Vol. 3 No. 1 (2020)
Articles
Маҳмуд Замахшарийнинг «Кўзи ожизга тасалли» рисоласи: янги топилма
Мақолада буюк аллома Маҳмуд Замахшарийнинг (1075–1144) илгари номаълум бўлган ва олимлар томонидан йўқолган деб ҳисобланган «Кўзи ожизга тасалли» рисоласининг топилиши ва илмий таҳлили ёритилган. Теҳрондаги Малик миллий кутубхонасида сақланаётган қўлёзмадан топилган ушбу рисола 589-ҳижрий (1193) йилда кўчирилган бўлиб, унда Замахшарий кўзи ожиз кишиларга сабр-тоқат, иймон-эътиқод масалалари бўйича панд-насиҳатлар беради, уларни ҳаётий синовларга чидамли бўлишга, қалб кўзи билан ҳақиқатни кўришга даъват этади. Рисолада Урва ибн Зубайр, Абул Айно Мутаваккил каби тарихий шахсларнинг кўрлигига қарамай юксак маънавият ва фазилат эгаси бўлганликлари ҳақидаги ривоятлар, шунингдек, Ибн Аббоснинг байти ва Қуръони карим оятларидан иқтибослар келтирилиб, кўзи ожиз инсоннинг диққати, хотираси, заковати, нутқи ва ақли каби фазилатлари таърифланади. Олим рисоланинг иккинчи қисмида кўзи ожиз кишиларни дунёвий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг қалбини Аллоҳга итоат ва тавҳидга машғул этиш лозимлигини уқтиради.
Шоир Носир Бухорий ва унинг девони қўлёзма нусхалари ҳақида
Мақолада ўрта асрларнинг машҳур форс-тожик шоири Носир Бухорий (XIV asr) девонининг бугунги кунгача сақланиб қолган бешта қўлёзма нусхаси — Наманган, Душанбе, Санкт-Петербург, Тошкент ва Теҳрондаги нусхалар ҳақида батафсил маълумот берилган. Ҳар бир нусханинг ёзилган санаси, кўчирувчиси, хат тури, безаклари, ҳажми ва таркибий тузилиши тавсифланган. Наманган нусхаси 858-ҳижрий (1454) йилда Шерозда кўчирилган бўлиб, 7000 байтга яқин шеърларни, жумладан 460 ғазал, қасида, мухаммас, рубоий ва маснавийларни ўз ичига олади. Душанбе нусхаси эса 850-ҳижрий (1446) йилда кўчирилган бўлиб, унда 107 та янги ғазал аниқланган. Икки нусхадаги тафовутлар, тушуриб қолдирилган байтлар ва мисралар солиштирилган. Шунингдек, шоирнинг Боку шаҳрида сақланаётган «Ҳидоятнома» маснавийси ҳақида ҳам сўз боради. Муаллифлар қўлёзмаларнинг ўзаро муқоясаси асосида шоир ижодининг илмий-танқидий матнини яратишда Наманган нусхаси асос қилиб олинган.
Шaҳобиддин Маржонийнинг «Ал-ҳикма ал-балиға» асарида мотуридийлик таълимотининг ёритилиши
Мақолада XIX аср татар маърифатпарвари Шaҳобиддин Маржонийнинг (1818–1889) «Ал-ҳикма ал-балиға» номли асарида мотуридийлик ақидавий таълимотини ёритишга доир қарашлари кенг таҳлил қилинган. Маржоний Бухоро ва Самарқанд мадрасаларида таҳсил олган бўлиб, у Умар Насафийнинг «Ақоид» асарини фалсафий қарашларсиз, фақат Қуръон ва ҳадис асосида шарҳлашга интилган. Мақолада Маржонийнинг калом илмига муносабати, унинг тавҳид ва калом илмларини фарқлаши, Аллоҳнинг сифатлари ва исмларини шарҳлашдаги позицияси баён этилган. Маржоний муътазилий ва ашъарийлардан фарқли равишда, Абу Ҳанифа йўлини тутиб, муташобиҳ сифатларни таъвилсиз, балки уларга имон келтириб, маъносини Аллоҳга ҳавола қилишни тавсия этади. Олимнинг фикрича, ҳозирги даврда сифатлар борасида салафлар йўли — «аслам» (тинчроқ) йўл мақбулдир.
