, илмий таҳлил этилган. Олимнинг ҳозирга қадар етиб келмаган асарлари, шу билан бирга, ҳозирга қадар етиб келган, аммо ҳануз тадқиқ этилмаган мазкур соҳадаги асарларининг қўлёзма нусхалари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Олим томонидан Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” тафсирига ёзилган “Ҳошия ала ал-Кашшоф” асарининг тўлиқ сақланган қўлёзма нусхалари, асарнинг хусусиятлари ва замонавий нашрлари хусусида маълумотлар зикр этилган. Шунингдек, муфрадотул-Қуръон йўналиши бўйича ёзилган ва бугунги кунга қадар тўлиқ етиб келган “Таржумон ал-Қуръон” асарининг дунё кутубхоналарида сақланаётган нусхалари ва уларнинг хусусиятлари билан яқиндан таништирилган. Дунёнинг айрим фондларида Журжонийга нисбат берилган қўлёзма асарларнинг аслида олимга тегишли эмаслиги илмий далиллар асосида исботланган. Шу билан бирга, ислом оламида машҳур “ат-Таърифот” асарининг ҳам икки машҳур ва тўлиқ ҳолда сақланган қўлёзма нусхалари тавсифи келтириб ўтилган. Зеро, “ат-Таърифот” асарида йигирмага яқин Қуръонда зикр этилган сўзлар ва Қуръон илмларига оид истилоҳларнинг таърифлари келтирилган бўлиб, шу жиҳатдан мазкур асарни ҳам олимнинг Қуръон илмларига оид асарлари қаторида ўрганиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Хулоса қисмида, Журжонийнинг Қуръон илмларига оид асарларини ўрганиш темурийлар даври илмий муҳити, хусусан, бу даврдаги Қуръон илмлари ривожини яна ҳам тўлиқ ўрганиш имкониятини бериши, қолаверса, олимнинг Қуръон сўзларини шарҳлашдаги ўзига хос услубини ўрганиш қуръоншунослик соҳаси тадқиқотларида муҳим саналиши ҳақида тўхталиб ўтилган.
32-4018606-07-2026 -
«АЛ-ФИҚҲ АН-НОФЕЪ» АСАРИ ҚЎЛЁЗМАЛАРИНИНГ КОДИКОЛОГИК ТАҲЛИЛИ
Bekzodbek MUKHTAROV (Muallif)Мовароуннаҳр диёри ислом илмлари ривожига катта ҳисса қўшган олимлар юрти ҳисобланади. Бу ўлкадан етишиб чиққан уламолар томонидан ёзилган ислом таълимоти, ҳуқуқи ва ахлоқига оид асарлар нафақат мусулмон олами, балки бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган. Бунга дунё кутубхоналарида сақланаётган, нодир қўлёзма манбалар сифатида эътироф этилаётган асарларни мисол келтириш мумкин.
Шундай фақиҳ уламолардан бири Абулқосим Носируддин Самарқандийдир. XI–XII асрларда Самарқанд шаҳрида яшаб, ислом илмлари, хусусан, Қуръон илми, ақида, фиқҳ, ахлоқ, тарих ва луғат илмлари билан машғул бўлган ҳамда Мовароуннаҳр илм-фани ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган. Айниқса, олимнинг фиқҳ илмига доир асарлари ҳанафий фиқҳига оид муҳим манбалардан саналиб, улар орасида «ал-Фиқҳ ан-нофеъ» асари алоҳида аҳамият касб этади. Бу асар фуруъ ал-фиқҳ илмига оид асар бўлиб, кўплаб олимлар томонидан эътироф этилган ва унга шарҳ ва изоҳлар битилган. Бу асарнинг бугунги кунда дунё кутубхоналарида ўттиздан ортиқ қўлёзма нусхалари мавжуд. Шу сабабли ҳам ушбу мақолада «ал-Фиқҳ ан-нофеъ» асарининг ёзилиш тарихи, таркибий тузилиши, унинг қўлёзма нусхалари, уларнинг манбашунослик таҳлили ва ўзига хос хусусиятлари тарихий манбалар асосида илмий ва қиёсий тадқиқ этилган.
85 - 921011023-06-2026 -
САҲИҲИ БУХОРИЙНИНГ ЮНИНИЙ НУСХАСИ
Feruz KHOLMUMINOV , Oybek SOTVOLDIYEV (Muallif)Ҳадис тўпламлари ичида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асари энг ишончли ҳадис китоби сифатида эьтироф этилади. Имом Бухорий ушбу асарни 16 йил давомида ёзиб тамомлаган. Асар тарихига назар солинса, унинг ёзилиши ва бугунги кунгача мукаммал ҳолатда етиб келиши улкан меҳнатлар самараси экани намоён бўлади.
Асарнинг бугунги кунга қадар етиб келиш жараёни бир неча босқичларда иборат. Даставвал, Имом Бухорий ҳузурида “Саҳиҳ”ни тинглаган бир неча ровийлар китобни бевосита имомдан қайд қилиб олган. Ровийлардан эса ўз навбатида толиби илмлар нусха кўчирган. Аста-секин мусулмон мамлакатлари бўйлаб асарнинг турли қўлёзма нусхалари кенг тарқалиб борган. Нусхаларнинг кўпайиши улар ўртасида маьлум фарқларни вужудга келтирган. Натижада барча қўлёзмаларни жамлаб, улар ўртасидаги фарқларни аниқлаш ва асарнинг энг саҳиҳ матнини тайёрлаш муҳим вазифага айланган. Ушбу шарафли ишни бажаришга уринганлар орасида Шарофиддин Юниний ҳам бор эди. Унинг турли ривоятларини бир-бирига солиштириб, “Саҳиҳи Бухорий”нинг ҳозиргача маьлум энг саҳиҳ матнини яратди. Илм бобида тиришқоқлиги ва улкан саьй-ҳаракатлари натижасида Юниний нусхаси “Саҳиҳи Бухорий”нинг асосий мурожаат матнига айланди.
1893 йилда Султон Абдулҳамидхон Юниний нусхаси асосида “Саҳиҳи Бухорий” ни нашр қилиш тўғрисида фармон чиқарди. Ушбу нашрнинг Азҳар уламоларидан иборат 16 кишилик ҳайьат томонидан ўша даврнинг энг йирик “Булоқ Амирия” матбаасида амалга оширилгани асарга бўлган катта қизиқишнинг ҳамда Юниний меҳнатининг ўзига хос эьтирофи эди.
Ушбу мақолада “Саҳиҳи Бухорий”нинг илк нусхалари, Юниний томонидан амалга оширилган тадқиқот иши ва унинг “Булоқ-Амирия” матбаасида нашр этилиши тадқиқ этилган. Мақоланинг аввалида “Саҳиҳи Бухорий”ни Имом Бухорийдан бевосита ривоят қилган ровийлар ҳақида маълумот берилади. Сўнгра асарнинг ислом олами бўйлаб тарқалиши, турли нусхаларининг пайдо бўлиши ва улар орасидаги фарқлар ҳақида сўз юритилади. Мақоланинг асосий қисми “Саҳиҳи Бухорий”нинг энг ишончли қўлёзма матни бўлган Юниний нусхаси, унинг ёзилиш тарихи ҳақидадир. Мақола сўнгида султон Абдулҳамид II даврида Юниний нусхаси асосида “Саҳиҳи Бухорий” асарининг Мисрда нашр этилиши атрофлича таҳлил этилган.
