مجلد 7 عدد Special Issue 4 (2024)
مقالات
РАДИКАЛИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШДА ХАЛҚАРО ТАЖРИБА
Мақолада халқаро тажрибалар ўрганилиб, радикализм ва экстремизмга қарши курашишда самарали чоралар кўриш учун турли мамлакатлар томонидан қўлланилаётган ёндашувлар таҳлил қилинади. Радикализм ва экстремизмга қарши курашишда турли мамлакатларнинг муваффақиятли тажрибаларини кўрсатиш билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг бу соҳадаги саъй-ҳаракатларига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ва келажакдаги ҳамкорлик йўналишлари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилади.
ТУРКИСТОНЛИК ҲОЖИЛАРНИНГ САФАР ЙЎЛИ ВА МУАММОЛАРИ (ХIХ АСР ОХИРИ - ХХ АСР БОШЛАРИ)
Ушбу мақола Туркистонлик ҳожиларнинг Маккага бориш йўллари, йўлда учраган муаммолари ва империя ҳукуматининг ҳаж зиёратига оид сиёсатига бағишланган. XIX аср охири- XX аср бошларига келиб, Туркистон мустамлака шароитида бўлишига қарамасдан минтақада ҳаж қилувчилар сони кескин ошди. Темир йўлнинг қурилиш ҳожилар сонини кескин оширган бўлса-да, ҳаж сафари турли муаммо ва қийинчиликлардан холи эмас эди. Шунингдек, Россия империяси мусулмонларнинг ҳаж зиёратини чекламаган бўлса-да, уни назорат қилишга урингани, ҳаж сафарини сиёсий хавф санагани мақолада батафсил турли манбалар асосида таҳлил қилинган.
РАСМИЙ ДИНИЙ КОНТЕНТЛАРНИ САМАРАЛИ ЎРГАНИШГА ЁРДАМ БEРУВЧИ ТИЗИМ СТРУКТУРАСИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ
Ушбу мақолада интернетдаги фойдали ва тасдиқланган диний контентларни ўргатувчи мобил иловалар таҳлил қилинган. Тасдиқланган диний контентларни жамлаган мобил иловалар ўрганилган ва таҳлил қилинган. Мобил иловаларни ишлаб чиқувчи тизимларни танлаш келтирилган. Тасдиқланган диний контентларни самарали ўрганишга ёрдам берувчи мобил илова структураси ишлаб чиқилган.
АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИ ЖАРАЁНИДА КОНВОЛЮЦИОН НEЙРОН ТАРМОҚЛАР АСОСИДАГИ АЛГОРИТМЛАР
Ушбу мақолада компьютерли кўришга асосланган чуқур ўқитиш усули бўлган конволюцион нейрон тармоқлар (CNN) алгоритмлари таҳлил қилинган. CNNлар тасвирлардан хусусиятларни автоматик ажратиб олиш қобилияти туфайли тасвирларни таснифлашда юқори аниқликка эга. Мақолада CNNнинг асосий қатламлари, жумладан конволюцион, жамлаш ва тўлиқ боғланган қатламлар ҳақида батафсил маълумот берилган. Мақолада, шунингдек, CNNнинг Fashion MNIST (тасвирлар маълумотлар тўплами) билан тасвирларини таснифлашдаги қўлланилиши ҳам кўриб чиқилган. Олиб борилган тажрибаларда CNN алгоритмлари юқори самарадорлик ва аниқ натижалар кўрсатган. Ушбу алгоритмни қадимий қўлёзмаларни таниб олишда ҳам қўлланилиши мумкин.
БУХОРО МEЪМОРИЙ ОБИДАЛАРИДА ЁҒОЧ ЎЙМАКОРЛИГИ НАМУНАЛАРИ
Мазкур мақола Бухоро давлат музей-қўриқхонаси кўргазма ва фонд сақлов хоналарида турган Бухоро ёғоч ўймакорлиги мактабининг ноёб санъат асарлари намуналари деворий намоён, икки табақали “Бағдоди” ва “Убайдий” эшик ва дарвозалар, Улуғбек мадрасасида битилган китоба, Сайфиддин Боҳарзий сағонаси, Қуръони карим оятлари битилган бамбун новдалари, матоларга нақш босиш учун қолиблар, шунингдек Бухоро амирлигида фаолият юритган машҳур чўпкори усталар ҳақида сўз боради.
ТАЛАБАЛАРДА МУСТАҚИЛ ТА’ЛИМ ОЛИШ КЎНИКМАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ АСОСЛАРИ
Ушбу мақолада олий таълим талабаларининг мустақил фаолиятини ташкил этишда педагогик шароитларни инобатга олган ҳолда инновацион муҳитни яратиш орқали таълим самарадорлигини ошириш ва талабаларнинг чет тилини ўрганишга инновацион ёндашув ҳақида сўз боради. Шу билан бирга, таълим тизимини ислоҳ қилиш, уни такомиллаштириш ва сифат даражасини ошириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланиб, кадрлар савиясини ошириш, таълим тизимига янги илмий ғоялар, замонавий ёндашувлар ва услубларни экспериментал жорий этиш ҳамда улардаги муаммоларни бартараф этиш масалалари ёритиб берилган.