«Тарих мухтасар ад-Дувал» Ибн ал-Ибрий ва унинг мусулмон манбалари
Мақолада XIII асрда яшаган сирийлик тарихчи, энциклопедист олим Абу-л-Фарадж Бар Эбрей (Бар Гебрей, 1226–1286)нинг «Тарих мухтасар ад-дувал» («Давлатларнинг қисқача тарихи») асари ва унинг мусулмон манбалари чуқур тадқиқ қилинган. Бар Эбрейнинг бу асари дастлаб сирий тилида ёзилиб, кейинчалик унинг ўзи томонидан Марага шаҳри аҳлининг илтимосига кўра араб тилига таржима қилинган ва қайта ишланган. Мақолада асарнинг композицион тузилиши, яъни умумий тарих ва таржимаи ҳол жанрларининг уйғунлашуви таҳлил этилган. Бар Эбрейнинг асосий манбалари сифатида Изз ад-Дин Ибн ал-Асирнинг «ал-Камил фи-т-тарих» (араб халифалари тарихи учун), Жамол ад-Дин Ибн ал-Кифтийнинг «Тарих ал-ҳукама» (илм тарихи учун) ва Ато Малик Жувайнийнинг «Тарихи жаҳонгушо» (моғуллар тарихи учун) асарлари атрофлича таҳлил қилинган. Муаллиф Бар Эбрейнинг манбаларга муносабати, уларни қисқартириш, қайта ишлаш ва ўз услубида баён этиш усулларини ёритиб, унинг тарихнависликдаги ўрнини аниқлаган.
Ҳанафий олим Тақиюддин Мисрий ва унинг «Табақот ас-саниййа» асари
Мақолада ҳанафий мазҳаби олими Тақиюддин ибн Абдулқодир Тамимий Ғаззий Ҳанафийнинг (1543–1601) «Табақот ас-саниййа фий тарожим ал-ҳанафиййа» номли биобиблиографик асари тадқиқ қилинган. Ушбу асар ҳанафий олимларининг таржимаи ҳолларини алифбо тартибида жамланган энг тўлақонли луғатлардан бири бўлиб, унда 2523 дан ортиқ олим ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот келтирилган. Мақолада муаллифнинг ҳаёти — Усмонли империяси даврида Ғазода туғилиб, Қоҳира ва Истанбулда қозилик қилгани, шофий мазҳабидан ҳанафийликка ўтгани ҳақидаги маълумотлар баён қилинган. Асарнинг муқаддимасида 40 дан ортиқ манбалар келтирилгани, унда Пайғамбар (с.а.в.) ва саҳобалар таржимаи ҳолидан бошлаб, Абу Ҳанифанинг ҳимоясига алоҳида 96 бет ажратилгани таъкидланган. Муаллиф Абу Ҳанифага қилинган танқидларга, жумладан, унинг араб тилини билмаслиги ва кам ҳадис ривоят қилгани ҳақидаги даъволарига илмий раддиялар беради.
Ҳадисларни тўғри тушуниш учун зарур омиллар
Мақолада ҳадисларни тўғри тушуниш ва улардан тўғри хулоса чиқариш учун зарур бўлган саккизта асосий омил батафсил ёритилган. Муаллиф ҳадисларни Қуръонга мувофиқ талқин қилиш, бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб ўрганиш, ҳадисларнинг айтилиш сабаби ва мақсадини чуқур англаш, ҳақиқат ва мажозни ажрата олиш, ғайб ва шоҳид орасини фарқлаш каби омилларнинг аҳамиятини мисоллар билан исботлаган. Мақолада Имом Бухорий ривоят қилган «омоч кирган уйга хорлик киради» ҳадиси мисолида, унинг зоҳирий маъноси деҳқончиликка қарши деган ноўрин хулосага олиб келмаслиги, балки бу ҳадис орқали кишиларни деҳқончиликка берилиб, диний ёки ватанпарварлик бурчларини унутишдан сақлантириш назарда тутилгани тушунтирилган. Шунингдек, «мисвок оғизни тозаловчидир» ҳадиси асосида мақсад — оғизни тоза тутиш экани, воситалар эса замонга қараб ўзгариши мумкинлиги таъкидланган. Охирида ҳадисларни етук олимлар ҳузурида ўрганиш ва мазҳаб уламоларининг шарҳига таяниш лозимлиги хулоса қилинган.
Ҳафс ибн Сулаймон дунёда энг кенг тарқалган қироатнинг ровийси
Мақолада қироат илмининг атақли имоми ва ровийси Ҳафс ибн Сулаймон ал-Куфийнинг (709–796) ҳаёти, илмий мероси ва қироатдаги ўрни батафсил ёритилган. Ҳафс Осим ибн Абу ан-Нажуднинг ўгай ўғли ва энг машҳур шогирди бўлиб, у Осим қироатини ривоят қилган икки ровийдан биридир. Мақолада унинг таваллуди (Куфа, 90-ҳ.), умавий ва аббосий халифалар даврида яшагани, илмий салоҳияти, ҳифздаги устунлиги, Осимдан фақат бир оятдаги фарқли ўқиши (Рум сураси 54-оят) баён қилинган. Ҳафснинг уламолар томонидан ҳадис ривоятида заиф саналса-да, қироатда ишончли ва мустаҳкам экани, ундан кўплаб шогирдлар таълим олгани, унинг қироати Усмонийлар халифалиги даврида расмий мусҳафлар асосига айлангани ва шу сабабли бугунги кунда дунёнинг деярли барча мусулмон мамлакатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам ана шу қироат устивор экани ҳақида муфассал маълумот берилган.