21 - 301804-07-2026 -
ЯССАВИЙ ИЗДОШЛАРИ ИЖОДИНИНГ МАНБАШУНОСЛИГИ МАСАЛАЛАРИ
Maryam ISHMUKHAMEDOVA (Muallif)Ушбу мақолада Аҳмад Яссавий асос солган “Яссавия мактаби шоирлари” деб номланган адабий мактабга мансуб шоирлар ижоди ҳақида сўз боради. Бу мактаб шогирдларининг асарлари қўлёзма манбалар орқали етиб келганлиги боис Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган уларнинг асарлари ўрин олган қўлёзма манбалар асосида иш кўрилган. Бу мактаб шоирлари кимлар, улар ижодидаги ўхшашлик ва ўзига хосликлар мисоллар ёрдамида очиқлаб берилган. Шунингдек, уларнинг асарлари қўлёзмалардан қай даражада ўрин олган, кейинги изланишлар натижасида бу шоирлар сафи қай даражада кенгайганлиги ҳақида маълумотлар берилган. Юқорида мазкур бўлган институт фондида сақланаётган бу мактаб шиорлари асарлари ўрин олган қўлзмалар таҳлил қилиниб, улар гуруҳлаб чиқилган. Мақоланинг давомида Яссавия мактаби шоирларига хос бўлган хусусиятлар бир мавзу доирасида бир неча ижодкорнинг асар ёзиши масаласига эътибор қаратилиб, уларнинг ёзган бундай асарлари қиёслаб ўрганилиб, натижалари таҳлил этилган. Шу билан бирга бу адабий мактаб шоирлари қаламига мансуб шеърий қиссачилик ҳақида, улардаги мансублик масаласининг ҳал этилиши зарур бўлган жиҳатлари ҳақида ҳам сўз юритилган. Ва бу масалани ҳал қилишда юқори даражадаги манбашунослик ва матншунослик тадқиқоти олиб борилиши зарурлиги таъкидланган. Бугунги Яссавийшунослик олдида турган долзарб муаммолар ҳақида фикр юритилар экан, унинг издошлари ижодини жиддий ўрганилиши лозим бўлганлиги, уларнинг ҳар бирининг асарлари ўрин олган қўлёмалар каталогини ва асарлари илмий матнларини тузиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлиги таъкидланган. Бунда айрим қўлёзмаларда Аҳмад Яссавийга нисбат берилаётган бир неча шеърий қиссалар матни унинг ҳикматларига услубий жаҳатдан қёслаб ўрганилган. Изланиш натижалари баён этилган. Яссавийшуносликда бугунча “шайхул-машойих”нинг шеърий қисса ёзганлиги маълум эмас. Шунинг учун бу масалаг жиддий ёндошиб, узил-кесил хулоса чиқаришга шошилмаслик таъкидланган. Шу билан бирга Яссавийга нисбат берилган шеърий қиссалар парчаларни унинг издошлар асарлари билан қиёсланган.
60-7024304-07-2026 -
БОБУРИЙЛАР ДАВРИ ҲИНДИСТОН ТУРКИЙЗАБОН АДАБИЁТИНИНГ МУХТАСАР ТАРИХИ (XVI – XVIII АСРЛАР)
Najmiddin NIZAMETDINOV (Muallif)Маълумки, ҳинд адабиёти босиб ўтган узоқ адабий-тарихий жараённинг шундай босқичлари ҳам борки, улар айрим объектив ва субъектив сабабларга кўра ўтган асрнинг сўнгги чорагига қадар фанда алоҳида тадқиқот доирасини ташкил этган эмасди. Бу ҳол аввало, ўрта аср ҳинд бадиияти муҳитида вужудга келган Ҳиндистон туркийзабон адабиётига тааллуқлидир. Ҳолбуки, Ҳиндистон туркийзабон адабиётига қизиқиш қисман бўлса-да, ҳали унинг ибтидосидаёқ бошланган бўлиб, бу илмий аҳамиятга молик меросга доир амалга оширилган ишларни қуйидаги силсилада кузатиш мумкин:
Биринчидан, XVI–XVIII асрларга оид тазкиралардаги Ҳиндистон туркийгўй шоирлари ҳақида берилган маълумотлар ва уларнинг қаламига мансуб шеърий намуналар. Иккинчидан, инглиз шарқшуноси Денисон Росс томонидан Бобур ва Байрамхон девонларининг чоп этилиши; 1917 йили Бобур девонини проф. А.Самойлович таҳририда икки тапқур нашрга тайёрланиши. Учинчидан, 1940 йиллардан бошлаб Ҳиндистон туркийзабон адабиётига доир айрим рисола ва мақолаларнинг эълон қилиниши. Тўртинчидан, 2000 йилдан то ҳозиргача Ҳиндистон туркийгўй шоирлари адабий меросининг экспедиция материаллари асосида таҳлил этилиши ва унинг қисман илмий муомалага киритилиши.
Юқорида қайд қилинган Ҳиндистон туркийзабон адабиётининг тадқиқоти билан боғлиқ масалалар диёримизда ўтган асрнинг 70–80 йилларининг охирига келиб фанда актуаллик хусусиятини касб эта бошлади. Бу жиҳатдан проф.Ҳ.Сулаймоновнинг ташаббуси билан Ҳиндистонга уюштирилган экспедиция материаллари юзасидан чоп этилган рисола ва мақолалар мазкур долзарб мавзунинг яхлит тадқиқоти учун дебоча бўлди десак, мутлақо янглиш-маймиз. Хусусан, сафар натижасида «Навоийга қадар XIV асрнинг охири – XV асрнинг ўрталарида ўз адабиётида биринчи ўлароқ мукаммал девон тузган шоир Ҳофиз Хоразмий» қўлёзма асарининг топилиши «адабий туркий тилнинг Ҳиндистонда қай даражада тарқалганлигини реал баҳолаш имконини берди».
Агар шунга ўхшаш яқин ўтмишгача фан оламига номаълум айрим шоирларнинг ижоди, бордию «Бобурийлар даврида Ҳиндистонга борган алломалар билан бирга келтирилган қўлёзма китоблар» жумласига кирган тақдирда ҳам, уларнинг нима сабабдан ҳинд диёрида беш асрдан зиёд безавол умр кўриб келаётганлиги ҳақидаги ҳаққоний саволга эртами-кечми адабиётшунослигимиздан жавоб изланиши табиий эди. Шу нуқтаи назардан ўтган асрнинг сўнги чорагида ҳинд қўлёзма фондларидан топилган Байрамхон, Камрон, Фахмий, Фориғий, Жоҳила ва Дийда каби ҳиндистонлик туркий қалам соҳиблари ижодий меросининг мустақил мавзу мақомида юзага чиқарилиши, том маънода, халқимизнинг хорижий мамлакатлар билан асрлар оша ўрнатган ва мустаҳкамлаб келаётган адабий алоқаларининг навбатдаги амалий натижаси.
123-13213723-06-2026 -
МОВАРОУННАҲРДА ЁЗИЛГАН ТАЖВИД ВА ҚИРОАТ ИЛМИГА ДОИР МАШҲУРМАНБАЛАР
Abdumannan ISMATULLAEV (Muallif)Мазкур мақолада тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ сингари ислом илмлари қаторида тажвид ва қироат илми Мовароуннаҳрда ривожлангани, мазкур илмлар бўйича энг машҳур асарлар ёзилгани таҳлил қилинган.
Тажвид ва қироат “Қуръон”ни тўғри ўқиш қонун-қоидаларига бағишланган бўлиб, исломнинг илк давридан бошлаб шаклланиб келган. Тажвид ва қироат илми ривожланиши баробарида ушбу илм билан махсус шуғулланадиган қори мутахассислар ҳам етишиб чиққан. Улар ўз илмларини “Устоз – шогирд” анъанаси асосида кейинги авлодга етказиш билангина кифояланмасдан, балки ёзма шаклда илмий асарлар ҳам қолдирганлар. Шу сабабли дунёда тажвид ва қироат илмига доир машҳур манбалар вужудга келган. XIX-XX аср бошларигача ҳам Мовароуннаҳрда тажвид ва қироат илмига доир бир қанча машҳур ва муҳим асарлар битилган ҳамда уларнинг аксарияти кейинги даврдаги китобларга ҳам асосий манба вазифасини ўтаган. Улар алоҳида ва изчил тарзда ўрганилган эмас. Мазкур мақолада Мовароуннаҳрда битилган тажвид ва қироат илмига оид машҳур манбалар тўғрисида сўз юритилади.