АРАБ ТИЛИНИ ЎҚИТИШДА ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАР
Ушбу мақолада араб тилини ўргатиш жараёнида инновацион таълим технологияларини қўллаш муаммоси кенг кўламда таҳлил қилинади. Янги технологияларга асосланган модулларнинг мазмуний таркиби ва ўқув самарадорлигини оширишдаги салоҳияти таҳлил қилинади. Замонавий таълим амалиётига фаол жорий этилаётган инновацион педагогик ёндашувларнинг кенг доираси тақдим этилади. Шунингдек, мақолада ўқитувчиларга янги усулларни мустақил ўзлаштириш ва қўллаш имконини берадиган амалий материаллар (кейслар, ишланмалар, кўрсатмалар) тўплами таклиф этилади.
ДИНШУНОСЛАР ЭТИКАСИ ВА ДЕОНТОЛОГИЯ
Ушбу мақола диншунослик йўналиши талабалари учун этик меъёрлар ва деонтологик тамойилларни ўрганишнинг аҳамиятини таҳлил қилади. Тадқиқотда бўлажак диншуносларнинг ахлоқий қадриятлари ҳамда профессионал бурч тушунчалари ўртасидаги узвий боғлиқлик ўрганилиб, ушбу меъёрларнинг уларнинг келажакдаги илмий ва касбий фаолиятларида қандай акс этиши муҳокама қилинади. Мақолада, шунингдек, деонтологик ёндашувнинг диншунослик таълими жараёнида талабаларнинг маънавий ривожланиши ва касбий этика меъёрларини шакллантиришдаги роли атрофлича ёритиб берилган.
ОЛИЙ ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИДА ЁШЛАРНИНГ МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ТАРБИЯСИ
Шахсни маънавий-ахлоқий тарбиялаш муаммоси ҳар доим энг долзарб масалалардан бири бўлиб келган ва замонавий шароитда у алоҳида аҳамиятга эга. Мақолада ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уларнинг жамиятдаги фаол роли, шунингдек, шахснинг ахлоқий фазилатларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича тарбиявий тадбирларни ўтказиш методикаси масалалари муҳокама қилинади.
АРАБ ТИЛИНИ ЎҚИТИШДАГИ АНЪАНАВИЙ ВА РАҚАМЛИ МЕТОДЛАРНИНГ САМАРАДОРЛИГИНИ ТАҚҚОСЛАШ
Мақола араб тилини ўрганишда анъанавий ва рақамли методларнинг самарадорлигини чуқур таққослашга бағишланган. Тадқиқотнинг мақсади турли таълим усулларининг тилни ўрганиш сифати, ўқувчиларнинг мотивацияси ва тил кўникмаларини ривожлантиришга таъсирини баҳолашдир. Мақолада ҳар бир усулнинг афзалликлари ва чекловлари, уларнинг таълим жараёнига таъсири кўриб чиқилади, шунингдек, замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда таълимни оптималлаштириш бўйича тавсиялар берилган.
РАДИКАЛИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШДА ХАЛҚАРО ТАЖРИБА
Мақолада халқаро тажрибалар ўрганилиб, радикализм ва экстремизмга қарши курашишда самарали чоралар кўриш учун турли мамлакатлар tomonidan қўлланилаётган ёндашувлар таҳлил қилинади. Радикализм ва экстремизмга қарши курашишда турли мамлакатларнинг муваффақиятли тажрибаларини кўрсатиш билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг бу соҳадаги саъй-ҳаракатларига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ва келажакдаги ҳамкорлик йўналишлари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилади.
ОРОЛБОЙИ МАҲАЛЛИЙ ХАЛҚЛАРИ ДИНИЙ ЭЪТИҚОДЛАРИ ХУСУСИЯТЛАРИ
Мазкур мақолада XIX аср Оролбўйи халқларининг диний анъаналарига оид тадқиқотлар ва минтақадаги диний манзаралар шаклланиши ҳақида сўз боради. Ўрта асрларда халқ оғзаки ижоди, бадиий адабиёт ва диний тушунчалар ўртасидаги боғлиқликларни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Қорақалпоғистон халқи ва унинг буюк мутафаккирлари Бердақ меросининг фалсафий қарашлари, диний тасаввурлари ва турмуш тарзининг изланишлари алоҳида эътиборга лойиқ. Археологик тадқиқотлар, жумладан, Устюрт, Оролбўйи ва Хоразм ҳудудларида ўтказилган қазишмалар, қадимги кўчманчилар ёдгорликлари ва уларнинг диний маросимларига оид янги маълумотлар тақдим этилади. Бу мақола халқлар ўртасидаги маданий ва диний алоқаларни, уларнинг кўчманчи ҳаёт тарзини, санъатини ва мифологиясини чуқур ўрганишга қаратилган.