Усмон мусҳафлари
Мақолада халифа Усмон (р.а.) даврида ёзилган Қуръони карим мусҳафларининг тарихи, уларнинг тузилиши, ёзув хусусиятлари ва бугунги кундаги тақдири ҳақида кенг кўламли маълумот берилган. Мусҳафларнинг сони тўртдан еттигача бўлган турли ривоятлар асосида таҳлил қилиниб, улар Макка, Шом, Басра, Куфа ва Мадина аҳли учун мўлжалланганлиги таъкидланган. Мақолада ҳижоз ёзувининг хусусиятлари, унда диакритик нуқталар ва ҳаракатларнинг йўқлиги, кейинчалик Абул-Асвад Дуалий томонидан ҳаракат белгилари, Наср ибн Осим томонидан эса ҳарфларни фарқловчи нуқталар ишлаб чиқилгани баён этилган. Шунингдек, Тошкентдаги Тилла Шайх масжидида сақланаётган Усмон мусҳафининг тавсифи, унинг Амир Темур томонидан Самарқандга келтирилгани ҳақидаги ривоятлар, Мусҳафнинг кийик терисига ёзилгани, ўлчамлари ва саҳифалар сони ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Тошкент мусҳафининг Бош Мусҳаф эканлиги масаласи очиқ қолдирилган.
Қуръони карим оятларида кўриш ва тинглаш масалалари
Мақолада Қуръони каримдаги кўриш (басар) ва тинглаш (самъ) масалалари психологик ва илмий жиҳатдан таҳлил қилинган. Муаллиф сезги аъзолари ичида эшитиш ва кўришнинг аҳамиятини, уларнинг Қуръонда кўп ҳолларда бирга зикр қилинишини, лекин доимо эшитиш кўришдан аввал келишини илмий асослаган. Эшитиш сезгисининг кўришдан бир неча жиҳатдан устунлиги — ҳомилада аввал шаклланиши, уйқу ва зулматда ҳам фаолият кўрсатиши, барча томондан келаётган овозларни қабул қилиши каби омиллар асосида исботланган. Мақолада Аллоҳнинг «Самиъ» ва «Басир» сифатлари, уларнинг Қуръондаги кўринишлари, шунингдек, бандаларга хос бўлган эшитиш ва кўриш маъноларидаги оятлар таснифланган. Инсонга берилган бу неъматларнинг ҳикматли экани, улар орқали Аллоҳнинг қудрати ва илмини англаш мумкинлиги ҳақида хулоса қилинган.
Ислом ҳуқуқида фатвонинг ўрни
Мақолада ислом ҳуқуқида фатво тушунчаси, унинг луғавий ва истилоҳий маънолари, фатво билан қазо (суд ҳукми) ўртасидаги фарқлар батафсил ёритилган. Фатво берувчи (муфтий)га қўйиладиган шартлар — балоғат, ақл, илм, адолат, араб тилини билиш, Қуръон ва ҳадис илмларини мукаммал эгаллаш, такводорлик каби мезонлар келтирилган. Шунингдек, муфтийнинг фатво бериш одоблари, жумладан, илмли кишидан масалани сўраш, жавобни аниқ ва равон баён қилиш, ғазаб ёки чалғиган ҳолатда фатво бермаслик каби қоидалар баён қилинган. Фатво сўровчининг амал қилиши лозим бўлган ишлар — одил ва илмли муфтийни излаш, ихтилофли фатволарда олимроғини танлаш каби масалалар ҳам ёритилган. Фатво беришнинг фарзи кифоя экани, айрим ҳолатларда эса фарзи айнга айланиши (масалан, шошилинч саволга жавоб бериш) ҳақида хулоса қилинган.
Қашқадарё вилояти зиёратгоҳлари ҳақида
Мақолада Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Нишон, Миришкор ва Муборак туманларида жойлашган зиёратгоҳлар ҳақида этнографик ва тарихий маълумотлар келтирилган. Деҳқонободдаги Хўжаипок ота зиёратгоҳи, Нишондаги Жунайд ал-Бағдодий ва Абу Туроб Нахшабий ан-Насафий зиёратгоҳлари, Миришкордаги Исҳоқ бува қадамжоси, Муборакдаги Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ал-Марвазий мақбараси тавсифланган. Ҳар бир зиёратгоҳнинг қисқача тарихи, у ерда дафн этилган шахснинг илмий ва маънавий мероси, шунингдек, ушбу зиёратгоҳларнинг Соҳибқирон Амир Темур давридаги таъмири ва кейинги йиллардаги ҳолати ҳақида маълумот берилган. Хўжалар номи билан боғлиқ зиёратгоҳларда табиий шифобахш сувлар мавжудлиги, маҳаллий аҳолининг ушбу муқаддас қадамжоларга эътиқоди ва зиёрат туризмини ривожлантириш истиқболлари ҳақида хулоса қилинган.