Мақолада Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фондида сақланаётган нодир ва ноёб қўлёзма манбалардан айнан тажвид илмига оид манбалар таҳлил қилинган. Мақоладаги бирламчи ҳисоб-китобларга қараганда, арабча манбаларнинг 141 нусхаси, форсча ва туркийча манбаларнинг эса 182 нусхаси айнан тажвид илмига оид қўлёзмаларни ташкил этади. Мақолада улардан айримларининг асар номларига, шунингдек, уларнинг муаллифларига аниқликлар киритилган. Бу эса мақоланинг илмий янгилигининг кўрсатади.
117 - 12427328-06-2026 -
ФАҚИҲ АБУ БАКР ҲАДДОД ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИШ БЎЙИЧА ТАДҚИҚОТЛАР ТАҲЛИЛИ
Abdullo M. QOSIM (Muallif)Имом Абу Бакр Ҳаддод Забидий хусусан фиқҳда, қолаверса, тафсир илмида ҳам кўплаб китобларни ёзишга муваффақ бўлган. Олим ёзган китоблари ҳаётлик давридан то бугунги кунга қадар илм аҳллари томонидан қабул бўлиб, улар орасида кенг ёйилган. Дунё кутубхоналарида у зотга тегишли қўлёзма манбалар кўп бўлиб, хусусан, «Мухтасар ал-Қудурий»нинг икки шарҳи – «ас-Сирож ал-ваҳҳож» ва «ал-Жавҳара ан-наййира» китобларининг қўлёзма нусхаларини топиш мумкин.
Абу Бакр Ҳаддод ҳанафий мазҳабидаги мўътабар матн китобларидан бири бўлмиш «Мухтасар ал-Қудурий» китобини шарҳлаган фақиҳлардан бири ҳисобланади. У киши аввалига «ас-Сирож ал-ваҳҳож» номли китоб ёзган. Бунда у юқорида айтилган китобни кенг тарзда шарҳлаган. Сўнгра, ундаги масалаларни қисқартириб «ал-Жавҳара ан-наййира» номли китоб таълиф қилган. Ушбу иккала асардан ҳанафий мазҳаби манбаларида кўплаб иқтибослар келтирилади.
Олимнинг тўлиқ исми – Абу Бакр ибн Али ибн Муҳаммад ибн Довуд ибн шайх Али ибн Абдурраҳмон Ҳаддод Аббодий Забидий Ҳанафий. «Аббодий» Аббодийя қишлоғига берилган нисбат бўлиб, олим аввалига шу шаҳарда туғилиб ўсиб, сўнг Ямандаги машҳур шаҳарлардан бири бўлган Забид шаҳрига кўчиб ўтган. У ерда қарор топиб, вафот этган. Шу боисдан ҳам у кишига нисбатан Аббодий Забидий деб айтилади. «Ҳаддод» дегани эса «темирчи» деган маънони билдиради. У зот ушбу ном билан машҳур бўлиб, «Ҳаддод», «Ҳаддодий» номини олган. Имом Абу Бакр Ҳаддод 720 ҳижрий йил ражаб ойида Аббодийя қишлоғида туғилган. Бу ҳақида Қосим ибн Қутлубғо «Тожут тарожум» китобида келтириб ўтган.
«Табақотул хавос» китобида келишича, Абу Бакр Ҳаддод зот ёзган асарлари тахминан 20 жилдга тенг келади. Имом Шаржий «Табақотул хавос» китобида шундай деган: «У зотнинг имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу мазҳабида битган буюк китоблари бор эди. Унга ўхшаш китобни ислом аввалидан то ҳозирги кунимизга қадар Ямандаги ҳанафий уламолар ёзмаган».
Ушбу мақолада фақиҳ Абу Бакр Ҳаддод ҳаёти ва илмий мероси бўйича амалга оширилган тадқиқотлар тадқиқ ва таҳлил қилинган.
65-726120-07-2026 -
ЎЗБЕК МУМТОЗ АДАБИЁТИДА ИСЛОМ ТАРИХИ БАДИИЙ ИФОДАЛАНГАН АСАРЛАР ТАСНИФИ (XVII-XIX АСРЛАР)
Lola AZIMOVA (Muallif)Ўзбек мумтоз адабиётида ислом тарихи воқеаларини бадиий ифодалаган асарлар, қиссалар талайгина. Уларда ислом дини, унинг ғоялари, Пайғамбар (с.а.в.) ҳаёти ва фаолияти, саҳобалар, уларнинг эзгу сифатлари ҳамда ислом дини тарғиботи учун фаоллик кўрсатган тарихий шахсларнинг ҳаракатлари кенг ёритилган. Хусусан, ислом тарихи бадиий ифодаланган асарлар, асосан XVII-XIX асрларга оид бўлиб, улар характер-хусусиятига кўра тарихий-жангнома қиссалар ҳисобланади. Асосан, ўзбек мумтоз адабиётда ислом тарихи воқеалари билан бир қаторда ислом тарихида машҳур тарихий шахслар бўлган саҳобалар, Жаъфари Содиқ, Ҳазрат Али, Абу Суфён, Холид ибн Валид, Қусам ибн Аббос, Хажжож кабиларнинг сифатлари, ҳаракатлари, дин йўлидаги жонбозликлари бадиий тарзда қаламга олинган. XVII аср ижодкорларидан Сўфи Оллоёр ва Бобораҳим Машраб ижодида Уҳуд жанги, Карбало воқеалари ҳамда тарихий шахсларнинг жонбозликлари лирик мисраларда бадиий ифодаланса, XVIII-XIX аср ижодкорларидан Собир Сайқалий, Жаҳон отин Увайсий, Холис Тошкандий, Нисо, Мирзахон Хоний, Абдуқаюм Ваҳмий кабилар бевосита тарихий воқеликни қаламга олганликларини кўриш мумкин. Мазкур XVIII-XIX аср ижодкорлари ва ўндан ортиқ халқ ичидан чиққан ижодкорлар ҳам ўз номларини кўрсатмаган ҳолда Ҳазрат Али, Қусам ибн Аббос, Имом Ҳасан, Имом Ҳусайн, Муҳаммад Ҳанифа, Хажжож, Муҳаммад Боқир, Саййид Баттол Ғозий каби тарихий шахслар қаҳрамонликларини маснавий йўли билан бадиий ифодалаб, махсус лиро-эпик қиссалар битганлар. Шу жиҳатдан, ислом тарихи воқеалари ва машҳур шахслар фаолияти бадиий ифодаланган халқ қиссаларининг юздан ортиқ қўлёзма ва тошбосма нусхалари ЎзФА Шарқшунослик қўлёзмалар институти асосий фонди ҳамда Ҳамид Сулаймон фондида сақланиб келмоқда. Дарҳақиқат, ўзбек мумтоз адабиётини ислом дин, унинг бунёдкорликка, инсонпарварликка йўғрилган ғояларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Юқорида таъкидланганидек, уларда ислом дини, унинг тарихий воқеаларидан тортиб, тасаввуф таълимотининг бадиий ижоддаги образ ва тамсиллар воситасидаги бадиий талқинини кўриш мумкин. Шу асосда, ўзбек мумтоз адабиётида мавжуд диний характердаги асарларни ўрганиш, уларнинг дидактик жиҳатларини ёритиш, бадиий санъатларни қўлланиш ўрнини кўрсатиш муҳим вазифалардан саналади. Шу жиҳатдан, XVII-XIX асрларга оид ислом тарихига оид асарлар ва уларнинг бадиий хусусиятлари, мазмуний таснифи масалалари Республика фондларда сақланаётган қўлёзма ва тошбосма манбалар асосида тадқиқ этилди ва умумлашма хулосалар берилди.