ХИХ – ХХ АСР БОШЛАРИ ИНГЛИЗ ТАДҚИҚОТЛАРИДА ТУРКИСТОН МАДРАСАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Мақола ХIХ-ХХ аср бошларида Туркистонга юборилган британияликлар ҳамда уларнинг вакиллари томонидан ёзилган ишлар асосида минтақада таълимнинг амалга оширилиши, таълим муассасалари, уларда ўқитиш тизими, мадрасаларнинг шаҳарсозликда тутган ўрни очиб берилган. Гарчи таҳлил қилинган манбалардаги маълумотларда чалкашлик, умумийлик хусусияти устивор бўлса-да, бу Туркистон таълими ҳақида британияликларда шаклланган тасаввурларни акс эттиради.
ҚУРЪОН ИЛМЛАРИНИНГ АҲАМИЯТИ ВА ЗАМОНАВИЙ ТАСНИФИ
Мазкур мақола Қур’он илмлари, уларнинг оятларни тўғри тушунишдаги аҳамияти ҳамда ҳозирги кундаги замонавий олимлар томонидан тузилган таснифи борасидаги маълумотларни ўзида жамлаган. Шу билан бирга қаторда муаллифнинг мавзуга оид фикрлари ҳам келтирилган. Мақолада замонавий таснифлардан бири келтирилган бўлиб, бунинг натижасида, ўқувчи ушбу илмнинг қандай турларга бўлиниши ҳақида маълумотга эга бўлади.
ХАТИБ БАҒДОДИЙНИНГ “АЛ-ЖОМEЪ” АСАРИДА ҲАДИС ТОЛИБИ ОДОБИНИНГ ЁРИТИЛИШИ
Хатиб Бағдодийнинг “al-Jome’” асарида ҳадис ўрганишни ният қилган киши оддий инсонлардан барча ишларда ажралиб туриши керак эканлиги ҳақида ёритилган. Асарда ушбу илм билан шуғулланмоқчи бўлган кишилар амал қилиши керак бўлган одоб-ахлоқ қоидалари санаб ўтилган.
ҲУСОМИДДИН СИҒНОҚИЙ “АТ-ТАСДИД” АСАРИДА ИМОН ҲАҚИДА
Ҳусомиддин Сиғноқий (ваф. 714/1314) ўрта асрларда Мовароуннаҳр минтақасида ислом цивилизацияси ва мусулмон тафаккури ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ҳанафий-мотуридий олимларидан бири. Унинг “ат-Тасдид фи шарҳ ат-тамҳид” асари Абул Муин Насафийнинг “ат-Тамҳид ли-қавоиди т-тавҳид” асарига ёзилган шарҳ бўлиб, аҳли сунна вал жамоа эътиқодий қарашларини мустаҳкамлаш ҳамда диний оқимларнинг мафкуравий ҳужумларига қарши курашда муҳим манба ҳисобланади. Ушбу мақолада имоннинг зиёда ёки ноқис бўлиши, қабр азоби каби масалалар мотуридий таълимоти асосида ёритиб берилган.
МУҲАММАД ЮСУФ БАНУРИЙ АСАРИНИНГ ИСЛОМ ИЛМЛАРИНИ ЎРГАНИШДАГИ ЎРНИ
ХХ асрда яшаб ижод қилган ҳамда “Муҳаддис ал-аср” (“Аср муҳаддиси”) унвонига сазовор бўлган ҳиндистонлик олимлардан бири Муҳаммад Юсуф Банурийдир. Ушбу мақоланинг кириш қисмида олимнинг ҳаёт йўли ва “Девбанд мадрасаси” (“Дор ал-улум Девбанд”)да фаолият юритган устозлари Ашраф Али Таҳонавий, Анвар Шоҳ Кашмирий, Шабир Аҳмад Усмонийларнинг унинг олим сифатида камол топишидаги ўрни тўғрисида фикр юритилган. Асосий қисмида эса, олимнинг илмий сафарлари, устозлари ва шогирдлари, ёзган асарлари ҳамда у томонидан асос солинган “Жомиа ал-улум ал-исломия” ҳақидаги маълумотлар келтирилган.