Диний ташкилотлар фаолиятини лицензиялашнинг ҳуқуқий асослари
Мақолада Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми, уларни ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилган. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун асосида диний ташкилотлар (масжид, черков, синагога, монастир ва бошқалар)нинг таърифи, уларни ташкил этиш учун зарур бўлган шартлар — ташаббускориларнинг 18 ёшга тўлгани, Ўзбекистонда муқим яшаши, фуқаролиги ва сони 100 кишидан кам бўлмаслиги ёритилган. Шунингдек, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун зарур ҳужжатлар, уларнинг уставида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлар, марказий бошқарув органларини тузиш тартиби баён қилинган. Диний ташкилотларга давлат томонидан бериладиган имтиёзлар, жумладан, коммунал хизматлар учун жисмоний шахслар тарифи бўйича тўлов қилиш, давлат мулкидан фойдаланиш каби масалалар ҳам келтирилган.
Ҳанафий мазҳаби таълимотининг ислом маданияти тараққиётидаги ўрни
Мақолада ҳанафий-мотуридий таълимотининг Марказий Осиёда ислом маданияти тараққиётидаги муҳим роли, унинг мўътадиллиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги ҳақида сўз боради. «Ислом» сўзининг луғавий маъноси — тинчлик ва бўйсуниш экани, Қуръони каримда тинчликка даъват қилувчи 140 га яқин оят мавжудлиги, урушга оид оятлар эса бор-йўғи 4 та ва улар фақат мудофаага оидлиги таъкидланган. Мақолада имон, ҳалоллик, меҳнат, поклик каби исломий қадриятларнинг ҳанафий таълимотидаги ўрни, Алишер Навоий, ал-Хоразмий, Ибн Сино, Бобур каби буюк алломаларнинг ҳанафий-мотуридий таълимотига эргашганликлари мисоллар билан кўрсатилган. Бухоронинг 2020 йилда ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши, унинг ислом маданияти ривожидаги тарихий аҳамияти ҳақида хулоса қилинган.
Сирожиддин Ўшийнинг насафлик устозлари
Мақолада фақиҳ, муҳаддис ва мутакаллим олим Сирожиддин Ўший (Али ибн Усмон, 1096–1179)нинг ҳаёти, илмий мероси ва, айниқса, унинг насафлик устозлари — Абу Собит Ҳасан ибн Али Паздавий (ваф. 557/1161) ва Абул Қосим Маҳмуд ибн Али Насафий (ваф. 555/1160) билан таълим-тарбия алоқалари ёритилган. Ўший ўзининг «Нисоб ал-ахбор» асарида 15 нафар устозларини санаб ўтиб, улардан қайси асарларни ўрганганини кўрсатган. Мақолада Абу Собит Паздавийнинг Самарқандда туғилиб, Бухорода етук олим бўлиб етишгани, кейинчалик Насаф яқинидаги Пазда қишлоғида яшагани; Абул Қосим Насафийнинг эса Самарқандда яшаб, ҳадис илмида йирик олим сифатида тан олингани ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Шунингдек, Ўшийнинг Нажмуддин Насафийнинг «Мухталиф ар-ривоя» ва «Манзума фи-л-хилоф» асарларига шарҳ ёзгани ва бу унинг насафлик алломалар меросига мурожаат қилганини кўрсатиши қайд этилган.
Акмалиддин Бобартий яшаган даврда ижтимоий-маданий вазият
Мақолада ҳанафий олим Акмалиддин Бобартий (714/1314–786/1384)нинг яшаб ижод қилган даври — Миср мамлуклар султонлигининг Баҳрий мамлуклар давридаги ижтимоий-маданий вазият батафсил ёритилган. Бобартий Бағдод яқинида туғилиб, Ҳалаб ва Қоҳирада таҳсил олган, сўнгра Қоҳирадаги «Шайхун» хонақоҳига раҳбар этиб тайинланган. Мақолада мамлуклар султонлари — Байбарс, Қаловун, Носир Муҳаммад ва бошқаларнинг илм-маърифатга, мадраса ва хонақоҳлар қурилишига, шифохоналар, кутубхоналар ва ижтимоий таъминотга кўрсатган ҳомийликлари, олимларга бўлган эҳтиромлари ҳақида кенг маълумот берилган. Хонақоҳлардаги таълим тизими, суфийларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам, иқтисодий таъминот, кутубхоналар ва тиббиёт соҳасидаги эришган ютуқлар тавсифланган. Бу ижтимоий муҳит Бобартийнинг етук олим бўлиб етишига замин яратганлиги хулоса қилинган.
Қодирия тариқатидаги қоидалар
Мақолада XII асрда Ироқда Абдулқодир Жийлоний (1077–1166) томонидан асос солинган қодирия тариқатининг асосий қоидалари, тариқатнинг Марказий Осиёга кириб келиши ва унинг моҳияти ёритилган. Абдулқодир Жийлонийнинг Бағдоддаги илм олиш йўли, унинг 13 хил илмдан дарс бергани, 33 йил мобайнида қодирия тариқатига асос солгани баён қилинган. Тариқатнинг Марказий Осиёга олиб кирилиши Абдулқодир Жийлонийга 11-авлод бўлган Саййид Абдулазизхон ал-Бағдодий номи билан боғлиқ бўлиб, у Хоразм, Бухоро ва Фарғона водийси орқали Қўқонга етиб келган. Мақолада қодирия тариқатининг саккизта асосий қоидаси — Қуръон ва суннатга маҳкам тутиш, жиддий меҳнат, уламолар мажлисларида бўлиш, тўғри ақидадаги шайхга эргашиш, шайхга муҳаббат, Аллоҳга кўп зикр ва даъват, Пайғамбар аҳли байтига муҳаббат, барча авлиё ва солиҳларга муҳаббат — тафсили билан баён қилинган. Тариқатнинг мўътадиллиги, Китоб ва суннатга таяниши унинг олимлар ва омма орасида кенг тарқалишига сабаб бўлган.