39-4820420-07-2026 -
ШАЙХ ХОВАНД ТАҲУР МАЖМУАСИНИНГ МИНТАҚА ИСЛОМ МАДАНИЯТИДА ТУТГАН ЎРНИ
Ne’matullo MUHAMEDOV (Muallif)Мақолада Шайх Хованд Таҳур (ХIV аср) ҳаёти ва фаолияти ўрта аср қўлёзма манбалари асосида тадқиқ этилган. Шайх Хованд Таҳур ёдгорлик мажмуасидаги мақбара, масжид каби турли маданий иншоотларнинг қисқача тарихи баён этилган. Муҳими, Шайх Хованд Таҳур мажмуасининг минтақа ислом маданиятида ўзига хос ўрин тутиши манбалар ёрдамида таҳлил қилинган.
29-3365625-06-2026 -
Маҳмуд Замахшарий грамм атик мероси ва Мовароуннаҳр тилшунослик мактабини тадқиқ этишнинг долзарб масалалари
Malika NOSIROVA (Muallif)Мақола ўрта асрларнинг машҳур тилшунос олими Маҳмуд Замахшарийнинг илмий фаолияти ва унинг тилшунослик мактабига бағишланган.
79-8356526-06-2026 -
ЗАРАФШОН ВОҲАСИДАГИ ЭПИГРАФИК ЁДГОРЛИКЛАРНИНГ ТАРИХИЙ АҲАМИЯТИ (XV-XIX АСРЛАР)
Mekhrojiddin AMONOV (Muallif)Мақолада XV-XIX асрларда Зарафшон воҳаси нақшбандия тариқати билан боғлиқ эпиграфик ёдгорликларда сақланиб қолган битиклар тадқиқ этилган. Эпиграфик ёдгорликда тариқатда фаолият кўрсатган муайян шайх-муршиднинг насаби, устозлари ҳақида, туғилган ёки вафот этган йили ҳақида аниқ маълумот сақланган. Бу маълумотлар манбаларда келтирилган маълумотларни бевосита тўлдиради.
XV-XIX асрга келиб Самарқанд ва Бухорода тариқат шайхларининг фаоллиги бирмунча сусайган бўлса-да, илдизи хожагон тариқатига бориб тақаладиган нақшбандия тариқати воҳада кенг тарқала бошлаган. Бу тариқатнинг мазкур ҳудудда етакчи тариқатга айланиши XV-XIX асрларда яшаб ўтган тариқат пешволари Хожа Алоуддин Аттор, Хожа Аҳрор Валий, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Муҳаммад Ҳусайн каби тариқат намояндалари номи билан боғлиқ. Афсуски, уларнинг ҳаёти ва маънавий мероси, нақшбандия тариқатидаги фаолияти ҳанузгача алоҳида тадқиқот мавзуси сифатида тўлиқ ўрганилмаган. Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Хожа Саққо маҳалласидаги Шайх Саққо Валий қабртошининг бир бўлаги сақланган. Муҳаммад Мусохон хожа Сармежийнинг авлодлари: Яҳё хожа, Жалолиддин хожа, Низомиддин хожаларнинг қабртош битиклари асосида уларнинг насаб ва ҳасабда бир авлод бўлгани аниқланди. Миён Фазл Муҳаммадхон қабртошидаги маълумот асосида 1884 йилда вафот этгани, ҳиндистонлик алфи соний (яъни нақшбандия-мужаддидия) тариқати асосчиси, Имом Раббоний номи билан машҳур аллома Шайх Аҳмад Сирҳиндий авлодидан экани маълум бўлди. Унинг Миён Ғуломхон исмли ўғли бўлгани васиқа ҳужжатидан аниқланди. Халифа Ғиёсиддин хожанинг авлодига тегишли эпиграфик ёдгорликда Ҳазрат Алига қадар етган насаб шажараси битилгани ва Темур хожанинг отаси (“қози мулло мир Маҳмуд хожа ибн халифа Ғиёсиддин хожа” деган маълумотга кўра) “Қози” ҳамда “Муфтий” лавозимларида фаолият кўрсатгани аниқланди. Ғиёсиддин хожанинг Эшони Калон Султонхон, мулло мир Маҳмуд хожалар ва мулло Муҳаммад хожа исмли ўғиллари бўлгани мақолада таҳлил қилинган.
Нақшбандия тариқатига оид эпиграфик манбаларни ўрганиш ҳанузгача номаълум қатор ахлоқий, маънавий ва назарий масалаларни очиқлашга ёрдам беради. Ўзбекистон ҳудудидаги турли тарихий мажмуа, қабристон, меъморий иншоот ва қабртошларда сақланиб келаётган битиклар тарихий манба сифатида ўтмишнинг номаълум жиҳатларини очиб бериб, тарих фанининг эпиграфика, манбашунослик, ономастика, хронология, исломшунослик каби тармоқлари учун муҳим материаллар тақдим этади.
17-2113017-09-2026 -
ТАСАВВУФШУНОС ОЛИМ, ПРОФЕССОР НАЖМИДДИН КОМИЛОВНИНГ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ ФАОЛИЯТИ (БИБЛИОГРАФИК ТАҲЛИЛ)
Tokhir KHATAMOV (Muallif)Тасаввуф тарихини ўрганиш, манбавий асосларини таржима қилиш, шарҳлаш ва халқимизга етказиш масаласи – мустақилликнинг дастлабки йилларида зиёлиларимиз олдидаги муҳим вазифалардан бирига айланди. Ушбу масъулиятли вазифани бажаришда профессор Нажмиддин Комилов ва шогирдларидан иборат жамоа ҳам ўз ҳиссаларини қўшди. Мақолада тасаввуфшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комиловнинг илмий-маърифий фаолияти тадқиқ этилган. Жумладан, Н.Комилов томонидан нашр этилган асарлар, мақолалар, монографиялар, рисолалар, таржималар, маърузалар, сўзбошилар, тақризлар ҳамда масъул муҳаррирлик, таҳрир ҳайъатидаги иштироки каби жиҳатлар ўрганилган. Ўрганиш жараёнида аниқланган маълумотлар асосида олимнинг тасаввуф соҳаси бўйича олиб борган илмий фаолиятига доир таҳлилий хулосалар берилган. Олимнинг илмий тадқиқот фаолияти серқирра бўлиб, фаннинг турли йўналишларида илмий тадқиқот ишларини олиб борди. Жумладан, адабиёт соҳасида таржима ва қиёсий адабиётшунослик, таржима тарихининг назарий масалалари, матншунослик ва адабий жанрлар тараққиёти билан боғлиқ жиҳатларни тадқиқ этганлиги таъкидлаб ўтилган. Олимнинг “Тасаввуф” бўйича нашр этилган биринчи китобининг истиқлол йилларида тасаввуф таълимоти бўйича илмий аҳамияти ўрганилиб, китобдаги тасаввуф тарихи, тариқатлар, ҳол, маърифат ва ҳақиқат, муҳаббат, каромат, тариқат ва шариат, хилват ва анжуман, футувват, моҳият – инсон учун курашмоқ, комил инсон, тасаввуф ва бадиий ижод каби долзарб масалалар таҳлил этилган. Н.Комилов томонидан асарларга масъул муҳаррирликнинг бажарилиши, шарқ қўлёзма асарларнинг таржималари, маърузалар, сўзбошилар, тақризлар ҳамда таҳрир ҳайъатидаги фаолияти каби кўплаб ишлари алоҳида ўрганилди. Шу билан биргаликда, Н.Комилов илмий фаолиятининг замондошлари эътирофига оид мақолалар рўйҳати шакллантирилиб тақдим этилди. Профессор Нажмиддин Комиловнинг илмий-маърифий фаолиятини ўрганиш уч даврга бўлинди ва ҳар бир давр учун ном берилиб, алоҳида хулосалар тақдим этилди. Олимнинг ўз умри давомида дин, миллат, тарих, адабиёт ва тасаввуф бўйича олиб борган илмий-ижодий изланишлари, бугунги авлод учун ижобий аҳамиятга эга маърифий мерос ҳисобланинишини эътиборга олинди ва имкон даражасида илмий-ижодий фаолияти мазкур мақолада ёритилди.