“ФУТУҲУ-Л-БУЛДОН” АСАРИ РОВИЙЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ
Мақолада IX асрда яшаган тарихчи Аҳмад ибн Яҳё ал-Балозурийнинг “Футуҳу-л-булдон” асари манбалари хусусида сўз юритилади. Муаллиф яшаган даврда тарихий воқеаларни оғзаки тарзда ривоят қилиш кенг тарқалган. Шунинг учун асар манбаларининг аксар қисмини ал-Балозурий устозларидан нақл қилинган ривоятлар ташкил этади. Баъзи ўринларда тарихий ҳодисада иштирок этган шахслардан келтирилган ривоятларни ҳам учратиш мумкин. Асарда муаллиф ёзма манбадан фойдаланганлиги ҳақида тўхталиб ўтмаган бўлса-да, маълумотни баён қилишдаги услубидан унинг тарихий асарлардан ҳам фойдаланганини билиш мумкин.
САМАРҚАНДДА ИСЛОМ ДИНИ ВА ИЛМЛАРИНИНГ ТАРҚАЛИШИДА МАҲАЛЛИЙ МАЪНАВИЙ МУҲИТНИНГ ЎРНИ
Мақолада дунё тамаддуни тарихида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган Самарқанд шаҳрига ислом дини ва илмларининг кириб келиш жараёнлари қандай кечгани ҳақида сўз кетади. Унда бу ердаги маънавий муҳит, олимларнинг мазкур жараёнларга муносабатлари, дин номидан ҳаракат қилган оқимларнинг сиёсий мақсадлари тўғрисидаги маълумотлар мужассам қилинган.
ДИНИЙ АТАМАЛАРНИНГ ДИНЛАРАРО МУЛОҚОТДАГИ АҲАМИЯТИ
Ушбу мақола динлараро мулоқот ва ўзаро тушунишни шакллантиришда диний атамаларнинг ўзгартирувчи кучига урғу бериб, уларнинг турли дин вакиллари ўртасида ҳамдардлик, ҳурмат ва ҳамкорликни ривожлантиришдаги ролини таъкидлайди. Мақолада IMRAD тузилмасидан, диний атамалар ва уларнинг динлараро мулоқотни шакллантиришга таъсирини таҳлил қилишда ўз сўровларини ташкил этишда фойдаланади.
ОГАҲИЙ АСАРЛАРИДА ФОРСИЙ ЎЗЛАШМАЛАР
Мазкур мақолада Огаҳийнинг “Жоме ал-воқеоти султоний” ва “Гулшани давлат” асарларидаги форсий ўзлашмалар тадқиққа тортилди. Ушбу ўзлашмаларнинг қўлланилиш тарихи, маъновий тараққиёти, фонетик ўзгаришлари ўрганилиб, мисоллар орқали таҳлил қилинди.
ТУНИС ШОИРИ АБУЛҚОСИМ АШ-ШАББИЙ ИЖОДИ ВА ПОЭТИКАСИ
Мақолада ХХ аср тунис адабиётининг порлоқ юлдузи, буюк шоир Абулқосим аш-Шаббийнинг ҳаёти ва бой ижодий мероси ёритилади. Шоир ўзнинг қисқа умри давомида бетакрор ижоди билан тунис адабиётига муҳим ҳисса қўшган. Аш-Шаббийнинг ше’рларида лириклик, романтизм ва реализм уйғунлиги кузатилади. Унинг ижодида Ватан, озодлик, инсонпарварлик каби умуминсоний қадриятлар марказий ўрин тутади. Мақолада шоир ше’рларининг мавзулари, бадиий воситалари, услуби ва уларнинг тунис адабиётига таъсири муҳокама қилинади. Шунингдек, аш-Шаббийнинг ше’рларидан айрим парчалар келтирилади ва уларнинг бадиий хусусиятлари таҳлил қилинади.
БОЛАЛАРНИНГ ФУҚАРОЛИК-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАГИ ИШТИРОКИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ
Мақолада Ўзбекистон Республикасида болаларнинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардаги иштироки ва унинг ўзига хос хусусиятлари ёритилган. Ушбу мақолада, шунингдек, бола (болалар), етим бола, жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган бола, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар, ногирон бола, ота-она қаромоғидан маҳрум бола каби атамаларга ҳуқуқий таъриф келтирилган.
ИМОМ БУХОРИЙ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИ НАШРЛАРИ ВА УЛАРНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ
Янги Ўзбекистонда барча соҳалар қатори, диний-маърифий соҳани ҳам ривожлантириш ишлари амалга оширилмоқда. Бунда Ҳукуматимиз томонидан фаолияти йўлга қўйилган алломалар илмий меросини тадқиқ этиш ва уни халқимизга етказишга мўлжалланган халқаро илмий тадқиқотлар марказлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мана шундай илмий муассасалардан биридир. Унда юртимиздан етишиб чиққан алломалар асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, халқимизга тақдим этилмоқда. Ушбу мақолада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган асарлар ва уларнинг моҳияти ҳақида сўз юритилган.