Афғонистон аёлларининг мулкий ҳуқуқлари ҳақида
Мақолада Афғонистон Ислом Республикасида аёлларнинг мулкий ҳуқуқлари, хусусан, никоҳ маҳри ва мерос ҳуқуқи қонунчилик, шариат нормалари ва урф-одатлар нуқтаи назаридан таҳлил қилинган. Афғонистоннинг ҳуқуқий тизими давлат қонунчилиги, шариат (асосан ҳанафий мазҳаби) ва маҳаллий урф-одатлар (жирға ва шуро) асосида фаолият кўрсатиши, шунингдек, Шиа мазҳабидаги аёллар учун алоҳида қонунлар мавжудлиги баён этилган. Мақолада маҳр (муажжал ва мувжал)нинг шариатдаги ўрни, у аёлнинг мулкий ҳуқуқи сифатида ҳимоя қилиниши, Фуқаролик кодексидаги 133-модда ва Нисо сураси 11-12-оятлари асосида мерос тақсимотида аёлларнинг улушлари батафсил келтирилган. Бироқ қонунчиликда мустаҳкамланган бўлса-да, амалиётда урф-одатлар, патриархал қарашлар, аёлларнинг ҳуқуқий саводсизлиги ва суд тизимида аёлларнинг кам иштироки туфайли афғон аёллари мулкий ҳуқуқларини тўла англай олмаслиги ва ҳимоя қила олмаслиги ҳақида хулоса қилинган.
Худоёрхон даврида Қўқон хонлигидаги маданий ҳаёт
Мақолада XIX асрда Қўқон хонлигининг Худоёрхон (1845–1875) ҳукмронлиги давридаги маданий ҳаёт, хусусан, меъморчилик, тарихнавислик, адабиёт ва санъат соҳаларидаги ютуқлар кенг ёритилган. Худоёрхон ўрдасининг қурилиши (1863–1873), унинг меъморий хусусиятлари, безаклари ва усталари ҳақида батафсил маълумот берилган. Шунингдек, хон томонидан барпо этилган «Ҳоким Ойим» ва «Султон Муродбек» мадрасалари, Қўқон, Марғилон, Андижон, Наманган ва Ўш бекликларидаги мадраса, мактаб ва қорихоналарнинг сони, улардаги таълим тизими (137 фан, диний ва дунёвий илмлар) таҳлил этилган. Хонлик аҳолисининг саводхонлиги 53 фоизга етгани, бу XIX аср учун юқори кўрсаткич экани қайд этилган. Адабиётда Ёрий Хўқандий, Завқий, Муқимий, Фурқат, Дилшод, Зиннат каби шоир ва шоиралар, санъатда Саъди Маҳсум, Зокир Эшон каби ҳунармандларнинг фаолияти, халқ қизиқчилиги ва театр санъатининг ривожи ҳақида сўз боради.
Қарлуқ-қорахонлар давлатида хоқон унвонлари ва қабила тотемлари
Мақолада Қарлуқ-Қорахонлар давлати (IX–XII асрлар) ҳукмронлик тизимидаги хоқон унвонлари, уларнинг ижтимоий-сиёсий, мафкуравий аҳамияти ва туркий қабилаларнинг қадимий тотемлари билан боғлиқлиги тадқиқ этилган. Муаллиф давлат бошқарув тизимининг хусусиятларини таҳлил қилиб, ҳукмдорлар номида қўлланилган «қорахон», «буғрахон», «арслонхон», «тонга» ва «тавғачхон» каби унвонларнинг келиб чиқиши ва мантиқий маъноларини очиб беради. Шунингдек, қадимий туркий тотемларнинг (арслон, бўри, йўлбарс) сиёсий ҳокимият унвонлари ва давлатчилик мафкураси билан боғланиш тарихи ёритилган.
Эрон форс тили ва адабиёти академиясига бир назар (Эрон академияси томонидан қабул қилинган суд тизимига оид терминлар)
Мақолада Эрондаги Форс тили ва адабиёти академиясининг фаолияти, унинг ташкил топилиш тарихи ва асосий вазифалари, хусусан, тил софлигини сақлаш (пуризм) борасидаги ишлари ёритилган. XX аср бошларида Европа илмий-техник инқилоби ва Эрондаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар натижасида форс тилига кўплаб чет тили ўзлашмалари кириб кела бошлагани, бу ҳолат зиёлилар орасида норозилик туғдиргани ва давлатни тил сиёсатини ишлаб чиқишга мажбур этгани ҳақида сўз боради. Академия томонидан оммавий истеъмолда бўлган ўзлашма сўзларнинг муқобилларини яратиш бўйича олиб борилган изланишлар, 4000 дан ортиқ ўзлашма сўзлар аниқлангани, уларнинг тўртдан уч қисми кам қўлланилиши ва кенг қўлландаги сўзлар сони мингтага ҳам етмаслиги баён қилинган. Мақолада суд тизимига оид 75 та термин қабул қилингани, уларнинг 74 фоизи араб тилидан, 16 фоизи инглиз тилидан, 10 фоизи француз тилидан ўзлашганлиги, бу кўрсаткичлар Эроннинг ислом давлати экани ва суд ишлари шариат қонунларига асослангани билан боғлиқлиги ҳақида хулоса қилинган.