77-855123-07-2026 -
ИСЛОМ МАВЗУСИГА ОИД ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ ДАСТУРЛАР ЯРАТИШДА ИНФОРМАЦИОН КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИНГ ЎРНИ
Alimjon DADAMUHAMEDOV (Muallif)Замонавий ахборот технологиялари диний-маърифий дастурлар яратишда салмоқли ҳисса қўшмоқда. Қуръон, хадис, тарихий қўлёзма манбаларни электронлаштириш ҳозирги кунда долзарб масала бўлиб қолмоқда. Ота-боболаримиз томонидан қолдирилган қадимий асарларни дунёга танитиш, келажак авлодга ўз асл ҳолатида кўрсатиш мақсадида яратилган дастурий таъминотлар таҳлил қилинган. Мазкур дастурий комплекслардан ислом билим юртлари, малака ошириш курсларида фойдаланиш мумкин. Ислом мавзусига оид электрон манбаларни ишлаб чиқиш жараёнида Php, WordPress, Yii2 framework, Joomla, Visual Basic, C++ каби замонавий дастурлаш тилларидан фойдаланилган. Ушбу мақола ислом мавзусига оид электрон манбаларни яратиш ва такомиллаштиришга қаратилган замонавий дастурлаш тиллари ва интернет-технологияларни таҳлил қилишга бағишланган. Мақоланинг амалий аҳамияти минтақада ислом мавзусига оид электрон манбаларнинг фаолиятини қўллаб-қувватловчи замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллашдан иборат.
271 – 27875524-06-2026 -
ИМОМ ШАҲРИСТОНИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИ ВА ОЛИМ АСАРЛАРИНИ ТАДҚИҚ ЭТИШДАГИ ЁНДАШУВЛАР
MUMIN MIRZO Abdupattaev (Muallif)Бугунги глобаллашув даврида тарихни холисона ўрганиш, миллий ва диний қадриятларни қайта тиклаш, аждодлардан қолган бой, маънавий-маданий меросни асраб-авайлаш, тадқиқ этиш ҳамда уларни келажак авлодларга етказиш долзарб масалалардан ҳисобланади. Бу эса миллатнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий баркамол бўлиб етишишида муҳим омилдир.
Соф исломий эътиқод эгаларини тарбиялаш ва улар орқали кенг халқ оммаси онгига ислом динининг эзгу тушунчаларини етказиш ва турли адашган оқимларга қарши курашиш бугунги кунда юксак вазифага айланди.
Тарихдан маълумки, ислом динидан турли оқим ва фирқалар ажралиб чиққан. Мовароуннаҳр, Хуросон ва бошқа мусулмон диёрлар олимлари диндан ажралиб чиққан фирқаларнинг турли ғоя ва қарашлари, асл моҳиятини очиб бериш ва уларга соф исломий далиллар билан раддия бериш мақсадида муҳим изланишлар олиб боришган ва бу борада катта ютуқларга эришиб, қимматли асарлар ёзиб қолдирганлар. Мана шундай олимлардан бири – Хуросон минтақасидан чиққан, динлар тарихига оид мўътабар манба қолдирган Абул Фатҳ Шаҳристонийдир. Имом Шаҳристонийнинг “ал-Милал ва-н-ниҳал” асарида нафақат ислом динидан ажралиб чиққан фирқалар ҳақида, балки бошқа динлар ва эътиқодларга доир муҳим маълумотлар келтирилган. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунимизда ушбу китоб мазҳаблар тарихини ўрганишда самарали асарлардан бири саналади. Бундан ташқари олим фиқҳ, калом, фалсафа каби илм соҳаларида ҳам асарлар ёзиб қолдирган. Бу асарлар бугунги кунимизда ҳам долзарб саволларга жавоб берувчи бебаҳо манбалар сифатида баҳоланади.
Ушбу мақолада олимнинг асарлари, муаллиф ҳақидаги уламоларнинг эътирофлари ва олим асарларининг тадқиқ этишдаги ёндашувлар тадқиқ этилган.
59 - 6736608-07-2026 -
АЛ-МУЪИЗЗИЙНИНГ “ТАСРИФ АЛ АФЪАЛ” АСАРИ ВА УНДАГИ ФЕЪЛ БОБЛАРИНИНГ ТАСНИФЛАШ УСЛУБИ
Akbar KAZAKBAYEV (Muallif)Мазкур мақолада Ал-Муъиззийнинг араб тилида феълларда содир бўладиган ўзришларга бағишланган “Тасриф ал-Афъал” асари ҳақида маълумотлар берилиб, ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида ушбу асарнинг 7 та қўлёзма нусхаси сақланиб келинаётгани ва асарнинг тузилиши, грамматик услубларга асосланган ҳолда таснифлангани тадқиқ қилинган. Ал-Муъиззининг асари тўртта катта бобга ажратилган бўлиб улар ўз навбатида фаслларга, яъни кичикроқ гуруҳларга бўлинган. Биринчи фаслда феълларнинг ўтган, ҳозирги келаси замонларда ва буйруқ майлида тусланиш тартиби келтирилган. Иккинчи фасл тўғри феъллар, учинчи фасл икиланган феъллар, тўртинчи фасл бўш феъллар, бешинчи фасл ноқис феъллар, олтинчи фасл лафиф феъллар, еттинчи фасл мултави феъллар ва саккизинчи фасл эса “нун ат-таъкид” мавзуларининг таҳлилига бағишланган. Асарда феълларнинг турли бобларидаги шакллари, уларнинг ўтган ва ҳозирги келаси замон шакли, уч ундош ўзакли феълларнинг ва тўрт ундош ўзакли мазид феълларнинг боблари ҳақида ҳам фикр юритилади. Шу билан бирга, товуш илми (фонология) сарф илми билан боғлиқлиги, махражи ҳалқумдан чиқадиган олтита ҳарфнинг биронтаси феълнинг иккинчи ёки учинчи ўзак ундоши ўрнида келиши, ўрта ўзак ундошининг ҳаракати касра эмас фатҳа бўлишини талаб қилиниши мисоллар асосида исботланиб берилган. Шу ўринда, مجرد атамаси - феълларнинг биринчи боби, مزيد فيه атамаси эса - феълларнинг ҳосила, яъни биринчи бобдан ташқари, ёрдамчи, қўшимча ҳарфлар кўшилиши билан ҳосил қилинган феъл бобларига нисбатан қўлланилиши назарда тутилиши ўрганилган. Муъиззий келтирган 3 ундош ўзакли мужаррад феълларнинг ( فعل ثالثي مجرد ) олтита боби бирма-бир санаб ўтилган. Ушбу мақолада, Б. М. Гранденинг феъл боблари борасида келтирган қоидалари Ал-Муъиззийнинг “Тасриф ал-Афъал” асаридаги қоидалар билан солиштирилиб, 4 ундош ўзакли мазид феълларнинг IV боби «лом» ўзак ҳарфи билан ифодаланганлиги, бу борада аш-Шумуний ва ибн ал-Китаъ асослаб берган қолипидаги «ҳамзали алиф» билан ифодаланиши »إف ْعَ الَّ « сабаблари тадқиқ қилинган. Шунингдек, Муъиззий келтирган феъл бобларининг қолипларини берилиши тартиби, улар бугунги кунда қабул қилинган феъл бобларининг таснифланиш тартибидан фарқлангани ушбу мақолада илмий асосланиб берилган.
106 - 11619706-07-2026 -
АБУ ЖАЪФАР МУҲАММАД ИБН ЖАРИР ТАБАРИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ
Muhabbatxon AGZAMOVA (Muallif)Абу Жаъфар Табарий ҳаёти Аббосийлар давлати заифлашиб, парчаланаётган, халифаликнинг турли ҳудудларида тўқнашувлар, келишмовчиликлар юз берган даврда ўтди. Мана шундай ҳолатга қарамай илм-маърифат ривожланиб, турли соҳаларда мўътабар асарлар ёзилди.
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий исломшунослик хусусан, тафсир, фиқҳ, адаб, тарих каби соҳаларга оид муҳим асарларни яратди. Мақолада олимнинг ҳаёти ва илмий меросининг кенг қамровли таҳлили амалга оширилган. Табарий асарларининг манбашунослик таснифи келтирилиб, асарларининг ўзига хос жиҳатлари илмий ўрганилган. Олимнинг “Китоб таҳзиб ул-осор”, “Жомеъ ул-баён фи тафсир ал-Қуръон”, “Жомеъ ул-қироат мин-аш-шуҳур ва-ш-шозз”, “Китоб ихтилоф ал-фуқаҳо”, “Китоб ул-вақф”, “Китоб ал-латиф ал-қавл фий ахком шариал ислом”, “ал-Хафиф фи аҳком шаръия ислом”, “Адаб ал-қузот”, “Адаб ал-маносик”, “Басит ул-қавл фи аҳками шараиъул ислами”, “Китоб шарҳ ас-сунна”, “Китоб ат-табсир фи усул ад-дин”, “Адаб ан-нуфус ал-жаййида вал ахлоқ ан-нафиса” каби асарлари амалга оширилган тавсифлари билан илмий истифадага киритилган.
Абу Жаъфар Табарий илмий меросида тарих ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг ислом дунёсида машҳур бўлган ва кўпгина олимлар томонидан ўрганилган “Тарих ар-русул ва-л-мулук” – “Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи” номли асари катта илмий аҳамиятга эга. Мазкур асар олимнинг ислом илмлари билан бирга исломгача бўлган қадимги давр тарихи, адабиёти, халқ оғзаки ижодини мукаммал билганлигини кўрсатади. Табарий мазкур манбаларни асарда усталик билан истифода эта олган, маълумотларнинг илмий аҳамияти ҳозирги кунда ўз долзарблигини йўқотмаган. Алломанинг ушбу асарига кўплаб кейинги давр олимлари бирламчи манба сифатида мурожаат қилганлар.
33 - 3942906-07-2026 -
НОСИРИДДИН ТУСИЙНИНГ «ТАЖРИД АЛ-КАЛОМ» АСАРИ ВА УНИНГ ШАРҲЛАРИ
Jakhongir TOKHIROV (Muallif)“Тажрид ал-калом” ўзининг мўъжазгина шакли билан калом илмига оид бошқа асарлардан ажралиб туради. Носириддин Тусий1 вафотидан кейин кўп вақт ўтмай, қисқа давр мобайнида кўплаб шориҳларнинг ўзига хос эътиборига сазовор бўлди. Қўлёзмалар хазиналаридаги айрим шарҳлар ва ҳошияларга мурожаат қилган тадқиқотчи унинг қадр-қимматига гувоҳ бўлади.
Мақолада “Тажрид ал-калом”нинг ва унинг шарҳлари, ҳошиялари, таълиқот (қўшимча, илова) ларининг қўлёзма нусхалари ҳамда нашрлари ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берилади. Асли 60 саҳифадан иборат бўлган Тажридга қарийб 200 йилдан сўнг (1420 йилларда) Али Қушчи ёзган шарҳи 400 саҳифадан ортиқ бўлиб, ҳар иккисида ҳам ақида масалалари 6 мақсадга тақсимланган ҳолда баён қилинган.
Мазкур нусхалар ҳақидаги маълумотлар шундан далолат берадики, бугунга қадар Тажриднинг 4 та нусхаси сақланиб қолган, 2 таси нашр қилинган. Унга ёзилган 15 номдаги шарҳларнинг жами 45 та нусхаси сақланган, уларнинг энг кўпи 39 таси Али Қушчи шарҳининг нусхалари, 5 тасининг жами 10 та нашри қилинган. 53 та ҳошиянинг 8 таси Али Қушчи шарҳига ёзилган, ҳошияларнинг 10 та нусхаси сақланиб қолган.
Яна 15 та ҳошиянинг фақат муаллифларигина, 2 та таълиқотнинг эса номи ҳам маълум холос. Шунингдек, бир асарда бир вақтнинг ўзида ҳам фалсафий, ҳам ақидавий масалалар ёнма-ён таҳлил қилиниши муаллифларнинг ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар соҳасида қомусий олимлар бўлганидан далолат беради. 1 Носириддин Тусий (ваф. 673/1274 й.) ўрта осиёлик астроном, математик, файласуф, мутакаллим.
Дарҳақиқат, Тусийнинг ҳам, Али Қушчининг ҳам аниқ, табиий ва ижтимоий фанларга оид асарлари машҳур бўлган ҳамда соҳа мутахассислари орасида таҳсинга сазовор бўлган. Кўпчилик шориҳларнинг ҳам илмий соҳалари ўхшаш. Улардан энг машҳурларидан бири бўлган Даввоний фиқҳ ва калом билан бир қаторда фалсафа, мантиқ, ахлоқшунослик, риёзиёт ва геометрия соҳалари бўйича ҳам рисолалар ёзган.
“Тажрид ал-калом”нинг аҳамиятига фақат замон ва макон нуқтаи назаридангина баҳо берилса ҳам, маълум бўладики, асарга ҳар даврда кўпчилик олимлар мурожаат қилган, унинг тарихий ва географик жиҳатдан ҳам қамрови салмоқли бўлган.
66 - 7323406-07-2026 -
МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ АСОСИЙ ЖИҲАТЛАРИ ТАДҚИҚИ
Saidafzal SAIDJALOLOV (Muallif)Маҳмуд Замахшарий мероси бўйича асрлар давомида олиб борилган изланишларнинг асосий жиҳатларини тадқиқ ва таҳлил қилиш.
Кириш қисмида Замахшарий асарлари борасида олиб борилган тадқиқотлар ва уларнинг муаллифлари борасидаги умумий маълумотлар тақдим қилинган. Замахшарийшуносликнинг Шарқу Ғарбдаги тараққиёти ҳақида маълумотлар берилган. Аллома асарларининг юртимизда ўрганилиши ёритилган.
Услублар қисмида мақолани ёзишда фойдаланилган тарихий таҳлил, анализ, синтез, индукция, дедукция каби методларнинг аҳамияти изоҳланган ва бу борада аллома меросидан мисоллар келтирилган.
Натижалар қисмида Замахшарий меросини ўрганиш орқали тарих, исломшунослик, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тилшунослик, манбашунослик, грамматика ва адабиётшунослик каби турли фанларнинг муайян даврдаги ҳолати, ривожланиш тенденциялари, ўзаро таъсири, уйғун ва фарқли жиҳатлари ҳақидаги илмий хулоса ва натижалар олиш имконини бериши баён қилинган.