Журжи Зайдон ва унинг «Фарғона келини» романида тарихий воқеаларнинг акс эттирилиши
Мақолада араб адабиётининг йирик намояндаси, тарихий роман жанри асосчиси Журжи Зайдоннинг (1861–1914) ҳаёти, ижодий фаолияти ва унинг «Фарғона келини» романида IX аср араб халифалигидаги тарихий воқеаларнинг бадиий акс эттирилиши таҳлил қилинган. Зайдон Ливанда туғилиб, Мисрда «Ал-Ҳилол» журналига асос солган, 22 та тарихий роман ёзган. Мақолада романдаги асосий тарихий воқеалар — Бобак Қуррамий бошчилигидаги хуррамийлар қўзғолони, халифа Муътасимнинг уни бостириши, Ушрусана ҳокими Афшиннинг роли, турк ғуломларидан гвардия тузилиши ва халифаликдаги ички зиддиятлар баён қилинган. Романнинг сюжети Фарғона ҳокимининг қизи Жаҳон ва саркарда Зирғомнинг севгиси атрофида қурилгани, уларнинг саргузаштлари орқали халифаликнинг сиёсий-ижтимоий ҳаёти кенг ёритилгани таъкидланган. Зайдоннинг тарихий манбаларга асосланган ижод усули, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Фарғона каби шаҳарлар ҳақида берган маълумотлари, айрим хронологик хато ва нотўғри атамалар (масалан, Чиғатой тили) ҳақида ҳам сўз боради.
Ижтимоий-фалсафий назария ривожланишининг ҳозирги давр хусусиятлари ва тенденциялари
Мақолада глобаллашув шароитида ижтимоий-фалсафий назариянинг замонавий ривожланиш хусусиятлари ва асосий тенденциялари фалсафий-методологик жиҳатдан таҳлил қилинган. Муаллиф ижтимоий воқеликни қайта англаш эҳтиёжининг пайдо бўлгани, бу эҳтиёж ҳозирги давр воқелиги, тараққиёт талаблари ва мезонларининг ўзига хослиги билан белгиланганини таъкидлайди. Мақолада глобаллашув, глокаллашув, мондиаллашув, виртуаллашув, гибридлашиш, постиндустриал жамият каби тушунчалар таҳлили, ижтимоий алоқаларнинг макон ва замон жиҳатидан кенгайиши ҳамда торайиши, онтологиянинг деэссенциаллашуви, эссенциализм ва конструктивизм чегараларидан чиқувчи янги эпистемологиянинг шаклланиши каби масалалар ёритилган. Шунингдек, фан ва дин муносабатларининг тарихий ривожланиши, уларнинг ўзаро зиддиятли ёки уйғун бўлиши ҳақидаги қарашлар, дунёвий ва диний қадриятларнинг мувозанатини таъминлаш масаласи замонавий ижтимоий назариянинг долзарб вазифаси сифатида белгиланган.
Аҳмад Заки Валидийнинг хариташуносликка оид қарашлари
Мақолада машҳур турк олими Аҳмад Заки Валидийнинг (1890–1964) Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит-турк» асаридаги дунё харитаси тўғрисидаги қарашлари, унинг хариташуносликка оид тадқиқотлари таҳлил қилинган. Заки Валидий Маҳмуд Қошғарий харитасини ўз даврининг энг мукаммал ва дастлабки туркий харитаси деб ҳисоблаб, унинг географик асосларини, тоғ тизмалари, дарёлар, шаҳарлар ва мамлакатларнинг жойлашувини батафсил шарҳлаган. Харитада Туркистоннинг дунё маркази сифатида кўрсатилиши, тўрт бурчакли мураббадан дунёнинг тўрт томонига Или, Сирдарё, Амударё, Ганг ва Тарим дарёларининг оқиши, Куйен Лун ва Меру каби афсонавий космогониялар билан боғлиқлиги ёритилган. Мақолада Заки Валидийнинг харитани қадимий туркий ва будда манбалари, Хитой ва ҳинд космогониялари билан солиштирган таҳлили, харитада шарқнинг марказ сифатида олиниши ва бу туркийларнинг жаҳон ҳақидаги тасаввурларини акс эттириши ҳақида хулоса қилинган.