Муҳокама бўлими уч қисмдан иборат. Биринчи қисмда Замахшарийнинг ҳаёти ва асарлари ҳақида мўъжаз маълумотларни тақдим қилган манбалар ҳақида маълумотлар тақдим этилган. Бунда асосан табақот жанрида ёзилган асарларга аҳамият қаратилган. Тарих, тилшунослик, тафсир ва фиқҳ йўналишида ёзилган тарихий манбаларда аллома ҳаёти ва фаолиятининг акс эттирилиши баён қилинган. Иккинчи қисмда Маҳмуд Замахшарий ва унинг илмий фаолиятига бағишланган алоҳида тадқиқотлар таҳлили тақдим этилган. Замахшарий ҳаёти ва фаолияти, унинг тилшунослик ва тафсиршуносликка қўшган ҳиссасига оид изланишларда аллома асарлари сони ва мавзусининг таҳлил этилиши ўрганилган. Учинчи қисмда Маҳмуд Замахшарийнинг муайян асарига бағишланган тадқиқотларнинг кириш қисмида аллома мероси ҳақидаги маълумотлар қиёсланган. Алломанинг тилшунослик ва тафсирга оид асарлар тадқиқотлар марказида бўлиб келган. Ҳар бир тадқиқотда Замахшарий асарлари таҳлили берилган.
Хулоса қисмида қуйидагилар таъкидланган: Қадимдан муаррихлар ва мутахассислар эътиборида бўлиб келган Маҳмуд Замахшарий мероси ҳозирги даврда ҳам дунёнинг турли чеккаларида илмий изланишлар асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Хориж тадқиқотчилари Замахшарийнинг ҳаёти ва у яшаган давр билан боғлиқ маълумотлар ҳамда алломанинг асарларида кўтарилган масалалар борасида илмий изланишлар олиб бормоқдалар. Маҳмуд Замахшарий 90 дан ортиқ асарлар муаллифидир. Улар уч қисмга бўлиб ўрганилади: 1. Матбуъ (нашр қилинган). 2. Махтут (қўлёзма). 3. Мафқуд (йўқолган). Замахшарийшуносликдаги асосий йўналишлари тилшунослик ва тафсиршуносликдир. Мақолда Замахшарий меросининг асосий жиҳатлари тадқиқ ва таҳлил қилинган.
22 - 3122806-07-2026 -
ХОРИЖИЙ ФОНДЛАРДАГИ «МУҚАДДАМАТУ-Л-АДАБ» ҚЎЛЁЗМАЛАРИНИНГ МАНБАШУНОСЛИК ТАҲЛИЛИ
Zohidjon ISLOMOV (Muallif)Маҳмуд Замахшарийнинг тилшунослик, луғатшунослик, адабиётшуносликка оид илмий мероси 70 га яқин асарлардан иборат. Олим илмий меросида “Муқаддамату-л-адаб” асарининг алоҳида ўрни бор. Дастлабки кўптилли луғат сифатида эьтироф этилган ушбу асарнинг арабча-форсча-туркий уч тилли, арабча-форсча-туркий-мўғулча тўрт тилли қўлёзмалари мавжуд. Асар беш қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи исм сўз туркумига оид сўзлар, иккинчи қисмига феъл ва ундан ясалган сўзларга бағишланган. Унинг учинчи қисми ёрдамчи сўзларга, тўртинчи қисми исмларнинг турланишига ва бешинчи қисми феълларнинг тусланишига оид грамматик қоидалардан иборат. Дунё фондларида асарнинг беш қисми жамланган нусхалари, шунингдек грамматик қисмлари алоҳида кўчирилган қўлёзмалари мавжуд. Асарнинг луғат қисмлари ҳажман катта ва муҳим илмий аҳамият касб этади. Айниқса, асарнинг туркий сўзлик киритилган қўлёзмаларидаги туркий сўзлик жаҳон тилшунослигида ўрганилмаган ва долзарб мавзулар сирасига киради. “Муқаддамату-л-адаб” луғатининг 10 та нодир қўлёзмаси Тошкент фондларида, ҳозирча аниқланган 62 та нусхаси дунё мамлакатлари фондларида сақланмоқда. Уларнинг асосий қисми XIII-XIY асрларда кўчирилган ва мазкур давр туркий тил сўзлигининг бойлиги ва маъно хусусиятларини тадқиқ этишда муҳим манба вазифасини ўтайди. Асарнинг энг қадимий қўлёзмаси 1257 йили Хоразмда кўчирилган арабча-форсча-туркий сўзлик киритилган ва ҳозирда Туркиянинг Сулаймония фондида сақланаётган нусха ҳисобланади. Асарнинг дунёдаги ягона арабча-форсча-туркий-мўғулча тўрт тилли 1492 йили Бухорода кўчирилган қўлёзмаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат адабиёт музейи фондида сақланади.
322 - 33261525-06-2026 -
XVIII-XIX АСРЛАРДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ НАҚШБАНДИЯ-МУЖАДДИДИЯ ТАРИҚАТИ БИЛАН БОҒЛИҚ МЕЪМОРИЙ ВА ЭПИГРАФИК МАЪЛУМОТЛАР
Mekhrojiddin AMONOV (Muallif)Мақолада XVIII-XIX асрларда Марказий Осиё нақшбандия-мужаддидия тариқати тарихи билан боғлиқ меъморий ва эпиграфик ёдгорликлар тадқиқ этилган. Эпиграфик маълумотлар орқали тариқат ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилган Мазкур мақолада XVIII-XIX асрларда Марказий Осиё нақшбандия-мужаддидия тариқатининг Сўфи Оллоҳёр ва Мусохонхожа Даҳбедий тармоқларида фаолият олиб борган муршидлар ва бевосита улар билан боғлиқ меъморий иншоотлар ҳамда эпиграфик ёдгорликлардаги маълумотлар тадқиқ этилган. Шунингдек, нақшбандия-мужаддидия тариқати муршидларидан бири Қамариддин Хузорий ва Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожа Самарқандий мақбаралари ҳамда улар дафн этилган қабристонда мавжуд қабр тошлардаги эпиграфик ёдгорликларда тариқатдаги фаолиятига доир қимматли маълумотлар тақдим этилган. Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожа Самарқандийдан кейин нақшбандия-мужаддидия-даҳбедия силсиласини Муҳаммад Амин хожа Даҳбедий, Абдумалик хожа Ғазирагий, Эшони Валихон Ургутий ва Эшони Сўфи хожа каби шогирдлари давом эттиришган бўлса, унинг авлодларидан Мирмуҳаммад Насриддинхон, Мирмуҳаммад Файзуллоҳ Махзум, Мирмуҳаммад Сайид Ғани Махзум, мулло Муқаддас, Саййид Валихон, Эшони Султонхон каби ўз даврининг машҳур кишилари етишиб чиққан. Бу илмий янгилик Мирмуҳаммад Иброҳим хожа қабри устига қурилган мақбара тарихи ҳамда унинг қабрига қўйилган қабртошдаги эпиграфик ёзувларда аниқланди. Шунингдек, нақшбандия-мужаддидия тариқати тарихига доир қўлёзма манбаларда учрамайдиган маълумотларни мақолада келтирилган эпиграфик манбалардан олинган. Мақолада эпиграфик маълумотлар қиёсий, тарихий-хронологик ва назарий жиҳатдан тадқиқ этилган.
72 - 7825504-07-2026 -
НОСИРУДДИН САМАРҚАНДИЙНИНГ «РИЁЗАТ АЛ-АХЛОҚ» АСАРИ – АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ БОРАСИДА МУҲИМ МАНБА
Bekzodbek MUXTAROV (Muallif)Ахлоқ, одоб тушунчалари инсоният тарихида азалдан мавжуд бўлиб, бу тушунчалар инсон камолоти ва шахсияти шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Дунё тарихида бу мавзуга оид кўплаб асори-атиқалар, асарлар, китоблар, моддий ва маданий ёдгорликларни учратиш мумкин. Айниқса, шарқ халқлари тарихида бундай манбалар жуда кўплаб топилади. Уларда инсон руҳий тарбияси ва ахлоқий камолоти бош ғоя саналиб, унинг асосини тасаввуф илми ташкил этади. Бу илм ислом илмлари орасида алоҳида илм соҳаси сифатида дастлаб IX–XI асрларда зоҳидлик мактаби кўринишида шаклланган бўлса, XII–XIII асрларга келиб эса унинг асосий тартиб ва қоидалари ишлаб чиқилган тасаввуф тариқатлари кўринишида юзага келди. Шунингдек, тариқат вакиллари томонидан руҳий таълим ва тарбия борасида кўплаб асарлар таълиф этилди.
Айнан шу XII асрда ёзилган инсон таълим-тарбияси ва руҳий камолотига бағишланган асарлардан бири аллома Носируддин Абулқосим Самарқандий (ваф. 556/1161й.) нинг «Риёзат ал-ахлоқ» (Ахлоқий тарбия) асаридир. Бу асар ахлоқ тарбиясига оид муҳим манба бўлиб, унда одоб ва ахлоқ тушунчалари, ахлоқий тарбиянинг моҳияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилади. Асар икки қисмга ажратилиб, улар ахлоқ ва одоб бўлимлари бўлиб, одоб бўлимида ижтимоий муносабатларда амал қилиниши лозим бўлган одоб қоидалари баён этилади. Ахлоқ қисмида эса яхши ва ёмон ахлоқ нормалари ҳақида бирма-бир сўз боради. Шунингдек, ахлоқ нормалари араб алифбоси тартибида бирин-кетин келтирилади.
Ушбу мақолада «Риёзат ал-ахлоқ» асари ва унинг манбашунослик таҳлили, унда келтирилган ахлоқ, одоб ва ахлоқий тарбия тушунчаларининг мазмун-моҳияти, шунингдек, асарда мавжуд тасаввуфий-ахлоқий тушунчаларнинг тарбиявий аҳамияти ва уларнинг бугунги кундаги ўрни тарихий, қиёсий-таҳлилий методлар асосида тадқиқ этилган
90-9518228-06-2026 -
ЗАМАХШАРИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ТАРИХНАВИСЛИГИ
Shukhrat MIRZIYATOV (Muallif)Мақола таниқли мутафаккир Маҳмуд Замахшарий асарлари, рисолалари таҳлили ва олим меросининг Ўзбе- кистонда ўрганилиш тарихига бағишланган. Маҳмуд Замахшарий илмий меросини тадқиқ қилиш том маънода Ўзбекистон мустақиллиги йилларидан бошлаб кун тартибидан жой олди. «Муқаддамату-л-адаб»нинг форсий ва туркий сўзлик киритилган нусхалари ўзбек тарихий лексикологияси, жумладан, лексикографияси учун жуда қимматлидир. Унда туркий сўзларнинг ҳам арабча, ҳам форс-тожикча муодиллари борлиги сўзлар маъносини тўғри аниқлашда катта ёрдам берган. «Муқаддамату-л-адаб»нинг Ўзбекистонда ўрганилиш ҳолатини таҳлил қилиш, мазкур асарнинг тил тарихига оид барча манбаларда қимматли асар сифатида эътироф этилиши ушбу мақолада яққол намоён бўлади. Шу билан бирга, Замахшарий ижодини ўрганишга ўз ҳиссасини қўшган қатор олимларнинг илмий изланишлари таҳлил қи- линади. Эришилган ютуқ ва камчиликлар ҳақида фикр ва мулоҳазалар баён этилади. Мақоланинг асосий қисми эса бугунги кунга қадар тадқиқ этилмаган «Муқаддамату-л-адаб»нинг туркий сўзлик киритилган энг қадимий Ёзгат-Хоразм қўлёзмасининг манбашунослик, луғатшунослик, тилшунослик нуқтаи назаридан таҳлили ва унинг бошқа қўлёзма нусхалари ичида устун тарафларини очиб беради. Шунингдек, мақолада А.Рустамов, Ғ.А.Абдураҳмонов, А.Алиев, У.Уватов, З.Исломов, М.Ю.Ҳакимжонов, М.Носирова, Қ.Содиқов, И.Қўчқортоев, В.В.Бартольд, А.Е.Бертельс, Ф.Дорнзайф, Н.Сулаймонова, Б.Турдиали- ев, А.А.Болтаевларнинг Маҳмуд Замахшарий илмий меросини ўрганиш бўйича олиб борган тадқиқотлари таҳлил қилинган.
99-10640428-06-2026 -
МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ “МУҚАДДАМАТУ-Л-АДАБ” АСАРИНИНГ ДУНЁ ФОНДЛАРИДАГИ ҚЎЛЁЗМАЛАРИНИНГ КОДИКОЛОГИК ТАҲЛИЛИ
Zohidjon ISLОMOV (Muallif)Маҳмуд Замахшарийнинг тилшунослик, луғатшунослик, адабиётшуносликка оид илмий мероси 70 га яқин асарлардан иборат. Мақолада олим илмий меросида “Муқаддаматул-адаб” асарининг алоҳида ўрни тадқиқ қилинган.
Дастлабки кўптилли луғат сифатида эьтироф этилган ушбу асарнинг арабча-форсча-туркий уч тилли, арабча-форсча-туркий-мўғулча тўрт тилли қўлёзмалари мавжуд. Асар беш қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисмига исм сўз туркумига оид сўзлар, иккинчи қисмига феъл ва ундан ясалган сўзларга бағишланган. Унинг учинчи қисми ёрдамчи сўзларга, тўртинчи қисми исмларнинг турланишига ва бешинчи қисми феълларнинг тусланишига оид грамматик қоидалардан иборат.
Дунё фондларида асарнинг беш қисми жамланган нусхалари, шунингдек, грамматик қисмлари алоҳида кўчи-рилган қўлёзмалари мавжуд. Асарнинг луғат қисмлари ҳажман катта ва муҳим илмий аҳамият касб этади. Айниқ-са, асарнинг туркий сўзлик киритилган қўлёзмаларидаги туркий сўзлик жаҳон тилшунослигида ўрганилмаган ва долзарб мавзулар сирасига киради. “Муқаддамату-л-адаб” луғатининг 10 та нодир қўлёзмаси Тошкент фондла-рида, ҳозирча аниқланган 62 та нусхаси дунё мамлакатлари фондларида сақланмоқда. Уларнинг асосий қисми XIII-XIV асрларда кўчирилган ва мазкур давр туркий тил сўзлигининг бойлиги ва маъно хусусиятларини тадқиқ этишда муҳим манба вазифасини ўтайди.
Асарнинг энг қадимий қўлёзмаси 1257 йили Хоразмда кўчирилган арабча-форсча-туркий сўзлик киритилган ва ҳозирда Туркиянинг Сулаймония фондида сақланаётган нусха ҳисобланади. Асарнинг дунёдаги ягона арабча-форсча-туркий-мўғулча тўрт тилли 1492 йили Бухорода кўчирилган қўлёзмаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат адабиёт музейи фондида сақланади. Мақолада ушбу асарнинг дунё фондларидаги қўлёзмала-рининг кодикологик таҳлили баён этилган.
30 - 36651326-06-2026