Фанатизм ва унинг психологик таҳлили
Мақолада диний фанатизм (ақидапарастлик) тушунчасининг ижтимоий-психологик таҳлили, унинг келиб чиқиш омиллари, тарихий илдизлари ва психологик механизмлари батафсил ёритилган. Муаллиф фанатизм тушунчасини илк бор француз воизи Жак-Бенинь Боссюэ (1627–1704) қўллагани, унинг протестантларга нисбатан бу терминни ишлатгани, Вольтер эса фанатикни «ўз нодонлигини куч орқали ҳимоя қилувчи» ва «бошқача фикрловчиларга ўлим ҳукмини ўқувчи» деб таърифлагани келтирилган. Мақолада диний ақидапарастликнинг шаклланишида характер акцентуациясининг аҳамияти, хусусан, демонстратив, дистим (шизоид), эпилептоид (қўзғалувчан) ва қотиб қолган типдаги характерли шахсларда фанатизм хавфи юқори экани илмий асосланган. Шунингдек, рус файласуфи Н.А.Бердяевнинг фанатизм ҳақидаги фикрлари — фанатик доимо ўзини тақиб остида ҳис қилиши, шайтонга Худодан кўра кўпроқ ишониши, зўравонлик унинг ожизлигини яшириш усули экани каби қарашлар келтирилган. Хулосада фанатизмнинг асосий сабаби илмсизлик ва билимсизлик экани, диннинг асл моҳиятини тушунмасдан кўр-кўрона эргашиш бу иллатга олиб келиши таъкидланган.
Philosophical analysis of religious concepts in the works of Muhyiddin ibn Arabi
Maqolada buyuk mutasavvuf va faylasuf Muhyiddin Ibn Arabiyning (1165–1240) diniy tushunchalarga oid falsafiy tahlillari, xususan, uning «Al-Futuhat al-Makkiyya» asarida keltirilgan baʼzi tahlillari yoritilgan. Ibn Arabiyning hijjat va umra ziyorati insonning gunohlarini yuvishi haqidagi hadisni tahliil qilar ekan, arab tilida «zanb» (gunoh) va «zanab» (dum) soʻzlarining oʻzakdoshligiga, ularning bir xil harflar bilan yozilib, ikki xil oʻqilishiga va chuqur maʼnaviy-mantiqiy bogʻliqligiga eʼtibor qaratadi. Uningcha, «zanb» (gunoh) — itoatsizlikning oxirida yuzaga keladigan narsa boʻlib, hijjat yoki umra amallari orqali uning yoʻqolishi ham «oxir» (Allohning al-Axir ismi) hukmiga koʻra sodir boʻladi. Xuddi dum boshsiz mavjud boʻlmagani kabi, gunoh ham inson tabiatidagi itoat buyrugʻi tufayli mavjud boʻladi. Ibn Arabiy gunohning vaqtinchalik ekanligi, Allohning magʻfirat va rahmat ismlari orqali u albatta kechirilishi, inson gunohsiz boʻla olmasligi, lekin uning gunohlari kechirilish imkonini ham oʻzi bilan olib kelishi haqidagi xulosalarni asoslagan. Maqolada Ibn Arabiyning bu kabi noanʼanaviy talqinlari olimlar orasida turli munozaralarga sabab boʻlsa-da, uning daho ekanligi zamonaviy davrda ham eʼtirof etilishi taʼkidlangan.
Ҳадислар воситасида соғлом эътиқодни тарбиялашнинг педагогик асослари
Мақолада ҳадисларнинг ёш авлодда соғлом эътиқодни тарбиялашдаги педагогик аҳамияти, уларнинг маънавий-ахлоқий тарбиядаги ўрни ва таълим-тарбия жараёнида қўллаш усуллари батафсил ёритилган. Муаллиф Шарқда, жумладан Туркистонда қадим-қадимлардан бошлаб ахлоқ-одобга оид асарлар ва ҳадислар намуналари ўргатиб борилгани, аммо кейинчалик минг йиллик маънавий меросдан воз кечилиб, қадриятларга бефарқ қаралгани, натижада ёшлар орасида ўзбекона самимийлик, ҳурмат, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ришталари узилиб кетгани таъкидланган. Мақолада ҳадисларнинг тарбиявий имкониятлари — сабр, меҳр, поклик, вақтни қадрлаш, меҳнатсеварлик, ёмонликдан қайтиш, ота-онага иззат, кичикка ҳурмат каби фазилатларни тарбиялашдаги ўрни мисоллар билан кўрсатилган. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш» тўғрисидаги Фармони асосида Самарқандда ҳадис илми мактаби ташкил этилгани, Имом Бухорий меросини ёшларга етказиш борасидаги ишлар ёритилган. Хулосада умумий ўрта таълим мактабларида ҳадислардан фойдаланиш, «Ёш ҳадисшунос» тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш, маънавий мулоқот дарсларини такомиллаштириш каби амалий тавсиялар берилган.
Ёшлар тарбияси ва маънавий таҳдидлар
Мақолада Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ёшлар тарбиясидаги долзарб муаммолар ва замонавий маънавий таҳдидлар ҳақида батафсил сўз боради. Муаллиф мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизини 14–30 ёшгача, 40 фоизини эса 18 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини таъкидлаб, уларни жисмонан соғлом, маънан баркамол, замонавий билимларга эга қилиб тарбиялаш муҳимлигини уқтиради. Мақолада 1991 йилдаги «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари» тўғрисидаги қонундан тортиб, 2017 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилгани, 30 июнь куни «Ёшлар куни» деб эълон қилингани, Президент администрациясида Ёшлар сиёсати масалалари хизмати ташкил этилгани каби муҳим қарорлар ёритилган. Шунингдек, интернет ва мобил алоқа воситаларининг ривожланиши, 7000 дан ортиқ бузғунчилик веб-саҳифаларининг мавжудлиги ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатаётгани, диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, коррупция каби иллатларга қарши курашда маънавий тарбиянинг ўрни беқиёс экани таъкидланган. Ёшларни ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, уларда миллий ўзликни англаш туйғусини кучайтириш зарурлиги ҳақида хулоса қилинган.
Аёлни эъзозлаш – миллий қадриятларимиз гултожи
Мақолада ўзбек халқининг аёл-онага бўлган муносабати, уни улуғлаш ва эъзозлаш миллий қадрият сифатида таҳлил қилинган. Муаллиф «Она Ватан» тушунчасининг ўзиёқ аёл-онага бўлган чексиз ҳурматни ифодалаши, ота-боболаримиздан қолган азалий мерос сифатида оналарни қадрлаш бугунги кунда ҳам давом этишини таъкидлайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш» ҳақидаги Фармони, Тошкентдаги «Бахтиёр она» ҳайкали бу борадаги давлат сиёсатининг ёрқин ифодаси сифатида келтирилган. Мақолада Алишер Навоийнинг «Оналар оёғи остидадир» деган машҳур байти, шоира Анбар отиннинг она ҳақидаги таърифлари, шунингдек, Тўмарис, Сарой Мулкхоним, Нодирабегим, Зебунисобегим, Увайсий каби тарихий ва маданий шахслар мисолида ўзбек аёлларининг жамиятдаги ўрни баён қилинган. Хулосада аёл-оналарни эъзозлаш миллатнинг бошига тож бўлган олий қадрият экани таъкидланган.
Умуминсоний ва диний тамойиллар уйғунлиги – тараққиёт гарови
Мақолада умуминсоний қадриятлар ва ислом диний тамойилларининг ўзаро уйғунлиги, уларнинг жамият тараққиётидаги роли ва аҳамияти фалсафий-маънавий жиҳатдан кенг ёритилган. Муаллиф Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасида виждон эркинлиги кафолатлангани, 2007 йилда Тошкент АЙСЕСКО томонидан «Ислом маданияти пойтахти», 2020 йилда Бухоро ислом маданияти пойтахти деб эълон қилингани диний қадриятларга бўлган эътиборни кўрсатишини таъкидлайди. Мақолада инсонпарварлик тамойилининг тарихий илдизлари — Қадимги Сомир ёзмаларидаги «намлулу» атамасидан тортиб, 1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясигача, Қуръони Каримнинг Ал-Исро сураси 70-оятида инсоннинг азиз ва мукаррамлиги, ҳадисда «Одамларга раҳмли бўлмаган кишига Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди» дегани баён қилинган. Достоевскийнинг «Бир бош пиёз» ҳикояси, Виктор Гюго ва Абдулла Авлоний фикрлари мисолида инсонпарварлик ва ватанпарварлик фазилатлари таҳлил қилинган. Хулосада умуминсоний ва диний тамойиллар уйғунлиги, миллатлараро тотувлик ва эзгу ахлоқий фазилатлар тараққиётнинг асоси экани таъкидланган.
Ўзбекистонда зиёрат туризми бозорини қўллаб-қувватлаш ва тартибга солишда институционал механизмларнинг ўрни ва аҳамияти
Мақолада Ўзбекистонда зиёрат туризми бозорининг ривожланиши, уни тартибга солишда институционал механизмларнинг роли ва иқтисодий аҳамияти чуқур тадқиқ қилинган. Муаллиф мамлакатимизда 7,4 минг маданий мерос объекти мавжудлиги, улардан 209 таси ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган тўртта музей шаҳар — Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Самарқанд ҳудудида жойлашгани, йилда 70 га яқин мамлакатдан икки миллионга яқин сайёҳ ташриф буюришини таъкидлаган. Мақолада зиёрат туризми бозорини тартибга солиш институтларининг иқтисодий моҳияти — тартибга солиш, мувофиқлаштириш ва тақсимлаш функциялари орқали намоён бўлиши, расмий (қонунлар, меъёрий ҳужжатлар) ва норасмий (анъаналар, удумлар) институтларнинг ўзаро ҳамкорлиги баён қилинган. Халқаро туристик ташкилотлар, жумладан, Бутунжаҳон туризм ташкилотининг фаолияти, Ўзбекистоннинг халқаро конвенциялар ва икки томонлама келишувлардаги иштироки, миллий туризм қонунчилигини такомиллаштириш зарурати ҳақида хулоса қилинган.

